Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 07:26

Эсингни топганда, элингни топ


Ўзбекистондаги қозоқлардан фарқли¸ у қадар бой ҳисобланмаган Мўғулистондаги қозоқлар ҳам тарихий ватанига қайтишга унчалик ошиқмаяптилар.
Ўзбекистондаги қозоқлардан фарқли¸ у қадар бой ҳисобланмаган Мўғулистондаги қозоқлар ҳам тарихий ватанига қайтишга унчалик ошиқмаяптилар.

Ўзбеклар ўз юртини ташлаб, нон илинжида хорижга чиқиб кетаётган бир пайтда Астана ҳукумати этник қозоқларни тарихий ватанига қайтишини рағбатлантириб келмоқда.

Қозоғистонга кўчиб келаётган этник қозоқларнинг энг кўп қисмини Ўзбекистондан кўчиб келганлар ташкил қилади. Этник қозоқларни юртига қайтаришни ўз олдига мақсад қилиб олган қозоқ ҳукумати шу йўл билан мамлакатда демографик муаммони ҳал қилишга уринмоқда.

Тошкентдан Олмаотага кўчиб келган ўзбекистонлик этник қозоқлардан бўлган Азиза опанинг айтишича, Қозоғистонга кўчиб келаётган этник қозоқларнинг тарихий ватанига қайтишига қатор сабаблар бор.

- Қозоқларда мақол бор, эсингни топганда, элингни топ, дегандай. Бу ерда энди Ўзбекистонга нисбатан ишласанг, ишқилиб пул топасан, ўша пул орқали оилангни боқасан. Шунинг учун ҳамма Ўзбекистонда яшаган қозоқлар ўзининг юртига, ўзининг элига қайтиб келаяпти, дейди Азиза опа.

Суҳбатдошимиз ҳозирда Қозоғистонга кўчиб келаётган ўзбекистонлик этник қозоқларга нисбатан маҳаллий расмийлар муносабатидан нолиш инсофсизлик бўлишини таъкидлайди.

- Ўзбекистондан келаётган ўролмонларни қабул қилиш жуда яхши кетаяпти бу ерда бошқаларга нисбатан. Миграция полициясига борган пайтда, “ўролмонлик ҳужжатларини қандай қилиб йиғиш керак, нима қилиш керак, қандай маслаҳат берасизлар?” деб сўралганда, махсус маслаҳат берадиган кабинетлари бор, ҳаммасини тўлиқ тушунтириб беришади. Кейин шу ҳужжатларни йиғиб борасан, ҳам квота олишади. Киши бошига минг доллардан ким беради? Униси ҳам бор, шуни бўлса ҳам олиб қолайлик, дейди, дея ўртоқлашади Азиза опа.

Қозоқ расмий идораларига кўра¸ молиявий инқирозга қарамай, Қозоғистонга кўчиб келаётган этник қозоқлар сони камайиш ўрнига аксинча кўпайиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, 1991 йилдан буён тарихий ватанига кўчиб келган этник қозоқларнинг умумий сони қарийб 160 минг кишига етган. Уларнинг катта қисмини, аниқроқ қилиб айтганда 88 фоизини Ўзбекистондан кўчиб келган этник қозоқлар ташкил этади.

Қозоғистонлик таҳлилчи Тўлқин Ташимов буни Ўзбекистондаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий сабаблар билан боғлайди.

- Бу Ўзбекистондаги аҳолининг кўплиги, яъни 27 миллион кишини ташкил қилиши ва мамлакатда ишсизликнинг юқорилиги билан боғлиқдир.

Ўзбекистон ҳукумати юритаётган нотўғри сиёсат ҳозирда нафақат ўзбекистонликларнинг меҳнат муҳожирлигига чиқиб кетишга, балки шу кунгача мамлакатда тинч-осойишта яшаб келган этник озчилик вакилларининг ҳам Ўзбекистонни тарк этишга мажбур қилмоқда, -дейди қозоғистонлик таҳлилчи.

Қозоғистон ўролмонлари иттифоқи раиси Ортиқбой Укубоевнинг айтишича, қозоқ ҳукуматининг бутун дунёдан этник қозоқларни ўз тарихий юртларига қайтаришидан асосий мақсад, мавжуд демографик муаммога ечим топишдир.

Айнан шу сабаб ҳозир қозоқ расмий идоралари мамлакат ҳудудига кириб келаётган этник қозоқларга ҳам маънавий, ҳам молиявий кўмак кўрсатишга шай турибди:

- Бу масала демография муаммосини ечишга қаратилган. Чунки жуда катта ҳудудга эга Қозоғистонда ҳозир бор-йўғи 15 миллион халқ яшайди. Шуларнинг 9,5 миллионини қозоқлар ташкил қилади.

Қозоғистон ўз ҳудудининг катталиги жиҳатидан дунё юзида 9-ўринга эга бўлса, аҳолиси сони бўйича энг охирги ўринлардан бирида туради. Ҳозир мамлакат учун демография масаласи жуда муҳим масала, дейди Қозоғистон ўролмонлари иттифоқи раиси Ортиқбой Укубоев.
XS
SM
MD
LG