Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:55

Юлдуз Усмонова қамалмаган


Юлдуз Усмонованинг продюсери ва турмуш ўртоғининг айтишича¸ Юлдуз хонимнинг қамалгани ҳақидаги миш-мишлар¸ янги албом ва янги гастролларга ҳозирлик кўраëтган қўшиқчига зарба бериш учун атайин тарқатилган бўлиши мумкин.
Юлдуз Усмонованинг продюсери ва турмуш ўртоғининг айтишича¸ Юлдуз хонимнинг қамалгани ҳақидаги миш-мишлар¸ янги албом ва янги гастролларга ҳозирлик кўраëтган қўшиқчига зарба бериш учун атайин тарқатилган бўлиши мумкин.

Айрим интернет нашрлари Ўзбекистон халқ артисти Юдуз Усмонованинг Тошкентдаги тўйлардан бирида иштирок этаëтган пайтда қамоққа олингани ҳақда хабар тарқатди

Аммо Ўзбекистон халқ артисти Юдуз Усмонованинг Тошкентда қамоққа олингани ҳақидаги гаплар ҳақиқатдан узоқ.

Бу ҳақда Юлдуз Усмонованинг Тошкентдаги продюссери Озодлик радиосига маълум қилди.

- Сиз бу гапларнинг ҳаммаси бўҳтон деб ëзинг. Юлдуз Усмонова юрибди. Мана 15 февралдан Америка гастроли бошланади.

Озодлик: Юлдуз Усмонова ҳозир Тошкентдами?

- Йўқ¸ опа ҳозир Россияда. Эрта-индин келади.

Продюсерга кўра¸ айни пайтда Россияда бўлган Юлдуз Усмонова¸ бундан олдин Туркиядан Тошкентга қайтиб келиб¸ янги мусиқий альбом ëзишни бошлаган.

- Мана¸ опа тўғрисида ҳар хил маълумотларни бериб юборишди. Кейин “Юлдуз Усмоновани бизларда чиққан гапидан кейин Туркияда отиб ташлашибди” деган гап чиқариб юборишди.

Бутун дунëда шу гап. Ҳатто Туркиянинг Америкадаги консули ҳам шу гапни айтди. Россия¸ Озарбайжон¸ Қирғизистон¸ Тожикистон¸ Қозоғистон ҳамма жойда радиодан эшитдик деб айтишаяпти.

Яхши одамларнинг ичига кириб олиб мана бунақа маълумотларни тарқатиб юборишади. Бу санъаткор аëлнинг ижодига умуман таъсир қилиб ëтибдику¸ дейди қўшиқчининг продюсери.

Озодлик: Ўзбекистонда 2009 йил учун Усмоновага лицензия беришмади деган гапни айтишди. Бу ростми?

- Бўлмаган гап. Лицензия 2008 йил 25 апрелда бир йилга берилган. Ҳали муддати тугагани йўқ. 24 апрелда тугайди. У ëғига кейин яна бир йилга олади.

Озодлик: Опа¸ Туркиядан Тошкентга қайтиб келдими?

- Туркиядан Тошкентга келиб аллақачон янги альбомини тугатаяпти.

Озодлик: Тўйга борганда олиб кетишибди¸ деган гаплар чиқди.

- Бўлмаган гап. Тўйларга ҳақиқатан бораяпти. Айтилган тўйларнинг ҳаммасига бораяпти.

Тошкентдаги бир-икки тўйда иштирок этган¸ тўққизта қўшиқни ëзгач¸ Россияга кетган. Икки кундан кейин Юлдуз Усмонова Тошкентга қайтади¸ дейди ўз исми келтирилишини истамаган продюсер.

- Яна бир бор қайтариб айтаман. Юлдуз Усмонованинг қамоққа олингани¸ Туркияда отиб ўлдирилгани ва турк шоуменига эрга текканлиги ҳақидаги гап- сўзларда асос йўқ. Буларнинг ҳаммаси бўҳтон¸ деб қўшимча қилади продюсер.

Юлдуз Усмонованинг ўзи билан боғланишнинг иложи бўлмаган эса-да¸ қўшиқчининг турмуш ўртоғи Мансур ҳам Озодлик мухбири билан суҳбатда бу миш-мишларнинг мутлақ асоссиз эканлигини таъкидлади.

Юлдуз Усмонованинг қамоққа олиниши ҳақидаги гап-сўзлар бу атайлаб¸ бўҳтон ҳандагига сузиш учун қўйиб юборилган миш-миш ўрдагидан бошқа нарса эмас¸ дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон.

- Йўқ¸ бунақа гаплар эшитилмаяпти. Ҳамма нарса жойидаку. Унақа бўлмаса керак¸ дейди Севара Назархон.

Эслатиб ўтамиз¸ Ўзбекистондаги баъзи бир нашрлар Юлдуз Усмонованинг қамоққа олинганлиги ҳақида маълумот тарқатган эди. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди деган гап бор.

Усмонованинг Туркияга кетгани кишилар тарафидан турлича талқин қилинди. Юлдуз Усмонованинг "Америка овози" радиосида ëйинланган интервьюсидан кейин миш-мишлар яна урчиди¸ дейди ашулачининг турмуш ўртоғи Мансур.

“Америка овози” радиосида ўтган йил ëйинланган интервьюда Усмонова хоним мана буларни гапирган эди.

- Мен ижодкор одамман. Санъаткорга¸ ижодкорга эркинлик керак. Умуман¸ менинг ғашим келгани сиëсатчиларнинг санъаткорлар билан нима иши бор? Менинг шунга ақлим етмайди. Чарчадим бу нарсалардан.

Мен ижодкор одамман. Мен ўз ижодимни¸ ичимдаги нарсаларни ташқарига чиқаришим керак. Ҳақ берганни халқ ололмайди. Шуни ҳисобга олмаган ҳолда озгина эзишган эди¸ мен пружинкага ўхшаб портлаб чиқиб кетдим.

1996 йилда ҳайдаб юборишди ва яна қайтариб олиб келишди. Мана ҳозир яна бир марта чиқиб кетдим.

Мен чарчадим. Мен ҳукуматдагиларга “Мени ўз ҳолимга қўйинглар” деб айтдим. Мен ижодкор одамман. Мен оққа қараб туриб қора ëки қорага қараб туриб оқ дея олмайман¸ деган эди Юлдуз Усмонова.

Айни пайтда¸ Юлдуз Усмонова феврал ойида АҚШда бўладиган гастрол концертга ҳозирлик кўрмоқда.

Унинг ўлгани ëки қамоққа олингани ҳақидаги хабарлар ëзувчи Марк Твен таъбири билан айтилганда¸ бир оз бўрттирилган холос.

Айни пайтда¸ Юлдуз Усмонованинг шахсий сайти www.yulduz.uz га тўсиқ қўйилган афтидан¸ унга киришнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG