Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:23

Парламент Каримов билан якдил


Айрим кузатувчилар¸ яна Ғарб билан ҳамкорликка кўз тикаëтган Каримов Москванинг келажак режаларини тўзитиб юбормоқда.
Айрим кузатувчилар¸ яна Ғарб билан ҳамкорликка кўз тикаëтган Каримов Москванинг келажак режаларини тўзитиб юбормоқда.

НАТО ва Ғарб билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтириб бораëтган Каримов ҳукуматининг Москва режаларига тўсиқ қўядиган режасига мамлакат парламенти ҳам бир овоздан тасдиқ муҳрини босиб берди.

Ўзбекистон Олий мажлиси мамлакат президенти Ислом Каримовнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти қошида Тезкор коллектив кучлар тузиш режасига қўшилмаслик тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлади.

Бу ҳақда Фарғона.ру ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Жорий йилнинг феврал ойида Москвада учрашган КХШТга аъзо давлатлар раҳбарлари ушбу ташкилот қошида Тезкор коллектив кучлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилган эдилар.

14 июн куни эса яна Москвага тўпланган КХШТга аъзо давлат раҳбарлари Тезкор коллектив кучлар тузиш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Бироқ Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Беларус президенти Александр Лукашенко ушбу битимни имзолашдан бош тортдилар.

Ўзбекистон раҳбари Тезкор коллектив кучлар тузиш режасини кейинроқ муҳокама қилишини билдирган.

14 июн кунги Москва саммити арафасида КХШТ матбуот котиби Виталий Струговец Каримов ҳукуматининг Тезкор коллектив кучларга нисбатан бир неча эътирози борлигини билдирган эди.

- Биринчиси, Ўзбекистон мазкур келишув барча аъзо давлатлар томонидан ратификация қилинмагунича, уни вақтинчалик кучга киритишга қаршилик қилмоқда. Лекин, биласиз, халқаро сиёсатда баъзи ҳужжатлар ратификация қилингунича вақтинча кучга киритилганига оид тажриба бор.

Иккинчиси, Ўзбекистон тезкор кучларни ишга солиш қарори, кўпчилик овоз билан эмас, барча аъзо давлатларнинг розилиги билан қабул қилиниши керак демоқда.

Учинчиси, Ўзбекистон тезкор кучларнинг у ёки бу мамлакатга юборилиши миллий қонунларга зид бўлмаслиги лозим демоқда.

Тўртинчиси, Ўзбекистон бу кучларнинг КХШТ ва МДҲ мамлакатлари ўртасидаги конфликтларда ишлатилмаслигини талаб қилмоқда, - дея маълум қилди КХШТ расмийси Озодлик радиосига.

Каримов Москва саммитида Тезкор коллектив кучларга қўшилиш таклифини рад ўтганидан ўн кунча вақт ўтиб¸ 26 июн куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу борада танқидий баëнот очиқлади.

- Тезкор коллектив кучларининг КХШТга аъзо давлатлар ички ишларига аралишиши мумкинлиги борасида мавжуд хавотирлар туфайли Ўзбекистон ҳукумати тезкор кучлар ташкил этиш режасини инкор қилган, дейилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ушбу баëнотида.

Ўзбек расмийларининг таъкидича, Тезкор коллектив кучларнинг тузилиши бир қатор принципларга тўғри келмайди.

- Тезкор кучлар ташқи тахдидларни бартараф этиш ҳамда хавфсизлик масалалари билан шуғулланиши даркор. КХШТга аъзо давлатлар ташқи кучлар ёрдамисиз ҳам ўз ички муаммоларини ҳал эта олиш имкониятига эга. Тезкор коллектив кучлар МДҲ ҳамда КХШТ доирасида муаммоларни ҳал этадиган кучга айланмаслиги лозим, дейилди Ўзбекистон баёнотида.

Кузатувчилар Ўзбекистоннинг мазкур келишувга қўшилмаганини Тезкор кучларнинг Тошкент илгари сураётган талабларсиз ташкил этилиши Москванинг Ўзбекистон ва бошқа аъзо давлатларга нисбатан таъсири, хусусан, уларнинг ички ва ташқи сиёсатига таъсир эта олиш имкониятини сезиларли даражада оширишига оид хавотирлар билан изоҳлашмоқда.
XS
SM
MD
LG