Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:55

Эгри дарахтнинг сояси...


Айрим диндорларнинг айтишларича, Ўзбекистонда ҳукумат томонидан тайинланган имомларга ишонч йўқ.
Айрим диндорларнинг айтишларича, Ўзбекистонда ҳукумат томонидан тайинланган имомларга ишонч йўқ.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновга қилинган суиқасд ортидаги сабаблар тўғрисида турли тахминлар илгари сурилмоқда.Улардан бири, ҳужум имомнинг профессионал фаолияти билан боғлиқ, деган тахминдир.

Агар бу тахминга ишониладиган бўлса, Анвар қори Турсуновга ҳужум қилиниши давлат билан жамият ўртасида ўзаро ишонч ўта заифлашиб кетгани аломатидир.

Халқни тарбиялашни ўзининг мажбурияти, деб ўзини ўзи ишонтириб олган коммунистлар минбардан тушиб кетдию¸ лекин маънавий-ахлоқий ориентирларни белгилаб бериш вазифаси юклатилган давлат структуралари сақланиб қолди Ўзбекистонда.

Шаклан миллий, мазмунан коммунистик бу структуралар минбарнинг бир четини эгаллаган бўлса, асосий майдон диндорларга тегди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Ислом дини ўзбек жамияти учун асосий қадриятга айланди.

- Жамиятнинг дунëқарашини шакллантирувчи асосий қадрият ҳозирги пайтда ўзбек жамияти учун Ислом дини. Инсон нима учун туғилади¸ ҳаëтнинг мазмун ва моҳияти нимадан иборат каби бир қанча саволларга ҳозирги пайтда фақатгина Ислом дини жавоб бераяпти ва мана шу саволларга жавоб берадиган бошқа бир қадриятлар тизими мавжуд эмас¸ мавжуд бўлиши ҳам кутилаëтгани йўқ¸ -дейди Камолиддин Раббимов.

Ва шундай қилиб, 70 йилдан зиёд тили кесик яшаб келган қатлам – Ислом уламолари ва имомлар авомни ўз ортидан эргаштирувчи кучга айланди.

Лекин йил ўтган сайин қавмнинг уламою имомларга нисбатан дастлабки йиллардаги болаларча шавқи пасайгандай.

Икки оддий намозхон – самарқандлик Зафар ака ва андижонлик Олимжон акаларнинг фикрларига қулоқ тутсак, имомларга муносабатнинг ўзгариши ортидаги сабабларни уққандай бўламиз.

Олимжон аканинг айтишича, шу кундаги имомларнинг аксариятини билимли, деб бўлмайди.

- Тўғри¸ яхшилари ҳам кўп. Лекин аксарият кўпчиликни ташкил қиладиганининг оддий намозхонлардан фарқи йўқда. Ахлоқий томондан ҳам. Масалан¸ имом фақатгина Қуръонни билиб¸ ҳадисдан маъруза қилишнигина билиб қолмасдан¸ дунëвий илмга ҳам эга бўлиши керакда. Кўп имомларимиз ҳатто ўрта махсус билим юртларини ҳам битирмаган¸- дейди Олимжон ака.

Самарқандлик Зафар ака бир воқеани айтиб бердики, уни эшитгач, бошингизни қашиб қоласиз.

- Самарқандда Руҳобод деган катта жоме масжиди бор. Ҳукумат томонидан ëш йигитни имом қилиб сайлаб қўйган. Омонат қилиб мендан бир нарсани сўради¸ имомда энди¸ мен ҳам омонат сифатида баъзи сирларни айтиб қўйдимки¸ уни ҳеч кимга айтмаслик керак. У келиб-келиб жума намозида ҳамма нарсани эълон қилиб¸ бизни жиноятчига¸ халқ душманига чиқариб қўйган воқеалар ҳам бўлган-да. Ваҳоланки¸ шунақа воқеалар бўлади. Бунинг ҳаммасини халқ билади¸- дейди самарқандлик Зафар ака.

Агар эътибор берган бўлсангиз, самарқандлик Зафар ака ўзи эслаётган имомни “Ҳукумат томонидан қўйилган”, деб атади.

Тошкентдаги Тўхтабойвачча масжидининг собиқ имоми Обидхон қори Назаровнинг айтишича,

- Имомларни диний идора тайинлайди¸ лекин диний идора ҳукумат билан келишга ҳолда тайинлайди. Давлат¸ ҳукумат рози бўлмаса¸ ҳеч ким имомлик қила олмайди. Махсус хизматлар текшириб¸ ҳамма томонлама ўрганиб чиққан одамларнинггина имом бўлишига рухсат беришади¸- дейди Обидхон қори Назаров.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати нафақат қайси масжидга ким имом бўлишини белгилаб беради, балки:

- Имомларнинг хутбаларигача давлат томонидан тасдиқланади. Шунинг учун жамиятда бир томондан динга ва диний авторитетларга бўлган ҳурмат юқори бўлса-да¸ расмий фаолият кўрсатаëтган имомларга¸ ҳаммасига дея олмаймиз¸ ишончсизлик мавжуд¸- дейди Камолиддин Раббимов.

Мана шу жойда самарқандлик тингловчимизнинг бояги гапини эсланг.

Давлат тайинлаган имомга ишончсизлик давлатга ишончсизлик, деганидир.

Бундай ҳолат эса, яхшилик аломати эмас.

Ҳукумат тарафдорлари фикрича, масжиду мадрасани тўла назоратда ушлаш ҳар-хил эктремистик оқимлар тарафдорлари авом йўлбошчисига айланиб қолишининг олдини олиш учун зарурдир.

Лекин, турли босимлар оқибатида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган Обидхон қори Назаровнинг фикри бундай:

- Айтишади-ку¸ "Эгри дарахтнинг сояси ҳам эгри бўлади", деб. Дарахтни тўғирлаш керак. Сояни тўғирлаб бўлмайди. Давлат ўзининг сиëсати қинғир бўлса¸ халққа қарши¸ Исломга қарши бўлса¸ уни тўғирлаб бўлмайди. Олдин давлат сиëсатини тўғирлаш керак¸ - дейди Обидхон қори Назаров.

Камолиддин Раббимов эса, мана бундай деди:

- Давлатнинг вазиятга беэътибор бўлиши асло мумкин эмас. Лекин ҳозирги пайтда Ўзбекистонда кузатилаëтган бир қўл билан бошқариш эмас¸ ҳамкорлик ҳақида гап кетиши керак. Ҳукумат шундай бир потенциалга эга бўлиши керакки¸ имомларга сўз билан таъсир қила олиши керак. Имомларга ҳам¸ жамиятга ҳам сўз билан таъсир қила олиши ва ўртада диалог бўлиши керак.

Бир томондан имкон қадар эркинлик берилиши ва ўша эркинликдан у ëки бу таҳдид ҳосил бўладиган бўлса¸ ўша таҳдидларга юмшоқ таъсир қилиш¸ сўз билан таъсир қилиш¸ ишонтириш орқали таъсир қилиб¸ уни яна тўғри йўлга солиб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Либерал-демократик давлатларда худди шундай давлатни бошқариш модели назарда тутилган. Лекин бугунги кунда Ўзбекистондаги ҳукуматда бундай ресурс мажвуд эмас. Аксарият ҳукумат амалдорлари собиқ Иттифоқ даврида социаллашган. Уларнинг тафаккури ўша даврда шаклланган. Шунинг учун улардан янги моделдаги ҳатти-ҳаракатни кутиш бироз қийинроқ¸- дейди Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG