Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:52

Президент меҳмонга кетди


ЎзА хабарига кўра¸ Ислом Каримов ўтирган учқич Андижондаги портлашдан саноқли дақиқалар ўтиб¸ ҳавога кўтарилган.
ЎзА хабарига кўра¸ Ислом Каримов ўтирган учқич Андижондаги портлашдан саноқли дақиқалар ўтиб¸ ҳавога кўтарилган.

Хонобод ва Андижонда амалга оширилган қуролли ҳужумлардан саноқли соатлар ўтиб¸ Ўзбекистон президенти Ислом Каримов¸ ЎзА хабарига кўра¸ расмий сафар билан океан орти - Бразилияга жўнаб кетди.

Ўзбекистондаги¸ айрим таҳлилчилар ибораси билан айтганда¸ қабристон жимлиги бузилиб¸ Хонобод ва Андижонда бирин-кетин милиция постларига ҳужум бўлиб турган бир пайтда¸ Ислом Каримов олис Бразилияга йўл олган экан¸ кузатувчилар сафардан кўзланган мақсаднинг қандайдир кичик гуруҳ хуружидан кўра жиддийроқ ва салмоқлироқ эканини тахмин қилмоқдалар.

Хўш¸ президент Каримовни минглаб чақирим олисдаги бу юртга қандай мақсадлар бошлади? Аксар кузатувчилар¸ бу мақсаднинг аксар дунë иқтисодий бўҳронда қолаëтган бир пайтда ривожланишдан қолмаëтган Бразилиядан сармоя излаш эканини айтмоқдалар.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов¸ Ўзбекистон президентининг олдиндан белгиланган бу ташрифи давомида Бразилия компаниялари сармоясини Ўзбекистон энергетика соҳасига жалб этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади¸ деган тахминни илгари суради.

- Бразилиянинг нефт ва газ билан шуғулланадиган Петробрас компанияси бор. Бу нефт-газ соҳасида дунëда энг ривожланган 10та компаниядан бири.

Ташрифдан мақсад¸ Бразилия ширкатларини Ўзбекистондаги нефт-газ ва кончилик лойиҳаларига жалб этишдан иборат. Улар билан бирга янги технологиялар кириб келишига умид қилинаяпти, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Маълумотларга кўра, 2008 йилда Ўзбекистон ва Бразилия ўртасидаги савдо алоқалари ҳажми 2007 йилдагига нисбатан 73 фоизга кўпайиб 121 миллион 250 минг АҚШ долларини ташкил этган.

Айрим таҳлилчилар¸ Ўзбекистон ва Бразилиянинг бир-биридан узоқ жойлашгани икки давлат ўртасидаги мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солишга халал беради¸ деган фикрда.

Наманган машинасозлик комбинати собиқ директори Абдувоҳид Паттаев бу фикрга қўшилади. Унга кўра, Ўзбекистоннинг Бразилия билан товар айрибошлаши арзонга тушмаслиги мумкин. Аммо интеллектуал соҳада ҳамкорлик самарали бўлиши мумкин.

- Географик жойлашувини ҳисобга олсак¸ товар айрибошлашда жуда қийинчилик бўлиши мумкин. Чунки йўл харажатининг ўзи товарнинг харажатидан ортиққа тушиши мумкин.

Лекин интеллектуал соҳада¸ масалан инженерлар соҳасида¸ илмий алмашув соҳасида¸ интернет технология соҳасида ва бошқа соҳаларда иш олиб борилса¸ бунинг фойдаси жуда катта.

Бразилияга Ўзбекистондан бир маҳсулот олиб бориб сотаман дейилса ëки Ўзбекистонга Бразилиядан бир маҳсулот олиб келиб сотаман дейилса¸ бу арзонга тушмайди, дейди Абдувоҳид Паттаев.

Шу ўринда савдо алоқалари ноқулай бўлса, Ўзбекистон президенти нима учун Бразилияга борди, деган савол туғилади.

Марказий Осиё бўйича Озодлик радиоси таҳлилчиси Брюс Панниер фикрича, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Лотин Америкаси, хусусан Бразилияга ташрифидан мақсад¸ дунёда нуфузи ошиб бораётган Бразилия билан яқин алоқалар ўрнатишдан иборат.

- Ислом Каримовнинг Бразилияга ташрифидан мақсад¸ дунёда асосий кучга эга бўлмаган¸ аммо бирлашса, жиддий таъсирга эга бўлиши мумкин бўлган давлатлар сафига қўшилишдан иборат бўлиши мумкин.

Масалан, Бразилия¸ Куба, Венесуэла, Нигерия ва бошқа давлатлар бирлашса, Россия, Хитой, АҚШ, балки Британия ва Франция каби йирик давлатлар уларнинг гапига қулоқ солишга мажбур бўлади. Боиси¸ бу давлатлар хом-ашё етказиб берадиган асосий давлатлар ҳисобланади¸ дейди Брюс Панниер.

Айни пайтда Брюс Панниер Ўзбекистон раҳбари Бразилияга ташрифи чоғида катта давлатларга нисбатан сиёсат юритиш масаласида Бразилия тажрибаси билан ҳам қизиқиши мумкин деган фикрда.

- Кон саноати, ўзаро савдо алоқалари икки давлат раҳбари муҳокама қилиши мумкин бўлган асосий масалалардан бири бўлиши мумкин. Улар, яъни, икки давлат раҳбарлари Хитой каби йирик давлатлар билан ҳамкорликда қандай сиёсат юритса самара бериши, қандай сиёсат самара бермаслиги борасида ўзаро фикр алмашишлари мумкин.

Шуни эслатиш жоизки, Бразилия 1991 йил 26 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини тан олган. 1993 йил апрелда икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган.
XS
SM
MD
LG