Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:01

Тошкент шарт қўйишда давом этмоқда


НАТО ва АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик кучайиши билан айни паллада Ўзбекистоннинг Хитой ва Россия етакчилик қилаëтган ШҲТ ва КХШТ даги фаолияти сусаймоқда.
НАТО ва АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик кучайиши билан айни паллада Ўзбекистоннинг Хитой ва Россия етакчилик қилаëтган ШҲТ ва КХШТ даги фаолияти сусаймоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг аксилтеррорчилик машқларида Ўзбекистон бундай буён фақат кузатувчи сифатида иштирок этади. Шу билан Тошкент Хитой ва Россия етагидаги бу тузилмадаги ўз хос шартларини яна кўпайтирди.

Ўтган ҳафта сўнггида Олий Мажлис Сенати Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) га аъзо давлатлар ўртасидаги қурол-яроғ ва портловчи моддалар ноқонуний айланишига қарши келишувни ратификация қилингани ҳақида расман хабар пайдо бўлди. Аммо "Регнум" ахборот агентлигига кўра, Сенат мажлисида ШҲТ га аъзо давлатларнинг қўшма аксилтеррорчилик машқларни ўтказиш тартибига оид келишув ҳам тасдиқланган.

Ҳукумат расмийси “Регнум”га ушбу ҳужжатнинг Ўзбекистон томонидан шартли равишда имзолагани ҳақида ошкор қилди.

- Ўзбекистон томони ШҲТ аксилтеррорчилик машқларида фақатгина кузатувчи сифатида иштирок этиш шарти билан ҳужжатни имзолаган¸ деди Россия ахборот агентлигига исми ошкор этилмаётган ҳукумат расмийси.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятини ёритувчи ИнфоШОС интернет сайти бош муҳаррири Татьяна Синицина Ўзбекистон қарорининг демарш сифатида қабул қилинмаганини айтади.

- Мен муаммони юмшатишга ҳаракат қилаётганим учун айтаётганим йўқ буни. Гап шундаки, Шанхай ҳамкорлик ташкилотида аъзо давлатларнинг шахсий нуқтаи-назарига нормал ёндашилади. Ўзбекистоннинг бунга сабаблари бордир ва у ўз қарталарини ҳаммага очмайди. Муносабатлар даражаси ҳеч қачон бир бўлмайди. Ҳозир Ўзбекистон америкаликлар билан яқинлашаяпти. Лекин Россия билан алоқалар кучли қолаётгани сабабли вақти келиб Россия билан яна муносабатлар ўз маромига қайтади¸ дейди ШҲТ бўйича таҳлилчи Татьяна Синицина.

Россиянинг Марказий Осиё сув ресурслари тақсимоти бўйича Ўзбекистон позициясини қўллаб-қувватламаётгани ва Ўзбекистонга яқин Қирғизистон ҳудудида ҳарбий база жойлаштириш режаси билан чиқаётгани Москва ва Тошкент ўртасида янгидан жарлик пайдо қилди.

Расмий Тошкент минтақадаги Россия ҳарбий амбицияларининг хавфли оқибати борасида огоҳлантирди ва ўтган ҳафтада КХШТ га аъзо давлатлар ҳарбий тузулмаларининг кенг кўламли ҳарбий машқларини бойкот қилди. Россия етакчиликни Хитой билан бўлишаётган ШҲТ доирасида ҳам Ўзбекистоннинг бундан буён аксилтеррорчилик машқларида иштирок этмаслиги расмий Тошкентнинг Россияга нисбатан изчил сиёсат олиб бораётганини кўрсатади, дейди сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толипов.

- Маълум бир тартиб пайдо бўлаëтгандай туюлади. Гап шундаки¸ 1990 йилларда Ўзбекистонда ташқи сиëсат тамойиллари тўғрисида қонун қабул қилинган. Унга кўра Ўзбекистон НАТО ëки КХШТ га ўхшаш ҳарбий ташкилотларда ноҳарбий соҳаларда ҳамкорлик қилиши мумкин. Лекин ҳарбий блокларга хос бўлган соҳаларда ўзини тийиб туради¸ ушлаб туради деб тушуниш керак. Ҳеч бўлмаганда мана шу нуқтаи-назардан Ўзбекистоннинг ШҲТ ҳарбий машғулотларида иштирок этмаслиги тушунарли деб ўйлайман¸ дейди Фарҳод Толипов.

15-16 июн кунлари ўтказилган Екатеринбург саммитида ШҲТ га раислик қилиш навбатини қабул қилиб олган Ўзбекистон ташкилотнинг банклараро бирлашмасига раислик қилишдан ҳам бош тортган эди. Расмий Тошкентнинг ШҲТ нинг аксилтеррорчилик машқларида иштирок этмаслиги Каримовнинг аъзо давлатларга қилган иккинчи “совғаси” бўлди.

Россия президенти Дмитрий Медведев Ўзбекистон мустақиллигининг 18 йиллиги муносабати билан йўллаган табрик мактубида Ўзбекистон раҳбариятини минтақавий интеграцион тузулмалардаги фаолиятини мувофиқлаштиришга даъват қилган.

- Аминманки, Россия ва Ўзбекистон аъзо бўлган минтақавий интеграцион тузилмалардаги фаолиятимиз координацияси Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш манфаатларига хизмат қилади¸ дейилади Медведев табригида.

Расмий Тошкентнинг Москвага эътироз билдириши билан айни паллада АҚШ билан яқинлашув аломатлари ҳам намоён бўлмоқда.

Мустақиллик байрами билан табриклаб¸ президент Каримов номига аввал АҚШ элчиси Ричард Норланд¸ ундан кейин АҚШ президенти Барак Обама мактуб йўллади.

Мустақиллик байрами арафасида президент Каримов элчи Ричард Норландни алоҳида қабул қилди ва бу ҳақда мамлакат расмий ахборот агентликлари хабар тарқатди.

Ўтган қисқа муддат давомида Тошкентга АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони Дэвид Петреус ҳамда АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уиллиам Бёрнс келиб кетди.

Буларнинг барчаси расмий Тошкентнинг Москва ва Вашингтонга ўзига хос мужда йўллаётганини кўрсатади.
XS
SM
MD
LG