Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:57

Ҳади 100 миллион долларлик дастур


100 миллион долларлик бу дастур БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида амалга оширилади.
100 миллион долларлик бу дастур БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида амалга оширилади.

БМТ Тараққиёт дастури 2010-2015 йилларда Ўзбекистон ривожланишига ёрдам беришга қаратилган ҳадли дастур учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратадиган бўлди.

Ҳар йили 24 октябр куни нишонланадиган БМТ куни муносабати билан ўтган пайшанба куни Тошкентдаги “Интерконтинентал” меҳмонхонасида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон ҳукуматидан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов ҳам қатнашди.

Шунингдек¸ тадбир фурсатидан фойдаланиб¸ БМТнинг Ўзбекистондаги тараққиёт дастурлари учун 2010-2015 йилларда 100 миллион АҚШ доллари ажратилиши ҳам эълон қилинди. Инлизчадан ўзбекчага “БМТнинг Ўзбекистон Республикасига ривожланиш мақсадида ёрдам кўрсатиш бўйича ҳадли дастури”, деб таржима қилинган 80 саҳифали ҳужжатда келгуси олти йил давомида қилинажак ишлар батафсил баён қилинган.

Қисқача ЮНДАФ, деб номланувчи мазкур дастурнинг асосий йўналишлари ҳақида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий раҳбари ваколатхонаси мутасаддиси Эмилия Асадова гапиради.

- Ҳужжатда ажратилажак маблағлар сарфланадиган тўртта устувор соҳа кўрсатилган. Булар иқтисодий фаровонлик, ижтимоий таъминот хизматлари тизими, атроф-муҳит ва бошқарув соҳаларидир. Маблағлар ана шу тўртта соҳани ривожлантиришга сарфланади, дейди БМТ ваколатхонаси ходими.

Келаси олти йилга мўлжалланган бу дастур, 2005-2009 йилларда амалга оширилган ҳадли дастурнинг мантиқий давомидир ва у БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида амалга оширилади.

Янги дастур доирасида 100 миллион АҚШ доллари сарфланиши айтилаётган бўлса, аввалги беш йил ичида бу мақсадларга 60 миллион АҚШ доллари ажратилган эди, дейди БМТ ваколатхонаси ходими.

Суҳбатдошимиздан, ҳадли дастур ўз олдига устувор деб қўйган соҳаларни, масалан иқтисодий равнақ ёки ижтимоий таъминот соҳаларида қандай ишлар амалга оширилишини батафсилроқ тушунтириб беришни илтимос қилдик.

- Иқтисодий равнақ, деганда қишлоқ жойларда ёки иқтисодий жиҳатдан унча ривожланмаган ҳудудларда яшовчи аҳолининг заиф қатламларига ёрдам кўрсатиш назарда тутилади. Бу гуруҳларга аёллар, хизматкорлар, меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзолари, болалар ва ўсмирлар, қариялар киради.

Масалан, заиф қатламлар учун ишга жойлашиш ва иқтисодий хавфсизликни кафолатлаш имкониятларини ошириш бўйича иш олиб борилади. Бу ишлар БМТ қошидаги турли агентликларнинг иштирокида амалга оширилади, яъни ҳар бир ташкилот ўз соҳаси бўйича иш олиб боради.

Масалан¸ БМТнинг саноатни ривожлантириш бўйича ташкилоти тадбиркорлар, фермерлар ва аҳолининг кам таъминланган қатламларига микрокредитлар тақдим қилиш, тадбиркорлик бўйича маслаҳатлар бериш орқали аҳоли даромадини ошириш ва иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш ишлари билан шуғулланади, дейди БМТ ваколатхонаси ходими Асадова.

Бу каби ишларнинг, кейинги беш йил давомида ҳам амалга оширилганини айтган Асадова, амалга ошириб бўлинган дастурга баҳо бериш ҳозирча эрта эканини қўшиб қўйди.

Айни пайтда, ўзбекистонликларнинг кўпчилиги, хусусан, дастур бўйича ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган фермерлар БМТнинг ҳадли дастури ҳақида билмасликларини айтмоқда.

Жиззахлик фермер Маъмуржон Азимов ана шундайлардан бири.

- Йўқ¸ мен бу тўғрисида эшитмаганман. Шунақа маълумот борлигини¸ БМТ томонидан ëрдам берилаяпти¸ деган маълумотнинг бирор жойда ëзилганини ҳам кўрмаганмиз¸ бирор жойда эшитмаганмиз ҳам. Ҳокимият томонидан¸ банк томонидан¸ ҳокимиятда жойлашган тадбиркорларни ривожлантириш қўмитасидан бунақа гапни эшитмаганмиз¸ дейди Маъмуржон Азимов.

Жиззахлик ёш тадбиркор Зафаржон ҳам БМТнинг ҳадли дастури ҳақида эшитмаган бўлса-да, кейинги йилларда қишлоқларда баъзи ўзгаришлар бўлаётгани, балким БМТнинг ёрдами ҳисобига амалга ошаётгандир, деб тахмин қилади.

- Йўқ¸ бу ҳақда деярли эшитганимиз йўқ. 500 та аҳоли бўладиган бўлса¸ энг биринчи бизлар эшитишимиз керакда. Маълум маънода бўлаяптида. Қандай тушунтирсам экан сизга. Мана¸ айниқса¸ бу йилги ҳисобидан кўзга кўринарли ишлар бўлаяпти. Шу пайтгача унчалик ҳалиги бўлмаса ҳам мана шу йил Қишлоқ тараққиëти йили бўлаëтган бўлса¸ бир қатор уйлар қурилаяпти. Қишлоқ жойларида мактаблар капитал таъмирланди¸ дейди Зафаржон.

Суҳбатдошларимизнинг иккаласи ҳам, кейинги беш йил давомида қишлоқларда инфратузилмаларнинг бироз ривожлангани қишлоқ аҳли турмушининг яхшиланишига олиб келгани йўқ, деган фикрда.

БМТнинг ҳадли дастурига келсак, дейди Маъмуржон Азимов, аввалги беш йилда БМТ ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида сарфланган 60 миллион АҚШ долларидан оддий аҳоли наф кўрмаган бўлса, келаси олти йилда сарфланадиган 100 миллиондан ҳам бирор наф чиқишига ишониш қийин, дейди.

- Қишлоқ аҳолисининг шароити яхшиланганда¸ ишсизлар сони камаярди. Қишлоқ ҳаëтининг шароити яхшиланмаганлиги натижасида кўплаб фуқароларимиз ишлаб келиш учун чет давлатларга чиқиб кетаяпти. Биз бирор жойда қишлоқ шароитида ривожланишни кўрмадик. Орқага кетса кетаяптики¸ ҳали ривожланишни сезганимиз йўқ, дейди жиззахлик фермер Маъмуржон ака Азимов.

Озодлик радиоси ЮНДАФ дастури ҳақида БМТнинг Ўзбекистондаги доими вакили Анита Ниродийдан интервью беришини илтимос қилган ва бу суҳбат амлга ошиши биланоқ, уни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
XS
SM
MD
LG