Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:21

Жаҳон аҳлининг тўртдан бири мусулмон


Пю тадқиқот маркази ҳисоботига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 96,3 фоизини (26 миллион 400 минг киши) мусулмонлар ташкил қилади.
Пю тадқиқот маркази ҳисоботига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 96,3 фоизини (26 миллион 400 минг киши) мусулмонлар ташкил қилади.

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Пю тадқиқот марказининг “Ислом дунёси аҳолиси” деб номланган ҳисоботига кўра, ҳозирда дунё аҳолисининг 23 фоизини мусулмонлар ташкил этмоқда.

“Ислом дунёси аҳолиси” деб номланган ҳисобот АҚШнинг Пю тадқиқот маркази томонидан шу пайтгача ўтказилган энг йирик тадқиқот ҳисобланади.

Мазкур ҳисобот дунёнинг 232 та давлати ва ҳудудида аҳолини рўйхатга олиш, демографик тадқиқотлар ва умумий сўровлар орқали 1 минг 500 та манбадан йиғилган маълумотларга асосланган. Ҳисоботда ёзилишича, жаҳонда Ислом динига эътиқод қилувчиларнинг 87-90 фоизини суннийлар, қолган 10-13 фоизини шиа мазҳабидаги мусулмонлар ташкил этмоқда.

- Кўпчиликда Ислом асосан Яқин Шарқ аҳолиси ёки арабларнинг дини деган умумий тушунча шаклланган. Аслида ўтказган тадқиқотимиз Ислом Осиё минтақасидаги асосий дин эканини кўрсатди. Дунё мусулмонларнинг 60 фоизи Туркиядан Индонезия ва Филиппингача чўзилган Осиё ҳудудларида яшайди. Айни пайтда ҳар беш мусулмоннинг бири Яқин Шарқ ёки Шимолий Африкада яшайди, дейди Пю тадқиқот маркази вакили Брайн Грахам.

Пю тадқиқот маркази вакили мусулмонлар энг кўп Осиё давлатларида яшаш баробарида ривожланган давлатларда озчилик сифатида истиқомат қилаётганини айтади:

- Мусулмон аҳолининг энг кўп қисми Индонезия, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Нигерия ва бошқа кўплаб ривожланаётган давлатларда яшайди. Тадқиқотнинг яна бир қизиқ томони шундан иборатки, ҳозирда Ислом дини фақат мазкур давлатларда тарқалмаган. Мусулмонлар дунёнинг ҳақиқий диний жамоаси сифатида яшамоқда. Айни пайтда улар ривожланган давлатларда озчилик сифатида истиқомат қилмоқда, деди Брайн Граҳам.

Пю тадқиқот маркази ҳисоботига кўра, ҳозир дунё бўйича мусулмонлар сони бир миллиард 570 миллион кишини, яъни дунё аҳолиси сонининг 23 фоизини ташкил этмоқда.

Ҳозирда Индонезия дунёдаги энг йирик мусулмон давлат бўлиб, бу мамлакатда 202 миллион 800 минг мусулмон истиқомат қилади. Ҳисоботда Покистон ва Бангладеш Индонезиядан кейин дунёдаги иккинчи ва учинчи йирик мусулмон давлати экани билдирилган.

Дунё мусулмонларининг 80 фоизи асосий дин Ислом дини бўлган давлатларда яшамоқда. Дунё бўйича озчиликни ташкил этган энг йирик мусулмон жамоаси Ҳиндистонда яшамоқда. Ҳисоботга кўра, ҳозир Ҳиндистонда яшаётган мусулмон аҳолиси сони 161 миллион кишини ташкил этади. Мусулмонлар озчиликни ташкил қилган иккинчи ва учинчи давлат Хитой ва Россия бўлиб, Пю маълумотига кўра, ҳозир Хитойда 21,6 миллион, Россияда эса 16,4 миллион мусулмон яшамоқда.

Брайн Граҳам Европа давлатларида ҳам мусулмонлар сони ортиб бораётганини қайд этади:

- Европада қарийб 40 миллион мусулмон яшайди. Россиянинг Европа қисмидаги, шунингдек, Марказий, Шарқий ва Ғарбий Европа давлатларида яшаётган мусулмонлар ҳам шулар жумласига киради. Масалан, Европада, айниқса, Россия ва Албания каби давлатларда жуда кўп мусулмонлар минг йиллар давомида туб аҳоли билан бирга яшаб келмоқда. Мусулмонлар Ғарбий Европадаги Франция, Германия, Белгия, Голландия каби давлатларга кўчиб борган. Аммо бу сўнгги ўн йилликларда амалга ошди, дейди Брайн Граҳам.

Пю тадқиқот маркази ҳисоботига кўра, ҳозир Ғарбий Европа давлатлари ичида энг кўп, яъни, 4 миллиондан ортиқ мусулмон Германияда яшамоқда. Иккинчи ўринда бўлган Францияда уч ярим миллион ва учинчи ўринда бўлган Британияда бир ярим миллион мусулмон аҳоли яшамоқда.

Ҳисоботга кўра, Марказий Осиё давлатлари орасида мусулмонлар энг кўп яшайдиган давлат Ўзбекистон бўлиб, мамлакат аҳолисининг 96,3 фоизи, яъни 26 миллион 400 минг киши Ислом динига эътиқод қилади.

Пю тадқиқот маркази ҳисоботида Тожикистонда аҳолининг 84,1 фоизи, яъни, 5 миллион 840 миллион киши, Қозоғистонда аҳолининг 56,4 фоизи, яъни, 8 миллион 820 минг киши, Туркманистонда аҳолининг 93,1 фоизи, яъни, 4 миллион 750 минг киши ва Қирғизистон аҳолисининг 86,3 фоизи, яъни, 4 миллион 730 минг киши Ислом динига эътиқод қилиши билдирилган.
XS
SM
MD
LG