Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:42

ХРУ: Виза чекловининг бекор қилиниши ЕИнинг иродасизлигини намойиш қилди


Душанба куни Люксембргда Европа Иттифоқи умумий масалалар ва ташқи алоқалар кенгашининг йиғини бошланди. Иттифоққа аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари мажлисининг биринчи кунида, Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан Андижон воқеалари ортидан жорий қилинган санкциялар жумласидан Ўзбекистон мулозимларига нисбатан виза чеклови бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилинди. Кенгашнинг Ўзбекистонга оид қарорида сўнгги бир йил ичида инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига ҳурмат кўрсатиш борасида эришилган силжишлар олқишланди. Айни пайтда, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид хавотирлар сақланиб қолаётгани, хусусан, ўтган жума куни журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмоновнинг 10 йилга қамалишидан чуқур ташвиш билдирилади. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва сиёсатчилар Европа Иттифоқининг душанба кунги қарорини “иродасизлик” дея танқид қилмоқда.

Европа Иттифоқининг жорий раиси Франция вакили Марин Де Карне санкциялар сирасидан Ўзбекистон ҳукумати мулозимларига нисбатан виза чеклови олиб ташланганини маълум қилди.

“Биз Ўзбекистонга нисбатан қурол-яроғ эмбаргосини кучда қолдирдик. Виза чеклови масаласида эса, Ўзбекистон ҳукумати билан олиб борилаётган мулоқотда натижаларга эришиш мақсадида виза чекловини олиб ташлашга қарор қилдик. Айни пайтда, кенгаш хулосаларида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти, хусусан ўтган ҳафта инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг 10 йилга қамалганидан хавотир билдирилди. Франция президентлиги қамалган журналист ва умуман мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига оид вазият юзасидан Ўзбекистон ҳукуматига демарш юборадиган бўлди”, деди Франциянинг Европа Иттифоқидаги доимий вакили Де Карне хоним.

Кенгашнинг икки кунлик мажлиси якунида эълон қилинажак хулосаларининг Ўзбекистонга оид қисмида мамлакатда сўнгги бир йил ичида қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатилиши борасида эришилган ютуқлар, хусусан, ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг озод этилгани ва Тошкентда матбуот эркинлигига оид анжуман ўтказилгани олқишланади.

Айни пайтда, Европа кенгаши Ўзбекистон ҳукуматини ижобий ўзгаришларни амалга оширишда давом этиш, хусусан қамоқлардаги барча инсон ҳуқуқлари фаолларини озод қилиш, Хюман райтс уотч вакилига аккредитация бериш, БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси билан ҳамкорлик қилиш ва халқаро ташкилотларнинг мамлакатдаги фаолиятини тўхтатиш қарорини бекор қилишга чақирди.

Хюман райтс уотч ташкилотининг Ўзбекистондан аккредитация ололмаган вакили Игор Воронцов, Европа кенгашининг душанба кунги қарорини “иродасизлик” дея атаб, нафақат ўз ташкилотининг Ўзбекистонда ишлай олиш истиқболлари, балки қамоқларда қолаётган ўнлаб сиёсий маҳбуслар тақдирини хавф остида қолдиришини айтади.

“Ўзбекистон ҳукумати ўзи учун туҳфа бўлган бу қарорни мамлакатда олиб борилаётган сиёсат учун раҳмат, деб қабул қилишидан хавотирдамиз. Европа Иттифоқи қабул қилган бу қарор Аъзам Турғунов, Солижон Абдураҳмонов каби ўнлаб сиёсий маҳбусларнинг озод этилишига ҳисса қўшмайди, албатта. Европанинг ўз манфаатларини кўзлаган бундай сиёсатида мантиқ бор албатта. Лекин биз Европа расмийларини моддий манфаатлардан кўра, Европа Иттифоқининг ҳимоясига умидвор бўлган одамлар тақдирини устун қўйишга чақиришдан бошқа иложимиз йўқ. Афсуски, уларни Ўзбекистонда ҳимоя қиладиган ҳеч ким қолмади”, дейди Хюман райтс уотч вакили.

Амнести Интернейшнл ташкилотининг Европа Иттифоқи ташқи сиёсати бўйича мутахассиси Девид Николс, кенгашнинг Ўзбекистонда эришилган ютуқлар ҳақидаги хулосалари куракда турмайди, дейди.

“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистларни қамоққа ташлаш систематик сиёсатга айланган бўлса, бир-икки сиёсий маҳбуснинг озод этилишини қандай қилиб ижобий ўзгариш, деб аташ мумкин? Негадир Европа расмийлари бу инсонлар аслида қамалмаслиги керак эди, деб хулоса чиқармайди. Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни қамаш сиёсати давом этмоқда. Ўтган жума куни Солижон Абдураҳмоновнинг қамалиши бунинг тасдиғи бўлди. Бегуноҳ одамлар қамоққа ташланиб, кейин озод қилинишини Европада олқишланиши, мен учун тушунарсиз. Матбуот эркинлигига оид семинарга келсак, мен шахсан бу йиғинда қатнашдим ва Ўзбекистон томони мамлакатда мавжуд муаммони умуман тан олмаганини айтишим мумкин. Мамлакатда сўз эркинлиги мутлақ йўқлиги ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон вакиллари эса мамлакатда сўз эркинлигига оид вазиятни рисоладагидек қилиб кўрсатишга ҳаракат қилди. Матбуот эркинлиги мавзусида анжуман ўтказиш, муаммо ҳал этилди дегани эмас”, дейди Амнести интернейшнл вакили.

Умуман санкцияларни жорий қилиш ҳақидаги 2005 йил ноябр ойида қабул қилинган резолюцияда қўйилган шартларнинг асосийси, Андижон воқеалари юзасидан мустақил тергов ўтказиш талаби бажарилмагани шароитида жазо чораларининг асосийси бўлмиш виза чекловининг бекор қилиниши нафақат Тошкент режими, балки дунёдаги бошқа авторитар ҳукуматларга Европанинг “иродасизлиги” ҳақидаги муждани юборади, деб хулоса қилади суҳбатдошларимиз.
XS
SM
MD
LG