Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:10

Ўзбекчами¸ инглизчами ë русча?


Аксар ўзбек ëшлари чет элда ўқиш ëки ишлаш орзусида инглиз тилини ўрганишмоқда.
Аксар ўзбек ëшлари чет элда ўқиш ëки ишлаш орзусида инглиз тилини ўрганишмоқда.

Она тили қонунда белгилаб қўйилган мақомига тўла кўтарилган тақдирда ҳам, ўзбек Келесдан нарига ўтар бўлса, бошқа тилга зарурат сезади. Хўш, ўзбекнинг боласи кейинги йилларда ўша – бошқа тилларни қандай ўрганаяпти?

Асосий суҳбатдошимиз қишлоқда туғилган, шу кунда Тошкентда, олий ўқув юртининг магистратурасида ўқиётган 25 яшар Сардор. У 1 синфга Ўзбекистон мустақилликка эришган йили борган.

Озодлик: Она тилингиз қайси тил?

Сардор: Она тилим ўзбек тили.

Озодлик: Яна қанақа тилларни биласиз?

Сардор: Рус тилида гаплашаман¸ ҳозирда инглиз тилини ўрганаяпман.

Озодлик: Рус тилини қандай ўргангансиз?

Сардор: Ота-онам рус мактабини тугатишган. Мен ўзим ўзбек мактабида ўқиганман. Бу ерда асосий омил ота-онам.

Озодлик: Мактабдачи? Мактабдаги дарслар сизга қанчалик ëрдам берди?

- Мактабда уч соатгина рус тили дарси бўларди¸ дейди Сардор.

Сардор асосий суҳбатдошимиз. У билан суҳбатимиз яна давом этади.

Ҳозир Тошкент вилояти қишлоқларидан биридаги ўрта мактабнинг рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Шарофатхондан эшитинг. У ўқитувчиликни совет даврида, 1986 йили бошлаган.

- Ўша пайтда рус тили 2 синфдан 10 синфгача ўтиларди. Ҳафтасига олти соат бўларди. Ҳозир ана шу олти соат бошланғич синфми¸ юқори синфми бундан қатъий назар¸ ҳафтасига икки соатга ҳамма синфга стандарт¸ дейди Шарофатхон.

Сардор билан суҳбатга қайтамиз.

Озодлик: Сиз мана 25 ëшга кирган йигит экансиз. Олий маълумотли экансиз¸ магистратурани битираяпсиз экан. Тенгдошларингизнинг она тилидан бошқа тилларни билиши ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳозир буни икки қисмга бўлиш мумкин. Ҳозирги пайтда шаҳардаги ëшлар билан қишлоқдаги ëшлар ўртасида катта фарқ бор. Бу олдин ҳам бўлган ва ҳзоир ҳам бор. Шаҳардаги ëшларда имконият кўпроқ¸ дейди Сардор.

Қишлоқ мактаблари эса бу масалада анча оқсамоқда, дейди Сардор.

Келинг, ўша қишлоққа ҳам борайлик. Қашқадарё вилоятининг чекка қишлоқларидан бирида яшовчи ёши 60 дан ошган деҳқон Одил акадан эшитинг.

Озодлик: Қашқадарëнинг узоқ қишлоғида яшаëтган болалар иккинчи тилни етарли даражада ўзлаштираяптими? Иккинчи тили борми йўқми?

Одил ака: Энди иккинчи тил деганда рус тили¸ инглиз тили ë бошқа бир тилни ўрганиш керак. Мактабларда бор дарс. Лекин болалар унчалик ўзлаштира олмаяптида. Авваламбор ўзининг она тилисини яхши билмайди. Бунга сабаб дарслар яхши ўтилмайди. Илгари биз ўқиган пайтда тилдаги грамматик таҳлил деган гап бор эди. Яъни бир жумланинг сифати қайси¸ феъли қайси¸ оти қайси айтиб берардик. Ҳозир унақа гаплар ҳам йўқ.

Озодлик: Сиз бу гапни шунақа бўлса керак¸ деб ўзингизча тахмин қилиб айтаяпсизми ëки невараларингизнинг билимини текшириб кўрганмисиз?

- Невараларимизнинг билимини текшириб кўрамиз. Умуман ўқитиш йўқда. Ҳаммаси пахтада¸ ишда. Мактабларда ҳам унчалик талабчанлик йўқ¸ дейди Одил ака.

Яна Тошкентга, Сардорга қайтамиз.

Озодлик: Мана энди мотивацияга келамиз. Нималар бошқа тилни ўрганишга ундаяпти?

Сардор: Энг биринчидан¸ ҳаëтида битта каръера қилишга¸ иккинчи сабаби талабалар¸ умуман ўқиëтган болаларни олсак¸ кўплаб адабиëтлар айнан рус тилида¸ керак бўлса инглиз тилида етарли манбаларга эга. Бугунги кунда олий ўқув юртларимиз айнан ўзбек тилида етарли манабаларга эга эмас. Шунинг учун иккинчи сабаб сифатида буни кўрсатишимиз мумкин.

Озодлик: Яна.

- Учинчи сабаби мен ўзимдан келиб чиқишим мумкин. Менинг ҳам бугунги кунда инглиз тилини ўрганишимга сабаб чет элда ўқиш ниятим бор. Менга ўхшаган бошқа ëшлар ҳам айнан чет элда ўқишни орзу қилиб¸ чет тилини ўрганишга ҳаракат қилаяпти¸ дейди Сардор.

Чет тилларни, хусусан, инглиз тилини ўрганишга қизиқиш катталигини нафақат Тошкентда, ҳатто баъзи чекка туманларда ҳам кузатиш мумкин.

Ҳар ҳолда, ёши 52га кирган ургутлик Саидкарим аканинг гапларидан ана шундай хулоса қилиш мумкин.

- Бизнинг Ургутимизда мустақилликдан кейин тил масаласи бўйича ривожланиш бўлган. Биринчи бўлиб беш йил олдин тил маркази очилди. У ерда кўп тиллар инглиз¸ немис тиллари бор. Шу ерга кўп ëшларни жалб қилди. Бундан ташқари Иқбол деган лицей очилди. Билишим бўйича¸ шу лицейга инглиз ва араб тилларига рухсат берган. Шуларнинг тўгараклари ҳам очилди. Ўтган йил Ургут туман халқ таълими бўлимига қарашли Ëшлар ижодий марказида “Тил маркази” деган бўлим очилди. Бунга ҳам 10 тадан вакант берилди. Биз ҳозир инглиз¸ немис¸ француз тилини жалб қилганмиз¸ дейди Саидкарим ака.

Шунга ўхшаш гапни бояги суҳбатдошимиз, рус тили ўқитувчиси Шарофатхондан ҳам эшитдик. У ҳам қизи ўқиётган лицейда инглиз тилини ўқитишга алоҳида эътибор берилаётгани тўғрисида гапирди.

Сардорга қайтамиз.

Озодлик: Рус тилига қизиқиш каттароқми¸ инглиз тилигами?

Сардор: Бугунги кунда тан олиш керак¸ рус тилига нисбатан инглиз тилига қизиқиш ошган.

Озодлик: 25 яшар йигитнинг назарида¸ иккинчи тилларни ўрганиш учун шароит етарлими ëки етарли эмасми?

Сардор: Тошкент шаҳри бундай шароитларга тўла эга. Яъни ҳамма жойда ўқув курслари бор.

Озодлик: Бу янгича иқтисодий муносабатлар пайдо қилган шароитми¸ бизнесми ëки давлат юритаëтган сиëсатнинг маҳсулими?

- Иккаласини ҳам айтсак бўлади. Биринчидан¸ буни энг аввало бизнеснинг тури сифатида кўришимиз мумкин. Ëшларнинг тил ўрганишга қизиқиши ва интилиши тадбиркорларнинг шунақа ўқув марказларини ташкил этишга¸ етарли моддий база ва кадрлар билан таъминлашга олиб келган¸ дейди Сардор.

Тошкент шаҳри (Сардор), Тошкент вилояти (Шарофатхон) ва Ургут туманидаги (Саидкарим) акаларнинг айтганларини воқеликнинг объектив инъикоси деб қабул қилгудай бўлсак, бугунги ўзбек йигит-қизлари иккинчи тилсиз қолмаяпти, деган фикрга келишимиз мумкин.

Бироқ қашқадарёлик суҳбатдошимиз(Одил ака)нинг айтганлари хотиржам бўлишга имкон бермайди.

Муаллима Шарофатхон, суҳбат давомида "Бу йилги битирувчининг инглизчаси бундан 25 йил аввалги битирувчининг русчасидан яхшироқ. Лекин, асосий эътибор рус тилига қаратилганда яхшироқ бўлар эди", дер экан мана бу манзарани айтиб берди.

- МТС компаниясига ишим тушганда баъзан бориб қоламан. Ўша ерда ходимлар ўтиради. Рус қизлар¸ йигитлар ва ўзбеклар. Асосан лицей¸ коллежлардан борган ўзбек йигит-қизлари ўзбек ходимнинг олдида қатор бўлиб туриб олишади. Бу ëқда рус йигит-қизлари ўтиради. Тил билмаганлигидан уларнинг ëнига бориб¸ сўрашга уяладида¸ ўша ерга бора олмайди. Нима учун? Чунки бу болалар рус тилини билмайди¸ дейди Шарофатхон.

Хуллас, мана шу шароитда масаланинг икки хил ечими бор:

биринчиси: МТС бўладими, бошқасими – мижоз билан ишлайдиганларнинг ҳаммасидан ўзбек тилини билишни қатъий талаб қилиш;

иккинчиси: ёшларнинг иккинчи ва учинчи тилларни ўзлаштириши учун тўла шароит яратиш.

Қайсиниси яхши?
XS
SM
MD
LG