Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:46

"Ингичка" узиладиган бўлди


Ўзбекистоннинг сирти ялтироқ банклари ичида ўзбек сўмининг тақчиллашиб бораëтгани айтилмоқда.
Ўзбекистоннинг сирти ялтироқ банклари ичида ўзбек сўмининг тақчиллашиб бораëтгани айтилмоқда.

Ўзбекистон банкларида миллий пул тақчиллиги, пенсиялар, бюджет идоралари ходимлари ойлик маошларининг ойлаб кечиктирилиши¸ мамлакатдаги иқтисодий аҳволни янада оғирлаштириб юбораяпти.

Хусусан¸ Фарғона вилоятидаги бюджетдан маош оладиган корхона ва ташкилотлар ўз ходимларини икки-уч ойлаб маош билан таъминлай олмаяптилар.

Бу ҳақда Озодлик радиосига фарғоналик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Ғанихон Маматхонов хабар берди:

- Ҳозирги кунда иқтисодий бўҳрон оддий халққа жуда оғир келди. Амалдорлар кун кўраяпти¸ аммо оддий халқ жуда ҳам қийналаяпти. Нафақа пулларини вақтида ола олишмаëтгани¸ ойликларнинг вақтида берилмаслиги бунинг сабабларидан ҳисобланади.

Раҳбарлар “ишчимга ойлик қилиб бера олармикинман” деб ҳафталаб банкларда ëтибди. Банк раҳбарлари¸ "нақд пулни қаердан оламан?" деб кечаси билан ўтиришибди.

Менга бугун етиб келган маълумотларга кўра¸ банк раҳбарлари кечаси соат 11-12 гача ўтириб¸ банкка қандай қилиб нақд пул тушириш йўлларини ахтаришаëтган экан.

Фарғона вилоятидаги ҳамма банк раҳбарлари кечаси соат 11.00¸ 12.00 гача вилоят¸ шаҳар ҳокимига “Мен мана бунча сўм йиғдим” деб ҳисобот беришлари керак. Солиқчилар ҳам банкда ўтириб олган¸ дейди Ғанихон Маматхонов.

Риштонлик Баҳодир Элбоев ҳам туманда нақд пул муаммоси борган сари оғирлашиб бораётганини айтади:

- Мактабларда икки ойдан бери ойлик олишгани йўқ. Шифохоналарда эса март ойининг ярмини олишди¸ апрелникини эса ҳали олишмади. Пенсиялар охирги икки ойда ушланиб-ушланиб берилаяпти.

Масалан¸ менинг пенсионер онам ҳали май ойиникини олгани йўқ. Болалар нафақалари пласти карточка орқали тўланаяпти. Агар булар олган пулидан 1000-2000 сўм ташлаб қўйса¸ улар тезроқ қилиб беради¸ дейди Баҳодир Элбоев.

Бунинг натижасида¸ дейди Баҳодир Элбоев, одамлар тирикчилик илинжида яна узоқ ўлкаларга мардикорликка кетишга мажбур бўлмоқдалар:

- Аҳвол жуда чатоқ. Ҳозир Россияга кетадиганлар оқими яна авж ола бошлади. “Уларда инқироз эканку¸ нимага кетасизлар” десак¸ “Йўқ¸ яна секин уйғонаяпти экан. Иш топилаяпти экан. Россияликларнинг ўзи биз қиладиган ишни қилмайди. Бу ерда қолсак¸ мардикор бозорда нимани ҳам топардик” деб кетишаяпти¸ дейди Баҳодир Элбоев.

Ўзбекистон туманининг касалхонларидан бирида ишлаётган Арафотхон ҳам маошларнинг икки ойлаб ололмаётганидан турмуш қийинлашиб бораётганини айтади:

- Мана ҳали ўтган ойнинг ойлигини олиб келишди¸ энди бераяпти. Ўтган ойникини ҳали бериб тугатгани йўқ. Иккими-учми киши қолибди.

Ойликлар бундай¸ пенсияларни ҳам вақтида бермайди. Ўтган ойнинг пенсиясини ҳали ҳам бериб бўлишгани йўқ. Пенсионерларнинг аҳволини кўриб туриб¸ пенсияга чиққинг ҳам келмайди¸ дейди Арафотхон.

Биз нега маошларнинг ва пенсияларнинг ойлаб кечиктириб берилаётганини сабабини билиш мақсадида¸ Ўзбекистон Марказий Банкига мурожаат қилдик. Лекин бу ҳақда ахборот олишнинг иложи бўлмади.

Ўзбекистон Миллий банкининг собиқ ходими Сапарбой Жубаев эса, бу ҳолат сабабларини шундай изоҳлади:

- Асосий сабаб¸ умумий иқтисодий вазиятдан келиб чиқаяпти. Бошқа давлатларда иқтисод қийин бўлгани билан нақд пул масаласи яхши ҳал қилинган. Уларда банклар эркин. Ўзбекистонда эса банклар давлат бошқарувида. Шунинг учун бизда нақд пул масаласини Марказий банк ҳам¸ иккинчи даражали банклар ҳам ҳал қила олмайди¸ дейди Ўзбекистон Миллий банкининг собиқ ходими Сапарбой Жубаев.

Маълумотларга кўра, нафақат Фарғона вилоятида, балки республиканинг бошқа вилоятларида ҳам ойлик маошларнинг бир-икки ойга кечиктириб берилаётгани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG