Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 00:35

Ўзбекистон яна қўшнисини иссиқсиз қолдирди


Бу йилги қишни ҳам аксарият тожикистонликлар на газ ва на электрсиз ўтказмоқдалар.
Бу йилги қишни ҳам аксарият тожикистонликлар на газ ва на электрсиз ўтказмоқдалар.

9 феврал куни “Тожиктрансгаз” очиқ ҳиссадорлик ширкати Ўзбекистон Тожикистонга узатилаётган табиий газ ҳажмини 40 фоизга қисқартирганига оид хабар тарқатди.

Табиий газ етказиб беришга доир Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида имзоланган икки томонлама шартномага мувофиқ, тожиклар бир кеча-кундузда Ўзбекистондан 1 миллион 400 минг куб табиий газ олиб туриши керак эди.

“Тожиктрансгаз” ширкати раис ўринбосари Шавкат Шоимовнинг билдиришича, жорий йил бошидан 9 февралга қадар шундай ҳам бўлган.

Аммо жаноб Шоимовга кўра, 9 февралдан эътиборан бир кеча-кундузда Ўзбекистон Тожикистонга 900 минг куб метр газ бера бошлаган.

Газ ҳажмининг қисқартирилиш сабаблари ҳақидаги саволига “Тожиктрансгаз” вакили аниқ жавоб айтишга қийналди.

- Уни Ўзбекистондан сўранг. У - Ўзбекистон, сизу биздан сўраб ўтирмайди. Қачон истаса, қисқартиради, қачон истаса, беради.

Ҳозир газ беришни 40 фоизга қисқартирди. Энди босқичма-босқич шундай қисқартирилади, дея жавоб берди Шоимов.

“Тожиктрансгаз” ширкатининг исми ошкор этилишини истамаган бошқа бир ходими эса Тожикистон Ўзбекистонга табиий газдан 16 миллион доллар қарздор бўлиб қолгани сабабли ҳам ўзбеклар узатилаётган газ ҳажмини қисқартирганларини айтди.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг “Ўзтрансгаз” ширкатига ҳам қўнғироқ қилдик. Аммо ўзини мазкур ширкатнинг матбуот хизмати ходими деб таништирган аёл саволимизга жавоб беришни истамади.

Айни пайтда¸ табиий газ ҳажми қисқартирилиши оқибатида Душанбе шаҳридаги кўп қаватли бинолар аҳолисининг каттагина қисми газ таъминотидан узилиб қолди.

Аснода аксар душанбеликлар Тожикистон пойтахтида жорий қилинган электр чеклови ортидан табиий газ таъминотидан ҳам узилиб қолиш уларни ўта қийин аҳволга солиб қўяётганидан нолимоқдалар.

- Газни қиммат қилишди, аммо тез-тез газни ўчиришади. Майли, қиммат бўлса ҳам кеча-кундуз берсин, емай-ичмай бўлса ҳам тўлаймиз.

Бизга иссиқлик бўлмаса қийин, етмишга кирган қари қайнонам бор, уйда чақалоқ бор, дейди душанбелик Барно опа.

Табиий газ етказиб беришдаги узилишлар таъминотчилар томонидан аҳолининг газдан қарзи кўпайиб кетаётгани билан изоҳланмоқда.

Аммо бундан газ қарзи бўлмаган душанбеликлар ҳам азият чекаяпти.

- Биз бирор сўм газдан қарздор эмасмиз. Светимиз ўчади. Ташқарида чой қайнатиш учун шароитимиз йўқ.

Мана, саҳардан бери бир пиёла иссиқ чой ичганимиз йўқ, дейди пойтахтлик Каримахон.

Тожикистоннинг табиий газга бўлган йиллик эҳтиёжи 1 миллиард куб метрни ташкил этади.

Мамлакат саноат корхоналари ва аҳолининг газга эҳтиёжини қондириш мақсадида 2007 йилга қадар Тожикистон Ўзбекистондан 900 миллион куб газ олиб турар эди.

Аммо иқтисодий танглик туфайли Тожикистон 2008 йилда ўзбек гази импортини 650 миллион куб метргача қисқартирди.

2009 йилда Ўзбекистон табиий газнинг ҳар минг куб метрини 240 доллар этиб белгилаганидан сўнг расмий Душанбе 550 миллион куб метр газ сотиб олишга қурби етишини маълум қилган ва 2008 йил декабрида Тошкентда бу борада икки томонлама шартнома имзоланганди.
XS
SM
MD
LG