Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:18

Қирғиз йўли Исфарадан ўтади


Тожикистон ва Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши раҳбарлари ўзаро чегара ҳудудида жойлашган Хўжандда учрашиб¸ икки давлат ривожига хизмат қилиши мумкин лойиҳаларни муҳокама қилдилар.
Тожикистон ва Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши раҳбарлари ўзаро чегара ҳудудида жойлашган Хўжандда учрашиб¸ икки давлат ривожига хизмат қилиши мумкин лойиҳаларни муҳокама қилдилар.

Тожик ва қирғиз расмийларининг Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви чоғида Ўш-Боткен йўлининг Тожикистонга қарашли Исфара тумани ҳудудидан ўтишини кўзда тутувчи келишув имзоланди.

Сўғд вилояти ахборот ва таҳлилий маркази раҳбари Илҳом Жамолиённинг айтишича, Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Адахан Мадумаров ва Тожикистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари Амирқул Азимов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда, шунингдек, икки давлат чегарасидаги ҳудудлар хавфсизлиги масаласи ҳам муҳокама этилди.

- Учрашув аввалига ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Мазкур учрашувда ўзаро ҳамкорлик дастури асосида қилинадиган ишлар режаси, чегарани демаркация қилиш жараёни муҳокама қилинди.

Шунингдек, томонлар диний экстремизмга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш борасида ҳам келишиб олдилар, дейди Илҳом Жамолиён.

Унинг айтишича, Қирғизистон ҳудудидаги Ўш-Исфана йўлининг автомобил ҳаракатига мосланмаган қисмини Исфара туманида қуриш орқали шимолий Тожикистондан мамлакатнинг қолган минтақаларига чиқиш ғояси бундан тўрт йил муқаддам ўртага ташланган эди.

Мутахассисларга кўра, Тожикистон автомобиллари учун Ўзбекистон ҳудудидаги йўллардан ўтишда қийинчиликлар пайдо бўлгач, янги йўллар излаш мазкур ҳаракатнинг бошланишига асосий сабаб бўлган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистонга қарашли Сўх анклавидан ўтган йўлда юзага келган муаммо боис Ўш-Боткен-Исфана йўли йўналишини Сўхни айланиб ўтадиган қилиб ўзгартиришга қарор қилинган.

Бу йўл Қирғизистон томонига 45 йилга ижарага берилди.

Ўш вилоятининг Сўғд вилоятидаги вакили Асқарали Мирмаҳмедовга кўра, икки республика ўртасидаги ҳамкорликлар шу билан тугамайди.

- Бу йўлдан илгари ҳам автомашиналаримиз ўтиб юрарди. Бироқ республикалар мустақилликка эришиб, чегаралар пайдо бўлгач, қатнов қийинлашди.

Икки республика раҳбарлари имзолаган протокол туфайли борди-келди осонлашди.

Давлатлар, айниқса, қўшнилар фақат ўзаро ҳамкорлик қилгандагина ривожланади. Буни Тожикистон ва Қирғизистон мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликдан ҳам пайқаса бўлади, дейди Асқарали Мирмаҳмедов.

Қирғиз расмийсининг айтишича, Қирғизистон учун Ўш-Боткен-Исфана йўли орқали Боткендан мамлакатнинг қолган минтақаларига борди-келди яхшиланса, Тожикистон шимолидан мамлакат жануби ва Тоғли Бадахшонга юк ташиш яхшиланади.

Бу йўлдан ҳар икки мамлакатнинг юк ташиш ва енгил автомашиналари ҳеч қандай бир тўсқинликка учрамасдан қатнай оладилар.

Ҳозирда Тожикистон шимолини мамлакатнинг бошқа минтақалари билан боғлаб турувчи ягона Анзоб довон йўли тоғларга қор тушиши билан куз фаслидан эрта баҳоргача ҳаракат учун ёпиб қўйилади.

Ўш-Боткен-Исфана йўлининг Тожикистон иқтисодида ҳам муҳим ўрин тутиши қайд этилмоқда.

Айни пайтда¸ бу йўл Тожикистон автомашиналарининг Ўзбекистонни четлаб ўтган ҳолда Қозоғистон ва Россияга чиқишига имкон бериши ҳам айтилмоқда.

Кузатувчиларнинг айтишларича, сўнгги йилларда Тожикистон автомобиллари Ўзбекистон ҳудуди орқали деярли ўтмай қўйган. Бунга қўшни давлатлар орасида жорий этилган бож тўловларининг катталиги ҳам сабаб бўлаяпти.

- Ўзбекистон томонининг ўжарлиги десакми - божхона тўловларини ниҳоятда баланд қилган. Чунки Ўзбекистон томони белгилаб қўйган божхона тўловлари Европа давлатлари даражасида.

Шунинг учун ҳам тожикистонлик юк ташувчилар Россияга, асосан, Қирғизистон орқали ўтмоқда. Бу эса қўшимча қийинчиликлар туғдираяпти.

Чунки Қозоғистонга чиқиш учун қўшимча 1000 километр масофани босиб ўтиш керак, дейди 20 йиллик ҳайдовчилик стажига эга Раҳимбой Ҳакимов.
XS
SM
MD
LG