Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:39

Анвар қори: тасвири ТВ да¸ўзи касалхонада


Toшкент шаҳар имом хатиби Анвар қори Турсунов¸ Ўзбекистонда фаолияти таъқиқланган диний оқимлар бўйича эксперт ҳисобланади.
Toшкент шаҳар имом хатиби Анвар қори Турсунов¸ Ўзбекистонда фаолияти таъқиқланган диний оқимлар бўйича эксперт ҳисобланади.

Ўзбек матбуотида Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсуновнинг ўтган ой пичоқлаб кетилгани ҳақда лом-мим дейилмаëтган бир кезда¸ 23 август оқшомида имомнинг суиқасддан аввал ëзилган чиқиши Ўзбекистон телеканалида намойиш этилди.

Айни пайтда Анвар қори Турсунов ўзига келмоқда¸ аммо телевизорга чиқишга ҳоли йўқ, дейди уни бориб кўрган сафдоши, таниқли дин олими, шайx Абдулазиз Мансур.

Абдулазиз Мансур: Биз бориб¸ кўриб келдик. Аҳволлари яхши¸ лекин ҳозирча ишга чиқа олмайдилар. Уйларида дам олаяптилар.

Озодлик: Телевизорга чиққанларичи?

Абдулазиз Мансур: Бу такрорий кўрсатув эди. Олдин ëзилган эди бу. Ҳали яхши тузалиб¸ эфирга чиқадиган даражага келганлари йўқ. Ҳали ишга чиқмайдилар. Ëтишлари¸ даволанишлари керак. Ҳамма нарса жойида¸ гапираяптилар. Бу бўлиб ўтган ишдан кейин озгина дам олиш керакку. Дарров ишга чиқиб кетса бўлмайди.

Озодлик: Гумон қилиниб¸ 16 нафар киши қўлга олинди¸ деган гаплар юрибди. Бунга аниқлик кирита оласизми?

Абдулазиз Мансур: Биз эшитмадик бу ҳақда. Ҳали расмий эълон қилингани йўқ. Бу тўғрида бир нарса дея олмаймиз. Қўлга олинди¸ деган гапни эшитдик биз ҳам. “Тергов кетаяпти” дейишди. Уларнинг кимлиги ҳали эълон қилингани йўқ.

Озодлик: Биздан ҳамма ëқдаги мухлисларимиз сўрашаяптида.

Абдулазиз Мансур: Биздан ҳам сўрашади. Соҳамиз бир бўлгани учун биздан ҳам кўп сўрашади. Энди асоссиз¸ тахминий гапларни гапириб бўлмайдида.

Озодлик: Энди “Аҳволлари яхшиланаяпти. Соғликлари яхшиланаяпти” деган..

- Бу тўғри. Аҳволлари кундан кунга яхшиланиб бораяпти. Яқин ўртада ишга чиқиб кетадилар¸ иншооллоҳ¸ дейди Абдулазиз Мансур.

Биз имомнинг ўзи билан боғланишга ҳаракат қилдик¸ аммо гўшакни имом Анвар қорининг ëрдамчиларидан бири кўтарди ва ëнидагилар билан маслаҳатлашгач¸ Озодлик мухбирига маълумот беришга рози бўлди.

- Лаббай¸ эшитаман.

Озодлик: Мана кеча Анвар қори телевизорга чиқдилар. Аҳволлари яхшиландими¸ деб сўрамоқчи эдик.

- Аҳволлари яхши. Анча тузуклар. Ҳозир ўзларини яхши ҳис қилаяптилар. Жароҳатлари битиб қолган.

Озодлик: Ҳозир у киши касалхонадами ëки уйларига кетдиларми?

- Мен бу ҳақда маълумот бера олмайман.

Озодлик: Соғликлари яхши деб айтсак бўладими?

- Албатта бўлади. Соғликлари борасида ҳеч қанақа хавотирга ўрин йўқ. Соғликлари жуда яхши. Ҳамма жароҳатлари битган¸ дея оламиз.

Озодлик: Ўзлари гапира оладиларми бизларга?

- Йўқ¸ мен ҳозир боғлаб бера олмайман. Ҳозир дам олишлари учун имкон қадар тинч шароит талаб қилинмоқда. Шунинг учун безовта қила олмайман.

Озодлик: Кеча эфирга Анвар қори иштирокида олдин ëзилган кўрсатув берилган экан. Шунинг боисини сўраб бера оласизми?

- Унисини билмадим¸ деди Анвар қорининг ëрдамчиларидан бири.

Эслатиб ўтамиз¸ 23 август оқшоми Ўзбекистон телеканалида Анвар Турсунов пичоқланишидан олдин тасвирга олинган кўрсатув эфирга узатилган.

Аммо на кўрсатув ичида ва на кўрсатувдан олдин Анвар қори Турсуновга қилинган қасд ҳақида гапирилмаган.

Айни пайтда ўзбек расмий оммавий ахборот воситалари Анвар қори Турсунов пичоқлангани хабарини ҳеч бир тарзда эълон қилгани йўқ.

“Ўзтелерадиокомпания” ходимларидан бирининг Озодликка айтишича¸ Анвар қори пичоқланганлигини ҳақида наинки эфирдан гапириш¸ балки журналистларнинг ўзаро суҳбатида ҳам бу мавзунинг тилга олинишига таъқиқ қўйилган.

Ўзбекистондаги диний вазиятни кузатаëтган “Форум 18” идораси вакили Феликс Корлига кўра¸ ўзбек мулозимлари Анвар қорига қилинган тажовузни эълон қилишганидан кейин туғиладиган саволлардан қўрқмоқда.

- Бундай саволлар эса жуда кўп. Чунки Анвар Турсунов Ҳизбут-Таҳрир дея ëки Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзо дея кўрилган фуқароларнинг диний қарашлари бўйича экспертиза хулосалари бериб келган бир имомдир¸ дейди Феликс Корли.

Корлига кўра¸ имомлар ҳам билвосита ҳукумат тарафидан тайинлаб қўйиладиган Ўзбекистонда диндорлар билан боғлиқ ахборотнинг четга сизмаслиги махсус хизматлар зиммасида.

- Агар Анвар қори Турсуновдай таниқли имом бирдан телевизорда кўринмай қолса¸ одамлар орасида ҳукумат истамаган миш-мишлар тарқалмасин¸ деб шундай қилишди чоғи. Бу ҳолат мулозимларнинг қори билан боғлиқ вазиятни яширишга уринаëтганига бир мисолдир¸ дейди Феликс Корли.

Ғарблик бу кузатувчига кўра¸ яқин Ўзбекистон тарихида диндорларнинг пичоқлаб кетилиши илк марта кузатилмоқда.

Гувоҳларнинг Озодликка билдиришича¸ 7 август куни Жума намози олдидан қилинган маърузаларда Тошкент масжидларининг имом-хатибларига мусулмонларни пойтахт бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳақидаги ўринсиз мишмишлардан тийилишга чақириш тавсия қилинган.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 31 июл куни ўзи истиқомат қиладиган Янгиобод маҳалласида пичоқлаб кетилган ва бу воқеа Ўзбекистон, хусусан, пойтахт Тошкентда турли мишмишларнинг урчишига сабаб бўлган эди.
XS
SM
MD
LG