Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:46

Етимлар зор қақшайди...


Кўпчилик¸ бўйни қисиқ етим болаларни улар кўзидаги мунгдан танийди.
Кўпчилик¸ бўйни қисиқ етим болаларни улар кўзидаги мунгдан танийди.

Йилда бир келадиган Халқаро болалар куни жамоатчиликни¸ умр йўлини алам ва изтироб билан бошлаган етим болалар тақдирига¸ жилла қурса¸ йилда бир марта эътибор қаратишга мажбур қилади.

Озарбайжон шимол-ғарбидаги Ганжа шаҳрида маҳаллий етимхонада болаларга бўлаëтган муомалага оид тобора кўпроқ ойдинлашаëтган тафсилотлар кўпчиликни даҳшатга солмоқда.

- Етимхонадаги вазият армиядагидан кўра ëмонроқ эди. Ўқитувчилар устимиздан доим директорга шикоят қилишарди¸ директор эса бизни дарҳол хонасига чақиртириб¸ роса калтакларди. Бирда мени уриб қўлимни синдиришди. Бир ҳафта ҳеч ким менга тиббий ëрдам ҳам бермади¸ деб эслайди Ганжа етимхонасининг собиқ тарбияланувчиси.

Директор ва унинг ҳамтовоқлари таъқибидан қўрққан бу ўспирин исмини айтишни истамасдан¸ мени Наил деб қўяқолинглар¸ дейди. Бу хўрлик суякка тақалгач¸ мен тўрт йил бурун етимхонадан қочиб кетдим¸ деб давом этади Наил.

- Болалар етимхонага кириш эшигида қоровуллик қилади. Икки ë тўрт кишилашиб тунда қоровулликда турамиз. Бошқалар учун туриш пайти эрталабки 6 ва биз туни билан ухламай чиққанимиз учун¸ тонгга бориб мудраб қоламиз. Бир гал навбатчиликдан кейин ухлаб қолибман. Бунинг учун роса калтаклашди. Баҳона топиб¸ директор¸ унинг қизи ва ўғли таëқ билан қаттиқ уришади. Улар болаларнинг терисини куйдиришади. Бунақа воқеалар шунчалик кўп бўлганки¸ қайси бирини айтишниям билмайман. Масалан¸ улар темир қошиқни оловда тоблаб¸ уни 4-5 яшар болаларнинг терисига босишади¸ дейди Наил.

Ҳозирда Ганжа етимхонасида 80 нафар бола сақланади. Яна 25 чақалоқнинг¸ белгиланган ëшга етгач¸ бу ерга келтирилиши белгиланган. Уларни бу ерда¸ ота-онаси ажрашгач¸ умрининг 11 йилини етимхонада ўтказган Туралники каби аччиқ қисмат кутмоқда.

Етимхонада ўзига салгина билим беришганида¸ бугун ўзининг кўчада машина ювиш ўрнига бирор ҳунарлик бўлган бўлишини айтади Турал.
18 га етгач¸ армияда хизмат қилиш учун етимхонадан қўйиб юборилган Турал¸ ҳозирда машина ювиб¸ тирикчилик қилади. Топган пули қорин тўйғизишга ҳам етмаслигини айтар экан Турал¸ етимхонада ўзига оëққа туриш учун асқатадиган бирор билим ëки кўникма берилмаганини афсус билан қайд этади.

- Мен асосан директорнинг уйида хизматкорлик қилардим. У ерда менга кўп азоб беришган. Бундан шикоят қилиб борадиган жойнинг ўзи йўқ эди. Оғиз очсак¸ қамаб қўйишарди¸ дейди Турал.

Етимхонанинг яна бир собиқ тарбияланувчиси Самир бу ерда болаларга билим ëки тарбия бериш билан ҳеч кимнинг боши оғримаслигини айтади.

- Болалар салгина оғиз очса¸ директорнинг жаҳли қўзийди. Бизни ҳар хил баҳона топиб¸ иложи борича ўқишга қўйишмас эди. Бирда ҳаво совуқ деса¸ бошқасида муҳим меҳмонлар келади¸ деб мактабга жўнатишмас эди. Улар болаларнинг ақлий ўсишини исташмайди. Болаларни ўлгудек хўрлашади. Очиғи¸ уларга кўзи очиғу аммо ақли кўр болалар керак¸ дейди етимхонадаги умри директорнинг эшигида хизматкорлик билан ўтганини эслай туриб Самир.

Собиқ тарбияланувчиларга кўра¸ Ганжа етимхонасига директорлик қилувчи Рафига Нуриева¸ болалардан ўзини “мама Рафига” деб чақириш ва ўзига атаб шеър ва қўшиқлар тўқишни талаб қилади.

Аввалига Озодлик мухбири билан гаплашишни ҳам истамаган Нуриева¸ шикоятлар ошкор бўлгач¸ ўзининг қўли узунлиги ва ўз етимхонасини шахсан президент Алиевнинг рафиқаси Меҳрибон Алиева қанотига олганидан пўписа қилди.

- Менинг 55 йиллик педагоглик тажрибам бор. Мен мамлакатдаги машҳур одамлардан бириман. Мени Меҳрибон Алиева қўллайди. Бу болалар менга туҳмат қилаяпти. Бунақа болаларнинг бизда бўлгани ҳам қоронғу. Сиз кимсиз ўзи¸ прокурормисиз¸ ë инспектор? дея дағдаға қилди телефон орқали “мама Рафига” Озодлик мухбирига.

Болаларга кўра¸ ҳам ҳукумат¸ ҳам хорижий донорлардан олинган маблағ асосида фаолият юрғизувчи Ганжа етимхонаси¸ Нуриевлар оиласининг шахсий мулкига айланган. Директорнинг икки ўринбосари бўлса¸ улардан бири Нуриеванинг қизи Аида Ҳасанова¸ иккинчиси унинг ўғли Заур Нуриевдир.

Озодлик билан суҳбатда Аида Ҳасанова¸ мактабдаги зўравонликлар¸ болаларга таълим ва малака берилмаëтганига оид айбловларни ëппасига инкор қила туриб¸ ҳақиқат бунинг терсидир¸ деган гапни ўтказмоқчи бўлди.

- Баъзида болалар дарс қилиш ўрнига телевизор кўришмоқчи бўлса¸ биз буни¸ албатта¸ таъқиқлаймиз. Аммо биз уларни сира хафа қилмаймиз ва мутлақ урмаймиз. Ўзи шундоқ ҳам тақдир уриб қўйган бу болаларга қўл кўтариб бўладими? дейди етимхонадаги хўрликлар ҳақда ҳикоя қилган болаларни қип-қизил ëлғончига чиқара туриб директорнинг қизи Аида Ҳасанова.
XS
SM
MD
LG