Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:26

Сув, сиёсат ва экология


Бу йил ҳам сув муаммоси минтақа учун долзарб мавзу бўлиб қолмоқда.
Бу йил ҳам сув муаммоси минтақа учун долзарб мавзу бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлари Қирғизистон ва Тожикистонни сув заҳираларини халқаро меъёрларга зид равишда ўзлаштираётганини танқид қилган президент Ислом Каримовни қўллаб-қувватлашларини яна бир бор эътироф этдилар.

Марказий Осиёдаги сув-энергетика муаммолари энди Ўзбекистон сиёсий партияларининг кун тартибига чиқди.

Ўзбекистондаги 12 uz ахборот порталининг 13 апрел куни хабар беришича, Ўзбекистон Олий Мажлиси қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Либерал Демократик партияси фракцияси ташаббуси билан сув заҳираларидан фойдаланиш мавзусида давра суҳбати ўтказилган.

Бу давра суҳбатида Олий Мажлиснинг ҳар икки палатаси депутатлари, Ўзбекистон экология ҳаракати ва жамоатчилик вакиллари иштирок этганлар.

Оддий, лекин чигал масала


Марказий Осиёдаги сув муаммолари бир қарашда жуда оддий масаладек кўринади. Лекин бу масаланинг ичига кирган сайин муаммони ҳал этиш чигаллашиб бораверади.

Оддийлиги шундаки, Қирғизистон ва Тожикистон Сирдарё ва Амударё бошланадиган ирмоқларда катта сув заҳира қиладиган ГЭСлар қурмоқчи. Бу Қамбарота ва Роғун. Бу давлатларда газ ва нефт сингари ёнилғи ресурслари бўлмагани учун, улар электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини шу йўл билан қондирмоқчи.

Масаланинг чигаллиги шундаки, бу лойиҳаларга Ўзбекистон қарши. Яқинда бу қаршиликка Қозоғистон ва Туркманистон ҳам қўшилмоқчи.

Қаршиликнинг сабаби шундай: «Агар бу ГЭСлар бунёд этиладиган бўлса, дарёларнинг қуйи оқимларида жойлашган давлатлар учун жуда катта сув муаммоси вужудга келади. Марказий Осиёнинг 50 миллионлик аҳолиси танг аҳволда қолади. Экология бузилади, Орол бўйидаги аҳвол бундан ҳам баттар бўлади", дейилади давра суҳбати мазмунини чоп қилган партия интернет сайтида.

Бу хабарда таъкидланишича, Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматларининг сув заҳираларидан бошқа давлатлар эҳтиёжини ҳисобга олмаган ҳолда фойдаланаётгани, Қозоғистоннинг Қизил Ўрда, Туркманистоннинг Дашховуз, Ўзбекистоннинг Хоразм, Навоий, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикаси экологиясини инқироз ҳолатига олиб келади ҳамда бу ерда яшовчи аҳоли саломатлигига, генофондига катта зиён келтиради.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлари сув масаласи халқаро меъёрлар асосида ҳал этилиши лозим, деб ҳисоблайдилар.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг матбуот хизмати раҳбари Акбархон Магдиевнинг Озодликка айтишича, партия бу муаммолардан четда туролмайди. Чунки:

- Республикамизнинг Орол бўйида яшайдиган қисмида миллионлаб одамларнинг ҳаëтига трансчегаравий сувлар бўйича юзага келаëтган муаммолар салбий таъсирини ўтказмоқда.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон республикасининг бир қанча туманлари¸ Хоразм¸ Бухоро¸ Навоий вилоятлари ҳамда Марказий Осиëнинг барча минтақаларида доимий экологик хавф зонасида жойлашишидан ташқари мана шу ерда яшаëтган аҳолининг маълум қисмига трансчегаравий сувлар бўйича юзага келаëтган муаммолар ўз таъсирини ўтказаяпти¸ -дейди Акбархон Магдиев.

Унинг фикрича, давра суҳбати халқаро экспертиза албатта ўтказилиши керак, деган хулосага келган. Чунки, бу ерда бошқа хавфлар ҳам мавжуд.

- Бу ерда энг асосий хавф шундаки¸ мана шу зонада, дейлик, табиий офатлар¸ кўчкилар¸ зилзилалар¸ селлар бўлиш эҳтимоли жуда кучлироқ¸- дейди Акбархон Магдиев.

Либерал демократлар фикрича, трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланишда савдолашиш мантиқсизликдир. Сувни минтақа давлатларининг геосиёсий ва геостратегик манфаатлари йўлида қурол қилмаслик керак. Бунга халқаро қонунлар ҳам йўл бермайди.

“Сув товар эмас, деган фикрга қўшилмайман”


Лекин Қирғизистондаги Сув ва гидроэнергетика муаммолари институти директори, академик Дуйшен Маматқанов Ўзбекистон томони айтган, «сув товар бўлиши мумкин эмас», деган гапларга қўшилмайди:

- Бу умуман нотўғри. Чунки дарёлар 100 фоиз Қирғизистон ва Тожикистонда шаклланади. Конституция бўйича бу дарёлар давлатларнинг миллий бойлигидир. Бу дарёлар трансчегаравий бўлганлиги учун ҳам биз бу сувларни тўла ишлатмаймиз. Лекин сувни қандайдир бўлишиш керак.

БМТнинг шундай қоидаси бор: ҳар бир давлат ўз табиий бойликларидан ўз иқтисодини ривожлантириш учун истаганича фойдаланиши мумкин. Бу қонунларни ҳурмат қилиш ва бошқа давлатнинг ички ишларига арлашмаслик керак, -дейди академик.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирча қирғиз расмйилари сувни сотиш ҳақида гапиришгани йўқ, лекин тор доираларда бу гап бўлаяпти.

- Лекин қирғиз сувини ўзбек ҳукумати ҳам, қозоқ ҳукумати ҳам 1997 йилдан буён ўз халқига сотяпти, -дейди Дуйшен Маматқанов.

Ўзбек томони бу ГЭСларни қуришдан олдин халқаро экспертиза ўтказишни талаб қилиб келади. Дуйшен Маматқанов фикрича, бундай талаб қилишга уларнинг ҳаққи йўқ:

- Қирғизистон бунга йўл қўймайди. Халқаро ташкилотларнинг ҳам бунга ҳаққи йўқ. Чунки бу давлат ичида қуриладиган иншоот, -дейди академик Дуйшен Маматқанов.

Тожикистон экпертиза ўтказишга тайёр

Тожикистон Гидротехника ва мелиорация илмий тадқиқот институти бош директори профессор Яраш Пўлатов эса Тожикистон эшиклари халқаро экспертизаларга очиқ эканлигини айтади:

- 100 фоиз, 100 фоиз. Бу ҳақда Ислом Каримов гапирган эди. Имомали Раҳмон тайёрлигини айтди. Биз бугун ҳар қандай халқаро экспертизани жон деб қабул қиламиз,- дейди Яраш Пўлатов.

Айни пайтда Қирғизистон ва Тожикистон ҳукматлари Қамбарота ва Роғун ГЭСларининг қурилиши, нафақат бу мамлакатлардаги, балки қўшни давлатларда мавжуд муаммоларни ҳам ҳал қилишга қаратилганини айтиб келадилар.

- Аслида, биз қурадиган иншоотлар дарёнинг қуйи оқимларида жойлашган давлатлар учун кўпроқ фойда беради. Чунки, шартномага кўра, сув танқис бўлган йилларда бу давлатлар учун сув заҳираси доим бўлади.

Иккинчидан, сув омбори бунёд этилганидан сўнг Ўзбекистонда яна 450 минг гектар янги ер ўзлаштириш мумкин.

Учинчидан эса, минтақадаги электр энергияга бўлган эҳтиёж қопланади. Мен ўзбек томони бу фикрларга холисона ёндашади, деган умиддаман,- дейди профессор Яраш Пўлатов.

Камсувлик жараёни давом этади

Айни пайтда Роғун ва Қамбарота ГЭСларининг қурилиши Тожикистон ва Қирғизистонга ўз ҳудудида шаклланган сув заҳираларини тўла назорат қилиш имконини ҳам яратади. Кузатувчилар фикрича, бундай ҳолатда бу икки давлат сув масаласидан сиёсий мақсадларда фойдаланишиши мумкин бўлади.

Шу билан бир қаторда, минтақада юзага келган камсувлик жараёни ҳам сув заҳираларидан фойдаланиш масаласини долзарб мавзулардан бирига айлантириб бормоқда.

Ўтган йили Қирғизистон томони Ўзбекистон ва Қозоғистонга белгиланган 8 миллиард кубометр ўрнига 3,5-4 миллиард кубометр сув берилишини билдирган эди. Лекин амалда қўшни давлатларга берилган сув миқдори бундан ҳам озроқ бўлган.

Қирғизистон ҳукумати буни камсувлик жараёни бошлангани билан изоҳлаган эди.

Жорий йилда ҳам Ўзбекистон ва Қозоғистонни сув билан таъминлашда ўтган йилдаги каби муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Қирғизистон “Электр станциялари” ширкатининг хабар беришича, бу йил қўшни давлатларни сув билан таъминловчи Тўқтўғул сув омборидаги сув миқдори ўтган йилдагига нисбатан 18 фоизга кам бўлган ва 6 миллиард 362 миллион кубометрни ташкил этган.

Бу эса сув омборида бор –йўғи 862 миллион кубометр ортиқча сув бор, деганидир. Бишкеклик мутахассисларнинг билдиришича, сув миқдори 5,5 миллиард кубометрдан пасайиб кетган тақдирда, мамлакатдаги барча ГЭСлар фаолияти тўхтаб қолади ва энергетик инқироз ҳолати юзага келади.
XS
SM
MD
LG