Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:05

Ўзбекистон яна бир рўйхат тубида


Ўзбекистоннинг қатор ҳудудлари аҳолиси ичимлик сувининг доимий манбаига эга бўлмаганидан¸ сув ташувчи машиналар улар учун ҳаëт -мамот масаласини ҳал қилувчилардир.
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудлари аҳолиси ичимлик сувининг доимий манбаига эга бўлмаганидан¸ сув ташувчи машиналар улар учун ҳаëт -мамот масаласини ҳал қилувчилардир.

АҚШ да жойлашган Дунё ресурслари институти тузган рўйхатда Ўзбекистон 2008 йил давомида ичимлик суви энг кам бўлган 13 давлат ичида саккизинчи ўринга қўйилди.

Рўйхатда биринчи ўринни Миср эгаллаган бўлиб, 2008 йилда бу мамлакатда аҳоли жон бошига атиги 30 куб метр ичимлик суви тўғри келган.

Шунингдек ўтган йил Исроилда ҳар бир кишига - 150 куб метр, Туркманистонда - 206, Молдовада - 236, Покистонда - 350, Жазоирда - 440, Венгрияда - 594, Ўзбекистонда - 625, Нидерландияда - 676, Бангладешда - 761, Марокашда - 963, Озарбайжонда - 972 ва Жанубий Африка республикасида аҳоли жон бошига 982 куб метр ичимлик суви тўғри келган.

Ўзбекистон республикаси Фанлар академиясининг Сув муаммолари институти директори, техника фанлари доктори Эрназар Маҳмудов¸ Ўзбекистонда аҳоли жон бошига 625 куб метр ичимлик суви тўғри келиши ёмон эмас¸ деган фикрда.

Унга кўра, муаммо сув миқдорида эмас, балки керакли ҳудудлар аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашдадир.

- Агар киши бошига 600 деб баҳолаëтган бўлса¸ кам эмас. Биздаги ичимлик суви муаммоси сувнинг ҳудуд бўйича ҳар хил тақсимланганидадир. Тоғ ëн бағирларида ичимлик суви ортиқча миқдорда бўлса¸ чўл зоналаримизнинг қуйи қисмида ифлослантирувчи моддаларнинг дарëларга ва ер ости сувларига тушиши оқибатида ичимлик суви билан таъминлаш муаммолари мавжуд.

Мана шу бизда катта муаммо. Одам бошига ҳисоблаганда бу катта муаммо эмас. Унинг тақсимланиши ва кўп жойда ифлосланиши борасида муаммо мавжуд¸ дейди Эрназар Маҳмудов.

Олим¸ Ўзбекистонда ичимлик суви сифати Марказий Осиёда сув ҳосил бўладиган Қирғизистон ва Тожикистонга нисбатан пастроқ эканини¸ чунки эриган муз ва қор суви Ўзбекистонга етиб келгунича унинг сифати бузилишини қўшимча қилади.

- Юқори қисмларда¸масалан Тожикистонда¸ Қирғизистонда ичимлик суви манбалари шакллана бошлайди. Сифати бизникига қараганда бир неча баравар яхши. Чунки унга ҳали таъсир ўтказилгани йўқ. Бизга келгунча унга таъсир ўтказилади.

Айниқса¸ суғориш системаларидан ва коллекторлардан тушаëтган сув ҳам ер устидаги дарë сувларининг¸ ҳам ер ости сувларининг сифатини бузиб келаяпти. Масалан¸ бундай муаммо Қозоғистоннинг жуда кўп жойларида мавжуд¸ дейди Эрназар Маҳмудов.

ЭКОСАН халқаро жамғармаси экологик фожеа юз берган Орол денгизи бўйида яшовчи Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаларида иштирок этиб келмоқда.

Жамғарма раиси¸ профессор Юсуф Шодиметов аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида сўнгги йилларда катта ишлар амалга оширилаётганини айтади.

- СССР даврида қилинмаган ишлар қилинди. Сувга жуда катта аҳамият берилди. Айниқса¸ водопровод системасига аҳамият берилди. Бизнинг ўзимиз 5-6 та лойиҳаларни қилдик. Газ ва сув билан таъминлаш бўйича давлат дастури бор. Бу йил бундан ҳам катта иш қилинмоқчи.

Яқинда “Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги” йилининг давлат дастури чиқади. Сув билан таъминланиши яхши бўлган давлатлар қаторига кириб қолишимиз ҳеч гап эмас¸ дейди ЭКОСАН халқаро жамғармаси раиси.

Мутахассислар глобал иқлим исиши оқибатида Марказий Осиёда сув тақчиллиги юзага келиши мумкинлигидан хавотир билдириб келмоқда. Бироқ Эрназар Маҳмудов келаси чорак аср давомида минтақадаги сув шаклланиш жараёнида ўзгариш бўлмаслигини айтади.

- Бизнинг Марказий Осиëда келгуси 20-25 йил ичида сув шаклланишида ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди¸ деган нарса аниқланди. Музликлар камайгани билан бошқа факторлар ҳисобидан¸ дейлик қор¸ ëмғир ҳисобидан дарëлар шаклланаëтган жойда сув миқдори камаяëтгани йўқ.

Лекин унинг йил бўйича тақсимланиши ҳар хил бўлаяпти. Бу иқлим ўзгариши орқали вужудга келаяпти¸ дейди Ўзбекистон республикаси Фанлар академиясининг Сув муаммолари институти директори, техника фанлари доктори Эрназар Маҳмудов.

Ўзбекистонда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва бошқа сув лойиҳаларини амалга оширишда қатор халқаро ташкилотлар ҳам иштирок этиб келмоқда.

Хусусан Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа ташкилотлар Ўзбекистондаги сув лойиҳалари учун ўнлаб миллион доллар маблағ ажратган.
XS
SM
MD
LG