Линклар

Шошилинч хабар
30 май 2024, Тошкент вақти: 21:48

Алламжонов Ўзбекистоннинг сўз эркинлиги рейтингига изоҳ берди


Комил Алламжонов.
Комил Алламжонов.

Ўзбекистон президенти администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов блогерларга қарши жиноят ишлари мамлакатнинг халқаро сўз эркинлиги рейтингидаги ўрнига салбий таъсир кўрсатганини эътироф этди.

Бу ҳақда у 10 май куни ўзининг расмий Телеграм-каналида ёзди.

Айни пайтда Алламжонов қамоққа ташланган блогерларга нисбатан илгари сурилган "фирибгарлик" ва бошқа жиноий айбларни савол остига олмаган.

"Матбуот эркинлиги юзасидан рейтингларимизда ўзгариш бор. Лекин биз бугун эркин матбуотни ҳуқуқий майдонга олиб чиқмас эканмиз, муаммолар судларда ҳал бўлишига эришмас эканмиз, тараққиёт ўрнига хаос пайдо бўлиши, журналист ёки блогерман деб турли ноқонуний ҳаракатлар, шантаж, фирибгарлик ҳолатларига йўл қўйилиши натижасида жабр кўрган фуқаролар сони ортиб кетишига сабабчи бўламиз. Афсуски, бундай ҳолатлар бўлди. Рейтинг тузилишида шу каби ҳодисалар ҳам таъсир қилди деб ўйлайман", деб ёзди Алламжонов.

У ўз баёнотида конкрет блогер ёки ундан жабр кўргани иддао қилинган шахсларнинг исмини келтирмаган.

Озодлик сўнгги бир йилда ўнга яқин блогер таъмагирлик ва фирибгарлик айблари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилингани ҳақида хабар берган.

Шунингдек, бир неча тармоқ фойдаланувчиси Жиноят кодексининг 3-қисми, 158 - моддасида кўзда тутилган президентни омма олдида ҳақоратлаганлик айби билан қамоққа ташланган.

Аввалроқ UzNews нашри Ўзбекистон Олий суди маълумотларига таянган ҳолда охирги бир йилда камида ўн киши тармоқларда президентни ҳақоратлагани учун қамоқ жазосига маҳкум этилгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбек расмийлари блогер ва тармоқ фойдаланувчиларининг ҳокимиятни танқид қилгани учун қамоққа ташланганини рад этиб келадилар.

Олдинроқ Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти, жумладан, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган Олимжон Ҳайдаровнинг блогерлик фаолияти учун жазоланганини айтиб, Ўзбекистон суди чиқарган ҳукмни қоралаган эди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг бу йилги рейтингида Ўзбекистон 11 поғонага пастлаб, 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллаган.

Бу Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган 2016 йилдан буён энг паст кўрсаткичдир.

Комил Алламжоновнинг сўзларига кўра, президент Мирзиёевнинг "сўз эркинлиги борасидаги позицияси қатъий" ва "очиқлик сиёсатисиз тараққиётга эришиб бўлмайди".

Аммо очиқлик ҳақидаги баёнотларга карамасдан Алламжонов раҳбарларидан бўлган Ўзбекистон президенти администрацияси турли схемалар орқали президент Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаровга боғланган компания шубҳали газ битимларидан ўнлаб миллион доллар пул қилгани ҳақида Озодлик эълон қилган сўнгги суриштирув ҳақида сукут сақламоқда.

Президент Мирзиёев администрацияси Озодликнинг юқори ҳокимият доираларидаги коррупцион ҳолатлар фош этилган бундан олдинги суриштирувларини ҳам жавобсиз қолдирган.

XS
SM
MD
LG