Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:34

Уяли телефон таъқиқланди


Мактабларда мобил телефонининг таъқиқлаши¸ қўли қисқа ота-оналарни қийнаб турган муаммолардан бирига ечим бўлиши мумкин.
Мактабларда мобил телефонининг таъқиқлаши¸ қўли қисқа ота-оналарни қийнаб турган муаммолардан бирига ечим бўлиши мумкин.

Тожикистон парламенти “Таълим тўғрисидаги қонун”га қўшимча киритиш билан талаба, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ўқув муассасаларида уяли телефондан фойдаланишини таъқиқлади.

Парламент тасдиқлаган қонун лойиҳаси давлат раҳбари томонидан имзолангач, “Тожикистон маъмурий кодекси”га яна битта янги модда қўшилади ҳамда таълим муассасаларига уяли телефон кўтариб келган талабага ҳам, ўқитувчига ҳам катта миқдорда жарима солинади.

Тожикистон парламенти томонидан тасдиқланган қонун республика таълим муассасаларида уяли телефондан фойдаланишнигина эмас, балки уни мактабга олиб келишни ҳам таъқиқлади.

Қонун лойиҳаси билан депутатларни таништирган парламент қуйи палатаси вакили Додихудо Саймуддиновнинг билдиришича, “ўқувчилар қўл телефонлардан нотўғри ва тартибсиз фойдаланишади, бу эса бошқаларнинг ўқув дастурини ўзлаштиришига халақит беради”.

- Болаларнинг мобил телефонлардан зарур вақтда фойдаланишга фаросати етмайди. Хусусан, бошланғич синф ўқувчилари истаган вақтда телефонини ишлатади. Бу эса дарс жараёнига халақит беради.

Шуларни назарга олган ҳолда, таълим муассаларида уяли телефонлардан фойдаланишни қонун бўйича таъқиқлаш керак, деган хулосага келдик, деди депутат Додихудо Саймуддинов.

Мазкур қонун лойиҳаси парламент депутатлари ўртасида қизғин баҳсга сабаб бўлди.

Парламент қуйи палатасининг соғлиқни сақлаш ва оилани ижтимоий ҳимоя қилиш қўмитаси масъули Жумабой Сангинов хорижлик олимлар ўтказган қатор тадқиқотлар натижасида мобил телефонлардан фойдаланиш инсон саломатлигига зарарли экани ва бундан кўпчилик саратон касалига чалинаётгани аниқланганини билдирди.

- 2000 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мобил телефонлар зарарига оид Европа парламентига тақдим этган ҳисоботида инсонларнинг саратон касалига чалинишида мобил телефонларнинг таъсири кучли эканини таъкидлаган эди.

Шунингдек, мобил телефонлар ёш болалар саломатлигига салбий таъсир этиши табиий, деди парламент вакили Сангинов.

Шундан сўнг бир гуруҳ депутатлар қонун лойиҳаси тасдиқланиши тарафдори эканларини ва у кучга киргач, қонунга риоя қилмаган ўқувчи ҳам, талаба ҳам, ўқитувчи ҳам маъмурий жазога тортилишини лозимлигини билдирдилар.

Аммо уларнинг фикрига қўшилмаган депутат Юсуф Аҳмадов бу қонун фуқаролар ҳуқуқларини поймол қилишини ва шунинг учун бу каби қонун қабул қилинишига қаршилигини билдирди:

- Ҳаммамизда ҳам фарзанд, невара бор. Улар мактабларда, институтларда ўқишади. Масалан, неварам турадиган уй шаҳарнинг бир четида, ўқийдиган мактаби шаҳарнинг бошқа четида.

Қўл телефони унинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳар дамда унинг қаердалигидан хабардор бўлиб туриш учун зарур. Қонун қабул қилинса, у ва ота-онаси нима қилади? Бу уларнинг ҳуқуқини поймол қилиш-ку, деди депутат Аҳмадов.

Аснода қонун ҳали кучга кирмаган бўлса-да, 12 мартдан эътиборан республика ўрта таълим мактабларининг деярли ҳаммасида мактабга уяли телефон кўтариб келган ўқувчилар огоҳлантирилди.

- “Бундан кейин ўқувчиларга ҳам, ўқитувчиларга ҳам мумкин эмас мобил телефони кўтариб келиш”, дейишди.

Энди уйда қолдириб келамиз экан. “Агар тутиб олсак, жарима тўлайсизлар”, дейишди.

Яна мобил телефонимизни олиб ҳам қўйишар экан, дейди Душанбе шаҳридаги 65-мактабнинг 8-синфида ўқийдиган Хуршед.

- Уйимиз мактабимдан жуда узоқда. Ўзим йўлни билмайман. Шунинг учун менга мобил телефони жуда зарур. Масалан, қай маҳал уйга қайтишимни ойимга айтишим керак, дейди 15-мактаб ўқувчиси Рушана.

Депутатлар қабул қилган қонун аксар ота-оналар ҳам норозилигига сабаб бўлмоқда.

- Бошқа муаммо йўқми? Мактабларда ўқитувчи етишмайди - шуни ҳал қилишсин. Уяли телефонлар билан нима ишлари бор депутатларнинг? дейди Саёҳатхон исмли суҳбатдошимиз.

Айни пайтда депутат Додихудо Саймуддинов мактаб ўқувчиларининг ота-оналар билан боғланишларига имконият яратиш учун ҳар бир мактабда махсус телефон линиялари ташкил этилишини маълум қилди.

Аммо ота-оналар буни ҳам мактаб масъуллари томонидан қўшимча пул ундириш йўли сифатида баҳоламоқдалар.

- Унинг учун ҳам кейин яна ота-оналардан пул йиғишади. У телефонни бола ишлатса-ишлатмаса, барибир пул бериш керак бўлади, дейди қизи 3-синфда ўқийдиган Саломатхон.
XS
SM
MD
LG