Линклар

Шошилинч хабар
07 июл 2022, Тошкент вақти: 09:44

Халқаро хабарлар

Адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори эълон қилинди

Швеция Фанлар академияси адабиёт бўйича 2008 йилги Нобель мукофоти франциялик ёзувчи Жан-Мари Густав Ле Клезиога насиб этганини билдирди.

Ёзувчининг янги йўналишдаги ижоди, шеърий изланишлари ҳамда болаларга атаб ёзган бир қатор китоблари жюри ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.

Шу кунгача тиббиёт, физика ва кимё соҳларида Нобель мукофотининг 2008 йилги совриндорлари номи эълон қилинган эди.

Кун янгиликлари

Украинада 21 мингдан зиёд ҳарбий жиноят тергов қилинади

Украина 21 мингдан зиёд ҳарбий жиноят юзасидан тергов ўтказади. Бу ҳақда Украина бош прокурори Ирина Венедиктова Би-би-сига берган интервьюсида билдирди.

Венедиктовага кўра, прокуратурага муҳтамалан россиялик ҳарбийлар томонидан амалга оширилган ҳарбий жиноятлар тўғрисида ҳар куни 200-300 тадан хабар келиб тушмоқда.

Бундан ташқари, Киев Украина фуқаролари Россияга ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилаётгани ҳақида мунтазам равишда хабар қилиб келяпти. Россия расмийлари тарқатган сўнгги маълумотга кўра, кейинги кунларда Украинанинг шарқий вилоятларидан 24 минг киши эвакуация қилинган, улардан тўрт мингга яқини болалардир.

Эвакуация Донбассдаги ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган республикалар ҳамда Россия Қуролли кучлари назорати остида бўлган ва шу кунда шиддатли жанглар бораётган вилоятларда амалга оширилган.

Россия расмийларига кўра, уруш бошидан бери Украина шарқидан Россияга 371 минг 925 бола дохил 2 миллион 359 минг 135 киши чиқиб кетган.

Россияга эвакуация қилинган қочқинлар катта ёшдаги кишиларнинг ҳаммаси ўтиши лозим бўлган “фильтрацион лагерлар” ҳақида айтишмоқда.

Россия босқини бошланганидан бери 13 миллионга яқин украиналик ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Улардан 5 миллиони Польша, Венгрия, Словакия, Руминия ва Европанинг бошқа давлатларига чиқиб кетишган. Қолган 8 миллион киши эса Украинанинг хавфсизроқ ҳудудларига кўчиб ўтишган.

Украиналик қочқинларнинг 2 миллионига Европа Иттифоқида Польша мезбонлик қилмоқда. Шунингдек, 780 минг нафар украиналик Германияга, 366 мингдан кўпроғи Чехияга, 145 минги Туркияга, 90 мингдан Руминия ва Молдовага қочган.

Россия қочқинлар қаерга жойлашгани, уларнинг легал мақоми ва уларга берилаётган ёрдам ҳақида аниқ маълумот тақдим этаётгани йўқ.

Табиат сирлари: Кариб денгизида камида 50 дельфин соҳилга ташланиб, ўз жонига қасд қилди

Калта сузгичли дельфинлардан камида 50 таси Кариб денгизидаги Британия Виржин ороллар тизимига мансуб Анегада оролида ўзини соҳилга ташлаб, жонларига қасд қилишди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Узунлиги олти метр, оғирлиги уч тоннагача бўлган бу дельфинларнинг ўз жонига қасд қилишларига нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Ўз жонига қасд қилган сув ҳайвонларини қутқариш бўйича халқаро биология ташкилоти аъзолари айни пайтда бу ҳодисани ўрганмоқда.

Шу кунгача китлар ва дельфинлар соҳилга ўзларини ташлаб ҳалок бўлишлари ҳодисаси фанга номаълумлигича қолмоқда. Олимлар бунга оғир касалликлар, зарарли сув ўсимликларининг гуллаши, кемалар билан тўқнашув, балиқ овлаш тўрларига илашиб қолиш, сувнинг ифлосланиши ёки сув остидаги кучли шовқин сабаб бўлиши мумкин деган эҳтимолларни олға суриб келади.

Фанга маълум бўлишича, дельфинлар жамоа бўлиб яшайдилар ва бир жамоа камида 25-50 дельфиндан иборат бўлади. Агар дельфинлардан бири соҳилга ўзини ташласа, қолганлари ҳам унга эргашади. Олимларнинг таъкидлашича, бу ҳолатда қолган дельфинлар ўзини соҳилга ташлаган дельфинга кўмак кўрсатиш ниятида бўладилар.

2022 йилнинг июнь ойи охирида Украинадаги “Тузловские лимани” миллий парки тадқиқот бўлими бошлиғи Иван Русев Қора денгиздаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатида камида уч минг дельфин нобуд бўлганини билдирган эди.

БМТ Украина урушида 17 журналист ҳалок бўлганини тасдиқлади

Россия Украинага бостириб кирганидан бери то шу кунгача 17 журналист ҳалок бўлди ва 14 журналист яраланди. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида сўзлаган нутқида маълум қилди.

БМТ ҳисоботида таъкидланишича, тўртта журналист ўзларининг касбий фаолияти туфайли таъқиб қилинаётганини айтган. Журналистлардан 7 нафари бевосита бомбардимонлар пайтида ҳалок бўлган. Улардан беш нафари Россия ҳарбийлари ҳужумлари оқибатида қурбон бўлгани таҳмин қилинаётир. Яна 5 журналист эса фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудда ўлган.

Россия ҳарбийлари томонидан бир нафар журналист ўғирланган. Россия ҳарбийлари уни қийноққа солганлар ва у асирликдан озод қилинганидан кўп ўтмай вафот этган.

БМТ ҳисоботида таъкидланишича, ҳалок бўлган ва яраланган журналистлардан камида беш нафари аёл. Улар орасида Озодлик радиоси украин хизмати мухбири Вера Гирич ва россиялик журналист Оксана Баулина бор.

БМТ ҳисоботида Россия босиб олган ҳудудларда камида 7 нафар журналист ўғирлангани қайд этилган. Масалан, март ойи бошларида Херсон вилоятида Россия ҳарбийлари бир журналистни ўғирлаган ва 8 кун мобайнида уни қамоқда сақлаган. Бу журналистни озод қилишга муваффақ бўлинган.

Бундан ташқари БМТ кузатувчилари Россия ҳарбийлари мақсадли равишда журналистларни олиб кетаётган камида иккита автомобилни ўққа тутган. Журналистларни олиб кетаётган автомобилда PRESS ёзувли оқ байроқ бўлган.

БМТ Украинада уруш бошланганидан бери тинч аҳолидан камида 4889 нафари, жуиладан, 335 бола ҳалок бўлгани тасдиқланганини билдирди. БМТ рақамлар бундан ҳам юқори эканини, статистикага фақат тасдиқланган ҳолатларгина қўшилганини эътироф этган. Айни пайтда Россия агрессияси оқибатида ҳалок бўлганларни аниқлаш ва тасдиқлаш ишлари давом этмоқда.

Покистондаги сув тошқинида 18 киши қурбон бўлди

Кветта шаҳри қаттиқ шамолдан сўнг.

Покистоннинг Балужистон вилоятида юз берган сув тошқини оқибатида камида 18 киши қурбон бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазиригининг маҳаллий бошқармаси вилоят маркази Кветта шаҳрида 6 июль куни фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кветтада камида 9 киши сув тошқинидан ҳалок бўлган.

Балужистоннинг олис туманларида кўплаб киши бедарак кетган. Шундан келиб чиққан ҳолда расмийлар қурбонлар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Вилоятда 4 июлда бошланган жала шу кунгача тўхтаган эмас. Бунинг оқибатида сув тошқинлари юз бермоқда.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари Носир Аҳмад Насарнинг билдиришича, юзлаб турар жой бинолари вайрон бўлган. Кўплаб чорва молларини сел оқизиб кетган. Табиий офат юз берган ҳудудларда қутқарувчилар ишламоқда.

Маълумотларга қараганда, жала 7 июлда ҳам тўхтамайди. Покистонда ҳар йили жала оқибатида юз берадиган тошқинларда ўнлаб киши ҳалок бўлади.

Қозоғистондаги Тенгиз конида қувур ёрилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистондаги Тенгиз конида қувур ёрилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди ва уч киши ярадор бўлди. Бу ҳақда Атирау полицияси маълум қилди. Расман билдирилишича, ҳодиса 6 июль куни эрталаб соат ўнларга яқин Жилиўй туманида юз берган.

Айрим хабарларда қувур нефть ва газ конидаги манбага улаш пайтида катта босимга дош бера олмай ёрилиб кетгани айтилмоқда. Полиция тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Жилиўй тумани Атирау вилоятининг Каспий денгизи билан чегарадош қисмида жойлашган. Бу ерда кўплаб нефть ва газ конлари мавжуд. Тенгиз конидаги нефть захираси 3,2 миллиард тонна экани таҳмин қилинади. Мазкур кон 1993 йилдан бери "Тенгизшевройл" ширкати томонидан ишлатилади. Мазкур ширкат таъсисчилари Chevron, ExxonMobil Kazakhstan Ventures Inc, “КазМунайГаз” миллий компанияси ва LUKArco ширкатларидир.

Миллиардер Алишер Усмонов Ирина Винер билан ажрашиш аризасини қайтариб олди

68 яшар Алишер Усмонов президент Шавкат Мирзиëевнинг қудаси саналади.

Москванинг Крилатск туман мировой судьяси миллиардер Алишер Усмонов ва бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоаси бош тренери Ирина Винер ўртасидаги никоҳни бекор қилиш бўйича иш тўхтатилганини билдирди. Бу ҳақда 6 июль куни Новости агентлиги хабар берди.

“Фуқаролик иши даъвогарнинг ўз даъволаридан воз кечгани муносабти билан тўхтатилди”, - деб билдирган судья.

Судда бевосита Алишгер Усмонов ва Ирина Винер иштирок этмаган. Уларнинг манфаатларини адвокатлар ҳимоя қилмоқда. Бир ой аввал бошланган мазкур жараён томонлар келишуви асосида ёпиқ тарзда олиб борилаётган эди.

Россия қонунларига асосан, умумий фарзандлари бўлмаган шахслар никоҳни бекор қилиш учун судга мурожаат қилиши шарт эмас. Уларнинг никоҳини ЗАГС органлари ҳам бекор қилиши мумкин. Новости агентлигининг ёзишича, умумий фарзандлари бўлмаган Усмонов ва Винернинг судга мурожаат қилиши томонлардан бири ажралишга рози бўлмаганини англатади.

Шунингдек, ажралиш юзасидан суд жараёнида мол-мулкни бўлиштириш масаласи кўриб чиқилмайди. Томонлар ажрашганидан сўнг бу масала юзасидан алоҳида суд жараёни ўтказилади.

Усмонов ва Винер 1992 йилда турмуш қуришган. Хабарда таъкидланишича, ажралиш ташаббускори сифатида Усмонов судга ариза берган.

Винер суддан сўнг журналистларга “агар ҳаммаси тинч ва осойишта ўтса, барча масалалар юзасидан келишувга эриша олсак, унда ҳеч қандай изоҳларга ҳожат қолмайди”, деб айтди. Бундан бошқа тафсилотлар ошкор этилмади.

Алишер Усмонов Россиянинг Украинага тажовузи ортидан Россиянинг президент Путинга яқин деб ишонилган бошқа олигархлари қаторида ЕИнинг санкциялар рўйхатига киритилган эди. Шундан кўп ўтмай Усмонов Винер билан ажрашиш тўғрисида судга ариза ёзгани хабар қилинган.

Санкциялар доирасида миллиардернинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланган, Иттифоқ ҳудудидаги активлари эса музлатилган.

8 апрель куни Европа Иттифоқи Кенгаши Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиевани ҳам санкциялар рўйхатига киритганди. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) Саодат Нарзиева Швейцария банкларидаги умумий қиймати 2 млрд доллардан кўпроқ 27 дан ортиқ банк ҳисобларининг ниҳоий бенефициари экани ҳақида ёзган.

68 яшар Алишер Усмонов президент Шавкат Мирзиëевнинг қудаси саналади. Forbes нашрига кўра, унинг бойлиги уруш бошланишидан олдин қарийб 18 миллиард долларга баҳоланган. Россия Украинага бостириб кирганидан икки ой ўтиб айни нашр Усмонов активлари 11,5 миллиард долларга тушгани ҳақида хабар қилди.

Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти Бош котиби Муҳаммад Баркиндо вафот этди

Муҳаммад Баркиндо Эрондаги анжуманда нутқ сўзлаётган пайт. 2019 йилда олинган фотосурат.

Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти – ОПЕК Бош котиби Муҳаммад Баркиндо 63 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Нигерия Миллий нефть корпорацияси раҳбари Меле Кьяри ўзининг твиттер саҳифасида билдирди. Унга кўра, Баркиндо 5 июль куни тунда вафот этган. Ўлим сабаблари тўғрисида маълумот берилмаган.

Баркиндо 5 июлда Нигерия президенти билан учрашган ва пойтахт Абужада ўтган нефть-газ саноати анжуманида нутқ сўзлаган эди.

Баркиндо ОПЕКда 1986 йилда Нигерия вакили сифатида иш бошлаган. 2016 йилнинг августида у ОПЕК Бош котиби лавозимига тайинланган. Унинг Бош котиб сифатида ваколати 31 июлда якунланиши кутилаётганди. Баркиндонинг ўрнига Қувайт вакили Ҳайсам ал Ғайса тайинланган.

Кремль Украинага бостириб кирганидан сўнг Россияга санкциялар жорий этилгач, Баркиндо ОПЕК қувват етишмаслиги ортидан Россия кунига етказиб берадиган 7 миллион баррел нефть ўрнини қоплай олмаслиги тўғрисида баёнот берган ҳамда Ғарб давлатларини нефть экспортига чеклов жорий этиш жиддий оқибатларга сабаб бўлишини билдирган эди.

31 май куни Европа Иттифоқи Россияга нисбатан санкцияларнинг олтинчи пакетини тасдиқлади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ Россия нефтини экспорт қилишга чекловлар жорий этилди. Мазкур санкциялар ортидан Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти аъзоларидан айримлари Россиянинг нефть қазиб олишдаги иштирокини тўхтатиш масаласини ўрганаётгани маълум қилинган.

Минтақада энг катта экани айтиладиган “Дўрдўй” бозорида 51 та савдо шохобчаси ёниб кетди

"Дўрдўй" бозорида ёнғин содир бўлган ҳудуд.

Бишкекдаги “Дўрдўй” бозорида 5 июнда чиққан ёнғинда 42 та контейнер ва 9 та тез овқатланиш шохобчаси ёниб кетгани тўғрисида 6 июль куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Ёниб кетган контейнерларда асосан кийим-кечак сотилган.
Ёнғин оқибатида бозордаги 1000 квадрат метр майдондаги савдо шохобчалари вайрон бўлди. Ёнғин пайтида ис газидан заҳарланган икки киши касалхонага ётқизилди.

5 июлда бозордаги ёнғинни бартараф этишга 60 қутқарувчи ва 7 та ўт ўчириш бўлинмаси жалб қилинган.

Юз гектарлик майдонга жойлашган “Дўрдўй” бозорида 40 минг савдо шохобчаси мавжуд. Уларда 55 минг сотувчи меҳнат қилади. Ҳаммоллар, умумий овқатланиш шохобчалари, қўшимча хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларини ҳисобга олганда “Дўрдўй” камида юз минг кишини иш билан таъминлаши расман айтилади.

АҚШ дохил 35 мамлакат Россия ва Беларусга қарши спортга оид санкцияларни кучайтиришга чақирди

Россия термаси аъзоларининг Олимпиада-2020 дан қайтишига бағишлаб Москвада ўтказилган маросимдан лавҳа

АҚШ, Канада, Япония, Буюк Британия ҳамда Европа Иттифоқи давлатлари дохил 35 та мамлакат 5 июль куни Россия ва Беларусга қарши спорт санкцияларини кучайтиришга чақирилган қўшма баёнотни имзолади.

Янги чеклов чоралари доирасида:

  • Халқаро спорт федерацияларининг Россия ва Беларусь миллий спорт бошқарув органлари билан ҳамкорлигини тўхтатиш;
  • Россия ва Беларусь ҳукумати билан яқин алоқаларга эга шахсларни халқаро спорт федерацияларидаги нуфузли лавозимлардан четлатиш;
  • Россия ва Беларусда халқаро спорт мусобақалари трансляцияларини вақтинча тўхтатиш имкониятларини кўриб чиқиш назарда тутилган.

“Миллий ёки халқаро спорт ташкилотлари ушбу икки мамлакат атлетларига мусобақаларда иштирок этишга рухсат берган тақдирда ҳам улар фақат нейтрал мақомдагина қатнашишлари керак”, дея урғуланган баёнотда мусобақаларда Россия ёки Беларусь байроқлари, герб ва гимнларидан фойдаланиш тақиқланиши лозимлиги айтилган.

Украинада уруш бошланганидан сўнг кўплаб халқаро спорт ташкилотлари, ХОҚ тавсиясига мувофиқ, россияликларни мусобақаларга жалб этмай қўйган. Улар футбол, хоккей, енгил атлетика ва фигурали учиш каби спорт турларида мусобақалардан буткул четлатилган. Автоспорт, велоспорт, теннис ва шахматда эса нейтрал мақомда иштирок этишмоқда.

Украинада Коммунистик партия фаолияти суд қарори билан тақиқланди

Украина Коммунистик партияси раҳбарияти, 2014 йил 1 майи

Львовдаги апелляцион маъмурий суд 5 июль куни Адлия вазирлиги аризасини қаноатлантирган ҳолда Украина Коммунистик партияси (УКП) фаолиятини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди.

Компартия Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин мамлакатда фаолияти тақиқланган 15-партияга айланди. У билан бирга сешанба куни “Бахтиёр Украина” партияси фаолияти ҳам тақиқланган. Мазкур сиёсий ташкилот Виктор Янукович даврида вазир бўлиб ишлаган Александр Клименко томонидан тузилган эди.

Украина мустақиллигининг илк йилларида УКП мамлакатдаги энг йирик сиёсий кучлардан бири бўлган, унинг ўзгармас раиси Пётр Симоненко 1999 йили президентлик сайловида иккинчи босқичга чиқиб, пировардида Леонид Кучмага мағлуб бўлган эди. Компартия вакиллари 2014 йилгача Украина парламентига киришга муваффақ бўлишган, Майдон ғалабасидан кейин эса партия сайловларда мағлуб бўлган. Партия аъзоларининг бир қанчаси Донецк ва Луганск вилоятларидаги айирмачиларни дастаклаб чиқишган.

2015 йили суд партия фаолиятини тақиқлаган, бироқ ўшандан кейин ҳам қарор тўлалигича қонуний кучга киргани йўқ эди.

Россия кучлари Украина ҳудудига бостириб кирган 24 февралдан кейин мамлакатда россияпараст деб ҳисобланган партиялардан қарийб барчасининг фаолияти тақиқланган.

Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришига доир протоколлар имзоланди

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, Финляндия ва Швеция ташқи ишлар вазирлари 5 июлни “тарихий кун” деб аташди.

НАТОнинг Брюсселдаги бош қароргоҳида Швеция ва Финляндиянинг Шимолий Атлантика иттифоқига аъзо бўлиши тўғрисида баённомалар имзоланди. Ҳужжатларга НАТОга аъзо 30 мамлакат ҳамда Швеция ва Финляндия вакиллари имзо чекишди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, Финляндия ва Швеция ташқи ишлар вазирлари 5 июлни “тарихий кун” деб аташди. Улар мазкур икки мамлакатнинг альянсга қўшилиши уларнинг хавфсизлигини мустаҳкамлашга ёрдам бериши билан бирга, НАТОни ҳам кучайтиришини урғуладилар.

Йиғилишда Россия номи тўғридан-тўғри тилга олинмаган бўлса-да, айнан Россиянинг Украинага тажовузи ушбу икки анъанавий бетараф мамлакатнинг Шимолий Атлантика иттифоқига киришга қарор қилишида асосий сабаб бўлди.

Финляндия ва Швеция май ойи ўрталарида НАТОга аъзо бўлиш учун расман ариза берган эди. Уларни НАТО аъзолигига қабул қилиш қарори рекорд даражада қисқа муддатда қабул қилинди – бу ҳақда июннинг охирларидаёқ Мадриддаги саммитда эълон қилинди. Ягона жиддий тўсиқ Туркиянинг талаблари бўлган эди, аммо томонлар бу борада тил топишишга муваффақ бўлишди.

Швеция билан Финляндия НАТОнинг тўла ҳуқуқли аъзолари бўлиши учун бугун имзоланган ҳужжатлар альянс таркибидаги 30 мамлакатнинг парламентлари томонидан ратификация қилиниши керак.

Россия ҳукумати вакиллари икки мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлаётганига изоҳ беришар экан, бир тарафдан мазкур қарорни қоралашди, бошқа томондан, бунда жиддий муаммо кўрмаётганларини, чунки Россиянинг Финляндия ва Швеция билан ҳудудий низолари йўқлигини айтишди. Шу билан бирга, улар Финляндия ва Швецияда НАТО инфратузилмаси жойлаштирилган тақдирда Россия жавоб ўлароқ муайян чоралар қўллашига ваъда беришди.

Полиция Чикагода олти кишини отиб ташлаганликда гумонланган шахсни ушлади

Чикагода отишма содир бўлган жой.

АҚШнинг Чикаго шаҳри яқинидаги Ҳайленд-паркда Мустақиллик кунига бағишлаган парад чоғида одамларга ўқ узганликда гумонланаётган шахс қўлга олинди. У ўқ узганидан сўнг қочишга улгурган эди.

Полиция қўлга олинган шахс 22 ёшли Роберт Кримо эканини билдирди. Си-эн-эн телекомпаниясининг хабар беришича, полициячилардан бири уни автомобил бошқариб кетаётганини кўриб қолган. Кримо полициячининг автомобилни тўхтатиш тўғрисидаги буйруғини бажармай, қоча бошлаган. Аммо кўп ўтмай у машинасини тўхтатган ва полицияга таслим бўлган. Ҳозирча ҳужум мотивлари ноаниқ бўлиб қолмоқда.

Дастлаб Ҳайленд-паркдаги отишмада олти киши ҳалок бўлгани ва 20 чоғли киши яралангани хабар қилинганди. Сўнгги маълумотларга қараганда, парадда яраланган 36 киши касалхонага ётқизилган. Улар орасида болалар ҳам бор.

АҚШ президенти Жо Байден бу воқеага муносабат билдирар экан «ўқотар қурол билан мантиқсиз ҳужум қилинганидан шокда» эканини айтди ва «қуролли зўравонлик эпидемиясига қарши курашиш»га ваъда берди.

Бундан аввал Техас штатининг Ювалде шаҳридаги мактабга қуролли ҳужум қилинган ва 19 ўқувчи ҳамда 2 ўқитувчи ҳалок бўлганди.

Италияда Альп тоғларидан муз кўчиши натижасида 7 киши нобуд бўлди, 15 киши бедарак йўқолди

Альп тоғларидаги музлик кўчган жой, 2022 йил 4 июли

Италияда Альп тоғларида йирик музлик қулаши натижасида камида 7 киши ҳалок бўлди, 15 киши бедарак кетгани айтилмоқда. Ҳодиса чоғида 8 киши тан жароҳати олган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир. Муз кўчган жойда вертолётлар ва қидирув итлари ёрдамида қутқарув ишлари давом этмоқда.

Мармолада деб номланган музлик шу номдаги тоғ қиясида жойлашган эди. Мармоладанинг баландлиги 3300 метр келади. У ерда қишин-ёзин сайёҳлар чанғи учган. Қурбонлар ва жароҳатланганлар орасида турли мамлакатлардан келган туристлар ҳам бўлган.

Маҳаллий қутқарув хизмати вакили Вальтер Милан, гарчи фожианинг бевосита сабаби ҳали аниқланмаган бўлса-да, музлик Италияда сўнгги пайтларда кузатилаётган аномал иссиқ натижасида эрий бошлагани туфайли қулаган бўлиши мумкинлигини билдирган. Унга кўра, ҳатто муз ва қор ҳеч қачон эримаган 3000 метр баландликда ҳам сўнгги кунларда ҳарорат +10 даража атрофида бўлган.

Воқеа жойига етиб келган Италия бош вазири Марио Драги муз эришига сабаб бўлган аномал иссиқ сўнгги йилларда Европада тобора сезиларли бўлиб бораётган иқлим ўзгариши туфайли юзага келганини қайд этган.

Швеция ва Финляндия НАТОга қўшилиш тўғрисидаги шартномани 5 июль куни имзолайди

Швеция ва Финляндия НАТОга қўшилишга оид 4 июль куни бўлиб ўтган музокараларни битта раунддаёқ якунига етказишган. Альянсга қўшилиш тўғрисидаги шартнома 5 июль куни НАТО қароргоҳида имзоланади. Бу ҳақда НАТОнинг расмий сайтида маълумот тарқатилди.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга расман қўшилиши учун мазкур шартнома ўз парламентлари ва альянсга кирган 30 та мамлакат парламентлари томонидан ратификация қилиниши зарур.

Бу икки мамлакат Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин НАТОга аъзо бўлиш истагини билдирган. Финляндия ва Швеция Европада Россия тажовузи сақланиб қолаётган бир шароитда ўз хавфсизлиги учун ташвишланиб, НАТОга қўшилиш учун ариза топширган. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ва АҚШ президенти Жо Байден бу мамлакатларнинг альянсга қўшилиши жараёнини тезлатишни ваъда қилишган.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилишига Туркия қарши чиққан. Анқара иддаосича, бу мамлакатлар Туркия томонидан террорчиликка алоқадор деб ҳисобланган шахсларни топширишдан бош тортишган. Бироқ 28 июнь куни НАТОнинг Мадриддаги саммитида мазкур мамлакатлар ўзаро муросага келишга муваффақ бўлишган.

Шундан кейиноқ НАТО Финляндия ва Швецияга альянсга қўшилишни расман таклиф қилган. “Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши уларни янада ҳимояланганроқ, альянсни янада кучлироқ, Евроатлантика ҳудудини эса янада хавфсизроқ қилади”, дейилган Мадрид саммитининг якуний декларациясида.

Ўша декларацияда НАТО мамлакатлари Россияни Европа ва дунё хавфсизлиги учун асосий ва тўғридан-тўғри таҳдид деб аташган. Аввал НАТО Россия Федерациясини стратегик ҳамкор ўлароқ кўрар эди.

АҚШ: Чикагода Мустақиллик байрамига бағишланган параддаги отишмада 6 киши ҳалок бўлди

Чикагода одамлар ўққа тутилган жой, 2022 йил 4 июли

АҚШнинг Чикаго шаҳри яқинидаги Ҳайленд-паркда Мустақиллик кунига бағишлаган парад чоғидаги отишма натижасида олти киши нобуд бўлди, 20 чоғли киши яраланди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Гувоҳлардан бир қанчаси The Chicago Sun-Times газетасига айримлари қонга бўялган юзлаб парад иштирокчиси курсилар, болалар коляскаси ва адёлларини ташлаб, чор-атрофга қоча бошлаганини айтиб беришган. Парад ўқ овозлари янграганидан 10 дақиқа кейин тўхтатилган.

Гувоҳлардан бири бўлмиш Шон Котро CBS News’га ўқ узган шахс бинолардан бирининг томида бўлганини айтган. Унга кўра, ўқ узиш бир неча дақиқа давом этган. Нашр отишма пайтида 24 киши яраланганини ёзган.

Чикаго расмийлари маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартиботчилар гумонланувчини изламоқда, шаҳар маркази атрофи ўраб олинган, ўқотар қурол топилган. Полиция қайдича, ўқ узган киши 18-20 ёшлардаги йигит бўлиб, оқ ёки кўк футболкада бўлган. Унинг нима мақсадда одамларни ўққа тутгани ҳозирча маълум эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG