Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:52

Ўқув йили янги¸ ҳасратлар ўша-ўша


3 сенябр куни ўзбекнинг ўқишга чанқоқ болалари катта орзулар билан янги ўқув йилини бошлайдилар.
3 сенябр куни ўзбекнинг ўқишга чанқоқ болалари катта орзулар билан янги ўқув йилини бошлайдилар.

Ўзбекистонда янги ўқув йилининг бошланиши бу йил қўшалоқ байрамларга уланиб кетди. Аммо баланд минбарлардаги юксак кайфият ва некбинлик¸ аксар ўқувчи ва ўқитувчилар дилидан жой олмагандек кўринади.

Ўзбекистон мактабларида ҳар йили 2 сентябр куни бошланадиган янги ўқув йили¸ Тошкентнинг 2200 йиллик байрами¸ айрим манбаларга кўра эса¸ хавфсизлик муносабати билан республика миқëсида 3 сентябрга кўчирилди.

Эрталаб ҳаммамиз ишга, болалар мактабга борган эдик, бироқ дарслар бўлмади, дейди Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги мактабларнинг бирида ишлаётган ўқитувчи:

- Ўқиш бошланди. Тошкентда қандайдир портлаш бўлган экан. Милицияларни ўлдиргани учун “мактабларга ҳам хавф солмасин” деб дарров тугатиб юборди. Болаларни ҳам тарқатиб юборди¸ дейди Чироқчи тумани мактабларидан бирининг ўқитувчиси.

Бошқа суҳбатдошларимиз эса¸ дарслар Тошкентнинг 2200 йиллиги байрами муносабати билан бир кунга қолдирилганини айтишди.

Ҳар йилгидек¸ бу йил 3 сентябр куни янги ўқув йилини бошлаш учун ўқувчи¸ аниқроғи унинг ота-онаси икки муаммо - дарсликлар ва мактаб кийими муаммосини ҳал қилмоғи лозим. Дарсликлар муаммоси мактабларда ҳал бўлган кўринади. Мактабларда жорий қилинган ижара усули бу муаммони ҳал қилишга ëрдам бераëтган бўлса-да¸ дарсликларнинг текин эмаслиги қўли қисқа оилалар муаммосини ҳал қилмади¸ дейди Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги математика фани ўқитувчилардан бири Шарифжон ака:

Озодлик: Мактабларда ўқувчиларнинг дарсликлари етарлими? Шу муаммо борми?

Шарифжон ака: Муаммо йўқ¸ дарслик етарлию¸ лекин пули муаммо.

Озодлик: Нимага?

- Ижарага бериб қўйишган. Битта синфники энг ками 6000-7000 дан¸ юқориси 8000-9000 гача бўлиши керак бир йилга. Ўтган йилги ижара пулларини ола олмаган ўқитувчиларимиз бор ҳали. Энди ҳамманинг кучи етмайди. Баъзи оилаларнинг иккита-учтадан фарзанди бор. Ота-онаси ҳеч қаерда ишламайди¸ бекорчи. Қаердан олсин пулни¸ дейди Шарифжон ака

Шарифжон ака, ҳатто ижарага олинадиган дарсликларнинг пулини тўлашга ҳам ота-оналарнинг кучи етмаяпти¸ деди. Бу гапларда жон бор¸ чунки, ўқувчини мактаб кийимлари билан таъминлашнинг ўзи ота-оналарни чарчатиб қўймоқда¸ дейди Қашқадарёнинг Китоб туманида яшовчи Алишер исмлик суҳбатдошимиз:

Алишер: Ëш боланинг оддий оëқ кийими 30-40 минг сўм. Битта боланинг фақат кийимига 150-200 минг пул кетади. Бу ҳали дафтар¸ китоб¸ сумкадан ташқари. Масалан¸ ўзимизга шим оладиган бўлсак¸ 30-40 минг сўм кетади. Ҳозир сезонда ëш болаларники ҳам шундай нархда. Формалар ҳар хил. 35 минг¸ 45 минг. Бу қиз болаларники. Болаларнинг костюм-шимининг нархини ўзингиз ҳам билсангиз керак.

Озодлик: Битта оиланинг тўртта боласи мактабга борса¸ қанчага тушади?

- Индамайгина 600 минг сўмга тушади. Китоб¸ дафтарлари билан 800 минг сўмга бориб қолади¸ дейди Алишер.

Бу ота-оналарнинг муаммоси эди. Айни пайтда¸ бу йил ўз эшикларини 3 сенябр куни очадиган мамлакат маориф тизими ҳам бундан қолишмайдиган муаммолар гирдобида.

Ўзбекистон мактабларида эркак ўқитувчилар деярли қолмаяпти. Тошкентда фақат бир нафар эркак ўқитувчиси бор мактаблар ҳам бор. Қишлоқ мактаблари ўқитувчилари эса оила боқиш учун касбларини ўзгартиришга мажбур бўлмоқдалар¸ дейишмоқда аксар ўзбекистонликлар.Бу муаммони фарғоналик Шарифжон ака ҳам тасдиқлайди.

Озодлик: Мактабингиздаги ўқитувчиларнинг неча фоизи эркак ва неча фоизи аëл?

Шарифжон ака: 50 нафар ўқитувчи бўладиган бўлса¸ 30 фоизи эркаклар¸ қолганлари аëллар экан. Эркаклари энг кўп мактаб бизнинг мактаб.

Озодлик: Қолган мактабларда қандай?

Шарифжон ака: Қўшни мактабларда бизнинг ярмимизча ҳам йўқ. Беш-олти фоизи эркаклар. Бунга техник ходимларни қўшмайсиз. Жуда борса¸ 10 фоизга боради.

Озодлик: 20 йил олдин¸ собиқ СССР пайтида қандай бўлган?

Шарифжон ака: У пайтда аксинча эди. 10-12 фоиз аëллар¸ қолганлар эса эркаклар эди.

Озодлик: Бу нисбатнинг бундай ўзгариши сабаби нима?

Шарифжон ака: Сабаби¸ меҳнатга тўланадиган ҳақда. Ҳаққа бориб тақалаяпти. Ўша пайтда меҳнатимизга олган ҳақимизга 12-13-14 қоп ун олардик. Ҳозир¸ масалан¸ энг кўп ойликни мен оламан. Мен нари борса икки қопдан ошиқроқ ун оламан ойлигимга. Бошқаларники эса бунга ҳам етмайди.

Озодлик: Сир бўлмаса қанча оласиз?

Шарифжон ака: Ëзилиши 300 мингдан ошаяпти. 70-80 минг даромад солиғи. Ундан кейин профсоюз¸ у¸ бу деган майда-чуйдалар бор. Кейин бизда коммунал тўлов деган нарса бор. Қарздормисиз¸ қарздор эмасмисиз сиздан сўраб ўтиришмасдан газга¸ сувга¸ электрга деб босишаверади. Ундан кейин¸ ўзи 30 фоиз деб ëзишади¸ лекин 50 фоиз пулингизни тўлиқ пластик карточкага туширишади. Қолган 50 фоизини ҳам бермасдан¸ маълум муддат ўтгандан кейин биздан сўрамасдан уни ҳам тўлиқ пластик карточкага тушириб¸ биздан “Пулимни ўз хоҳишим билан пластик карточкага туширдим” деган мазмунда ариза олишади. Мен охирги пулни апрел ойида олганман. Шундан бери қўлимда пул ушлаганим йўқ.

Озодлик: Унда тирикчилик қандай бўлаяпти?

Шарифжон ака: Пластик карточкага тушириб беришади. Кейин ундан 10-15 фоиз ками билан озиқ-овқат оламан. Қўқонга ëки Фарғонага бориб оламан. У ëқларда пластик карточка ишлайди. Бу ëқдаги маҳаллаларда ишламайди. Магазинга борсангиз ҳам “Пластикка мана буниси сотилади¸ буниси сотилмайди” деб туришади.

Озодлик: Сиз 300 минг олаëтган бўлсангиз¸ ҳар 100 мингини 15-20 фоизга алмаштираëтган бўлсангиз¸ яна 60 минглар атрофида пул йўқотаëтган экансизда.

- Албатта¸ йўқотаман. Айтаяпманку¸ мен энг кўп оламан. Ҳатто мактаб директоридан ҳам кўп оламан. Дарсим ҳам кўп менинг. 40 минг ойлик оладиганлар ҳам бор. Ишонасизми шунга 40 минг. “Қизим¸ неча пул ойлик оласиз?” десам¸ “Домла¸ 40 минг оламан” дейди. Ҳайрон қолдим. Ўзимиз билан бирга ишлайди. Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги ўқитувчилар¸ мен кафолат бераман¸ апрел ойидан бери қўлларига пул ушлашгани йўқ. Пластик карточкага туширишади¸ орқасидан ариза ëздириб олишади¸ дейди Шарифжон ака.

Ҳасанбой ака ҳам Фарғонада тарих ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Уч йилдан буён Россияда меҳнат муҳожири:

- Ўзбекистонда эркак ўқитувчилар 10-15 фоиз қолган бўлса керак. Қолган ҳаммаси оиласини боқа олмагани учун¸ тирикчилик ўша оилани қондирмаганлиги учун мажбур бу соҳадан чиқиб бошқа ишларни қилишга мажбур бўлган. Агар тақдир тақозоси билан Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлиб¸ ўқитувчилар керак бўлиб қолса¸ ойликлари зўр бўлиб қолса¸ эркак ўқитувчилар яна мактабларга қайтишар. Мен шу умиддаман¸ дейди Ҳасанбой ака.

Сирдарёлик ўқитувчи Гулбаҳорнинг айтишича, Японияда ўқитувчилар энг кўп маош оладиган қатлам ҳисобланади ва шунинг учун уларда тараққиёт, ривожланиш бор. Ўзбекистонлик ўқитувчи эса ҳали ёзги таътил пулларини ҳам ололгани йўқ:

- Отпускнойни пластикка ўтказди. Ундан бери ҳали ойлик ҳам олганимиз йўқ¸ пенсия ҳам олганимиз йўқ. Май¸ июн¸ июл¸ август ойларининг пенсиясини ҳали ҳам олганимиз йўқ. Байрамда умуман пул олганимиз йўқ¸ дейди Гулбаҳор.
XS
SM
MD
LG