Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:10

Ўзбекистонда ҳам инқироз сезилаяпти


Ўзбекистонда айрим русумдаги автомобилларни ишлаб чиқариш камайган.
Ўзбекистонда айрим русумдаги автомобилларни ишлаб чиқариш камайган.

Айрим ахборот агентликлари тарқатган маълумотларда айтилишича, глобал молиявий ва иқтисодий инқироз Ўзбекистон автомобилсозлик саноатига ҳам сезилар сезилмас таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон матбуотида эълон қилинган расмий статистикага кўра, сўнгги етти ой мобайнида “GM-Ўзбекистон” қўшма корхонасида Epica русумидаги автомобилларини ишлаб чиқариш 27 фоизга, Captiva моделини ишлаб чиқариш 41,5 фоизга, Nexia чиқариш эса 4,4 фоизга камайган.

Шундай қилиб 2009 йил бошидан бери Captiva русумидаги 673, Epica русумидаги 684 ва Nexia русумидаги 47739 автомашина ишлаб чиқарилган.

Айни пайтда ички бозорда катта талабга эга бўлган Damas ва Matiz автомашиналарини ишлаб чиқариш кўпайганини кузатиш мумкин. 2009 йилнинг шу кунигача 36 248 Matiz (ўсиш 0,6 фоиз), 13 185 Damas (ўсиш 5,5 фоиз) сотувга чиқарилган.

Бу маркадаги автомашиналар нархи арзонлагани сабабли ички бозорда уларнинг сотилиши бир оз кўпайганини кузатиш мумкин. Matiz ва Nexia русумидаги автомобиллар нархи деярли 25 фоизга арзонлаган. Лекин бу автомобиллар сотилишида сезиларли ўсиш кузатилди, дейишга асос бўла олмайди.

Айни пайтда Ўзбекистонда юк ташувчи автомобиллар ва автобуслар ишлаб чиқарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президент Ислом Каримов хорижий сармоялар асосида “JV MAN Auto-Uzbekistan” корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу корхонани ишга тушириш ҳақида “Ўзавтосаноат” ва Германиянинг “MAN Nutzfahrzeuge AG” ширкатлари ўртасида шартнома имзоланган.

Ушбу корхона Самарқанд шаҳрига жойлаштирилади ва шаҳар шароитида ишловчи автобуслар ишлаб чиқаришга ихтисослашади.
Президент Каримов имзолаган қарорда айтилишича, бу корхона барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилган, унинг маҳсулотларини сотиб олган ташкилотлар эса бир марталик йўл фонди тўловидан озод этилади.

Хабарларда айтилишича, “JV MAN Auto-Uzbekistan” корхонасининг устав жамғармаси уч миллион еврони ташкил этади. Ўзбекистоннинг корхонадаги ҳиссаси 51 фоиз, Германияники эса 49 фоиздир.
XS
SM
MD
LG