Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:08

Имомали Раҳмон Брюсселда сўзлашувлар ўтказмоқда


Брюсселда илиқ қарши олинган Тожикистон президенти¸ минтақада ўз ҳукумати дуч келаëтган муаммолар борасида ЕИ раҳбарларидан ҳамдардлик ва таянч излади.
Брюсселда илиқ қарши олинган Тожикистон президенти¸ минтақада ўз ҳукумати дуч келаëтган муаммолар борасида ЕИ раҳбарларидан ҳамдардлик ва таянч излади.

"Европа Иттифоқи Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сув ва энергетика масаласидаги тортишувда тарафкашлик қилмайди". Бу ҳақда иттифоқнинг юқори мартабали расмийси маълум қилди.

Брюссел сафари давомида президент Раҳмон Европа Иттифоқидан 34 миллион евро ёрдам олишга муваффақ бўлди. Бу маблағ минтақавий хавфсизлик ҳамда жаҳон молиявий бўҳронининг мамлакатга таъсирини камайтиришга сарфланиши керак.

Сафарнинг муваффақиятсиз кечмаганини айтиш учун шунинг ўзи кифоя.

Аммо Европа парламентига мурожаат қилган президент Раҳмон мамлакатдаги энергетик тақчиллик ҳамда бу борада Ўзбекистон билан юзага келган тортишувда Европа Иттифоқининг таянчини қозонишга ҳам уринди.

- Марказий Осиё давлатлари ўртасида айрим минтақавий муаммолар борасида тушунмовчилик пайдо бўлади. Сув ва электр заҳираларидан биргаликда фойдаланиш масаласи Марказий Осиёнинг энг асосий муаммосидир. Бу борада биз халқаро ташкилотлар ёрдами ва таянчига муҳтожмиз – деди президент Раҳмон.

Аммо Европа Иттифоқи мутасаддилари президент Раҳмонга йирик гидроэнергетик иншоотларни қуриб, қўшни давлатлар билан муносабатларни таранглаштирмасликни тавсия этдилар.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат масалари бўйича мутасаддиси Хавъер Солана Иттифоқнинг Марказий Осиёдаги сиёсати минтақавий ҳамкорликни рағбатлантиришга қаратилганини алоҳида қайд этди.

Хавъер Солананинг расмий вакили Кристина Галлаҳнинг айтишича, Европа Иттифоқи Тожикистоннинг энг йирик Роғун ГЭС ини қуриш режаси сабабли Душанбе ва Тошкент ўртасида юзага келган келишмовчиликда тарафкашлик ёки воситачилик қилиш ниятида эмас.

- Бизнинг ниятимиз ушбу муаммонинг иккала давлатни қониқтирадиган ечимини топишга ёрдам беришдир. Кўп оқибатларга олиб келадиган улкан тўғонларни қуриш каби катта қарорларга жуда эҳтиёткорлик билан ёндошмоқ лозим¸ деди Кристина Галлаҳ.

Расмий Тошкент фикрича, Тожикистоннинг улкан гидроэнергетик иншоотлар қуриш режаси, минтақа экологияси ҳамда қишлоқ хўжалигига зарба етказади. Бу борадаги эътирозларини Ўзбекистон расмийлари энг олий халқаро минбарларидан туриб билдириб келмоқда.

Ўтган йили БМТ бош ассамблеясида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов гидроэнергетик иншоотлар қўшни давлатларга зиён етказган тақдирда БМТ конвенцияси талабларига мувофиқ уларнинг эгаларидан томон ундириш масаласи қўйилиши кераклигини таъкидлаган эди.

- Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сув тақсимоти адолатли бўлиши учун Европа Иттифоқи фикрича, давлатлар Совет иттифоқи даврига хос улкан режалар ва исрофгарчиликдан воз кечишлари керак¸ дер экан Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел ва ўзи муаммонинг айнан шундай ечимини тарғиб этишга ҳаракат қилаётганини айтади.

- Ўзбекистон суғориш учун ишлатадиган сувининг ярмини ундан оқилона фойдаланмаётгани ва ирригация ускуналарининг эскиргани сабабли йўқотмоқда. Тожикистон ҳам¸ эҳтимол¸ ўзининг улкан тўғонларни барпо этиш режасини қайта кўриб чиқиши керак. Кичкина гидроэлектр станциялари улкан тўғонлардан яхшироқ¸ чунки улар сув оқимига камроқ таъсир қилади¸ дейди Пьер Морел.

Бу тавсиялар нисбатан мантиқли кўринса ҳам, Европа Иттифоқи Марказий Осиёда янги ўйинчидир.

Ўтган йиллар давомида Марказий Осиё давлатлари электр энергияси ва сув тақчиллиги муаммосини Россия ёрдами билан ҳал этишга уриниб келмоқда.

Ўтган ой Тошкентга сафар қилган Россия президенти Тожикистонда ўз қўшнилари розилигисиз Роғун ГЭСи қурилишига эътироз билдириб¸ Каримовнинг ёнини олганда, президент Раҳмон аразлаб Москва учрашувларида бормаслиги ҳақида овоза чиқарган эди.

Айни пайтда¸ ўтган ҳафтада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва ЕврАзЭС доирасида Марказий Осиё раҳбарларини Москвада тўплаган Медведев Қирғизистондаги гидроэнергетик лойиҳаларга мутлақ тескари ëндашиб¸ Россиянинг бу ишоотлар қурилишини маблағ билан таъминлашини билдирди.

Таҳлилчилар фикрича, Кремлнинг бундай сиёсий ўйинлари сув масаласида минтақа давлатларини муросавий ечимга ундашдан кўра¸ уларни баттар бир-бирига қарши қайрамоқда.

Бундай вазиятда¸ минтақанинг Тожикистон каби кичик давлатлари Москвадан топмаган паноҳни Брюсселдан излашга мажбур қолмоқда.
XS
SM
MD
LG