Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:45

Тожик аёлларига тизгинни ишонмаяптилар


Тожикистонда аёлларга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақидаги декларатив нутқлар тожик расмийлари томонидан айниқса 8 март байрами арафасида кўпроқ янграйди.
Тожикистонда аёлларга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақидаги декларатив нутқлар тожик расмийлари томонидан айниқса 8 март байрами арафасида кўпроқ янграйди.

Тожик жамиятида ҳамон патриархал қарашлар устиворлиги туфайли аёлларнинг мансаб поғоналари узра кўтарилиш, давлатнинг юқори лавозимлари ишлаш имкониятлари камроқ.

Собиқ шўро давлатларининг кўпида эски қолиплардан воз кечилиб, аёллар юқори лавозимларга лойиқ кўрилаётган бир пайтда Тожикистонда аёллар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоялаш ва уларга сиёсий майдондан ўрин бериш борасида мақтанса арзигулик иш қилинмади.

1994 йилдан сўнг атиги уч нафар аёл - Мунира Иноятова, Рафиқа Мусоева ва Раъно Абдураҳмонова вазирлик курсисини, яна уч аёл Нигина Шаропова ва Хайринисо Мавлонова ҳамда Руқия Қурбонова бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллай олгани фикримиз исботидир.

Собиқ вазиралар аёлларнинг мансабга эришиши жамият ўйлаганчалик осон эмаслигини таъкидлашади. Шунинг учун бўлса керак, аёллар эркаклар сингари мансаб курсисини ўн йиллаб эгаллаб тура олмайдилар.

Собиқ вазиралар орасида Рафиқа Мусоева ва Мунира Иноятовагина ўз курсисида уч йил қололган. Қолганлари эса вазир лавозимида бир йилдан ортиқ ишламаганлар.

Мансабдор тожик аёлларининг вазифадан кетиш процесси деярли бир хил кечади. Одатда, ҳукумат йиғилишида улар бошқараётган идора фаолиятидаги камчиликлар гапирилади ва сўнгра “ишни уддалай олмаганлик” важидан вазифадан бўшатилади.

Тожикистонлик мансабдор аёллар орасида фақат Рафиқа Мусоева ўз ихтиёри билан истеъфо берган, холос. Аммо унинг бундай қарорга келишига нима мажбур қилгани ҳали-ҳамон номаълум.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган Раъно Абдураҳмонова юмшоқ курсига яхшироқ ўрнашиб олишга улгурмай президент Имомали Раҳмон фармони билан вазифасидан бўшатилган.

Раъно Абдураҳмонова Озодлик билан суҳбатда ўзининг ишдан кетиши сабабларини изоҳлашни истамади.

- Атиги бир йилу икки ой вазирлик вазифасида ишладим, ҳеч нарсани тушунмадим ва бу борада гаплашишни ҳам истамайман. Бир йилу икки ой давомида қандай натижага эришиш мумкин, дейди собиқ вазир.

Ишни уддалай олмаслик важидан Президент фармони билан вазифасидан бўшатилган тожик аёллари кейинчалик ҳеч қачон “мансаб оти”га минолмайдилар. Давлат амалдори бўлиш уларга умрида бир марта бериладиган имконият.

Сиёсат майдонидан четлаштирилган собиқ вазирлар ўзларини тижоратга урадилар. Бироқ вазифасидан четлаштирилган эркак мансабдорлар яна бошқа вазифага тайинланади. Ё аввалги мансабидан пастроқ, ёки ундан ҳам юқорироқ. Хуллас, улар аёллар сингари бутунлай сиёсатдан четлаштирилмайди. Нега?

Собиқ таълим вазири Мунира Иноятова бу саволга жавоб берар экан, “тожик жамиятида патриархал сиёсатнинг илдиз отгани ва давлат сиёсатида аёллар ролининг заифлиги уларни давлат юқори идораларидаги мансабларга эришиш имкониятидан маҳрум этган”ини таъкидлайди.

- Умуман бизнинг жамиятимизда аёлга нисбатан паст назар билан қарашади, “аёл уйда ўтирсин, бола-чақасига қарасин, ошхонасини саришта қилсин” деган маънода. Лекин аслида, агар аёлга ишониб вазифа топширилса, эркаклардан яхши иш бажаришини кўпчилик билади. Мана Афғонистон, Покистон ва бошқа исломий мамлакатларда аёллар давлатнинг юқори лавозимларида ишлашаяпти, биз эса улардан жуда ортдамиз. Бизда аёлларга мансаб бериш жараёни “бегона ва ўзники” ёки “ошна-оғайнигарчилик” доирасида амалга оширилади. Бу эса ўз ишининг устаси бўлган аёлларимиз руҳини тушириб юборади, дейди Мунира Иноятова.

Собиқ таълим вазирига кўра, мустақилликнинг ўтган 18 йили давомида тожик жамиятида аёлларга нисбатан эскича қарашлар ўзгармаган.

Кўпинча эркакларнинг “аёл киму унинг давлатни бошқариши нима?” деётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Тожикистон давлат раҳбари ҳар гал ҳукумат йиғинларида, байрам тадбирларида, хусусан, 8 март байрамида “Тожикистон ҳукумати жамиятда аёллар мавқеини кўтариш давлат дастурини қабул қилгани ва айнан шу дастур асосида аёлларга катта имкониятлар берилаётгани” ҳақида оғиз тўлдириб гапиради. Аммо реал ҳаётга назар ташлаган одам Имомали Раҳмоннинг сўзлари қуруқ декларация эканига гувоҳ бўлади.

Тожикистонлик фаол аёллардан бири, бир вақтлар ҳатто президентлик курсисига даъвогарлик қилган Мўътабар Раштий фикрича, тожик расмийлари гендер масаласида фақат кўзбўямачилик билан шуғулланмоқдалар.

- Қонунларимизда эркак ва аёлнинг ҳуқуқи тенг экани, аёлларнинг эркаклар билан баравар мансабга тайинланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган эса-да, аёллар билими ва устуворлиги қадрланмайди. Энг ачинарли томони шуки, аёлларни вазифадан четлатаётиб, уни жамият олдида обрўсизлантирилади - гўё у зиммасига юклатилган ишларни уддалай олмаган эмиш. Ахир ўша аёлга ўзлари ишониб мансаб берган эдилар-ку, дейди Мўътабар Раштий.

Суҳбатдошимизнинг фикрича, чиндан ҳам зийрак ва фаол аёлларга сунъий тўсиқлар яратилмоқда, бу ўз навбатида аёлларнинг сиёсатдан безиб, руҳи тушишига сабаб бўлмоқда.

Мустақил таҳлилчи Парвиз Муллажонов Тожикистонда нафақат аёлларга, балки эркакларга ҳам мансаб курсисини эгаллаш қийинлигини таъкидлайди. Таҳлилчига кўра, Тожикистонда фақат бир ёки икки киши “давлат мансабларидан қайсинисига ким арзиши ёки арзимаслиги”ни белгилаш “ҳуқуқ”ига эга, холос. Бу, ўз навбатида, жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётир.

- Тожикистонда кадрларни танлаш ёки тайинлаш сиёсатига ўзгартиш киритиш лозим. Президент бир неча марта кадрлар тақчиллигидан ташвишда эканини билдирганди. Аммо ҳукумат йиғилишида кадрларни қайдга олишмаётганини айтадиган бирор мард топилмайди. Ҳамма иллат президент атрофида. Кимни исташса, кадр деб вазифа бериб юбораяпти, жумладан, юқоридан “тайинланган” аёлларга ҳам, дейди Парвиз Муллажонов.
XS
SM
MD
LG