Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:45

Иброҳим Эшон хавфсиз сўфийлар қаторига ўтди


Гувоҳларнинг айтишича¸ Иброҳим Эшонни сўнгги йўлга кузатиш учун унинг ўн минглаб мурид ва мухлислари келган.
Гувоҳларнинг айтишича¸ Иброҳим Эшонни сўнгги йўлга кузатиш учун унинг ўн минглаб мурид ва мухлислари келган.

24 август куни Иброҳим Эшон вафот этди, шу куни унинг дафн маросими бўлиб ўтди.Пири билан видолашишга келган муридлар у яшаб ўтган Фарғона вилояти, Бувайда туманининг Оққўрғон қишлоғига сиғмади.

Иброҳим Эшон билан видолашишга қанча одам келгани тўғрисида тасаввурга эга бўлиш учун Оққўрғон қишлоғига вертолётдан қараш керак эди, дейди фарғоналиклардан бири.

- Тўрт километр узоқликда машинамни қўйиб бордим. Мендан кейин ҳам бир соат дафн маросимига қатнашганларнинг кети узилмаган эди¸ дейди фарғоналиклардан бири.

Етмишдан ошган эшоннинг муридларидан бири эса, мана бундай деди.

- Биз учун катта мусибат бўлди. Ўзбекистонда битта турган улуғ зот эдилар. Ўзбекистонда бунақа одам чиқмаса керак. У кишининг йўлини олиб борадиган энди чиқмаса керак. Кечаги маросимда 20 мингдан ортиқ одам бор эди¸ дейди эшоннинг муридларидан бири.

Марказий Осиёдаги таниқли Ислом арбобларидан бири, қирғизистонлик Содиқжон қори Камолиддин Иброҳим Эшон ҳақида фикр билдирар экан, мана бундай деди:

- Ўрта Осиë минтақасида десак¸ катталик қилади¸ Фарғона водийсида дейлик. Фағона водийсида¸ Қўқон атрофларида анчагина таъсирга эга бўлган¸ муридлари ва мухлислари анча кўп бўлган эшонлардан битталари Иброҳимжон Эшон эди. Бошқаларининг ичида кўпроқ бу одам танилган¸ атрофида эргашган одамлари кўп¸ мухлислари¸ муридлари кўп одам эди. Ҳар ҳолда Иброҳимжон Эшоннинг атрофга машҳур бўлиб кетганлигининг сабаби¸ одамларни кўпроқ илмга даъват қилиб¸ шунинг орқасидан тариқатга даъват қилиб юрган эди. Ҳеч бир сиëсат деган нарсага аралашмас эди¸ дейди Содиқжон қори Камолиддин.

Гап марҳум Иброҳим Эшон устида борар экан, Нақшбандия тариқати тўғрисида ҳам гапиришга тўғри келадики, биз бу ишни ҳозир қилмоқчи эмасмиз: тингловчимизнинг бу ҳақда тасаввури бор, деб умид қиламиз.

Лекин расмий Тошкентнинг бу тариқатга муносабати тўғрисида айтишимиз лозимки, у бугунги иштибоҳларимизни пайдо қилган икки ҳодисанинг биридир.

“Бухоронома” газетаси сайтида 2007 йил, 26 декабр санаси билан филология фанлари доктори Нажмиддин Комиловнинг “Маърифий тариқат илдизи” сарлавҳаси остидаги мақоласи турибди.

Унда мана бу гаплар бор:

1993 йилда Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг 675 йиллиги жаҳон миқёсида нишонланди.

Президентимиз шахсан ўзлари Нақшбанд қадамжоларини обод қилиш ишларини кўздан кечириш учун Бухорога уч марта ташриф буюрдилар.

Ислом Каримов ўз нутқларидан бирида қайд қилганидек, “Бу буюк зот... маърифат йўлида одамларнинг қалбига чуқур кириб бориш орқали уларда эзгу интилишлар, орзу-умидлар уйғотиш мумкинлигини исботлаб берди”, деб ёзган экан Нажмиддин Комилов.

2004 йили эса, Ўзбекистонда ҳукумат қарорига биноан Нақшбандия тариқатининг йирик намоёндаси Хожа Аҳрор Валий таваллудининг 600 йиллиги кенг нишонланди.

Шуниси қизиқки, орадан кўп ўтмай, Нақшбандия тариқатининг пешволари ҳамда уларнинг муридлари таъқиб қилина бошланди.

2005 йилнинг 17 февралида Тошкент вилояти жиноят ишлари суди Ҳизбут-Таҳрир оқимига алоқадорликда айблаб, Юқоричирчиқ туманилик Абдурашид Тошматов ва Нурали Умрзоқовларни 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Судланувчилар, аслида Нақшбандия тариқатини қабул қилгани, ноқонуний диний оқимларга умуман алоқадор эмаслигини айтган эди.

2007нинг февралида фарғоналик етти диндор Баҳоуддин Нақшбандий мақбарасига зиёратга борган ва Бухоро милицияси ходимлари уларни диний либоси учун тўхтатган¸ беш нафарини уч кун ҳибсда сақлаган ва ҳибс вақтида соқолларини қириб ташлаган эди.

Булар муридларга қарши таъқиб бўлса, кўп ўтмай эшонларнинг ўзларига ҳам таъқиб бошланди.

“Халқ сўзи” газетасининг 2009 йил, 22 май сонида тарих фанлари доктори Убайдулла Уватовнинг эшонларга, хусусан Иброҳим Эшонга қарши мақоласи босилди.

Мақола мазмунини унинг сарлавҳаси очиқ-ойдин ифодалаб турибди: “Бидъатга йўллайдиган “ибодат”.

Мазкур мақоладан Иброҳим Эшон муридларининг ҳам хабари бор экан:

- Убайдулла Уватов ҳар хил нотўғри нарсаларни ëзиб чиққан экан. У кишини судга беришган¸ деб эшитган эдим¸ дейди Иброҳим Эшон муридларидан бири.

Профессор Уватовни бугун на Тошкентдан ва на сафар қилгани Самарқанддан топа олдик.

Ҳар ҳолда профессорни топиш муҳим эмас эди.

Муҳими бир нарсани тушуниш: нима учун Тошкент бир томондан Нақшбандия тариқати асосчиларини кўкларга кўтарадию¸ иккинчи томондан бу тариқатнинг тирик вакилларини таъқиб қилади?

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикри:

- Биласизми¸ мана шундай ҳолат нафақат Нақшбандия тариқатига¸ балки жамият ва давлат ҳаëтининг барча соҳаларига тадбиқ қилиш мумкин. Мана эътибор берадиган бўлсак¸ Ўзбекистонда тарихда ўтган дин уламоларининг қабристонлари¸ мадрасаларини жуда ҳам ҳашаматли бир ҳолатда таъмирдан чиқарган¸ уларни қайтадан қурган. Иккинчи томондан имомлар кўтарган қадриятларни ушлаб туриш¸ уларни имкон қадар пасайтириш давлатнинг стратегик линияси¸ яъни давлатнинг устувор вазифаси сифатида бугунги кунда белгиланган¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Исмини айтмаслигимизни шарт қилиб қўйган диний адабиётлар муҳаррирининг фикри:

- Аслида шу вақтгача сўфийлик подшоларга итоат қилиш¸ подшоларнинг айтганини қилишга тарғиб қилиб келган. Каримовнинг сиëсати ҳамма нарсадан чўчийверади. Ҳадиги чўпдан дегандек ҳамма нарсадан чўчийверади. Битта одам¸ қайси соҳада бўлишидан қатъий назар¸ сал машҳурроқ бўладиган бўлса¸ шунинг орқасидан тўртта одам эргашиши мумкин бўладиган бўлса¸ ўша одамни йўқ қилишга ҳаракат қилаверади¸ дейди диний адабиётлар муҳаррири.

Иброҳим Эшон 24 августдан бошлаб мутлақо хавфсиз сўфийлар қаторига ўтди.
XS
SM
MD
LG