Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:48

Бировга қараб фикр қил¸ бировга қараб шукур...


Ўзбекча масрурлик суврати.
Ўзбекча масрурлик суврати.

Жаҳон бўйлаб бахтиëрлик даражасини тадқиқ қилган Ғарб гуруҳи хулосасига кўра¸ ўзбекистонликларнинг кўпчилиги ўзини¸ масалан¸ бой ва эркин америкаликлардан кўра бахтиëрроқ¸ деб биларкан.

Бахтлимисиз?

Яқинда Лондондаги New Economics Foundation ташкилоти эълон қилган ҳисоботга кўра, ўзбекистонликлар бу саволга ҳа, деб жавоб бериши керак.

Ҳар қалай, Happy Planet Index, яъни Бахтли Сайёра индекси, деб номланган ҳисоботнинг умумий хулосалари ёки Бахтли Сайёра индекси харитасига қарасангиз, ўзбекистонликлар дунёнинг энг бадавлат мамлакатида яшайдиган америкаликлардан анча бахтлироқ, деган таассуротга боришингиз мумкин. 143 давлатни ўз ичига олган рейтингда Ўзбекистон 43чи, АҚШ эса 114 ўринга қўйилган.

Бахтли Сайёра индекси ҳисоботи муаллифларидан бири New Economics Foundation ташкилотининг тадқиқотлар маркази мутахассиси Саамаҳ Абдуллоҳ Озодлик билан суҳбатда бахтли мамлакатлар индекси қандай ўлчанганини гапириб берди.

- Бахтли сайёра индекси учта қисмдан иборaт ва биз ўз хулосаларимизни ана шу учта омилга асосладик.

Бири¸ ўрганилаётган минтақа ёки давлатдаги экологик аҳвол, бу кўрсаткич АҚШда жойлашган тадқиқотчилар томонидан БМТнинг ишлаб чиқариш кўлами, табиий заҳиралар ишлатилишининг самараси, савдо ва атроф-муҳитга оид бошқа маълумотларига асосланган ҳолда ўрганилди.

Иккинчиси¸ ҳаёт давомийлиги, бу маълумотлар ҳам БМТдан олинди.

Учинчи омил эса, одамларнинг ўз ҳаётидан қанчалик қониқиши, яъни саломатлиги, турмуш тарзининг сифати ва ўзларини қанчалик бахтли ҳис этишига оид жавобларига асосланган.

Бу маълумотларни жаҳон бўйлаб сўровлар ўтказадиган Gallup ташкилоти ва World Value Survey тадқиқотидан олдик. Ана шу учта кўрсаткични бирлаштириб, Бахтли Сайёра индексини ўлчадик, New Economics Foundation ташкилотининг тадқиқотлар маркази мутахассиси Саамаҳ Абдуллоҳ.

Биз ана шу борада оддий ўзбекистонликларнинг фикрини сўраб¸ суҳбатдошларимиздан сиз бахтлимисиз, бахт сиз учун нима, деган саволларни сўрадик.

Биринчи суҳбатдош:

- Мен бу нарса ҳақида ўйлагим келмайди. Бу нарсалар тўғрисида худди 9-10 синф болалари ўйлаши керакдай. Эрталаб уйқудан туришим билан ўзимни бахтли ҳис қиламан. Чунки атрофимда бахтсизлар кўп¸ касаллар кўп¸ ночорлар кўп¸ очлар кўп. Ўшаларга нисбатан аҳволим яхшилигидан ўзимни бахтиëр ҳис қиламан.

Томоғидан сув ўтмаëтганлар қанча¸ юрмаëтганлар қанча¸ фарзанди йўқлар қанча¸ оиласи йўқлар қанча. Ўшаларга нисбатан ўзимни бахтиëр ҳис қилавераман. Барибир ҳамма нарса нисбий тушунчаку. Бунинг номи шукур. Мен буни бахт деб билмайман. Лекин бахтсиз ҳам эмасман.

Иккинчи суҳбатдош:

- Бахтни ҳамма ҳар хил тушунади. Тани-жоним соғ¸ болаларим бор¸ турмуш ўртоғим бор. Шу маънода¸ бахтлиман деб ҳисоблайвераман. Битта оиланинг бекаси бўлиб¸ болаларни тарбиялаб вояга етказиб¸ уларни уйли-жойли қилиб¸ уларни бирор бир касб эгаси қилсам¸ ўзимни бахт эгаси деб ҳисоблайман.

Учинчи суҳбатдош:

- Жуда қизиқ савол бўлдику. Бахтлиман дейдиган тарафларим ҳам бор. Бахтлиман дейишим ҳам мумкин. Бахт бу - мен бу дунëга келдим¸ оила қуриб¸ бешта бола орттирдим¸ уларнинг ҳаммасини ўқитдим¸ ҳаммасини уй-жойли қилдим. Бир умр мактабда ишлаб¸ болаларга билим бердим. Орқамда кўп шогирдлар қолдирдим. Шу жиҳатларни ҳисобга олсак¸ бахтлиман дейишим мумкин.

Лекин рўëбга чиқмаган нарсаларим ҳам кўп. Фарзандларим¸ набираларим ҳаммаси яхши бўлиб¸ ўқимишли бўлиб¸ тарбия топиб¸ соғлом жамиятда яшашини истардим. Шу истакларим ҳам рўëбга чиқса¸ умуман ўзимни бахтлиман деб ҳисоблаган бўлардим.

Тўринчи суҳбатдош:

Озодлик: Мана сиз ўзингизни бахтиëр деб ҳисоблайсизми?

- Ўзбекистондами?

Озодлик: Қаерда бўлишингиздан қатъий назар.

- Тупроқдан ташқарида юрганимга бахтли деб ҳисоблайман. Ўзимни бахтлиман деб ҳисоблайман. Бахт бу – оила аъзоларимнинг тинчлиги¸ сиҳат-саломатлиги. Шуни мен бахт деб ўйлайман. Бахтни энди бойлик билан¸ бошқа билан таққослаб бўлмайди. Оила аъзоларимиз тинч бўлса¸ юртимиз тинч бўлса¸ ҳамма ëқ тинч бўлса¸ шунинг ўзини бахт деб ҳисоблайман.

Бешинчи суҳбатдош:

- Тўғри¸ мен бир пайтлар бахтли эдим. Минг афсуслар бўлсинки¸ мен ўзим мўлжаллаган бахтни топа олганим йўқ. Йўқ. Мен бу гапни Худонинг олдида ҳам айтаман¸ бандасининг олдида ҳам айтаман. Ҳозирги замонни мана кўраяпсиз. Қора нонга аранг қорним тўяди. Пенсияни вақтида бермайди¸ берган пенсияси нормал овқатланишга етмайди. Мана шунақа аҳвол. Мен қандай қилиб оқни қора¸ қорани оқ дея оламан.

Олтинчи суҳбатдош:

- Ҳа¸ Худога шукур бахтли. 84 ëшга кирдим.

Озодлик: Отахон¸ мана сиз бахтлиман деяпсиз. Бахт сиз учун нима?

- Бахт дегани бу – бола-чақанинг кўпайиши¸ уларнинг яхши ҳаëт кечириши¸ ишлаш¸ яхши кун кўриш. Худога шукур¸ мен бахтлиман. Еттита қизим бор¸ тўртта ўғлим бор. 25 та неварам¸ 2 та чеварам бор. Муҳтожлик йўқ¸ Худога шукур.

Еттинчи суҳбатдош:

- Бахтлиман¸ деб айта олмайман. Камчилигимиз ҳам ўзимизга яраша. Мана бу бозор иқтисоди¸ ишсизлик. Бир ўғлим хотини билан Россияда юрибди. Учта фарзанди менга қолган. Ҳам болаларга қарайман¸ ҳам ишлайман. Болаларимнинг ҳаммаси олдимда бўлганида¸ уларнинг ҳаммаси уйли-жойли бўлиб¸ камчилик бўлмай яшаса¸ ўзимни бахтлиман деб ҳисоблардим.
XS
SM
MD
LG