Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:45

Санъаткорнинг қадри ўзгарди...


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳадя Юсупова¸ ўзининг марҳум Юнус Ражабий асос солган мақом ансамбли ижрочиси бўлганини фахр билан эслайди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳадя Юсупова¸ ўзининг марҳум Юнус Ражабий асос солган мақом ансамбли ижрочиси бўлганини фахр билан эслайди.

Ўз ҳаëти давомида Усмон Юсуповдан тортиб неча раҳбарни кўрган мақом қўшиқлари устаси Ҳадя Юсупова бугунги турмушига шукрона қилган ҳолда¸ санъат ва санъаткорга нисбатан аввалги эҳтиромни қўмсашини яширмайди.

Ўзбек мақом қўшиқларининг моҳир ижрочиси Ҳадя Юсуповадан суҳбатимиз бошида¸ сиз ҳар ҳолда Ўзбекистон халқ артисти бўлсангиз керак¸ деб сўраймиз.

- Йўқ¸ мен хизмат кўрсатган артистман. 71 ëшга кирдим. 1938 йилда туғилганман¸ дейди Ҳадя Юсупова.

Наврўз байрами кунларида суҳбатлашаëтганимиз 71 яшар Ҳадя опадан ҳол-аҳвол сўраймиз.

- Худога шукур. Мана шу ëмғирлар бўлмаса¸ ҳаммаси яхши бўлади болам. Кечадан бери ëмғир ëғиб ҳаммамизнинг юрагимизни эзиб юборди. Байрамга тайëргарлигимиз яхши. Соғликларимиз яхши¸ кайфиятларимиз яхши. Югуруб елиб- юрибман болам¸ дейди Ҳадя опа Юсупова.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳадя Юсупова ўз умрининг 54 йилини Совет иттифоқи деган давлатда кечирди¸ қолган 17 йили эса мустақил Ўзбекистонда ўтди.

Мустақилликдан кейинги даврдан Ҳадя опа мамнун.

- Мустақилликдан кейин ўзимизнинг Ўзбекистоннинг аниқ яйраб-яшнаганини¸ одамларнинг бемалол ўзи ҳақида¸ ўз иши ҳақида ўйлаб йўлга қадам қўяëтганини сездим.

Мен ўзим иккита жойда – Маданият коллежида ва Театр ва рассомчилик институтида дарс бераман. Мана шу 15 йил ичида чиқарган талабаларимнинг фарқи айтарли катта бўлди.

Биласизми¸ илгари болаларни бир ойга¸ 15 кунга практикага жўнатиб юборишарди. Кейин болаларнинг ихтиëрига қарашарди. Ҳозир ҳаммаси тартибли¸ айтарли даражада чиройли ўтаяпти¸ дейди Ҳадя опа Юсупова.

Ўтган асрнинг 50- йилларида Наманганда ўтказилган қўшиқ фестивали Ҳадя Юсупованинг ҳаëтини тубдан ўзгартирди.

Ҳадя Юсупова: Мен ўзим наманганликман. Ўша ерда туғилиб¸ ўсганман. Мактабнинг 10- синфини тугатаëтганимда фестивал лауреати бўлиб¸ Тошкентга келганман.

Озодлик: Қайси йили келгансиз?

Ҳадя Юсупова: 1957 йили.

Озодлик: Фестивалда қайси қўшиқни айтгансиз?

Ҳадя Юсупова: "Дугоҳ" деган қўшиқни айтганман.

Ҳадя Юсупова ўшандан кейин Тошкентга келди. Тошкент ўзбек санъаткорлари қайнаëтган улкан бир қозон эди ўшанда¸ санъатга эътибор ҳам бошқача эди¸ деб эслайди Ҳадя Юсупова.

- У пайтлар¸ биласизми¸ санъатнинг гуллаган пайти эди. Устозларимиз кўп эди¸ санъаткорлар кўп эди. Радиода бешта ансамблнинг баравар гуркираб ишлаб турган вақти эди.

Хор коллективи¸ оркестр¸ мақом¸ дуторчиларнинг баравар ишлаëтган вақти эди. Биз ҳам ўша пайтда иш бошлаганмиз. Мен ўша пайтда радиога ишга келганман¸ дейди Ҳадя опа Юсупова.

Ўша пайтда Ўзбекистон радиоси қошида янги ташкил қилинган мақом ансамбли Ҳадя Юсуповани ўз бағрига олди.

- У пайтда мақом группаси энди очилаëтган вақти эди. Оркестрдан ажралиб чиқиб¸ мақом гуруҳини академик Юнус Ражабий ташкил қилдилар. Ана ўша мақом ансамблига мени ишга олдилар¸ дейди Ҳадя опа Юсупова.

Юнус Ражабий

Ҳадя Юсупова ўз устози Юнус Ражабийни миннатдор шогирд сифатида эслайди.

- Юнус Ражабий жуда ажойиб инсон¸ жуда катта санъаткор бўлганлар. Бу кишининг ўзлари ҳам куй ëзганлар¸ ҳам қўшиқ ижро этганлар¸ ҳам бизларга ўргатганлар.

Олти мақомни (шашмақом - таҳр.) шаҳарма шаҳар юриб¸ мақомчилардан ëзиб олиб келиб¸ тўплаб мана шу аснода ўзлари чиқарганлар. Олти мақомни босмадан чиқариб¸ ëзиб¸ кейин бизларга ўргатганлар.

Ҳаммага бир хил муносабатда бўлардилар. Мени иш билан таъминлар эдилар. Ëшларга жуда меҳрибонлик қилардилар. У киши ҳақида гапиришга гап етмайди¸ дея эслайди Ҳадя опа Юсупова.

Комилжон Отаниëзов

Ўша пайтдаги яна бир санъат дарғаси¸ Комилжон Отаниëзов ҳақидаги хотиралар ҳам Ҳадя Юсупова учун қадрли.

- Комилжон Отаниëзов бизларда ишламаганлар. У киши филармониядаги Хоразм "Лазги" ансамблида бошлиқ эдилар. Биз бирга концерт берардик¸ бирга гастролларга борардик. У киши ҳам жуда тарбияли¸ халққа манзур инсон эдилар¸ дея эслайди Ҳадя опа Юсупова.

Дони Зокиров

Ҳадя Юсупова ўз ҳаëти ўз давридаги катта санъаткорлар даврасида ўтганидан миннатдор.

- Катта санъаткорлардан, мана сизга айтиб берганим, Юнус Ражабий¸ Комилжон Отаниëзов¸ бастакор¸ дирижëр Дони Зокиров.

Бу киши ҳам катта асарлар ëзганлар. У киши оркестрнинг бошлиғи эди. Оркестр ҳозир у кишининг номи билан аталади. Шунақа катта санъаткорлар билан ишлаганман.

Ўзим билан бирга ишлаëтган хонандалар Ўзбекистон халқ артисти Берта Давидова¸ Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоилова¸ Ўзбекистонда хизмар кўрсатган артист Малоҳат Дадабоева¸ ëш хонандалар Матлуба Дадабоева¸ Комила Аминова¸ дея давр хотираларини эсга олади Ҳадя опа Юсупова.

Чарх авзои бу дам аввалгиларга ўхшамас¸
Энди инсон қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас.


(Омон Матжон)

Усмон Юсупов

Ҳадя Юсупова ўтган асрнинг 60-70- йилларидаги раҳбарларни алоҳида меҳр билан эслар экан¸ Усмон Юсуповни тилга олади.

- Усмон Юсупов Янгийўлда турардилар¸ Янгийўлда ишлардилар. Пахта кампанияси даврида ўша ëқларда пахта байрами бўларди. Улар бизни чақиришарди ва бизлар борардик. Ўша катта анжуманда Усмон Юсуповнинг ўзлари бўларди.

Ўзлари келиб биз билан кўришиб¸ ҳол-аҳволимизни сўраб¸ концертдан кейин бизга миннатдорчилик билдириб¸ хайрлашиб¸ кузатиб қолардилар. Санъатни яхши кўрадиган¸ ажойиб инсон эдилар¸ дейди Ҳадя опа Юсупова.

Шароф Рашидов

Ҳадя Юсупова ўтган асрнинг 70- йилларида Ўзбекистонни бошқарган Шароф Рашидовни зиëли раҳбар тимсоли сифатида кўради.

- Шароф Рашидов жуда маданиятли¸ маърифатли инсон эдилар¸ дея эслайди Ҳадя опа Юсупова.

Бугунги кунлардан гапиринг деймиз Ҳадя Юсуповага.

Ҳадя Юсупова: Бугун ҳафтанинг уч кунида Театр ва рассомчилик институтида Юнус Ражабий ўргатган мақомдан дарс бераман. Уч кун маданият техникумида мақомдан ва халқ куйларидан дарс бераман. Ëшлар билан ишлайман ҳозир.

Озодлик: Ҳаëтингиз¸ оилангиз¸ неваралар ҳақида гапириб беринг.

Ҳадя Юсупова: Катта қизим 48 ëшда. Бўз деган маҳалла бор. Ўша ердаги мусиқа мактабида директор бўлиб ишлайди. Ўғлим¸ 42 ëшда¸ божхонада ишлайди. Ҳозир гапингизни камайтирмасангиз, мана бу телефонимиз ўчиб қолади. Хўжайиним пенсияга чиққанлар. Областной ГАИ нинг началниги бўлганлар.

(Шу ерда телефон росманасига ўчиб қолди ва Ҳадя хоним билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади....)
XS
SM
MD
LG