Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:04

"Узбечка " кўпайишдан тўхтамаяпти


Сифат жиҳатдан General Motors ширкатининг бошқа давлатлардаги маҳсулотларидан фарқ қилса-да¸ Асакадан чиқаëтган янги машиналарга ҳам айни "Chevrolet" тамғаси урилмоқда.
Сифат жиҳатдан General Motors ширкатининг бошқа давлатлардаги маҳсулотларидан фарқ қилса-да¸ Асакадан чиқаëтган янги машиналарга ҳам айни "Chevrolet" тамғаси урилмоқда.

Глобал бўҳрон шароитида жаҳоннинг етакчи автомобил ширкатлари касодга учраëтган бир кезда¸ Ўзбекистондаги автомобилсозлик саноати ўсишдан тўхтамайдиган кўринади.

Ўзбекистонда 2008 йилдан бошлаб, “Женерал Моторс Узбекистан” (GM Uzbekistan) қўшма корхонаси иш бошлади.

ЎзДэуАвто ширкати ўрнида ташкил этилган қўшма корхонанинг ўтган йилда ишлаб чиқаришни кўпайтиргани айтилмоқда.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларга кўра, 2008 йилда GM Uzbekistan ишлаб чиқарган автомобиллар сони ЎзДэуАвто ширкати 2007 йилда ишлаб чиқарганидан 13,5 фоизга кўпроқ бўлган.

Бу маълумотларни “Ўзавтосаноат” давлат корхонаси вакили ҳам тасдиқлади.

- 2007 йилда 171 минг бўлди. 2008 йилда эса 195 минг бўлди¸ дейди “Ўзавтосаноат” давлат корхонаси вакили.

“Ўзавтосаноат” матубот котиби Илмира Тухватулинанинг айтишича, ўтган йили Асакадаги заводдан 195 мингдан ортиқроқ автомобиль чиққан.

GM Uzbekistan қўшма корхонасининг ўзини таништирмаган вакили эса жорий йилда ишлаб чиқариладиган автомобиллар сони янада кўпроқ бўлишини айтади.

- Тўғри бу йил ўтган йилдагига нисбатан кўпроқ ишлаб чиқарилади.

Озодлик: Ҳаммаси бўлиб нечта машина ишлаб чиқарилади?

- Режа бўйича 240 мингта чиқаришимиз керак.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, 2009 йилда ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг аксар қисми 1996 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган моделлардан иборат бўлади.

- Ҳозирги пайтда чиқаëтган моделлар Матиз¸ Нексия¸ Ласетти¸ Дамас бўлади¸ дейди GM Uzbekistan қўшма корхонасининг ўзини таништирмаган вакили.

Демак, “Ўзавтосаноат” давлат корхонаси ва GM Uzbekistan қўшма корхонасидаги суҳбатдошларимизнинг гапларига қараганда, ЎзДэунинг ўрнида яратилган GM Uzbekistan қўшма корхонасининг ишлари ёмон эмас ва ишлаб чиқариш кундан кунга ортиб бормоқда.

“Ўзавтосаноат” давлат ширкати Асакадаги заводдан чиқадиган автомобилларнинг каттагина қисмини ташқарига, асосан Россияга экспорт қилади.

Ўзбек машиналарининг Россияда бозори чаққон, дейди Москвадаги “Росоткино” автосалони ходими Елена.

- Нексияларга бўлган талаб одатдагидек ёмон эмас. Матизлар ҳам яхши кетаяпти, дейди Елена.

Санкт-Петербургдаги “Элан-моторс” номли автосалон ходими Андрей эса, ўзбек машиналари Россияда ишлаб чиқарилган автмобиллардан кўра сифати яхшироқ бўлгани учун бозори чаққон, дейди.

Лекин деб давом этади Андрей исмли суҳбатдошимиз, ҳозирча Россияда GM Uzbekistan ишлаб чиқараётган “Шевролет” маркасидаги эмас, эски “Дэу” маркаси остида юборилган машиналардир.

Қизиқ, Асакада Нексия ва Матиз русумидаги машиналар “Шевролет” тамғаси остида чиқаётганига бир йилдан ошган бўлса, Россия ҳамон “Дэу” машиналари сотилса?! Бунинг жавобини “Ўзавтосаноат”дан ҳам, GM Uzbekistan дан ҳам олишнинг иложи бўлмади. GM Uzbekistanдаги мутасаддининг жавоби бундай бўлди.

- Мен билмайман буни.

Озодлик: Бу ҳақда ким билан гаплашсак бўлади?

- Билмадим¸ расмий хат билан чиқсангизлар ўзлари жавоб беришади.

Россияда “Дэу” маркасидаги автомобиллар сотилаётганига изоҳ бўлиши мумкин жавобни Москвадаги автосалон ходими Андрей ва фарғоналик суҳбатдошларимиздан олдик, лекин бу жавобларга сал кейинроқ қайтамиз.

Россияда ўзбек машиналари бозори анча чаққон эканини суҳбатдошларимиздан эшитдик.

Бунинг сабаби, биринчидан, Асакада чиқадиган машиналарнинг сифати, ҳақиқатан собиқ совет давридан бери деярли такомиллашмаган Россия автомобилларидан кўра, анча яхши.

Нархи ҳам унча қиммат эмас ва россиялик оддий оила учун малол келмайди, дейди “Элан-моторс” автосалони ходими Андрей.

- Нексиянинг нархи 261 минг рубл, Матиз эса 207 минг рублдан бошланади, дейди Андрей.

Яъни Россия бозорида “Нексия” тахминан 8 минг доллар, “Матиз” эса 6 минг доллардан сотилади.

Ўзбекистонда эса, ўзбек машиналарининг нархи баландроқ. Фарғоналик автоҳаваскор Акмалжон гапиради.

Акмалжон: Янги “Нексия 2” дегани 12 минг доллар атрофида бўлса керак.

Озодлик: Ласетти неча пул экан?

Акмалжон: Ласеттини Тошкентда бор дейишаяпти. Нархини 18 минг доллардан 25 минг долларгача дейишаяпти.

Лекин, деб қўшимча қилади суҳбатдошимиз, магазинда навбатингиз тезроқ келиши учун елкасини бериш керак.

Фарғоналик ўзини таништирмаган яна бир суҳбатдошимизга кўра, елкаси Нексия учун 2000 доллар, Матиз учун 1500 долларгача боради.

- Нексия 13¸5 миллион бўлса¸ навбатингиз келиши учун устига яна 1500 доллар беришингиз керак. Бу пулни бермасанфиз бир-икки йил кутаверасиз¸ дейди ўзини таништирмаган бу суҳбатдошимиз.

Лекин дейди суҳбатдошларимиз, шундай бўлсада машиналар сотилмоқда.

- Сабаби қимматликка қимматку¸ лекин олиб минаман десангиз бошқа машиналар йўқда. Асакадан чиқаëтган машина четдан келаëтган машинадан кўра арзон тушади¸ дейди суҳбатдошимиз Акмалжон.

Ўзимизнинг машиналаримиз, ўзимизда нега қимматроқ, деган савол жавобини автоҳаваскор суҳбатдошларимиз билмайди. Бу савол жавобини “Ўзавтосаноат” давлат ширкатидан ҳам ололмадик.

Айтиб ўтганимиздек, Асакада чиқарилаётган машиналарга “Шевролет” тамғаси ёпиштирила бошлаганига бир йил бўлиб қолди.

Лекин Россиядаги машинафурушларга кўра, улар ҳали ҳам “Дэу” машиналарини сотишмоқда. Бунинг боисини “Ўзавтосаноат” вакиллари изоҳлашмади.

Россиялик машинафуруш суҳбатдошларимизга кўра, молиявий бўҳрон туфайли мамлакатдаги кўплаб автосалонлар синган ва Ўзбекистондан келган янги машиналарнинг катта партияси ишлаб чиқарувчи заводга қайтариб юборилган.

- Ўзбек машиналари сотиляпти. Албатта¸ сотилаётган машиналар сони камайди. Лекин бўҳрон туфайли кўплаб автосалонлар ёпилиб кетди.

Билишимизча, шу сабабдан Ўзбекистондан келган машиналар қайтариб юборилган, дейди “Элан-моторс” номли автосалон ходими Андрей.

Ўзбекистонда чиқарилган Шевролет маркасидаги Нексия ва Матизларнинг қайтарилгани ҳақида фарғоналик суҳбатдошларимизнинг ҳам хабари бор.

- Бўҳрон бўлиб Россиядан жуда кўп машиналар қайтиб келган. Катта ташкилотларнинг стоянкаларига машиналарни тиқиб ташлашган.

Божхонанинг ўзи ҳам каттагина жой. Бу ерда ҳам 10 минг¸ 20 мингта машина бор¸ дейди ўзини таништирмаган фарғоналик йигит.

Акмалжон эса, ўзбек машиналарининг ўзимизга қайтаётганига файласуфона ёндашади.

- Машина қайтгани фойда бўлди шекилли¸ машина кўпайиб кетди. Ҳамма янги машина олиб минаяпти. Ҳозир ҳамма ëқда Нексия. Қайси эски¸ қайси янги билмайсан ҳам.

“Нексия 2” нинг янги варианти энди чиқди. Ўртаҳоллар ҳам “Матиз”ларни олиб минишаяпти. Камбағаллар ололмайдию ўртаҳоллар олаяпти.

Одамлар пул йўқ дейдию¸ ҳамма машина олиб миниб ëтибди. Яқинда пробкалар бошланиб кетмаса бўлди, дейди Акмалжон.

GM Uzbekistan қўшма корхонаси “Ўзавтосаноат” билан АҚШнинг Женерал Моторс ширкати билан имзоланган келишувга кўра ташкил этилган.

АҚШ ширкати 25 фоизига эгалик қиладиган янги корхона Асака заводида жорий йилда ишлаб чиқиладиган 240 мингта машиналар қаторида янги моделларни ҳам ишлаб чиқаришни режаламоқда, дейди GM Uzbekistan нинг ходими.

- Эпика билан Капсио крупноблочный сборка бўлади. Улар ҳам чиқади?

Озодлик: Крупноблочный сборка нима дегани?

- Бу дегани машина целый келади. Бу ерда унга асосий агригатлар қўйилади. Двигатель ўрнатилади¸ трансмиссия қўйилади.

Озодлик: Демак 240 мингта машина бу йил чиқади.

- Худо хоҳласа¸ режа шунақа.

Лекин янги машиналарнинг нархини оддий ўзбекистонликларнинг у ёқда турсин, машина билан савдо қилувчи тадбиркорларнинг ҳамёни ҳам кўтармайди.

Озодлик: Нима деб ўйлайсиз нархи тушармикин?

- Ҳали ҳеч қанақа нима йўқ.

Озодлик: Ўзингиз янги машинадан оласизми?

- Ҳозирча йўқ. Чунки қиммат.
XS
SM
MD
LG