Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:51

Бўлажак шифокорларнинг “Ёшлар йили”дан умидлари қандай?


Шаҳриёр Ўзбекистонда 2008 йил “Ёшлар йили” деб эълон қилинган. Бу йилда ўзбекистонлик ёшлар, хусусан, талабалар ўзларининг қандай муаммолари ҳал этилишини, уларга қандай шарт-шароит яратилишини истайдилар? Ушбу мавзу юзасидан биз Иккинчи Тошкент Давлат Тиббиёт институтининг бир гуруҳ талабалари билан суҳбатлашдик.

“Шартнома пули миқдорини озайтиришнинг иложи йўқми?”

Гапни Ўзбекистонда таълим олиш учун шарт-шароит етарли эканидан бошлаган суҳбатдошларимиз “Ёшлар йили”да, энг аввало, ўқиш учун тўланадиган шартнома пулининг миқдори тегишли ташкилотлар томонидан қайта кўриб чиқилиши ва амалдагидан анча пасайтирилиши лозимлигини айта кетишди. “Тўлов нархлари ҳар бир талабанинг энг катта муаммоси”, дея таъкидладилар улар. “Яхши ёки ундан пастроқ баҳога ўқийдиган талабаларнинг стипендияси тугул ҳатто аълочилар оладиган 56 минг сўмлик стипендия ҳам шаҳарда бир ҳафта рисоладагидек яшашга имкон бермайди”, дейишди яна улар. Талабаларнинг сўзларига қараганда, ота-оналар уларнинг ўқиши учун пул тўлашдан ташқари, фарзандларининг кундалик харажатларига ҳам қўшимча маблағ ажратишга мажбурлар. Бу ҳол кўплаб талабалар оилаларидаги иқтисодий муаммоларни янада кескинлаштиради.

“Бизга янги китоблар, замонавий кўргазмали қурол ва ўқув анжомлари керак”

Ўзбекистон президенти қарори билан тасдиқланган “Ёшлар йили” Давлат дастуридан:

“...таълим ва кадрлар тайёрлаш бутун тизими даражаси ҳамда сифатини тубдан ошириш, мактаблар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий ўқув муассасаларидаги таълим стандартлари ва ўқув дастурларини замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда танқидий таҳлил қилиш ҳамда янгилаш, педагог кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этишни такомиллаштириш...”
Бўлажак шифокорлардан бирининг таъкидлашича, институт кутубхоналари жуда ночор аҳволда, лабораториялар деярли жиҳозланмаган. Унга кўра, тиббиёт институти талабаларига келажакда инсон саломатлигини асраш ва тиклаш вазифаси юклатилгани учун кўргазмали қуролларсиз ўтилган маърузаларни эшитиш билангина малакали шифокор бўлиб етишиш жуда мушкул. “Ёшлар йили”да ана шу масалага ҳам аҳамият берилса, яхши бўларди, деди у.

“Бизнинг ҳам чет элда ўқигимиз келади”

Суҳбатимизга келиб қўшилган яна бир талабанинг айтишича, Ўзбекистондаги кўплаб олийгоҳларда талабаларнинг хорижий давлатларга бориб, билим ва тажриба ошириб қайтиши анъанага айланган, бироқ айнан улар таҳсил оладиган ўқув юртида талабалар учун бундай имконият яратилган эмас. Унинг таъкидлашича, “Ёшлар йили”да Тиббиёт институти талабалари учун ҳам шундай имкониятлар яратилишини қарийб барча талаба-ёшлар орзу қиладилар.

Шунингдек, суҳбатдошларимиз олийгоҳдаги компьютерлар сонининг оширилиши ва янгиланиши; талабалар ётоқхоналардаги шароитнинг яхшиланиши, стипендияларнинг оширилиши, аълочи талабаларни қўллаб-қувватлаш учун қандайдир имтиёзлар жорий этилиши лозимлиги юзасидан ҳам кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
XS
SM
MD
LG