Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:12

“Талко” Тожикистонни қарзга ботиряпти...ми?


Тожикистон ҳукумати “Талко” ширкати даъвоси бўйича Лондон судида кўрсатилган ҳуқуқий ёрдамлар учун “Herbert Smith” адвокатлик фирмасидан 100 миллион доллар қарздор бўлди.

Бу ҳақда Москвада ишлайдиган ғарблик журналист Жон Ҳелмер “Herbert Smith” тарқатган баёнотга асосланган ҳолда “Asia Times” нашрида эълон қилган мақоласида ёзган.

Айтилишича, мазкур фирма Тожикистон президенти Имомали Раҳмон таклифига биноан сўнгги уч йил давомида Лондон судида Тожикистон манфаатларини ҳимоялаб келган.

Тожикистон алюминий заводининг ҳуқуқий вориси бўлмиш Тожикистон алюминий компанияси - “Талко”га оид бу мавзуни ёритар экан, журналист заводнинг собиқ раҳбари Абдуқодир Эрматов ҳамда “Ансол” ширкати (бу ширкат алюминий заводининг молиявий операциялари билан шуғулланган) ва унинг раҳбар Аваз Назаров устидан 2005 йилда бошланган даъвога тўхталади. “Тожикистондаги ички низолар чоғида бу ширкат нақд пул муомаласини қўлдан берганини ва фақат Аваз Назаров раҳбарлиги остидаги гуруҳгина заводни қайтадан жонлантиргани ҳамда алюминий ишлаб чиқаришни йилига бир неча юз минг тоннага етказган”ини таъкидлайди.

Эслатиш жоизки, 2004 йилда Россиянинг эндиликда собиқ президенти Владимир Путиннинг Имомали Раҳмон билан учрашувидан кейин “РусАл” Тожикистон иқтисодиётига 1,5 миллиард доллар сармоя киритадиган ва Роғун ГЭСни ҳамда алюминий заводида иккита янги цех, шунингдек, мамлакат жанубида янги алюминий заводи қурадиган бўлди. Шундан кейин Тожикистон алюминий заводи “Ансол” билан шартномани бекор қилди. Боз устига, ширкат бошлиғи Аваз Назаровни ҳамда заводнинг собиқ раҳбари Абдуқодир Эрматовни катта маблағни ўзлаштирганликда муттаҳам қилди.

Кўп ўтмай Тожикистон ҳукумати ва заводнинг янги ҳамкори “РусАл” Лондонда “Ансол”ни судга тортди.

Сўнгра, деб ёзади ғарблик журналист, Аваз Назаров ҳам ўз рақибларига жавобан даъво билан Лондон судига мурожаат этди ва ютиб чиқди. Лондон суди Россиянинг “РусАл” компанияси ва Тожикистон алюминий заводини порахўрликда айблади.

Мақолада таъкидланишича, Имомали Раҳмон томонидан завод ҳамкорига айлантирилган “РусАл” завод иш услубини ўзгартирган. Яъни Россиядан келтириладиган гил тупроқ тайёр алюминийга алмаштириладиган бўлган. Бу эса қимматга тушиб, завод ҳар тонна алюминийдан 27 доллар ютқазадиган бўлган. Алюминий экспортидан тушган даромадларнинг барчаси Виржиния оролидаги “CDH” ширкати ҳисобига тушаверган.

“Суд жараёнида “CDH” ширкати ва ўтган йили “Talco management limited” номи билан танилган ширкат акциялари тожикистонлик фуқаролар, аниқроғи, Тожикистон президенти ва унинг яқинларига тегишли экани аниқланган”,- деб ёзади Жон Ҳелмер.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботларида “Талко” фаолиятида шаффофлик йўқлиги таъкидланади. Жон Ҳелмер ширкат фаолияти ҳисоб-китоб ишларини ҳеч ким текшира олмайдиган ва назорат қила олмайдиган тарзда йўлга қўйилганини иддао қилади.

“Алюминий ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин ошмоқда ва ундан олинган даромад Виржиния оролидаги оффшор ширкатлар ҳисобига тушади. Лондон судида можаролар шу кунга қадар давом этаётганига қарамай, Тожикистон ҳукуматининг Аваз Назаровга қарши даъволарини суд бир неча бор рад этган”,- дейди Жон Ҳелмер.

“Herbert Smith”нинг Тожикистон 100 миллион доллар қарздор экани тўғрисидаги баёнотига тўхталар экан, журналист “Талко” адвокатлик фирмаси хизматлари учун тўланган маблағлар квитанциясини судга тақдим этмагани, шунинг учун ҳам “Herbert Smith” қарз суммасини ошкор этишга мажбур бўлганини билдиради.

“Талко” раҳбарияти мавзуга оид иддаоларни шарҳлашдан тийилаётган бўлса-да, компания юристи Акбар Муродов бир матбуот анжуманида “Herbert Smith” даъволарига муносабат билдириб: “Мен бундай маълумотларга эга эмасман ва бу ҳақиқатга яқинлигига шубҳа қиламан. Бироқ суд жараёни ҳамон давом этмоқда ва биз шартномага асосан ўз адвокатларимиз билан доимий алоқадамиз, ҳар ойда уларнинг хизмат ҳақини тўлаб турамиз”,- деди.

Май ойи бошларида халқаро молиявий институтлар “Талко” ва “Барқи тожик” ширкатлари фаолиятида шаффофлик йўқлиги сабабли уларнинг молиявий фаолияти халқаро аудит қилинишини сўраган эди. АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Трейси Жейкобсон хоним ҳам бу таклифни қўллаётган эса-да, мустақил таҳлилчилар “Талко” ширкати давлат раҳбари манфаатларига хизмат қилиши сабабли уни аудит қилиш имконсизлигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG