Ўзбекистон хабарлари
Мирзиёевни ҳақоратлашда айбланган йигит 5 йилга қамалди — ОАВ
Наманганда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон президентига қарши ҳақоратли изоҳлар ёзган 28 ёшли йигит судланди, дея хабар қилди Uznews нашри.
Нашр қайдича, Д.Турсунов исмли наманганлик шахс Facebook тармоғида очилган профилига 2023 йил 8 май куни “Ўзбекистон Президенти Москвада Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этади” номли мақоладан кўчириб олинган экран тасвирини жойлаштириб, ушбу постда Ўзбекистон президентини ҳақоратлаган ва унга туҳмат қилган.
“Бундан ташқари, у Facebook орқали турли постларга давлатга қарши изоҳлар қолдирган”, деб ёзган Uznews маълумот олинган манбани келтирган эмас.
Нашрга кўра, судланувчи 2016 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистондан Озарбайжонга бориб, 2016 йил 30 сентябрь куни у ердан фуқаролик паспортига дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун махсус рухсат стикери расмийлаштирилмаган бўлса-да, белгиланган тартибни бузиб, Эронга кириб, қонунга хилоф равишда чет элга чиққан.
Суд ҳукми билан судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон Республикаси Президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш) ва 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилган ва унга нисбатан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Охирги бир йилда Ўзбекистонда ўндан ортиқ блогер ва тармоқ фаоли таъмагирлик ва президентни ҳақорат қилиш айбловлари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига тортилган.
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти январь ойида эълон қилган йиллик ҳисоботда Ўзбекистонда 2023 йилда инсон ҳуқуқлари вазияти сезиларли даражада ёмонлашганини қайд этган эди.
Кун янгиликлари
Расмий Тошкент Яқин Шарқдаги вазият юзасидан хавотирда
Ўзбекистон Яқин Шарқдаги вазият шиддат билан кескинлашаётганидан чуқур хавотирда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 3 октябрь куни тарқатилган баёнотда айтилган.
“Танглик даражасининг янада ортиши кенг минтақада хавфсизликка нисбатан бўлган хатар ва таҳдидларнинг мисли кўрилмаган даражада кучайишига ва бутун халқаро ҳамжамият учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблаймиз”, дейилган ТИВ баёнотида Ўзбекистон қарама-қарши томонларни вазминликка ва кескинликнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақириши қайд этилган.
Баёнотга мувофиқ, Ўзбекистон томони можарони халқаро нормалар ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қарорларига мувофиқ тинч йўл билан ҳал этиш учун шошилинч чоралар кўриш зарурлигини таъкидлаган.
Яқин Шарқ минтақасидаги вазият куни кеча Эрон томонидан Исроилга қарши уюштирилган ракета ҳужуми ҳамда Исроилнинг Ливан жанубида ҳарбий амалиёт бошлаши ортидан янада таранглашиб кетган. Ундан аввал Исроил авиацияси томонидан берилган ҳаво зарбалари оқибатида Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи лидери Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилган эди.
Мазкур радикал гуруҳ АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқи эса “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, депутатлари Ливан парламентида ўтирган “Ҳизбуллоҳ” партияси эса, ЕИ фикрича, террор ташкилоти эмас.
Янгийўлда 4 яшар қизчага жинсий тажовуз қилган шахс ушланди
Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 41 ёшли эркак 4 яшар қизга жинсий тажовуз қилган. Бу ҳолат ҳақиқатан ҳам содир бўлганини Qalampir.uz нашрига Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлаган.
Хабарда қайд этилишича, айни пайтда жабрланувчи қизча касалхонада, жинсий тажовузда гумонланган шахс эса қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Янгийўл шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан мамлакат Жиноят кодексининг 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) ҳамда 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Cенат аъзолари поезд чиптаси қимматлаб кетганидан норози
Олий Мажлис Сенатининг 30 сентябрь кунги ялпи мажлисида темир йўл чипталари қимматлаб кетгани ҳолда хизмат сифати яхшиланмагани танқид қилинди.
“Темирйўл транспорти тўғрисида”ги қонун муҳокамасида сўз олган сенатор ва олим Абдураҳим Эркаев чипта нархи холислик, ҳалоллик мезонлари асосида белгиланганини савол остига олган.
“Аҳоли ижтимоий тармоқларда чипта нархлари хизмат кўрсатиш сифатига мос келмайди деган фикрларни билдирмоқда. Демак, аҳоли кўрсатилаётган хизматдан норози. Иккинчидан, савол туғилади, чипта нархларини белгилашда хизматлар нархи ошкора шаффоф калькуляция қилинганми, аҳоли бундан хабардорми?” дея транспорт мулозимларини саволга тутган Эркаев.
Сенат аъзоси шу пайтгача поезд чиптаси баҳоси самолётникидан қиммат бўлмаганини урғулаб, монопол мавқедаги “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ асосланмаган нархлар белгилаётганидан баҳс этган.
“Ўзбекистон темир йўллари” жорий йил 20 январдан ички қатновдаги “Афросиёб”, “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” поездларининг чипта нархини 20 фоизга оширди.
Аввалроқ “Ўзбекистон темир йўллари”да ишловчи манба Озодликка “бурнигача қарзга ботган” компаниядаги муаммоларнинг асосий сабаби тизимда авж олган коррупция эканини айтганди.
Мамлакат темир йўлларида хизмат сифати пастлиги ва нарх қимматлигини ҳам маҳаллий блогерлар, ҳам хорижлик инфлюэнсерлар танқид қилиб келади.
Департамент: Фуқароларни хорижга ноқонуний жўнатмоқчи бўлганлар ушланди
Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида фуқароларни хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди, деб маълум қилди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Чилонзор туманида ДХХ ва ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар А.Н. ва Д.И. қўлга олинган. Улар танишлари ёрдамида айланма йўллар орқали АҚШга ишга юбориш учун фуқаро А.Ж.дан 14 минг доллар олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Самарқанд вилояти Қўшработ туманида яшовчи фуқаро эса икки ватандошдан гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Англияга ишга юбориш эвазига 2500 доллар ва 2,5 миллион сўм олгани аниқланган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Кейинги йилларда ўзбекистонликларнинг ноқонуний йўл билан АҚШга боришга уриниши ҳолатлари кўпайган.
2023 йил октябрь ойида Fox News сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон фуқаролари АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлар орасида учинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар тарқатган. Маълум бўлишича, ушбу муддат ичида 13624 нафар ўзбекистонлик АҚШга ноқонуний ўтишга ҳаракат қилган.
Озодлик радиоси ўтган йил август ойида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликларнинг Қўшма Штатларга Лотин Америкаси давлатлари, жумладан, Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши ҳикоя қилинган:
Тошкент вилоятида кўприк қулаб тушди
Тошкент вилояти Нурафшон–Пискент автомобиль йўлининг 12-километрида кўприк қулаб тушди.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳодиса 2 октябрь куни соат 20:00 ларда, 37 ёшли ҳайдовчи “Hovo” русумли юк машинасида кўприкни кесиб ўтаётганда рўй берган.
Кўприк қулаши оқибатида юк машинаси тиркамаси Полвонов номли каналга тушиб кетган.
Ҳодиса содир бўлганда кўприк тепасида одамлар бўлмагани, ҳайдовчи ҳам жароҳатланмагани айтилган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан тегишли органлар томонидан суриштирув олиб борилмоқда.
Маҳаллий фаоллар мамлакатдаги носоз кўприкларни таъмирлаш учун кўпроқ маблағ ажратишга ундаб келади.
2023 йил ноябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги йиғилишда Ўзбекистондаги 14863 та кўприкдан 32 фоизи, яъни 4834 таси қониқарсиз, 5-6 фоизи эса яроқсиз ҳолатда экани айтилганди.
Икки авиаширкат Ўзбекистонга парвозларни вақтинча тўхтатди
Саудия Арабистонининг Flynas ва Эроннинг Qeshm Air авиакомпаниялари Ўзбекистонга парвозларни вақтинча тўхтатди.
Uzbekistan Airports матбуот хизмати маълумотига кўра, бунга Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ва Эрон ҳаво ҳудуди ёпилиши сабаб бўлган.
2 октябрь куни Flynas’нинг Жидда – Тошкент – Жидда (KNE633/634) ва Жидда – Наманган – Жидда (KNE651/652) йўналишидаги, Qeshm Air авиаширкатининг эса Теҳрон – Тошкент – Теҳрон (QSM2143/2142) йўналишидаги рейслари бекор қилинган.
Ушбу рейслар ҳақида батафсил маълумот олиш учун авиакомпания вакилларига мурожаат қилиш тавсия этилган.
Аввалроқ Озодлик 1 октябрь оқшомида Эрон Исроил ҳудудига баллистик ракеталар билан зарба бергани ҳақида хабар қилганди. Мазкур ҳужум туфайли Тель-Авивдаги Бен Гурион аэропорти бир муддатга ёпилганди.
Эрон расмийлари ҳам “минтақада парвозлар хавфсизлигини таъминлаш” важидан пайшанба тонгигача барча авиарейсларни бекор қилишга қарор қилди. Парвозлар бекор қилинганига оид қарор Эрон–Исроил можароси кескин кучайиб кетгани манзарасида эълон қилинди.
Яқин Шарқдаги таранглик Uzbekistan Airways парвозларига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Авиаширкатнинг Тель-Авив – Самарқанд – Тошкент йўналиши (HY304 рейси) бўйлаб парвоз қиладиган учоғи 1 октябрь куни белгиланган вақтдан икки соат кечикиб учган.
Тошкентдаги футбол майдонида 17 яшар ўсмир вафот этди
Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 133-мактабнинг 11-синф ўқувчиси М.А. футбол дарвозаси тўсини қулаши оқибатида вафот этди.
“Kun.uz” нашрининг Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга таяниб хабар қилишича, ҳодиса 2024 йил 27 сентябр куни соат 21:00-22:00 ларда рўй берган.
17 ёшли ўсмир синфдошлари билан футбол ўйнагани борган. Ўйин тугагандан сўнг стадион дарвозаси тўсинига осилган М.А. мувозанатини йўқотиб йиқилиб тушган. Шу пайтда дарвоза қулаб уни босиб қолган.
Синфдошлар дарҳол "тез ёрдам"га қўнғироқ қилишган. "Тез ёрдам" машинаси 40 дақиқада етиб келгани, оғир жароҳатланган ўсмирнинг жони йўлда узилгани айтилмоқда.
Олмазор тумани прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув бошлаган.
Бу Тошкентда ўқувчиларнинг спорт майдонида бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этиши билан боғлиқ илк ҳодиса эмас. 2023 йилнинг 27 ноябрь куни Мирзо Улуғбек туманидаги 99-сонли умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси А.А. мактаб спорт майдонида ток уриши оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмганди.
Ўтган йилнинг 6 октябрида эса Юнусобод туманидаги 259-сонли умумтаълим мактабнинг 6-синф ўқувчиси М.С. жисмоний тарбия дарсида кўкрак қафасига копток тегиши натижасида вафот этганди.
Uzbekistan Airways учоғи Тель-Авивдан Самарқандга икки соат кеч учди
Uzbekistan Airways авиаширкатининг Тель-Авив - Самарқанд - Тошкент йўналиши (HY304 рейси) бўйлаб парвоз қиладиган учоғи 1 октябрь куни белгиланган вақтдан икки соат кечикиб учган. Авиаширкат матбуот хизмати бу мажбурий кечикишни “Яқин Шарқ ҳудудида вазиятнинг кескинлашуви ва Яқин Шарқ ҳаво ҳудудининг бир қисмининг ёпилиши, шунингдек, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш зарурати” билан изоҳлаган.
Маълумотларга кўра, сешанба куни соат 20:15 да Тель-Авивдан Самарқандга йўл олиши керак бўлган Boeing 767 учоғи соат 22:14 га келибгина ҳавога кўтарилган.
Учоқ Самарқандга 2 октябрь соат 04:40 да, Тошкентга эса соат 06:16 да етиб борган. Парвозда кечикиш бўлмаган тақдирда учоқ Самарқандга соат 02:45 да, Тошкентга эса соат 04:50 да етиб келиши керак эди.
Аввалроқ Озодлик 1 октябрь оқшомида Эрон Исроил ҳудудига баллистик ракеталар билан зарба бергани ҳақида хабар қилган. Мазкур ҳужум туфайли Тель-Авивдаги Бен Гурион аэропорти бир муддатга ёпилган эди.
ФВВ: Самарқанддаги институтда чиққан ёнғин бартараф этилди
Самарқанд шаҳрида 2 октябрга ўтар кечаси Архитектура-қурилиш институти ҳудудида чиққан ёнғин ўчирилган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумот тарқатди.
Хабарномага мувофиқ, Самарқанд шаҳар Лолазор кўчасида жойлашган Самарқанд Давлат Архитектура-қурилиш институти ҳудудида қурилиши тугалланмаган фаоллар залида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисидаги маълумот вилоят ФВБга 1 октябрь куни соат 23:45 да келиб тушган.
Бунинг ортидан жалб қилинган олтита ёнғин қутқарув экипажи воқеа жойига соат 23:54 да етиб борган, соат 00:30 да эса ўт ўчирувчилар ёнғинни тўлиқ бартараф этишга муваффақ бўлишган.
“Ёнғин натижасида эски қурилиш махсулотлари ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ”, дейилган ФВБ хабарномасида айни пайтда ҳодиса юзасидан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилиб, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби аниқланаётгани қўшимча қилинган.
Самарқанддаги Архитектура-қурилиш институти ҳудудида чиққан ёнғин акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалган эди.
Аввалроқ Озодлик 30 сентябрь оқшомида Тошкент Давлат аграр университети ҳудудида йирик ёнғин содир бўлгани, ўт ўчирувчилар мазкур ёнғинни ўчириш учун 2 соат вақт сарфлашгани ҳақида хабар қилганди.
ФВВ: Аграр университетдаги ёнғинни ўчириш учун 2 соат вақт сарфланди
Ўзбекистонлик ўт ўчирувчилар Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган Тошкент Давлат аграр университети ҳудудида 30 сентябрь оқшомида содир бўлган йирик ёнғинни ўчириш учун тақрибан икки соат вақт сарфлашган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, университет ҳудудида ёнғин чиққанига оид маълумот ФВБга душанба куни Тошкент вақти билан соат 20:10 да келиб тушган.
Бунинг ортидан ёнғин-қутқарув экипажлари соат 20:17да ҳодиса жойига етиб боришган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни соат 21:36 да қуршаб олишга, соат 22:10 да эса батамом ўчиришга муваффақ бўлишган.
“Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмади”, дейилган ФВВ хабарномасида ёнғинни бартараф этиш жараёнини фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев бевосита жойидан бошқариб боргани қўшимча қилинган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Аграр университетда чиққан ёнғинда ОТМга қарашли камида тўртта бино аланга ичида қолганига оид маълумотлар ва видеолар тарқалган эди.
Ёнғин чиқишига нима сабаб бўлганига расмийлар томонидан аниқлик киритилган эмас.
Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати маълумотига кўра, университет ҳудудида содир бўлган ёнғин ҳолати юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ишлари олиб борилмоқда.
“Газпром нефть” Ўзбекистонда АЁҚШлар очишга қизиқмоқда
“Газпром нефть” Ўзбекистонда ўз бренди остида автоёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғи қуриш дохил қатор янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда ТАСС агентлиги ширкат раҳбари Александр Дюков сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
“Биз аллақачондан буён Ўзбекистонда ишлаяпмиз, у ёққа нефть ва нефть маҳсулотлари – бензин, дизель ёнилғиси, мойлаш ва битум материлларини етказиб бермоқдамиз. Ҳозир ўз брендимиз остида автоёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриш дохил Ўзбекистонда яна айрим лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини муҳокама қиляпмиз”, деган Дюков Россия энергетика ҳафталигида.
“Газпром нефть” раҳбари Ўзбекистон шиддатли иқтисодий ўсиш кўрсатаётгани ва нефть маҳсулотлари истеъмолини кўпайтираётганини қайд этган. Дюковнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон истиқболли бозор бўлиб, бу бозор ичида бўлиш тўғри бўлади.
У ўзи раҳбарлик қилаётган ширкат Ўзбекистон билан углеводородлар разведкаси ва уларни қазиб олиш соҳасида ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканини ҳам билдирган.
Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров фикрича, “Газпром нефть”нинг Ўзбекистонда АЁҚШ тармоғини очмоқчи бўлгани “жуда ёмон хабар”дир. Бакировга кўра, бу ерда “гап фақат санкциялар ва иккиламчи санкциялар рискида эмас, гап фақат буларнинг бензинини сотиб олиш орқали истеъмолчилар қонхўрлик ва зўравонликка шерик бўлишида ҳам эмас”.
“Гарчи буларнинг барчаси миллий ва шахсий гигиенада жуда катта аҳамиятга эга. Бир кун келиб уруш барибир тугайди, босқинчилар мағлуб бўлади ва жазосини олади, босқинчилар қўлтиғига сув пуркаган елпатаклар шарманда бўлади. Лекин бозоримизни потенциал агрессорга қўш-қўллаб топшириб қўйганимиз ва рақобат муҳитини ўз қўлимиз билан ўлдирганимиз қолади”, деб ёзган Отабек Бакиров.
Мастликда вояга етмаган қизга тегажоғлиқ қилган шахс 5 суткага қамалди
Тошкентдаги суд вояга етмаган қизга шилқимлик қилган қилган 45 ёшли эркакка нисбатан ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Nemolchi.uz лойиҳаси маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, 26 сентябрь куни тошкентлик аёл ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиб, маст эркак қизига тегажоғлиқ қилганидан шикоят қилган.
Аёлга кўра, эркак қизчанинг юзлари ва лабларидан ўпиб, уни кўтариб, кўп қаватли уй йўлагига олиб кетган. Мўъжиза туфайли эркакнинг қўлидан қутулган қизча содир бўлган воқеа ҳақида онасига айтиб берган, она эса бу ҳақда зудлик билан ҳуқуқ-тартиботчиларга хабар берган.
Орадан кўп ўтмай ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари гумонланувчини қидириб топган, у Жиззах вилояти Зомин тумани Даштобод шаҳрида туғилган 45 яшар Ғ. А. бўлиб чиққан.
Хабарномада келтирилишича, даштободлик эркак судда ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди уни Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-1-моддаси (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) бўйича айбдор деб топиб, унга нисбатан 5 суткалик қамоқ жазоси тайинлаган.
Ўзбекистон: газ импорти ҳам, экспорти ҳам ошди
Ўзбекистон жорий йил январь – август ойларида 1,15 миллиард долларлик газ импорт қилди.
Бу ҳақда “Gazeta.uz” нашри Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг ташқи савдо тўғрисидаги ҳисоботига таяниб хабар берди.
“Зангори олов” импорти ҳажми 2023 йилнинг саккиз ойида 201,8 миллион долларни ташкил этган эди. Бу эса йиллик ўсиш кўрсаткичи 5,7 баравар эканидан далолат беради.
Жорий йилнинг саккиз ойи натижаси газ импортининг ўтган йили умумий ҳажмидан (694,9 миллион доллар) ҳам кўпдир.
Ўзбекистон параллел равишда газ экспортини ҳам йўлга қўйган. Йил бошидан буён етказиб бериш 404,8 миллион долларга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига (377,9 миллион доллар) нисбатан 7,1 фоизга кўпдир.
Ўзбекистон газининг асосий харидорлари Хитой, Қирғизистон ва Тожикистондир.
2023 йил октябрь ойидан Ўзбекистон Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали газни реверс режимда импорт қилмоқда. Энергетика расмийлари рус гази харидини “мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолдаги мавсумий нотекисликларни қоплаш ва кафолатланган манбаларни диверсификация қилиш учун қўшимча газ ҳажмларини таъминлаш” мақсади билан изоҳлаган.
Иқтисодий таҳлилчилар мамлакатда газ қазиб олиш шиддат билан қисқариб бораётган шароитда экспорт тўхтамаганини “парадокс” деб атаган.
Россиядан энергоқарамликнинг ошиши ҳам хавфли тенденция ўлароқ баҳоланмоқда.
ҚХВ пахта нархини пасайтириш талаби қўйилганини рад этди
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги фермерлар кластерлар билан пахта нархини пасайтиришга доир қўшимча битим тузишга мажбур этилаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
“Kun.uz” нашри 24 сентябрь куни Сурхондарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳматулло Ғаффоров фермерларни пахта нархини 6800 сўмгача пасайтиришга мажбурлаётгани ҳақида хабар берганди. Мулозим пахтанинг бир килограммини 8-9 минг сўмдан етказиб бериш бўйича аввал тузилган шартномалар бекор қилинишини ҳам айтган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу ҳолатни “англашилмовчилик” деб атаган.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларда Сурхондарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи айнан шу ҳолатни назарда тутган бўлиши мумкин, лекин буни етказишда англашилмовчилик юзага келган ва, табиийки, хатога йўл қўйган. Вазирлик томонидан пахта етиштирувчиларнинг шартномасини бекор қилиш, фермерлар ҳамда кластерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича ҳудудий бошқармалар ва уларнинг раҳбарларига ҳеч қандай топшириқлар берилмаган”, дейилади баёнотда.
ҚХВга кўра, республика бўйича фермерларнинг 90 фоиздан ортиғи шартномаларни қайта расмийлаштириб, етиштирилган пахтанинг бир килограммини субсидиялар билан бирга 7800 сўмдан топширмоқда.
Вазирлик “жаҳон бозорида пахта толасига бўлган талаб ва таклифнинг ўзгариши натижасида Ўзбекистонда 2024 йилги ҳосилдан пахтанинг жорий нархлари прогноз нархларга нисбатан арзонлашгани”ни тан олган.
Хабар қилинишича, “пахта етиштираётган фермерлар ва уни қайта ишловчи кластерлар манфаатдорлигини ҳисобга олиб”, биржа савдолари орқали сотилган пахта хомашёсининг ҳар бир тоннаси учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 1 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилади.
ҚХВ кузги ўзгарувчан об-ҳаво шароитида пахта ҳосилини ёғин-сочинга қолдирмасдан тезроқ териб олиш муҳимлигини ҳам эслатган.
Исроилдаги ўзбек элчихонаси ватандошларни огоҳлантирди
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси “мамлакатнинг шимолий ҳудудларида мураккаб вазият вужудга келаётгани”ни эътиборга олиб ватандошларга мурожаат билан чиқди.
Дипломатик ваколатхона Исроилдаги Ўзбекистон фуқароларига шахсий хавфсизлик чораларини кўриш, заруриятсиз кўчага чиқмаслик, кўнгилочар муассасаларга бормаслик ва ракета отишмалари пайтида бошпаналарни тарк этмасликни тавсия этган.
“Исроил ҳукумати ва Ўзбекистон элчихонаси расмий хабарларини кузатиб боринг. Исроил фронторти қўмондонлигидан билдиришномалар ва огоҳлантиришлар (Home Front Command) мобил иловаси ёки веб-сайти ҳаволасини телефонингизга ўрнатинг”, дейилади расмий билдиргида.
Қайд этилишича, консуллик бўлими билан 03-672-2466, 03-672-2371, 03-758-5075, 03-758-5076 рақамлари орқали, шошилинч вазиятларда эса +972 54 485 1397 рақами орқали боғланиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Исроил–Ливан чегарасида вазият ўта кескинлашди.
Жорий ҳафта бошида Исроил Ливан жанубидаги “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи объектларига қарата кенг кўламли зарбалар бера бошлаганини маълум қилди. “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати бунга жавобан Исроил томон ракеталар учирган.