Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:05

Карзай яна от устида қоладиган кўринади


Мустақил кузатувчилар¸ Ҳамид Карзайнинг якуний натижаларга кўра сайловда ғолиб деб топилишига деярли шубҳа қилмаëтирлар.
Мустақил кузатувчилар¸ Ҳамид Карзайнинг якуний натижаларга кўра сайловда ғолиб деб топилишига деярли шубҳа қилмаëтирлар.

20 август кунги президентлик сайловига оид дастлабки саноқ натижасини эълон қилган Афғонистон сайлов комиссияси жорий президент Ҳамид Карзайнинг рақибларидан олдинда эканини билдирди.

Афғонистон сайлов комиссияси етакчиларидан бири Довуд Али Нажафийнинг 25 август куни мухбирларга маълум қилишича¸ ҳозирча санаб чиқилган овоз натижаларига кўра¸ Ҳамид Карзай қолган номзодларга қараганда олдинда бормоқда.

- Рисоладагидай тўлдирилган овоз бериш варақаларининг барчаси санаб чиқилганда¸ жаноб Ҳамид Карзай сайловчиларнинг 212 927 овозини¸ жаноб Абдуллоҳ Аддуллоҳ 202 889 овозини¸ доктор Рамзан Башардўст 53 740 минг ва Ашраф Ғани Аҳмадзай 15 143 овозини олишга муваффақ бўлди¸ деди Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида сайлов расмийси.

Афғонистондаги демократия ҳаëт-мамоти учун муҳим қадам деб кўрилган 20 август кунги президентлик сайловлари¸ гарчи нисбатан тинч муҳитда ўтган бўлса-да¸ унда сайловчилар фаоллигининг кутилганидан ҳам пастроқ бўлгани кузатилди.

Сайлов олди ва сайлов куни кузатилган зўравонлик хуружлари¸ кузатувчиларга кўра¸ аксар афғонистонликларни сайлов участкаларига бориш фикридан қайтишга мажбур қилган.

Айни пайтда¸ иқтидордаги президентга рақиблик қилган номзодлар сайловлар давомида қатор қонун бузилиш ҳолатлари кузатилганини ҳам эълон қилдилар.

Сайлов дастлабки натижалари маълум бўлмай турибоқ Ҳамид Карзай ва унинг собиқ Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ ўзларини ғолиб деб эълон қилдилар ва бу сайловлардан кейинги жараëнга кескинлик қўшмай қолмади.

АҚШ ва Ғарб ҳукуматлари ҳар иккала рақибни босиқлик сақлашга чақириб¸уларга сайлов расмий натижаларини ортиқча ҳиссиëтга берилмай қабул қилишни тавсия этишди.

Бундай даъватлар билан айни пайтда Афғонистон сайлов комиссияси кузатувчилар¸ Карзай рақиблари ва улар вакилларидан қонун бузилиш ҳолатларига оид тушган шикоят аризаларини кўриб чиқишни бошлади.

Ҳамид Карзайнинг асосий рақиби саналмиш Абдуллоҳ Абдуллоҳ¸ сайлов давомида жиддий сохтакорликларга йўл қўйилганини таъкидламоқда.
Сайлов комиссияси расмийси Фаҳим Ҳакимнинг айтишича¸ биргина Кобулнинг ўзидан қайта овоз бериш ва вояга етмаганларнинг овоз берганига оид юздан зиëд шикоят тушган ва ҳозирда бу мурожаатлар синчиклаб ўрганилмоқда.

Сайлов якуний натижаларининг сенябр ўрталарига бориб эълон қилиниши кутилмоқда.

Иқтидордаги президент Карзайдан¸ дастлабки саноққа кўра¸ 10 мингу 28 та овоз кам олгани айтилаëтган Абдуллоҳ Абдуллоҳ¸ иккинчи босқич сайловлар ўтказилиши эҳтимолини соқит қилмаëтир.

Афғонистон сайлов комиссияси дастлабки натижаларни эълон қилиши ортидан матбуот анжумани ўтказган Абдуллоҳ Абдуллоҳ¸ ўз рақиби Ҳамид Карзайнинг сайлов давомида кузатилган қонун бузилиш ҳолатлари ва сохтакорликлар оқибатида етакчиликка чиққанини даъво қилди.

XS
SM
MD
LG