Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 21:49

Тошкент-Душанбе баҳсига воситачи топилди


Йирик тўғонлар бўйича халқаро комиссия раҳбари Жиа Жиншенг Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий билан музокаралар чоғида ўз идорасининг Тошкент ва Душанбе ўртасида воситачилик қилиши мумкинлигини билдирган.
Йирик тўғонлар бўйича халқаро комиссия раҳбари Жиа Жиншенг Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий билан музокаралар чоғида ўз идорасининг Тошкент ва Душанбе ўртасида воситачилик қилиши мумкинлигини билдирган.

Йирик тўғонлар бўйича халқаро комиссия Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларининг Роғун ГЭСи устидаги тортишувларига нуқта қўйиш мақсадида воситачилик қилмоқчи.

Йирик тўғонлар бўйича халқаро комиссия раҳбари Жиа Жиншенг бу таклифни Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий билан музокаралар чоғида ўртага ташлаганини маълум қилди.

- Мен ишонч билан айта оламанки, биз бу масалада воситачи бўла оламиз ва бу муаммонинг ҳал бўлиши учун энг яхши вариантларни таклиф қиламиз. Албатта¸ ҳар бир йирик гидроэнергетик иншоот лойиҳасининг жамият ва муҳит учун маълум хавфи бор. Аммо ҳукуматлар бир-бирлари билан ҳамкорликда бу хавф даражасини пасайтириши мумкин, деди тўғонлар бўйича халқаро комиссия расмийси.

Бироқ Жиншенг жаноблари Марказий Осиёнинг икки мамлакати ўртасидаги келишмовчиликни қандай ҳал қилмоқчилиги юзасидан конкрет изоҳ бермади.

Бир неча йилдирки, Марказий Осиё айрим давлатлари, жумладан, Ўзбекистон Тожикистон ва Қирғизистонда йирик ГЭСлар қурилишига астойдил қаршилик кўрсатиб келади.

Расмий Тошкент ҳар гал Тожикистон ва Қирғизистондан трансчегаравий дарёлар устида йирик гидроиншоотлар қурмаслик ёки қурганда ҳам бунинг халқаро экспертизадан ўтказилишини талаб қилиб келади.

Тожикистон томони ҳам ўз гидроэнергетик лойиҳалари халқаро экспертизадан ўтказилиши тарафдори эканини уқтириб келса-да, бу масала атрофида икки қўшни мамлакат ўртасидаги тортишувлар ҳамон давом этаётир.

Айтилишича, Жаҳон Банки экспертлари Роғун ГЭСи қурилишига доир лойиҳани ўрганмоқдалар. Экспертлар хулосаси расман эълон қилинганидан сўнг Роғун қурилиши бошланиши борасида қўшни давлатлар хабардор этилади.

Бироқ, айрим расмий манбалардан олинган маълумотларга кўра, Роғун ГЭСи майдонида шу кунларда қурилиш ишлари авжида.

Йирик тўғонлар бўйича Тожикистондаги миллий қўмита котиби Ҳомиджон Орипов Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги низолар, хусусан, минтақа сув заҳираларидан фойдаланиш борасидаги келишмовчиликлар сиёсий хусусиятга эгалигини таъкидлайди.

Унинг фикрича, Ўзбекистон томони минтақада бунёд этилажак йирик гидроиншоотлар ортидан минглаб гектар экин майдонлари суғорилишини ҳам яхши билади, аммо ўз сиёсий манфаатларини кўзлаган ҳолда, экологик хатарларни рўкач қилиб, Тожикистонда ГЭСлар қурилишига кескин қаршилик қилиб келади.

Шу ўринда Орипов Тожикистон шимол-шарқида хитойлик энергетиклар томонидан қурилиши режалаштирилган, аммо Ўзбекистон аралашувидан сўнг тақа-тақ тўхтаб қолган Зарафшон ГЭСи ва бу иншоот атрофида 2008 йилги икки томоннинг даҳанаки жангларни эслатади.

- Улар бизнинг тўғонларимиз, сув омборларимиз биздан кўра ўзларига кўпроқ фойдали эканини яхши билишади. Бироқ бу масала сиёсийлаштирилгани учун ҳам режаларимиз амалга ошмай қолмоқда. Бизнинг тўғонларимиз атроф-муҳит учун хатарли экани борасидаги баҳоналар сафсата. Хитой давлати 25 мингга яқин тўғонга эга ва улар бу тўғонлар фойдасини тажрибада синаганлар. Айнан шу тўғонлар бу мамлакатни ҳар турли табиий офатлардан сақлаб келмоқда, дейди Орипов.

Йирик тўғонлар бўйича халқаро комиссия Тошкент ва Душанбенинг энергетик баҳсига воситачилик қилиш таклифини тожикистонлик айрим кузатувчилар олқишламоқдалар. Улар фикрича, Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарлари ГЭСлар масаласида бир битимга келолмаётган бир пайтда учинчи томоннинг воситачилиги зарур.

Айни пайтда айрим тожик расмийлари, жумладан, Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази раиси Суҳроб Шарипов бу мамлакатдаги йирик гидроэнергетик иншоотлар, хусусан, Роғун ГЭСи хорижий мамлакатлар ва ташкилотлар воситачилигига эҳтиёж йўқлигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG