Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:55

Берхард Клазен: “Биз биргаликда ўзбек режимини болалар меҳнатидан фойдаланмасликка мажбур қиламиз”


Қишлоқ болаларининг саҳардан қош қорайгунга қадар умри пахта далаларида ўтмоқда.
Қишлоқ болаларининг саҳардан қош қорайгунга қадар умри пахта далаларида ўтмоқда.

Бременда ўтказилган пахта истиқболлари бўйича 29-халқаро анжуман баҳонасида “Қурултой” дастури Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш мавзуси атрофида суҳбат уюштирди.

Унда таниқли журналист Шоҳида Ëқуб, Германия ишчи гуруҳи вакили Берхард Клазен ҳамда Ўзбекистондан мана шу анжуманга махсус келган ва ўз исми ошкор қилинишини истамаган журналист иштирок этади.

Масаланинг моҳияти шундаки, кўчанинг нариги бетида анжуман бўляпти. Бу бетида эса мухолифатчилар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, ўзбек пахтасида болалар меҳнати борлигини билган одамлар йиғилиб гаплашяпти. Лекин буни нариги хонадагилар ҳам, Ўзбекистондаги мулозимлар ҳам эшитмаяпти. Бундан нима наф? Самарасизлик омили, самарасизлик эффекти сизни чўчитмаяптими?

Ўзбекистонлик журналист: Мулоқотнинг асл мақсади - масалани ҳал қиладиган одамларга ўша муаммони етказиб бериш. Яъни ҳеч қандай популистик ҳаракат қилмасдан, шу масалани ҳал қиладиган одамлар билан муаммо ҳал қилинишидан олдин бир давра бўлиб буни муҳокама қилиш мақсади бўлгани учун ҳам мен ўйлайманки, бу нарса ўз самарасини беради. Шунинг учун мен буни ўзим учун имконият, деб билиб, бу ерда иштирок этиб, ўз фикрларимни айтдим.

Озодлик: Анжуманда пахта қўмитасидан ўзбек пахта саноатини ҳимоя қилувчи бир мулозим иштирок этди. Унинг айтадиган асосий муждаси нимадан иборат бўлди? У нима учун Ўзбекистон пахтасини ҳимоя қилмоқда?

Шоҳида Ëқуб: Биласизми, у Ўзбекистон пахта саноатини ҳимоя қилмаяпти. У бутун дунëдаги пахта саноатини ҳимоя қиляпти. Энди бу унинг иши. Аммо унинг ишидан асосий мақсади бутун дунëдаги пахта саноати соғломлигини таъминлаш. Яъни пахта саноатида этик меъëрлар стандартлари тузилиши ва ҳоказоларни таъминлаш. Албатта, у Ўзбекистондаги болалар меҳнати муаммосини билади. Менимча, шу муаммо уни хавотирга соляпти. Аммо бизларга кўрсатмайди. У, табиийки, бизнинг ноҳукумат ташкилотлар тарафида эмас, давлат тарафида. Аммо бу кишининг ҳамда икки маслакдошининг бизнинг анжуманга келиши катта гап. Чунки бу дегани Халқаро пахта кенгаши Ўзбекистондаги болалар меҳнати муаммосини тан оляпти ва бу борада Ўзбекистон ҳукумати билан муайян музокаралар олиб боради, деб умид қиламиз.

Озодлик: Ўзбекистонда болалар меҳнатини пахта етиштиришга жалб қилиш бугун пайдо бўлган муаммо эмас. Бу муаммо илдизлари совет даврига бориб тақалади.

Берхард Клазен: Тадбирдан олдин маълумот бўлиши керак. Бугун баъзи бир ишларни амалга ошираëтган ташкилотларга маълумотлар берилган. Биз эса бу ҳақда билмас эдик ва жуда кам маълумотга эга эдик. Шунинг учун ҳам бизда бу ҳаракатларни фаоллаштириш имкониятлари йўқ эди. Икки йил олдин мен болалар меҳнатидан фойдаланилиши ҳақида эшитган эдим. Бунгача эса мен кўп нарса билмас эдим.

Озодлик: Демак, яна бир савол. Кўпинча .....

Шоҳида Ëқуб: Совет даврларида сиз қанча бўлгансиз пахтада?

Ўзбекистонлик журналист: Мен совет даврининг сўнгги йилларини эслайман. Чунки ўша пайт мактабда ўқийдиган даврларимиз эди. Шаҳарда туғилиб ўсганимиз учун ўша пайтда бизни мактабдан пахта даласига олиб чиқишгани эсимда йўқ. Ўша пайтда техникум ва билим юртларида ўқийдиганларни олиб бориб, уларга узум тердирарди. Лекин бу мавсумий эди. 20-25 кун, кўпи билан бир ойга чўзиларди. Шу пайтда талабалар бу нарсага яхши муносабатда эди. Чунки ....

Озодлик: Мактабдан, ўқишдан қолиш учун бир имконият.

Ўзбекистонлик журналист: Тўғри. Бундан ташқари, борганда ўша маҳсулотни ва қишлоқ шароитини ўз кўзлари билан кўриш имконияти ҳам эди. Лекин...

Озодлик: Мен 1980 йилда мактабни тугатганман. 1975 йилдан 1980 йилгача бизни мактабдан доимий равишда пахтага ëтоққа олиб кетишган. 1980-1984 йилларда Тошкент давлат педагогика университетида ўқиганман. У ерда ҳам ҳар йили олиб кетишган. Тахминан 2-2,5 ой, баъзан 3 ойгача олиб кетишарди.

Шоҳида Ëқуб: Аммо бу совет даврида бўлган тажриба. Совет давлати қулагандан кейин 17 йил вақт ўтди. Шу вақтга қадар совет тажрибаси ҳақида гапирамизми? Энди бу бошқа бир давр. Бу ëмон нарса. Бу анча йиллар олдин тақиқланиши керак бўлган нарса. Биз ҳозир шу масалани халқаро даражага кўтаришга ҳаракат қиляпмиз. Авваллари бунчалик кўп ўзбек хорижда бўлмаган. Мана қаранг, 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин кўп ўзбек мухолифатчилари, шоирлари ва фаол фуқаролари мажбуран Ғарбга кетди. Уларда Ўзбекистондаги долзарб масалаларни халқаро даражага кўтариш, халқаро ва ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб, шу муаммоларни ҳал қилиш ва Ўзбекистон ҳукуматига шу муаммоларни ҳал қилиш учун босим кўрсатиш имконияти пайдо бўлди.

Озодлик: Ўзбекистон Совет Иттифоқи парчалангандан кейин янги иқтисодий муносабатлар босқичига қисман кирди. Бир деҳқон ўз ерига эккан пахтасида болаларини ишлатса, биз унинг оилавий ишига аралаша оламизми?

Ўзбекистонлик журналист: Мен мумкин бўлса, шу борада имкониятдан фойдаланиб ўзим гувоҳи бўлган бир воқеани айтиб бермоқчиман. Ота-онаси ишсиз қолган ëш бир бола ўзи маҳсулот олиб, бозорда шу билан савдо қилиши керак. Ота-оналар ëш болаларга савдони бериб қўйган, чунки енгилроқ иш. Лекин у мактабга бормаяпти. Участка нозири келиб уни мажбурлаб мактабга олиб кетяпти. Мен ўша бола билан ҳамсуҳбат бўлганимда: “Мактабга борганим билан мени мажбурлаб кўча супуришга олиб чиқишяпти-ку.Мен кўча супургандан кўра, ишлаб ота-онамга ëрдам бериб, 4-5 сўм пул топиб, эҳтиëжларимизни қондирганим яхши эмасми?” деган эди. Нимага ҳокимият бу нарсаларга бошқача кўз билан қарайди? Бу адолатсизликнинг қаттиқ бир кўриниши. Бу муаммони ҳал этиш учун ҳар бир имкониятдан фойдаланиш бизга далда бўлиб турибди.

Озодлик: Биз бугун шаклланган манзарага назар ташласак, собиқ совет республикалари Озарбойжон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистонда болалар пахтага жалб қилинмоқда. Бу жараëн дунëда қандай?

Берхард Клазен: Мен бошқа мамлакатлар хусусида ҳеч нарса дея олмайман. Бошқа мамлакатларда болалар меҳнатидан фойдаланиш борлигини биламан. Бу давлат сиëсатидан эмас, балки қашшоқликдан келиб чиқади. Ўзбекистонда эса бу давлат сиëсати.

Озодлик: Давлат милицияларни жалб қилган ҳолда болаларни автобусларга солиб, уларни ўз кузатувида далага олиб боряпти. Бу ерда давлатга эътироз бор. Бугунги йиғилишда шу эътироз аниқ шаклландими?

Ўзбекистонлик журналист: Милицияга ëки бошқа шахсларга эътироз йўқ. Чунки...

Озодлик: Йўқ, давлатга. Ҳукумат милиция ҳамроҳлигида автобус ташкиллаштириб, болаларни далага олиб боряпти. Яъни пахтага олиб чиқиш бир оила ëки ширкат даражасида бўлмаяпти.

Ўзбекистонлик журналист: Албатта. Бу давлат миқëсида бўлгани учун ҳам фуқаровий жамият фаоллари бу қадамни қўйишга мажбур бўляпти. Агар бу давлат сиëсати бўлмаганида бу ишларга фуқаровий жамоа вакиллари аралашмаган бўларди. Улар бошқа муаммолар билан шуғулланиши мумкин эди. Давлат бугунги кунда бунинг ташаббускори ва ташкилотчиси бўляпти. Бу нарсани давлат миқëсида, деб эътироф этиш керак ва бу нарсани оддий одамлар давлат сиëсати сифатида қабул қиляпти.

Озодлик: Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси тарқатган баëнотда: “Бу Ўзбекистон рақобатчилари ўйлаб топган уйдирма”, деб айтилди. Уларда бошқа давлатлар ўз пахталарини сотиши учун қилинаëтган ғирром ўйин, деган иддаолар бор. Ҳақиқатдан ҳам шундайми?

Шоҳида Ëқуб: Ўзбекистон ҳукумати, айниқса, Ўзбекистон элчихонаси Ғарбда шунақа муаммолар пайдо бўлса ëки шунақа муаммо кўтарилса, доимо Ғарб империалистлари фитнаси, деб ўйлашади. Бу Совет Иттифоқидан қолган нарса ва ҳали ҳам давом этяпти. Ўзбекистон ҳукумати жамиятдаги муаммоларга объектив қарашдан бош тортмоқда. Бундан ташқари, бу Ғарбнинг фитнаси, қора кучларнинг иши, деб ташвиқот қиляпти. Бу бутунлай нотўғри. Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси: “Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилмайди. Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилмайди”, деб ëзди. Бу бутунлай нотўғри. Қанақасига фойдаланилмаяпти? Бу ҳақда минглаб фактларни Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари тўплаган.

Озодлик: Келинг фактларга қулоқ солсак.

“Ўтган сафар бир кун чиққан эдим, 50 сўм олдим”.

“Сиëсат, давлат буюряпти, шунга чиқяпмиз”.

“Анчадан бери пахта теряпман”.

“Маош камда Ўзбекистонда. Бу ерда эса пахтага килосига қараб кўпроқ тўлайди”.

“Агар Ўзбекистонда яхши пул тўласа, газга, электрга пулни вақтида ўтказса, шу ерда ишлаган бўлардим”.

Озодлик: Эришилган самара нимадан иборат?

Шоҳида Ëқуб: Самаранинг биттаси - мулоқот бошланди. Яъни пахта бўйича халқаро идора, Халқаро меҳнат ташкилоти ва БМТнинг Болалар жамғармаси билан халқаро даражада музокара бошланди. Биз бу ишни Ўзбекистонда болалар меҳнати тўхтамагунча тўхтатмаймиз. Бу иш давом этади. Кейинги босқич Ғарбнинг Теscо, Marks & Spencer, H&M каби катта ширкатларига хат ëзиш ва улар Ўзбекистон пахтасидан қилинган кийимларни сотиб олмаслиги учун уларга босим кўрсатиш.

Ўзбекистонлик журналист: Мен учун энг катта самара - бу ЕИ депутатлари ва катта ширкатлар раҳбарларининг анжуманда қатнашиши. Дунëдаги пахта саноати сиëсатини ва ривожини белгилайдиган бир ташкилот раҳбарининг ўзи келиб, биз айтган сўзларни эшитгани энг катта ютуқлардан бири. Яна битта ютуқ шуки, бу мулоқотга ўша одам қўшилди. У келиб эшитдими, шуни ўз кўзи билан кўрдими, демак, у ўз бўйнига бир масъулиятни олди. Биз биламиз, Европада ва ривожланган давлатларда мана шундай масъулиятни бўйнига олган одам ҳеч қачон босган қадамига жавобсиз ва бефарқ бўлмайди. Бизда бунинг натижаси бўлишига ишонч пайдо бўлди.

Берхард Клазен: Менимча, биз яхши натижага эришдик. Биринчидан, анжуманда жуда кўп иштирокчи қатнашди. Тадбирда жуда обрўли ташкилотлар қатнашди. Бу жуда яхши бошланиш. Иккинчидан, биз жамоатчилик шуурида ўзбек пахтаси болаларнинг мажбурий меҳнати билан терилмоқда, деган фикрни шакллантирдик. Бу илк қадам. Жамоатчиликка хабар бермасдан туриб муаммога ечим топа олмаймиз. Учинчидан, бизнинг сафларимизга Англия, Франция, Германиядаги обрўли ташкилотлар қўшилди. Улар биз билан биргаликда ўзбек пахтасини болалар меҳнатисиз етиштириш ғоясини тарғиб қилмоқчи. Бу ҳам катта натижа. Мен бугунги тадбир самарасидан мамнунман. Энг муҳими, мулоқот бошланди. Биз чўзган қўллар истиқболига минглаб қўллар узатилмоқда. Биз биргаликда ўзбек режимини болалар меҳнатидан фойдаланмасликка мажбур қиламиз.
XS
SM
MD
LG