Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:34

Араблар ўзбек пахтасига янги харидор топади


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:OTm0ThKdvvkgEM:http://news.ferghana.ru/photos/2006_08/paxta150b.jpg Дубайдаги товар айрбошлаш маркази Ўзбекистон ҳукумати билан имзолаган ўзаро англашинув меморандумига кўра, Бирлашган Араб Амирликларидаги бу биржа ўзбек пахтаси экспортининг янги йўналишига айланиши мумкин.

Бир неча сайтларда “Дубай ўзбек пахтасининг жаҳон бозорига етказилишида асосий воситачига айланмоқчи” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда айтилишича, 18 март куни Ўзбекистоннинг давлатга қарашли “Ўзмашимпекс” ширкати билан БАА ҳукумати ҳомийлик қиладиган Дубай товар айрбошлаш маркази ўртасида бу ҳақда ўзаро англашинув меморандуми имзоланган. Дубай биржаси Осиё бозорида Ўзбекистон пахтаси учун харидорларни топиб, уни сотишда ёрдам беради.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг БААга сафари давомида имзоланган бу келишув жаҳоннинг йирик ширкатлари бойкот қилган ўзбек пахтаси учун янги бозорларга эшик очиб бериши мумкин.

Ўзбекистон ҳукумати пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдалангани боис, Ғарбдаги йирик савдо ширкатлари ва Осиёдаги баъзи кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхоналар бу йилдан бошлаб ўзбек пахтаси ва ундан ишлаб чиқилган маҳсулотларни сотиб олмасликка қарор қилган.

Ўзбекистон пахтасига қарши кампания бошида турган ташкилотлардан бири, маркази Лондонда жойлашган “Табиат ва адолат” жамғармаси раҳбари Жульет Уильямс “Озодлик” билан суҳбатда Абу-Даби ҳукуматининг расмий Тошкент билан пахта савдосига оид келишуви Ўзбекистонда болалар меҳнатига қарши олиб борилаётган ҳаракатларга путур етказишини таъкидлади.

“Ўзбекистон пахтасига оид мунозаралар авж олган бир пайтда БААнинг Ўзбекистон ҳукумати билан бундай келишувга борганидан таассуф билдиришимиз мумкин, холос. Ўзбекистон ҳукумати билан бундай келишувга келишидан аввал Абу-Даби расмий Тошкентнинг бу йилги пахта мавсумига болаларни жалб қилмаслик бўйича амалий қадамларни оширганига ишонч ҳосил қилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди”,- деди Ж.Уильямс.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек пахтасига оид бу меморандум Дубай товар айрбошлаш маркази обрўсига катта путур етказиши мумкин.

“Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан воз кечиш ўрнига ўзининг бойкот қилинган пахтаси учун янги харидорларни қидириб қолган кўринади. Биз бу масала хусусида БАА расмийлари ва Дубай биржаси билан боғланамиз. Лекин бир нарсани айтишим мумкин, ҳозир Ғарбдаги йирик ширкатлар ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотлардан воз кечган. Улар маҳсулотда ишлатилган пахтанинг қаердан келаётганини синчковлик билан текширади, масалан, ўзбек пахтасидан фойдаланган Бангладешдаги кўплаб кийим-кечак ширкатларининг маҳсулоти ҳозир сотиб олинаётгани йўқ. Шунинг учун Дубай биржаси орқали ўзбек пахтасини сотиб олган ширкатлар ҳам бундай муаммога дуч келиши эҳтимолдан йироқ эмас”,- дейди “Табиат ва адолат” жамғармаси раҳбари.

Ўзбекистон ҳукумати пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланмаслигини таъкидлаб келади.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти эса Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили 450 мингга яқин болани 2-3 ой давомида ўқишдан қолдириб, пахта далаларида ишлатади, деб ҳисоблайди. Хусусан, ўтган йилги пахта мавсумида 8 яшар болаларнинг ҳам пахта далаларида тер тўкаётгани гувоҳи бўлиш мумкин эди.

Дубай биржаси ижрочи директори Ашруқ меморандум ўзаро келишувга эришилганини англатмаслиги ва яқин икки-уч ой давомида Ўзбекистон ҳукумати билан бу борада маслаҳатлашувлар ўтказилишини маълум қилди. У Ўзбекистондаги болалар меҳнати муаммоси бу маслаҳатлашувларда муҳокама этиладиган асосий масалалардан бири бўлишига “Озодлик”ни ишонтирди.
XS
SM
MD
LG