Линклар

Шошилинч хабар
21 май 2022, Тошкент вақти: 10:23

Халқаро хабарлар

Покистонда портлаш қурбонлари сони ортди

Покистон шимоли-ғарбида шанба куни содир этилган кучли портлаш қурбонлари сони 27 кишига етди.

Шимолий Вазиристон минтақасига яқин Банну тумани ҳамда Пешоварда содир этилган ушбу портлашларда 150 дан ортиқ одам тан жароҳати олди. Банну туманида полиция участкаси нишонга олинган бўлса, Пешоварда савдо маркази портлатиб юборилди.

Айни пайтда Толибон ҳаракати ҳар иккала ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Кун янгиликлари

“Ўш воқеаси” бўйича 2010 йилдаги Муваққат ҳукуматнинг уч аъзосига айблов билдирилди

"Ўш воқеаси" юзасидан айбланаётган сиёсатчилар ( ўнгдан чапга) Бектур Асанов, Исмаил Исақов ва Кенешбек Дуйшўбаев.

Қирғизистон Бош прокуратураси 2010 йилнинг июнида содир этилган “Ўш воқеаси” бўйича очилган жиноят иши доирасида ўша вақтдаги Муваққат хукумат аъзолари бўлган Кенешбек Дуйшўбаев, Исмаил Исақов ва Бектур Асановга айблов билдирди. Бу хақида Озодликнинг қирғиз хизматига айбланувчилардан бири Кенешбек Дуйшўбаев хабар берди.

Унга кўра, Бош прокуратура терговчиси сиёсатчиларга айбловни 20 май куни билдирган. Дуйшўбаев терговдан сўнг яшаган жойини тарк этмаслик тўғрисида тилхат билан қўйиб юборилган. Сиёсатчи буни сиёсий таъқиб деб ҳисобламоқда.

“Менга Жиноят кодексининг 337-моддаси (“Хизмат лавозимини суистеъмол қилиш”) айби қўйилди. Бу иш буюртма. Биз ҳозир мухолифатда бўлганимиз учун босим қилишаяпти. Ишда хеч қандай далиллар йўқ. Бундан кейин тергов, суд адолатли бўлиши керак. Бироқ бундай бўлишига ҳам ишонмай турибмиз”, - деди Дуйшўбаев.

Сиёсатчи ўзи билан биргаликда сўроқ қилинган Исмаил Исақов ва Бектур Асановга қандай айбловлар қўйилганини билдирмади. Озодлик радиоси улар билан боғланишга ва муносабат олишга ҳаракат қилди, бироқ бундан самара бўлмади.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бир йил аввал июнь воқеаси юзасидан 2010 йилдаги Муваққат ҳукумат аъзоларига нисбатан очилган жиноят иши қайта тергов қилина бошлаганини билдирган.

Бунга қадар президент Садир Жапаров махсус хизматларга июнь воқеасининг келиб чиқиш сабабларини қайта тергов қилишга кўрсатма берган эди. Мазкур иш бўйича Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 25 апрель куни, президент Садир Жапаров 27 апрелда Бош прокуратурада гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.
Хозиргача Ўш воқеалари чоғида раҳбарлик лавозимида бўлган 15 киши терговга чақирилди.

2010 йилнинг 7 апрелидаги халқ қўзғолони оқибатида президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилган ва Қирғизистон жанубидан вақтинча бошпана топган эди. Ўшанда ҳокимиятга келган Муваққат ҳукумат ва Бакиев тарафдорлари ўртасидаги сиёсий кескинлик ортидан Ўшда июнь ойида миллатлараро низо бошланиб кетганди.

“Июнь воқеаси” номи билан аталувчи мазкур воқеада расмий ҳисоб бўйича 446 одам ҳалок бўлган, 2 мингга яқин одам турли жароҳат олган, 57 одам бедарак кетган. Уларнинг 19 нафари бугунгача топилмаган.

Халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия бу низо “қирғиз ҳукуматнинг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” тўғрисида хулосага келган. Аммо Қирғизистон парламенти бу хулосадан норози бўлиб, комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатда “исталмаган шахс” сифатида эълон қилганди.

Қирғизистон ҳукумати комиссияси ва парламент депутатларидан иборат комиссия эса Ўш воқеаларининг содир этилишида Қирғизистондаги бир қатор ўзбек лидерларини айблаган.

2010 йил июнь воқеалари бўйича ҳозирга қадар 545 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.

Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари одам ўлдирганликларда айбланиб, бир умрга қамалган 30 кишининг 28 нафари ўзбек экани айтилган.

WSJ: Украина ғалласини транзит қилиши эвазига Беларусдан санкциялар вақтинча ечилиши мумкин

Қўшма Штатлар Украина ғалласи Беларусь ҳудуди орқали транзит қилиниши эвазига Беларуснинг калийли ўғитларига нисбатан жорий этилган санкцияларни вақтинча бекор қилиши мумкин, дея хабар қилди The Wall Street Journal.

Нашр манбаларига ўра, санкцияларни олти ой муддатга тўхтатиб туриш муҳокама қилинмоқда. Украина донини эса темир йўл транспортида Беларусь орқали Латвиянинг Клайпеда бандаргоҳига етказиш мўлжалланган.

Аввалроқ WSJ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ғалла юкланган кемаларни Украина портларидан чиқариши эвазига Россия ва Беларусь калийли ўғитлари экспортига нисбатан жорий этилган чекловларни юмшатишни таклиф қилгани ҳақида ёзган. Россия ТИВ эса бунинг учун аввало Россия экспортини санкциялардан озод қилиш масаласи кўрилиши лозимлигини таъкидлаган.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 19 май куни БМТ Хавфсизлик кенгашидаги чиқишида Россияни украин портларини очишга чақирган. Унга кўра, “озиқ-овқатни қурол ўрнида қўллаш қарори Москвада ва фақат Москвада олинмоқда”. Давлат котиби Украина элеваторларида экспорт қилишга мўлжалланган қарийб 20 миллион тонна ғалла мавжудлигини урғулаган.

Украинага Қора денгиз орқали озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини қайтадан йўлга қўйишга имкон берувчи “чора-тадбирлар мажмуи” устида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам иш олиб бормоқда.

“Дунёда ҳаммага етарли озиқ-овқат мавжуд. Муаммо уни етказиб беришда бўлиб, бу масала Украинадаги урушга чамбарчас боғлиқдир”, дея қайд этган Гутерриш БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида.

Moscow Times: Россия Украинадаги аскарларини ҳарбий уст-бош ва анжомлар билан таъминламаяпти

Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган россиялик аскарлар ҳарбий уст-бош ва анжомларини ўз ёнларидан сотиб олишга мажбур бўлишмоқда. Moscow Times нашри суриштирувида шу ҳақда сўз боради.

Нашр журналистлари Украинада жанг қилаётган одамлар билан аноним тарзда суҳбатлашишган.

“Ўқ ва снаряд парчаларидан сақлайдиган тўртинчи ҳимоя даражасига эга зирҳли нимча ўртача 70 минг рубль туради. Каска учун 10 минг, тузукроқ аскарча пойабзалга яна 5 минг харажат қилиш керак. Оёқ кийим икки жуфт бўлгани маъқул. Анжомларни тутиб турадиган нимча 5 мингдан 10 минггача. Бундан ташқари, куртка, шим, футболка ва ичкийим зарур. Ҳаммаси 200 минг рублга боради”, деган Миллий гвардия ходими.

Россия армиясининг хизматдаги зобити замонавий зирҳли нимча ва каскалар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини, РФ Қуролли кучларида қишлик уст-бош, қуруқ паёк ва дориқутилар етишмаслигини айтган. “Советларнинг эски темир-терсагига кунимиз қолган. Қуроллар дуруст отилмайди”, дея нолиган у.

Дориқутилари билан боғлиқ муаммони бошқа бир ҳарбий ҳам тасдиқлаган. Унинг айтишича, давлат томонидан бериладиган “аптечка”да бинт, йод ва жгутдан бошқа ҳеч вақо бўлмайди.

“Мен ўзим учун 20 минг рублга дориқути ҳозирладим: антибиотиклар, жгут, антидот, боғлов пакетлари, игналар, қонни тўхтатувчи воситалар олдим. Ўз ғамингни ўзинг е, сенга бировнинг раҳми келмайди. Жанг майдонида йод билан қонни тўхтатолмайсан”, деган исми сир қолишини истаган ҳарбий.

Time журнали Владимир Зеленскийни “Йил одами” деб эълон қилди

Владимир Зеленский

АҚШда чиқадиган Time журнали Украина президенти Владимир Зеленскийни “Йил одами” деб эълон қилди. У учун нашр муштарийларининг 5 фоизи (3,3 миллион киши) овоз берган.

“Февраль ойида Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган пайтда 2019 йили Украина президенти бўлиб сайлангунича сиёсий тажрибага эга бўлмаган комик актёр Зеленский жаҳон саҳнасига чиқиб, Украинани дастаклаш учун лидерларни жипслаштиришга муваффақ бўлди”, деб ёзган Time.

Иккинчи ўрин муштарийларнинг 3,5 фоиз овозини қозонган Tesla ва SpaceX ширкатлари бош директори Илон Маскка насиб бўлди. Маск 2021 йилда “йил одами” бўлган эди. Учинчи ўринга 3,4 фоиз овоз билан Британия бош вазири Борис Жонсон чиққан.

Дунёдаги энг нуфузли одамларнинг якуний рўйхатини Time журнали 23 май куни эълон қилиши кутилмоқда, нашр муҳаррирлари ҳали овоз бермаганлари учун мазкур рўйхатда ўзгаришлар бўлиши ҳам мумкин.

Бир пайтлар “Йил одами” ўлароқ “Time” муқовасида чиққан Россия президенти Владимир Путин ўтган йили дунёдаги энг нуфузли кишиларнинг юзталигига ҳам кира олган эмас.

Рус таҳлилчисининг “Россия 1” телеканалида Украина армияси устунлиги ҳақида гапирган гаплари сенсация бўлди

Михаил Ходарёнок урушдан аввал Украинани бир зумда мағлуб этиш имконсиз экани ҳақида мақола ёзган.

“Россия 1” телеканалида 16 май куни жонли эфирда чиқиш қилган истеъфодаги полковник, “Газета.ру” таҳлилчиси Михаил Ходарёнок Украина армияси Россия армиясидан устунлиги ҳақида кутилмаган гапларни айтгани халқаро матбуотда сенсация бўлди.

Михаил Ходарёнок бу гапларни Россия пропагандасининг асосий устунларидан бири бўлган Ольга Скабееванинг кунига икки марта эфирга узатиладиган “60 минут” кўрсатувида айтди ва халқаро матбуотда таъкидланишича, унинг сўзларига Россиянинг асосий пропагандистларидан бири бўлган Ольга Скабеева эътироз билдира олмаган.

Михаил Ходарёнок ўз сўзида Украинадаги уруш чўзилгани сари Россия армиясининг аҳволи танглашиб боришини таъкидлади.

Таҳлилчи ўз чиқишида эътироф этган айрим фикрлардан иқтибос келтирамиз (“Кун.уз” таржимасида):

“Украина 1 миллион одамни қуроллантириши мумкин. Улар учун 1 миллион одамни жалб қилиш муаммо бўлмайди. Гап бунча одамни қуроллантиришда қолади. Табиийки Украина ўз қуроллари билан бундай қила олмайди. Лекин [АҚШ эълон қилган] ленд-лиз тез орада кучга кириши, Европа ёрдамни кучайтириши ҳисобига Украина яқин вақтлар ичида миллион нафар қуролли кучга эга бўлишини кутса бўлади. Буни тезкор-стратегик режаларда инобатга олиш керакки, бу борада аҳвол биз учун эндиликда фақат ёмонлашади”...

...“Биласизми бизнинг ҳарбий-сиёсий ҳолатимиздаги энг жиддий муаммо нима? Ҳар қанча тан олишни истамасак ҳам, бутун дунё бизга қарши. Сиз Ҳиндистон ва Хитой бизни қўллаётганини айтяпсиз, лекин бу очиқчасига кўринаётгани йўқ. Бизга қарши 42 та мамлакатдан иборат коалиция тузилганини нормал ҳолат деб бўлмайди. Бизнинг ҳарбий ва техник имкониятларимиз эса чекланган, бу ҳолатдан чиқиш керак”...

...”Бўлаётган воқеаларга реал ҳарбий-стратегик нуқтайи назардан қараш керак, «информацион тинчлантирувчи» ичиб олиш шарт эмас. Украина ҳарбийлари орасида руҳий тушкунлик борлиги ҳақида гаплар тарқалмоқда, баъзи бўлинмаларда муаммо бўлиши мумкин, аммо умумий ҳолат шундай деб қабул қилиб бўлмайди. Қисқаси, бу ҳақиқатга тўғри келадиган гаплар эмас”...

... “Ҳар қандай армиянинг профессионаллигини ундаги ҳарбийлар шартнома бўйича хизмат қилаётгани белгилаб бермайди. Асосийси шахсий таркибни ўқитиш ҳамда ватан учун жон беришга тайёр ҳолатдаги мотивацияга эга бўлиш. Айнан мана шу руҳият армия профессионаллигини белгилаб беради. Шу сабаб чақирув ёрдамида тўлдирилган армия ҳам яхшигина профессионал бўлиши мумкин. Баъзи сиёсатчиларимизнинг миясида бир нотўғри фикр қотиб қолган: ким армияда шартнома билан хизмат қилаётган бўлса у – профессионал бўлиши ҳақида. Бўлмаган гап. Ватан учун жонини бериш, ҳозир Украина аскарларида учраётган ҳолат, бу жиддий нарса”.

Михаил Ходарёнокнинг чиқиши жаҳондаги нуфузли нашрлар томонидан “Россия пропагандаси билан машғул бўлган телеканалдаги илк ҳақиқат” сифатида эътироф этилди. Жумладан, The Telegraph “Бутун дунё бизга қарши”: Истеъфодаги рус полковниги Кремлнинг уруш машинасига қарши гапирди”, Newsweek “Россияликлар Украинадаги уруш кутилганидек кетмаётганини давлат телеканали эфирида билиб олишди”, Обозреватель “Таслим бўлиш имконсиз”: Россия пропагандачилари йўналишни ўзгартиришди, Скабеевада янги сўз топилмади” каби сарлавҳалар остида мазкур воқеани ёритишди.

“Кун. уз” нашрининг ёзишича:Михаил Ходарёнок урушдан аввал Украинани бир зумда мағлуб этиш имконсиз экани ҳақида мақола ёзган. Ўша мақолада эксперт Кремль Украина билан можарода Ғарбдан қурол етказиб берилиши сценарийсига тайёр эмаслиги, умуман, Украина билан уруш Россиянинг миллий манфаатларига кирмаслигини ёзганди”.

Россиянинг Курск вилоятидаги Тёткино қишлоғи ўққа тутилгани айтилмоқда

Президент Путин Курск губернатори Старовойт билан.

Курск вилоят губернатори Роман Старовойт Украина томонидан Тёткино қишлоғи ўққа тутилганини ва бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Губернаторга кўра, яна бир киши яраланган ва касалхонага ётқизилган. Бундан ташқари бир нечта уйга зарар етган.

17 май куни эрталаб Курск вилоятининг Украина билан чегарадош ҳудудида жойлашган Алексеевка қишлоғи ҳам ўққа тутилгани айтилган эди. Ўшанда учта уй, мактаб биноси ва бир автомобил зарар кўргани билдирилган.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Курск вилоятининг Украина билан чегарадош ҳудудлари бир неча марта ўққа тутилгани хабар қилинганди. Шунингдек, вилоят ҳудудида украин дронлари уриб туширилгани ҳам иддао қилинган.

Май ойида Сужа-Сосновий бор темир йўлидаги кўприкнинг бир қисми қулаб тушган. Старовойт бу воқеани диверсия деб атаган.

Ғарб давлатлари Тоғли Бадахшондаги вазият юзасидан ташвиш билдирмоқда

Тожикистондаги бир қатор хориж давлатлари элчихоналари ўз ҳукуматлари Тоғли Бадахшонда юзага келган вазиятдан ташвишда эканликларини билдирди.

Европа Иттифоқи, АҚШ, Франция, Германия, Британиянинг Душанбедаги ваколатхоналари 19 май куни тарқатган қўшма баёнотда “тартибсизликлар вазиятни янада кескинлаштириши”дан хавотир билдирилди ва томонлар “зўравонликдан тийилишга ҳамда босиқ бўлишга” чақирилди.

Расмий хабарларга қараганда, Тоғли бадахшоннинг Рушон туманида ўтказилган “аксилтеррор амалиёти” пайтида камида 10 киши ҳалок бўлган, 27 киши яраланган. Ҳукумат бундан ташқари “70 жангари асирга олингани” тўғрисида маълум қилган.

Тожикистон ҳукумати 18 май куни эрталаб тоғли Бадахшонда “аксилтеррор амалиёти” бошланганини билдирган эди. Ички ишлар вазирлиги расмий билдирувида таъкидланишича, “аксилтеррор амалиёти” ўтказилишига Рушан туманида ҳарбийлар ва Хоруғ йўлини тўсишга ҳаракат қилган маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашув юзага келгани сабаб бўлган. Вазирлик йўл тўсганларни “жиноий гуруҳ аъзолари” деб атаган.

Амалиёт пайтида Тожикистон хавфсизлик кучларининг бир зобити ҳалок бўлган ва 13 нафари яраланган.

Pamir Daily News нашри Телеграм-каналида хавфсизлик кучлари билан маҳаллий аҳоли ўртасида отишма содир этилганини ёзган. Нашр маҳаллий аҳолига таянган ҳолда бир вертолёт уриб туширилганини, ўнга яқин киши ҳалок бўлганини билдирган.

16 май оқшомида Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Хоруғдаги норозилик намойиши иштирокчиларига қарши резина ўқлар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган эди. Озодлик тожик хизматининг ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳодиса чоғида бир киши нобуд бўлган, уч киши тан жароҳати олган.

Хоруғдаги митинг расмийлар мухтор вилоят раҳбари Алишер Мирзонабот ва шаҳар мэри Ризо Назарзодани истеъфога чиқариш, вилоятдаги барча блокпостларни олиб ташлаш ҳамда бадахшонликларни таъқиб қилишни тўхтатишга оид талабларни кўриб чиқишни рад этишгани ортидан бошланган.

Google Россиядаги шўъбасини банкрот деб эълон қилди, ходимларини Дубайга кўчирди

АҚШнинг Google корпорацияси Россиядаги ходимларининг асосий қисмини Дубайга кўчирди, айрим ходимлар эса Россияда қолишни ихтиёр қилди ва ишдан бўшади. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди. Хабарда Дубайга кўчирилган ходимлар сони ҳақида маълумот берилмаган.

Google шўъбаси март ойида суд ширкатнинг мамлакатдаги асосий банк ҳисобини музлатиб қўйгани ортидан ходимларга чет элга кўчиб ўтишни таклиф қилган. Шундан сўнг суд ижрочилари банк ҳисобидаги маблағни ечиб олган, бунинг ортидан шўъба ойликларни ва бошқа ҳаражатларни тўлаш имкониятидан маҳрум бўлган.

18 май куни Google Россиядаги шўъбаси банкрот бўлганини расман эълон қилди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Москва суди Россияда тақиқланган маълумотларни ўчиришдан бош тортгани учун Google ширкатини даромад айланмасидан 7 миллиард рублдан кўпроқ жаримага тортган эди.

Май ойининг охирларида суд ижрочилари жаримани ширкатнинг банк ҳисоб рақамидан мажбурий равишда ечиб олган. Россия ҳукуматидан ташқари Google ширкатини Кремлга мойил бўлган НТВ ва “Царьград” телеканаллари ҳам судга берган.

Google Россияда қидирув, YouTube, хариталар ва Gmail почтаси сервислари хизмат кўрсатишда давом этишини режалаштирмоқда.

Британия разведкаси: Украинада муваффақиятга эриша олмаган рус қўмондонлари ишдан олинди

"Москва" крейсери 14 апрель куни Украинанинг иккита ракетаси билан урилганидан кейин чўкиб кетган.

Британия Мудофаа вазирлиги навбатдаги билдирувида, разведка маълумотларига таянган ҳолда, Украинада муваффақиятга эриша олмаган рус қўмондонлари ишдан олингани айтилмоқда.

Разведка маълумотларида қайд этилишича, генерал-лейтенант Сергей Кисель Харьковни эгаллаш амалиётини барбод қилгани, вице-адмирал Игорь Осипов “Москва” крейсерининг ҳалокатга учрагани ортидан лавозимидан бўшатилган.

“Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов лавозимида қолмоқда, лекин Путиннинг унга ишончи мустаҳкамми деган савол очиқ қолмоқда”,-дейилади билдирувда.

Сергей Киселнинг ишдан олингани тўғрисида аввал украин ОАВлари ёзган эди, Осиповнинг лавозимидан кетгани ҳақида эса Украина Мудофаа вазирлиги билдирган. Россия ҳозирча бу хабарларга муносабат билдирмади.

Уруш шароитида мазкур хабарларни мустақил манбалардан текшириш ва тасдиқлаш имкони мавжуд эмас.

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшонидаги “аксилтеррор амалиёти”: Ҳалок бўлди - 8, яраланди - 11, асирга олинди - 70

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида ўтказилган “аксилтеррор амалиёти” пайтида “саккиз жангари йўқ қилингани” ва “11 киши яралангани”ни маълум қилди. Маҳаллий нашрлар минтақада отишмалар давом этаётганини ёзмоқда.

Тожикистон ҳукумати 18 май куни эрталаб тоғли Бадахшонда “аксилтеррор амалиёти” бошланганини билдирган эди. Ички ишлар вазирлиги расмий билдирувида таъкидланишича, “аксилтеррор амалиёти” ўтказилишига Рушан туманида ҳарбийлар ва Хоруғ йўлини тўсишга ҳаракат қилган маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашув юзага келгани сабаб бўлган.

“200 кишидан иборат жиноий гуруҳ ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш мақсадида Душанбе-Хоруғ автойўлининг Рушан туманидан ўтувчи уч қисмини ноқонуний равишда тўсиб қўйган. Жиноий гуруҳлар бу йўлни хориждан қурол ва ўқ-дори етказиб берилишини таъминлаш мақсадида тўсиб қўйишни режалаштириб келган. Бир марта огоҳлантириш берилганига қарамасдан жиноий гуруҳ аъзолари қуролларини ташлашдан бош тортди ва конституциявий тузумга қарши ҳаракатини давом эттирди. Сўнгра улар террорчиликка ўтишди. Фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари аксилтеррор амалиётини бошлади. Натижада террорчи гуруҳнинг 8 жангариси йўқ қилинди, 11 нафари ярадор бўлди, 70 нафари асирга олинди. Жабрланганлар орасида маҳаллий аҳоли йўқ эканини алоҳида таъкидлаймиз”,-дейилади Ички ишлар вазирлиги расмий билдирувида.

Амалиёт пайтида Тожикистон хавфсизлик кучларининг бир зобити ҳалок бўлган ва 13 нафари яраланган.

Аввалроқ Pamir Daily News нашри Телеграм-каналида хавфсизлик кучлари билан маҳаллий аҳоли ўртасида отишма содир этилганини ёзган. Нашр маҳаллий аҳолига таянган ҳолда бир вертолёт уриб туширилганини, ўнга яқин киши ҳалок бўлганини билдирган.

Ички ишлар вазирлиги бу воқеага чет элдан келган кучлар аралашганини, жиноий гуруҳга қурол чет элдан етказиб берилганини, террор ва провокация ҳаракатларини амалга ошириш учун жангарилар ёлланганини маълум қилмоқда.

16 май оқшомида Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Хоруғдаги норозилик намойиши иштирокчиларига қарши резина ўқлар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган эди. Озодлик тожик хизматининг ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳодиса чоғида бир киши нобуд бўлган, уч киши тан жароҳати олган.

Хабарга мувофиқ, душанба кунги акцияни тарқатиш чоғида 30 ёшли Замир Назаршоев вафот этган. Бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас.
Хоруғдаги митинг расмийлар мухтор вилоят раҳбари Алишер Мирзонабот ва шаҳар мэри Ризо Назарзодани истеъфога чиқариш, вилоятдаги барча блокпостларни олиб ташлаш ҳамда бадахшонликларни таъқиб қилишни тўхтатишга оид талабларни кўриб чиқишни рад этишгани ортидан бошланган.

Қирғизистон: Қишлоқ мактабининг шифти ўпирилиб тушди, ўқитувчи ва уч ўқувчи касалхонага ётқизилди

Шифти қулаган синфда 3-синф ўқувчилари ўқиган.

Жалолобод вилояти Чотқол тумани Тераксой қишлоғидаги Амирабек Чимканаев номидаги 18- ўрта мактаб шифти дарс пайтида қулаб тушди. Бу пайтда синфда 16 ўқувчи бўлган. Воқеа ортидан уларнинг барчаси касалхонага олиб борилган. Текширувдан сўнг бир ўқитувчи ва уч ўқувчи касалхонага ётқизилди. Қолганларига эса текширувдан сўнг уйларига кетишга рухсат берилди.

Воқеа 17 май кундузги соат 12 лар чамасида юз берган. Мактаб директори Сарақан Қўйчуманқулова шифти қулаган ҳонада дарс пайти 16 ўқувчи ва бир ўқитувчи бўлганини билдирди.

Воқеадан кейин синфдагиларни бошқа ўқитувчилар хавфсиз жойга олиб чиқиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Қўйчуманқулованинг айтишича, томи қулаган хонада 3-синф ўқувчилари бўлган:

“Кабинетим ёнидаги синф хонасида бўлди. Бир нарса дуп этип қулагандай бўлди, қарасам синф ойнасидан чанг чиқяпти. Ўқитувчи устидан тушгани учун у қаттиқ қўрқиб кетибди, қон босими кўтарилибди, шифокорлар биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишди. Ҳозир ўқитувчимизнинг аҳволи яҳши. Ўқувчилар эса шок ҳолатига тушиб қолган. Худога шукур, жиддий жароҳат олганлар йўқ”.

Ўзини Наргиза деб таништирган ўқувчилардан бирининг онаси қизининг саломатлиги яхши эканини айтди:

“Худо сақлабди. Қизимнинг, болаларнинг саломатлиги яхши экан. Касалхонада қарашяпти”.

Чотқол туман маориф бўлими раҳбари Тажибай Тинишовнинг айтишича, мактаб иморати эски бўлгани билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан авария аҳволида деб топилмаган:

“Ўзи эски мактаб. Бироқ, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳавфли деб рўйхатга олмаган. Чотқол туманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қарори билан уч мактаб авария ҳолатида. Уларнинг иккитасини янгилаш ҳаракати кетяпти”.

16 ўқувчи билан ўқитувчининг саломатлигини Олабуқа ҳудудий касалхонаси шифокорлари текширдилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 майда ўқитувчи ва уч нафар ўқувчи касалҳонага ётқизилганини, уларнинг аҳволи қаноатланарли эканини айтди.

“Болалар касалхонага ўзлари юриб келди. 14 ўқувчи ва бир ўқитувчи келди. Аҳволлари яхши, шифокорлар назоратидан ўтишяпти”,- деди Олабуқа ҳудудий касалхонаси раҳбари Бақтигул Алибаева.

Воқеа жойидан олинган суратда 3-синф ўқувчиларининг ўқув қуроллари ва парталари тупроқ остида қолганини кўриш мумкин.

Ҳукумат воқеа юзасидан йиғин ўтказиб, тегишли ташкилотларга барча мактабгача тарбия ва умумий билим бериш идоралари биноларининг аҳволини текширишни топширди.

Парламент депутати Жанар Ақаев эса, мактаб шифти қулашига мазкур ҳудудда олтин қазиш билан шуғулланувчи “Эти-Бакир Терек-Сай” ширкати қишлоқ яқинида портлатиш ишларини олиб боргани сабаб бўлган, деган маълумот мавжудлигини айтмоқда:

“Мактаб шифти портлатиш ишлари амалга оширилган пайтда қулаган. Қишлоқдан унча узоқ бўлмаган ҳудудда портлатиш ишларининг олиб борилиши нақадар қонуний? Ширкат бу иши учун сўзсиз жавбогарликка тортилиши шарт”.

Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Урматбек Шамирқанов депутатнинг бу баёнотига жавоб берар экан:, бу воқеа юзасидан махсус комиссия текширув ўтказишини маълум қилди.

“Эти Бакир Терек-Сай” компанияси депутат баёнотига муносабат билдирмади. Мазкур ширкат капиталининг 75% Туркиянинг "Эти Бакир" компаниясига, 25% Қирғизистоннинг "Қирғизолтин" очиқ ҳиссадорлик жамиятига қарашли.

Шифти қулаган икки қаватли мактаб биноси 1951-йили қурилган. У ерда айни пайтда 360дан ортиқ ўқувчи билим олади.

Тожикистон Тоғли Бадахшонда “аксилтеррор амалиёти” бошланганини билдирди

Хоруғ, 2022 йилнинг 17 майи.

Тожикистон ҳукумати 18 май куни тоғли Бадахшонда “аксилтеррор амалиёти” бошланганини билдирди. Ички ишлар вазирлиги расмий билдирувида таъкидланишича, “аксилтеррор амалиёти” ўтказилишига Рушан туманида ҳарбийлар ва Хоруғ йўлини тўсишга ҳаракат қилган маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашув юзага келгани сабаб бўлди.

Ҳозирча тўқнашувда жабрланганлар тўғрисида маълумот йўқ. Мустақил манбалар эса бир неча киши ярадор бўлганини айтмоқда.

Ички ишлар вазирлиги “17 май куни уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш мақсадида Душанбе-Кўлма халқаро автойўлининг бир қисмини ноқонуний равишда тўсиб қўйишди”, деб билдирди.

Вазирлик баёнотида жиноий гуруҳга оид маълумотлар айтилмаган. Бироқ вазирлик бу воқеага чет элдан келган кучлар аралашганини, жиноий гуруҳга қурол чет элдан етказиб берилганини, террор ва провокация ҳаракатларини амалга ошириш учун жангарилар ёлланганини маълум қилмоқда.

16 май оқшомида Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Хоруғдаги норозилик намойиши иштирокчиларига қарши резина ўқлар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган эди. Озодлик тожик хизматининг ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳодиса чоғида бир киши нобуд бўлган, уч киши тан жароҳати олган.

Хабарга мувофиқ, душанба кунги акцияни тарқатиш чоғида 30 ёшли Замир Назаршоев вафот этган. Бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас.

Хоруғдаги митинг расмийлар мухтор вилоят раҳбари Алишер Мирзонабот ва шаҳар мэри Ризо Назарзодани истеъфога чиқариш, вилоятдаги барча блокпостларни олиб ташлаш ҳамда бадахшонликларни таъқиб қилишни тўхтатишга оид талабларни кўриб чиқишни рад этишгани ортидан бошланган.

Human Rights Watch Россия ҳарбийларининг Украинадаги жиноятларини қайдга олди

Human Rights Watch халқаро ташкилоти Россия ҳарбийларининг Украина шимолида тинч аҳолига нисбатан содир этган жиноятларини ҳужжатлаштирди.

“Настояшчее время” телеканалининг хабар беришича, HRW 10 апрелдан 10 майгача 65 кишидан гувоҳлик кўрсатмаларини олган. Бундан ташқари ташкилот вакиллари жиноятлар содир этилган жойлардан олинган ашёвий далилларни, жабрланган ва гувоҳлардан олинган фото ва видеоларни ўрганган.

Хабарда таъкидланишича, халқаро ташкилот Киев ва Чернигов вилоятларининг 17 та аҳоли пунктида 22 та қатл ва 9 та ноқонуний қотилликлар содир этилганини, 6 та ҳолатда тинч аҳоли зўравонлик оқибатида бедарак кетганини ва 7 та қийноқ ҳолати содир этилганини ҳужжатлаштирди.

Бундан ташқари 21 киши Россия ҳарбийлари томонидан ноқонуний равишда ҳибсда сақлангани ҳамда ноинсоний муносабатга дучор этилгани тўғрисида кўрсатма берган.

Россия ФХХ Кемеровода “Украина нацистлари тарафдори” бўлган “диверсант” қўлга олинганини иддао қилди

Иллюстратив сурат.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати - ФХХ Кемеровода гўёки “Украина нацистлари тарафдори” бўлган “диверсант” қўлга олинганини иддао қилди. Расман билдирилишича, Россия фуқароси бўлган “диверсант” иккита электр узатиш линиясининг ишдан чиқарилишига алоқадор бўлган.

Хабарда айтилишича, линияларнинг ишдан чиқарилиши оқибатида Кемеровода электр таъминотида вақтинчалик узилишлар юзага келган.

ФХХ қўлга олинган шахснинг уйидан симёғочларнинг мустаҳкамлигини таъминловчи болтлар, канистрага қуйилган бензин, иккита пневматик тўппонча ва иккита жанговар ҳанжар топганини иддао қилди. ФХХга кўра, қўлга олинган шахс кундалик тутган ва унга тайёрланаётган диверсиялар тўғрисидаги маълумотларни ёзиб борган.

“Интерфакс”нинг хабар беришича,қўлга олинган шахс ўз айбини тан олган ва ҳарбий комиссариатга ўт қўйишни режалаштирганини ҳам айтиб берган

Мазкур шахсга нисбатан “Мулкни атайлабдан йўқ қилиш ёки зарар етказиш” ва “Диверсия” моддалари асосида жиноят иши очилган.

Путин билан учрашувда Эмомали Раҳмон тожик армиясини модернизация қилиш масаласини кўтарди

Владимир Путин ва Эмомали Раҳмоннинг Кремлдаги учрашувидан лавҳа, 2022 йил 16 майи

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 16 май куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда ўз мамлакати қуролли кучларини модернизация қилиш ва тожик-афғон чегарасидаги вазият билан боғлиқ масалаларни кўтарди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати маълум қилди.

Тожикистон раҳбари Москвага КХШТга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида қатнашиш учун борган.

“Россия Тожикистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори бўлиб қолаётганини таъкидлашдан мамнунман. Ўтган йили икки мамлакат ўртасида маҳсулот айланмаси салкам 45 фоизга ошди. Жорий йилнинг уч ойида ўсиш 70 фоиздан юқори бўлди”, деган Путин Тожикистон президенти билан учрашувда.

Ўз навбатида, Эмомали Раҳмон Тожикистон қуролли кучларини модернизация қилиш дастурини амалга ошириш жараёнини ҳамда тожик-афғон чегарасидаги вазиятни муҳокама қилиш истагини билдирган. “Шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича ҳам фикр алмашишга тайёрман”, дея қўшимча қилган Тожикистон раҳбари.

Кремлдаги мазкур учрашувдан бир неча кун олдин Тожикистон ҳудудига Афғонистондан бир нечта снаряд ва ўқлар келиб тушган. Мазкур воқеадан сўнг Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари тўлиқ жанговар шайлик ҳолатига келтирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG