Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2024, Тошкент вақти: 05:26

Гулчеҳра Нуруллаеванинг Чингиз Айтматов вафоти муносабати билан таъзияси


Чингиз Айтматовдек буюк бир ëзувчининг оламдан ўтгани хабари одам учун жуда ҳам оғир. Ниҳоятда эшитиш оғир. Биз миллатимизнинг, туркий миллатнинг бир жонкуяридан ажралдик.

Мен жуда яхши эслаяпман, Ўзбекистонимиз бошига қора кунлар тушганда Гдлян-Ивановлар ўзбекларни текшир-текшир қилиб, “ўзбек иши” шиори остида қанча-қанча ўзбекларни қамоққа олганида Чингиз Айтматов, янглишмасам ,“Правда” газетасида катта бир мақола билан чиққан. Ҳеч ким қилмаган катта бир жасоратни кўрсатган, ўзбек шаънини ҳимоя қилган эди. Чингиз Айтматов тимсолида нафақат улкан бир ëзувчи, улкан бир гуманист, инсон ҳам ҳаëтдан кетди. Бу энди жуда катта жудолик. Мен Чингиз Айтматовга бир пайтлар бағишлаб ëзган шеъримни тириклигида ўзига ўқиб беришни жуда истаган эдим, лекин шуни иложи бўлмади ëки мен журъат этмадимми?! Мен энди шуни мана шу улкан йўқотиш, қалб мотам тутаëтган бир пайтда ўқиб берсам.

Чингиз Айтматовга мактуб

Салом сизга руҳий инқилоб,
Салом сизга буюк аллома,
Муҳибалар гарчи беҳисоб,
Журъат этдим битмоққа нома.

Ўтинаман қаҳрдан денг сиз,
Кўзларимдан томар бўлса ëш,
Қувонч эрур, бахт эрур тенгсиз,
Буюкларга бўлмоқ замондош.

Кунда бўйкаб каптар тўкилди,
Дилни эзган минг оғриқларин,
Чеҳрангиздан тутатгим келди,
Мўйин қумнинг исириқларин.

Олатоғнинг чиқиб бошига,
Тўрт тарафга солгим келди жар,
Огоҳ бўлинг ҳасад тошига,
Чингизимиз асранг одамлар.

Ҳар юракка солиб мен изни,
Сўрай дедим қаридан, ëшдан,
Сиз “Кунда”ни ўқидингизми,
Андак тиниб тиндан, талошдан.

Ҳақиқатнинг азми мукаммал,
Бўлмоқ учун эй замондошим.
Билармисиз ошуфта аввал,
Қўйсин экан кундага бошин.

Кўнглим шундай бир мурод тилар,
Омон бўлсин қақнуслар жони.
Жасурликка бошлагай улар,
Қўрқоқларга қолган дунëни.

Юрагимдан келади бир сас,
Бундай фотиҳ бўлмовди сира
Ўртанмасанг бўлар, энди бас,
Алпомишни кўрган Гулчеҳра.
XS
SM
MD
LG