Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:48

ЕИ афғон стратегиясини кучайтирмоқчи


Стокҳолмга бўйинбоғсиз келган ЕИ юқори даражали дипломатларининг норасмий муҳитда жиддий мубоҳаса қилишлари кутилмоқда.
Стокҳолмга бўйинбоғсиз келган ЕИ юқори даражали дипломатларининг норасмий муҳитда жиддий мубоҳаса қилишлари кутилмоқда.

Жума куни Европа иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Афғонистон¸ Покистон¸ Эрон ва Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилиш мақсадида норасмий йиғинга тўпландилар.

Швеция пойтахти Стокҳолмда бошланган икки кунлик норасмий йиғинда Европа иттифоқининг юқори даражали дипломатлари халқаро ҳамжамият учун мураккаб муаммо бўлиб қолган минтақалардаги вазият хусусида фикр алмашадилар.

Ўзаро фикр алмашиш марказидаги мавзулар орасида Эрон ядровий дастури¸ Яқин Шарқ жараëни¸ хусусан ЕИ нинг Афғонистон ва Покистонга нисбатан ривожланиб бораëтган сиëсати бор.

АҚШ намунасидан ўрнак олган Европа иттифоқи ҳам ҳозирда АфПак деб номланган ўз стратегиясини ишлаб чиқиш жараëнида.

Айни пайтда¸ Озодликнинг Брюсселдаги мухбирига кўра¸ мубоҳаса марказига қўйилган АфПак стратегиясининг йиғинга тақдим этилган лойиҳасида¸ Афғонистон ва Покистон дуч келаëтган мураккаб масалаларга айни сиëсат воситасида ëндашиб бўлмаслиги ҳам айтилади.

Норасмий йиғин мезбони¸ Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт учрашув арафасида ЕИ нинг БМТ ва АҚШ билан биргаликда Афғонистон сиëсатини қайта жонлантириш устида бош қотираëтганини билдирди.

- Ҳозир биз Афғонистондаги сайлов жараëнининг қоқ ўртасида турибмиз. Мамлакатга янги президент келадими¸ ëки иқтидордагиси қайта сайланадими¸ буни вақт кўрсатади.

Сайлов натижалари аниқ бўлиб¸ янги ҳукумат ишга тушгач¸ келаси йилги парламент сайловларига қадар мамлакатдаги қонун устуворлиги¸ иқтисодий ривожланиш ва маҳаллий бошқарув тизимини яхшилаш устида ишлаш лозим бўлади. Менимча¸ бу борада биз ҳам¸ БМТ ҳам¸ АҚШ ҳам кўпроқ иш қилишимиз керак. Бугун ва эртага биз ана шу ҳақда гаплашамиз¸ деди ЕИ нинг жорий президенти Швеция Ташқи ишлар вазири.

ЕИ нинг йиғин муҳокамасига қўйилган стратегиясида деярли кутилмаган жиҳатлар йўқ. Стратегия АҚШ нинг минтақадаги белгиловчи ролини тан олади ва иттифоқ АҚШ сиëсатини қўллаш учун кўпроқ ҳаракат қилиши лозим¸ деган фикрни илгари суради.

Стратегия асоси қилиб¸ Афғонистонда барқарорлик ўрнатишнинг ноҳарбий усулларига кўпроқ эътибор қаратиш белгиланган.

- Афғонистондаги урушда фақат ҳарбий восита билан ғалаба қозониб бўлмайди. Бу моҳиятан сиëсий усуллар¸ бошқарувни яхшилаш¸ иқтисодий тараққиëт олиб келиш¸ наркобаронлар¸ уюшган жиноий тўдалар¸ фундаменталистларга қарши кураш орқали ғалаба қозониладиган сиëсий курашдир. Бу сиëсий курашга биз ҳам сиëсий ва иқтисодий ëрдам кўрсатишимиз лозим¸ деди Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт жума куни.

ЕИ нинг янги афғон стратегиясидан Кобулда янги ҳукумат пайдо бўлиши ҳамоно мамлакатда барқарорлик ўрнатиш масалаларига бағишлаб махсус анжуман ўтказиш режаси ҳам ўрин олган.

Айни пайтда¸ ҳужжатнинг Покистонга нисбатан иттифоқ сиëсатига бағишланган қисмида инсон ҳуқуқлари¸ террорчиликка қарши кураш¸ сайлов тизимини ислоҳ этиш борасида расмий Исломобод билан яқиндан ишлаш кўзда тутилади.

Стокҳолм учрашуви марказидаги яна икки мавзу Эрон ядровий дастури ва Яқин Шарқ тинчлик жараëни борасида ҳам иттифоқ БМТ ва АҚШ билан мувофиқлашган ҳолда ишлаш ниятида.
XS
SM
MD
LG