Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:22

Суғурта пулини ҳам ëмғир ювиб кетди


Фермернинг ери ҳам¸ эккан-тиккани ҳам¸чорваси ҳам¸ давлат ширкати томонидан мажбуран суғурта қилинган бўлса-да¸ ҳомийси бўлмаган деҳқоннинг табиий офатдан кейин суғурта товонини ундириши қулоқ эшитмаган ҳодиса бўлиб қолмоқда.
Фермернинг ери ҳам¸ эккан-тиккани ҳам¸чорваси ҳам¸ давлат ширкати томонидан мажбуран суғурта қилинган бўлса-да¸ ҳомийси бўлмаган деҳқоннинг табиий офатдан кейин суғурта товонини ундириши қулоқ эшитмаган ҳодиса бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда ёққан сурункали ёмғир туфайли экилган чигит чириб кетди. Деҳқон¸ пулини тўлаб қўйгани суғурта ширкатлари ҳисобидан эмас¸ балки молхонасида қолган сўнгги сигирини сотиб¸ қайта чигит экмоқда.

Ўзбекистонда кейинги кунларда тинимсиз ёққан ёмғир оқибатларини ўрганиш муддаосида аввало Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан маълумот олмоқчи бўлдик.

Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Комилжон Абдунабиевни кун давомида ўз жойидан топа олмадик. Боғланганимиз ходимлар эса¸ бу ҳақда фақат матбуот хизмати раҳбари гапиришини қайта-қайта таъкидлашди:

Озодлик: Комилжон ака келдиларми шундай қилиб?

- Йўқ¸ ҳали келмадилар. У киши ҳали йўқ.

Озодлик: Энди кечгача шу битта Комилжон акани топа олмасдан қидириб юраверамизми?

- Ҳа¸ тўғри. Битта Комилжон ака ишлайдилар.

Озодлик: Ахир бундай бўлмаслиги керакку. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) ҳар қандай ҳолатда ахборот бериши керак. Аслини олганда¸ Ўзбекистондаги матбуот тўғрисидаги қонун бўйича сизлар шунга мажбурсизлар.

- Энди уни мен билмадим¸ ака. Буни мен ҳал қила олмайман. Бизда битта одам ўтиради¸ битта одам жавоб беради¸ деди Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг телефон гўшагини кўтарган ходими.

Баҳор ёмғирлари ва селлар оддий аҳолига қанчалик зарар келтиргани ҳақида аниқ маълумот ололмаганимиздан сўнг, деҳқонларнинг ўзларига мурожаат қилдик.

Қашқадарёлик фермер Жўра Муродов биз қўнғироқ қилган пайт далада экан.

- Мен ҳозир даладаман. Айланиб юрибман. Деҳқонларнинг¸ фермерларнинг меҳнатига ичим ачишиб юрибман. Сарфланган шунча меҳнат¸ кимëвий ўғит деҳқоннинг зарарига бўлаяптида¸ дейди Жўра Муродов.

Фермерга кўра, экин-тикинга эрта киришган деҳқонлар жуда оғир аҳволга тушиб қолган -экилган чигитнинг яқин тенг ярми ҳали нишламай туриб чириб кетган.

- Эрта экилганларники нобуд бўлиб¸ чириб кетди. Юқорининг топшириғи билан деҳқонлар чигитни эрта экиб¸ эрта ҳосил етиштирар эдилар. Бу йил шу мақсадда экишган эди.

Баҳор серëғин келганлиги учун экилган чигитларнинг ҳаммаси чириб кетди ва қайтадан экишга буйруқ келди. Икки мартадан экиб деҳқонлар зарар кўраяпти¸ дейди Жўра Муродов.

Узлуксиз ёққан ёмғир қиладиган ишини қилиб кетди, дейди сирдарёлик фермер Ҳабибжон Отаев:

- Ëмғир роса ëғди. Энди ҳозир шу кунда ҳаво яхши. 30 даражагача иссиқ бўлаяпти. Биринчи экканларнинг чигити чиқмай қолган жойлари бор. Бузилиб қайта экилган жойлар ҳам бор. Ҳозир ҳам одамлар бузиб қайта экаяпти¸ дейди Ҳабибжон Отаев.

Жиззах вилоятида ҳам аҳвол шу, дейди бу фермер:

Ҳабибжон Отаев: Ҳа¸ чириб кетди.

Озодлик: Ҳамманикими?

- Ҳамманики эмас¸ 40 фоизиники десак бўлади. Деҳқоннинг шўри қуридида. Ҳамма харажатлар деҳқоннинг бўйнига тушадида¸ дейди Ҳабибжон Отаев.

Одатда ҳар йили фермерлар ўз ерларини, экин-тикинларини катта миқдордаги пулга суғурта қиладилар. Аниқроғи¸ улар мажбурий суғурта қилинади. Бироқ улар ҳозиргача бу суғурта пулларини кўрмаганлар.

Агар мабодо суғурта компаниялари бу пулни тўлаб қўйган бўлса ҳам, уни яна қайтариб олмоқдалар, дейди фермер Жўра Муродов.

- “Ўзагросуғурта” давлат компанияси бор. Суғурта компанияси суғурта пулини вақтинча бераяпти ва шу пулни яна суд орқали ундириб олаяпти¸ дейди Жўра Муродов.

Бироқ ЎЗА ахборот агентлиги хабарига кўра, фермерларга суғурта товони тўланмоқда. “Ўзагросуғурта” давлат акциядорлик компанияси ўтган йил давомида ғалла ҳосили учун шартнома тузган 1353 фермер хўжалигига қарийб бир миллирад сўм миқдорида суғурта товони тўлаган, дейилади ЎзА тарқатган хабарда.

Бироқ Қорқалпоғистоннинг Хўжайли туманидан бўлган фермер Қубей Ортиқов бу гапларнинг ёлғонлигини айтар экан, суғурта компаниялари ҳеч қачон деҳқонга ёрдам бермаганлигини таъкидлайди:

- Суғурта дегани бу бўш гап. Бу суғурта компанияси взносини оладию¸ эртага ҳисоб-китоб қиладиган пайтда 99 хил найранг қилади. Суғуртадан бир сўм олиб кўрган эмасмиз. Суғуртани кейинги пайтда тўламай ҳам қўйдик.

Ўзи суғурта компанияси ҳам кейинги икки-уч йил ичида қимирлаб қолди. Президентимиз суғурта тўғрисида бир гап қилди. Шу гапдан кейин булар қимирлаб қолди.

Суғуртада ишлаëтган йигитлар нима қилади? Суғурта полисининг пулига тагига чет эл машинаси минади. Улар бошқа ҳаëтда яшаб юрган одамлар. Улардан деҳқонга мадад йўқ¸ дейди Қубей Ортиқов.

Фермер фикрича, суғурта товонларини тўлаш механизмида коррупция авжига чиққан.

- Тўғри, суғурта товонларини олаётган фермерлар бор. Лекин улар кўп эмас. Борлари ҳам маълум бир пора ёки таниш-билишчилик эвазига суғурта товони олаётган фермерлардир.

Оддий фермернинг ери сувсизликдан қуриб кетадими ёки эккан чигити чириб кетадими, бунинг билан суғурта компаниясини иши бўлмайди, дейди бу фермер.

Айни пайтда, узлуксиз ёғингарчилик бўлажак буғдой ҳосилига жиддий хавф солаётганинини айтади қашқадарёлик фермер Жўра Муродов:

- Ғалла ҳозир занг касалига учраган. Об-ҳаво серëғин ва салқин келганлиги учун яна бошқа ҳар хил касаллик бор. Занг деган бу касаллик аввалги йиллари Афғонистон ва Эронда тарқаган эди¸ дейди Жўра Муродов.
XS
SM
MD
LG