Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2023, Тошкент вақти: 07:30

Холва деган билан огиз чучимайди


http://gdb.rferl.org/3A678E5C-1CD8-47F2-8A00-348C1DB86842_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/3A678E5C-1CD8-47F2-8A00-348C1DB86842_mw800_mh600.jpg Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланишига доир чора-тадбирлар мажмуаси” тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Бош вазир Шавкат Мирзиёев 30 сентябр куни имзолаган қарор ҳақида сешанба куни uzreport.com интернет нашри хабар қилди.

Хабарда айтилишича, вазирлар маҳкамасининг қарори Ўзбекистон президентининг жорий йил 1 майида эълон қилган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармонини бажариш ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари миллий институтларининг фаолияти самаралилигини ошириш мақсадида қабул қилинган.

Ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари бу янгиликка “Инсон ҳуқуқларига беписанд бўлган ҳукуматнинг навбатдаги қароридан нима ҳам кутиш мумкин?” қабилида муносабат билдирмоқда.

Ўзбекистон президентининг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармонини бажариш ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари миллий институтларининг фаолияти самаралилигини ошириш мақсадида қабул қилинган мазкур қарор мазмунига кўра, давлат томонидан фақат ҳукуматга қарашли инсон ҳуқуқлари институтларининг қўллаб-қувватланиши кўзда тутилган. Хусусан, uzreport.com Интернет нашри эълон қилган хабарда айтилишича, 2008 йилда Олий мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили котибияти ҳамда Инсон ҳуқуқлари миллий марказига офис мебели, автотранспорт, компьютерлар ва бошқа моддий-техникавий воситаларни сотиб олиш учун маблағ ажратиш Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги зиммасига юклатилган.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев имзолаган “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишига доир чора-тадбирлар мажмуаси” тўғрисидаги бу қарор шунингдек, 1 октябрдан бошлаб номи тилга олинган бу идоралар эҳтиёжлари учун ҳар йили давлат бюджетидан маблағ ажратилишини ҳам ўз ичига олади.

Қарор эълон қилингунига қадар, Ўзбекистон ҳукумати ҳомийлигидаги бу икки ташкилот ўзларининг бевосита вазифаларини қандай бажаргани, яъни инсон ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилгани ва янги қарор уларнинг самарадорлигини қай тарзда ошириши ҳақида сўрагани Озодлик радиоси мазкур идоралар билан телефонда боғланишга ҳаракат қилди. Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов кун бўйи мажлислардан банд бўлганлиги боис, у киши билан суҳбатлашишнинг иложи бўлмади. Олий мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, яъни Омбудсман котибиятининг ўзини таништирмаган ходими билан бўлган қисқа суҳбатни эфирга бермасликни маъқул кўрдик.

Ўзбекистон ҳукумати учун инсон ҳуқуқлари мавзуси жуда нозик ва оғриқли масаладир.

Ҳафта бошида Европа Иттифоқи, дашномларни эшитиб бўлсада, Тошкент мулозимларига нисбатан виза чекловни бекор қилаётиб, Ўзбекистон ҳукуматининг айнан инсон ҳуқуқларига бўлган муносабатини ўзгартиришига умид қилган.

Мустақил кузатувчи ва ҳуқуқ ҳимоячилари Тошкентнинг янги қарори мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб турган Европанинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришга уринишдан бошқа нарса эмас, деган фикрда.

“Бу каби хўжа кўрсинга қабул қилинган қарорлари билан Тошкент ўзининг обрўсини оширмоқчи бўлади. Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари виза чекловини бекор қилгани билан, қурол эмбаргосини сақлаб қолди. Яъни Ўзбекистонга нисбатан санкциялар сақланиб қолмоқда. Ва Тошкент ўзини халқаро ҳамжамиятнинг обрўга сазовор аъзоси қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади, албатта. Лекин, Ўзбекистон ҳукумати, инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида берган ваъдаларини ҳеч қачон бажармаслиги ҳаммага маълум”, дейди “Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи”нинг матбуот ва ахборот дастурлари директори Эндрю Штролайн.

Ҳукуматнинг янги қарори, деб давом этади у, ўтган ҳафта Тошкентда матбуот эркинлигига мавзусида ўтказилган халқаро анжуман каби бир томоша холос.

“Бу қарор биз қатнашган анжуманга ўхшаб кетади. Семинар пайтида бизни ҳукумат назоратидаги Тошкентдаги телеканаллардан бирига олиб боришди. Телеканал директори бизга янги студия ва телевизион ускуналарини кўрсатиб мақтанди. Лекин бу студияларда кўрсатувлар ҳукуматнинг буйруғига кўра тайёрланаётган бўлса, улардан нима наф? Ҳукуматнинг янги қарорига кўра, Омбудсманга янги машина олиб берилса, унинг Омбудсман вазифаларини бажаришини ким кафолатлай олади?”, дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили Штролайн.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов ҳам, шундоқ ҳам давлат ҳисобидан кун кўрадиган идораларни қўллаб-қувватлашга оид қарорда маъни кўрмаслигини айтади.

“Ўзи қабул қилинган қарорни ўзи кулгили. Авваламбор Омбудсмен ëки инсон ҳуқуқлари миллий марказини биронта қилаëтган иши кўринмаяпти. Иккинчидан улар ҳукумат тарафидан яхши молиялаштирилади. Менга маълум бўлишича, 2000 йилнинг бошларида бир неча бор бошқа халқаро фондлар орқали ҳам молиялаштирилган. Лекин буларни бирорта қилган тайинли ишини кўрмаганман. Уларга моддий ëрдам берган билан нима ўзгаради?”, дейди ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG