Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:09

Банк сири ëки ўқитувчига ойлик йўқ


Маҳаллий банк расмийларининг ўқитувчиларга берган изоҳига кўра¸банкларда бюджетдан ойлик олувчиларни ойлик маош билан ўз вақтида таъминлашга етарли нақд пул йўқ.
Маҳаллий банк расмийларининг ўқитувчиларга берган изоҳига кўра¸банкларда бюджетдан ойлик олувчиларни ойлик маош билан ўз вақтида таъминлашга етарли нақд пул йўқ.

Ургут туманидаги мактаблар ўқитувчилари ойлик маошларини ўз вақтида ололмаяпти. Муаммони ўрганиш асносида ўқитувчиларга иш ҳақининг ўз вақтида тўланмаслиги нафақат Ургут, балки республиканинг бошқа жойларида ҳам одатий ҳолга айланиб қолгани аëн бўлди.

"Эзгулик"нинг Ургутдаги вакили Саидкарим Набиев мана бундай хабар қилди.

- Ўқитувчилар ҳаддан ташқари қийналаяпти. Мана ҳозиргача декабр ойининг ойлигини ололганлари йўқ. Бизга ариза билан ўқитувчилар мурожаат қилган¸ дейди Саидкарим Набиев.

Бу хабарни эшитгач, Ургут туманидаги мактаблардан бирининг раҳбари билан боғландик.

- Январ ойини олганимиз йўқ ҳали ака. Декабрни олдик.

Озодлик: Декабрникини қачон олдинглар?

- Февралнинг нечанчисига эди.... Икки ҳафта бўлди олганимга.

Мактаб директорининг кейинги гапларидан декабр учун маошни беришнинг, масалага "Эзгулик" вакили аралашгач, бироз тезлашгани маълум бўлди.

- Менга ўша юқоридан¸ катта банкдан одам келиб¸ кечқурун чақиртириб тушунтириш хати ëздириб олган эди. Декабрнинг ойлигини ўша куни берди. Карим ака ва 10-15 та ўқитувчи ариза ëзган экан. Карим акага берган экан. Шу бўйича менга ўша куни ойликни берди.

Юқоридан телефон қилди. Мен ўзим эшитиб ўтирдим. Банк бошлиғи Фарҳод акага “Бу мактабга январ ойиникини ҳам беринг” деганимга Фарҳод ака илтимос қилиб 10 кун муддат сўради. 10 кун ҳам ўтиб кетди. Январ ойиникини ҳали ололганим йўқ.

Озодлик: Фарҳод ака деганингиз ким у?

- У киши Пахтабанкнинг бошлиғи. Бизга пул берадиган банк бу.

Озодлик: Банкдагилар ойликни вақтида бермаëтганини нима деб тушунтираяпти?

- Фарҳод аканинг гапи бўйича¸ бизнинг туманга бюджетдан пул оладиган ташкилотларга 7 миллиард пул керак экан. Туманнинг тушуми эса 3¸5 миллиард экан. Бу ерга энди қанча миллиарддир пул етмайди. Юқори банк бермайди¸ биз ҳам нима қилайлик¸ деган тушунча берди менга.

Биз "Пахтабанк"нинг Ургут туман филиали бошлиғи билан ҳам гаплашишга ҳаракат қилдик. Бу ҳақда бироздан сўнг.

Ҳозир эса, Ургут туман халқ таълими мудири муовини билан ўтказганимиз савол-жавобни эшитинг.

Озодлик: Сизнинг бошқарувингиз остидаги ўқитувчилар “ойлигимизни ўз вақтида ололмаяпмиз” деб арз қилишаяпти. Бунинг сабабини тушунтириб бера оласизми?

- Ойлик маошлар билан молия ва банк шуғулланаяпти ака. Бизлар фақат таълим¸ таълим методикаси билан шуғулланамиз.

Озодлик: Туман халқ таълими бўлимининг бошлиқлари сифатида ойлик ўз вақтида берилаяптими ëки йўқми деб қизиқмайсизларми?

- Қизиқаяпмиз¸ лекин банк сири деган нарса бор экан. Шунақа қонун бор эканку.

Озодлик: Банк сири деган нарса бор эканми?

- Ҳа¸ шундай экан шекилли.

Озодлик: Банк сири деган нарса бор деб¸ ким айтди сизларга?

- Мен ҳали ҳеч қанақа в курсе эмасман.

Озодлик: Бу иш билан шуғулланадиган бошқа бир ўринбосар бордир?

- Йўқ¸ унақа ўринбосар йўқ бизларда.

Ургут туман халқ таълими мудири муовини Мустафо Файзиев эди.

"Пахтабанк"нинг Ургут туман филиали бошлиғи Фарҳод Неъматов билан ҳам боғландик.

Озодлик: Ассалому алайкум. Бу “Пахтабанк”ми?

Фарҳод Неъматов: Ҳа.

Озодлик: Бу Фарҳод аками?

Фарҳод Неъматов: Ҳа эшитаман.

Озодлик: Фарҳод ака мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман¸ исмим Сарвар Усмон. Мактаб ўқитувчилари ойлигини вақтида олишолмаëтган экан. Декабр ойининг ойлигини февралнинг ўртасида олишипти. Январники ҳақида ҳали гап йўқ. Шунинг боисини тушунтириб бера оласизми?

Саволимизни эшитганидан сўнг банкир бир неча сония индамай турди-да, сўнг телефон гўшагини индамай жойига қўйиб қўйди.

Балки ўқитувчилар маошининг кечикиши фақат Ургут тумани учун хос бўлган локал ҳодисадир?

Шунга қизиқиб, сирдарёлик бир ўқитувчини топдик.

- Демак¸ Сирдарë вилояти Мирзаобод туманининг ўқитувчилари январ ойиникини тўлиқ олишди.

Озодлик: Ҳали февралникини олишгани йўға?

- Февралга энди ҳаракат бўлаяпти. Тез олиб келиб қолишса керак. Лекин уни ҳам бўратўла эмас. Ҳозир нақд пул масаласи муаммо бўлгани учун кам-кам қилиб¸ аванс тариқасида бериб боришаяпти.

Жиззахлик ўқитувчиларнинг ҳам ойликни ўз вақтида олмаслиги маълум бўлди.

- Яқинда январникини олдик.

Озодлик: Қачон олдинглар январникини?

- 25 февралмиди. Шу 20-25 феврал орасида олдик.

Озодлик: Ўзи аслида қачон олишинглар керак?

- Аслида ҳар ойнинг охирларида¸ шу 25 числосида олишимиз керак.

Демак, Самарқанд, Сирдарё ва Жиззахда, балки республиканинг бошқа вилоятларида ҳам, ўқитувчилар маошини ўз вақтида олмаяпти. Озодлик саволларига жавоб берган ўқитувчиларнинг айтишича, маошнинг кечиктирилиши анчадан бери нормал ҳодисага айланиб бўлган.

Бас, шундай экан, ўша нормал ҳодисага кўникиб қўя қолсалар, ўзларига ўзлари январникини мартда, мартникини май ё июнда оламиз, деб воқеликка мослашиб олсалар бўлмайдими?

Ургутлик мактаб директорининг айтишича, бунинг иложи йўқ. Мана эшитинг:

Озодлик: Сизнинг ўқитувчиларингиз бир ойда ўртача қанча ойлик олади?

- Энг паст олгани 120-130 минг сўм олса¸ энг юқориси 240-250 минг сўм олади.

Демак, энг катта ойлик 150-160 долларга тенг ақча.

Озодлик: Бу тирикчиликка етарли ойликми?

- Ойлик энди¸ Худога шукур¸ нима дейди нари-бери эплаб турибмиз. Ўшани шу вақтида берса. Энди ҳозир қаранг феврал тугаб¸ март бошланди. Икки ойнинг ойлиги йўқ. Нимадир ўғирлик қилишга мажбур бўлган даражага борган бўлиб¸ тишини тишига қўйиб чидаб ўтирибди ўқитувчилар.
XS
SM
MD
LG