Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:19

Валюта билан ҳазиллашманг


Агар хорижга чиқаëтган ўзбекистонлик ëнидан 2000 доллардан ошиқ декларацияга киритилмаган валюта топилса¸ бу пул мусодара қилиниб¸ эгаси жарима ва жиноий жавобгарликка тортилади.
Агар хорижга чиқаëтган ўзбекистонлик ëнидан 2000 доллардан ошиқ декларацияга киритилмаган валюта топилса¸ бу пул мусодара қилиниб¸ эгаси жарима ва жиноий жавобгарликка тортилади.

Хорижга чиқаётган ўзбекистонликлар 2000 доллардан ортиқ хорижий валютани нақд олиб чиқиш учун Марказий банкдан рухсат олиши керак. 5000 минг доллардан ортиқ валютани эса нақд кўринишда олиб чиқиш имкони йўқ.

Республика Миллий банки ходимасининг Озодликка маълум қилишича, ўзбекистонлик фуқаролар 2000 АҚШ долларига қадар бўлган миқдордаги хорижий валютани бемалол четга олиб чиқиши мумкин.

- 2000 долларни бемалол олиб чиқиб кетаверасиз. 2000 доллардан ошиғига любой бир банкда ҳисоб рақами очиб¸ банкка қўясиз. Кейин пулни банкдан оласиз ва банк сизга справка беради. Умуман 5000 доллар олиб кетсангиз бўлади.

Озодлик: 5000 доллардан ошиқ бўлсачи?

- У ҳолда Марказий банкка мурожаат қилишга тўғри келади¸ дейди республика Миллий банки ходимаси.

Банк ходими берган маълумотга кўра, дастлаб, республика президенти фармони билан хорижга эркин олиб чиқиш мумкин бўлган валюта миқдори 1500 АҚШ доллари қилиб белгиланган.

- Бу президент фармони. 1995 йилда шунақа фармон чиққан. Яқинда Вазирлар маҳкамасидан келди. Миқдори 1500 доллар эди. Ҳозир 2000 олиб чиқиб кетса бўлади, дейди республика Миллий банки ходими.

Аммо, Ўзбекистон фуқароси, айтайлик, нақд пул кўринишидаги 10 минг ёхуд 50 минг АҚШ доллари билан сафарга чиқмоқчи бўлса-чи?

Банк ходимаси берган маълумотга кўра, бунинг учун, Марказий Банк фуқароларга чек қоғози ёхуд пластик карточка таклиф қилади.

- Карточка¸ валютний карточка олсангиз бўлади.

Озодлик: 5000 доллардан ортиқ бўлса-а?

- 5000 доллардан ортиқ бўлса¸ шунақа қилишади. Карточка олсангиз¸ карточка ҳеч қаерда декларироват қилинмайди. Олиб кетаверасиз¸ дейди республика Миллий банки ходимаси.

Агар хорижга чиқаётганингизда божхоначилар ёнингиздан Миллий банк рухсатисиз олиб кетилаётган ва божхона декларациясига киритилмаган 2000 АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги валютани топиб олсачи, бунга қандайдир жазо борми, деган савол билан Тошкент аэропорти божхона постига мурожаат қилганимизда, божхона ходими шундай жавоб берди:

- У ҳолда ортиқча маблағ мусодара қилинади ва яна бунинг устига жарима ҳам солинади. Агар банк рухсатисиз олиб кетилаётган маблағ Ўзбекистонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан 100 баробардан кўп бўлса, (ҳозир энг кам иш ҳақи 33 минг 645 сўм — таҳририят) у ҳолда ҳам жарима солинади, ҳам ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилади. Одатан, шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Баъзида шундай ҳоллар бўладики, биз йўловчилардан: “Ёнингизда декларацияга киритилмаган, унутиб қолдирган пулингиз борми, эслаб кўринг?” деб сўраймиз. Шунда кўпчилик: “Ҳа, бор экан...” деб қолади. Бундай фуқароларни божхона постидан қайтариб юборамиз”¸ дейди Тошкент аэропорти Божхона пости ходими.

Суҳбат якунида божхона ходими: “Четга чиқаётганда, хорижий валюта билан ҳазиллашманг!” дея кулиб, ҳазиллашиб ҳам қўйди.

Зеро, сўнгги вақтларда мамлакат оммавий ахборот воситаларида катта миқдордаги хорижий валютани яширин олиб чиқиб кетаётган ўзбекистонлик ва хоиржлик фуқаролар қўлга олингани ҳақида хабарлар кўп учрамоқда.

Аммо, агар фуқаронинг 2 минг ёхуд 5 мингдан ортиқ миқдордаги валюта билан хорижга чиқиш эҳтиёжи бўлса-чи?

Миллий банк, Марказий банк ва Ташқи иқтисодий алоқалар банки бунинг учун халқаро миқёсда ишлатиш имкони бўлган пластик карточкалардан фойдаланишни таклиф қилмоқда.

Аммо бу банклар ходимлари нега энди нақд кўринишдаги хорижий валютани эркин олиб чиқиш имконияти 2000 АҚШ доллари қилиб белгиланган, деган саволга жавоб бергани йўқ.

Улар бундай тартиб президент фармони билан жорий этилганини айтмоқда, холос.

Ўзбекистон молия тизимида кўп йиллар давомида ишлаган иқтисодчи Сапарбой Жубаев бу саволга жавобан икки сабабни тилга олди.

Унга кўра, бу билан давлат мамлакатдан хорижга чиқаётган маблағни, у қандай валюта кўринишида бўлишидан қатъий назар, ҳисоб-китоб қилиб боришни мақсад қилган ва бу ўринлидир.

- Бож статистикаси дегани бор¸ тўлов баланси статистикаси дегани бор. Тўлов балансига кўра ҳар бир четга чиққан¸ Ўзбекистонга кирган нафақат доллар¸ балки ҳар бир цент ҳисобда бўлиши керак. Ўзбекистонга қанча пул кирди¸ қанча пул чиқдини тўлов балансида кўрсатишингиз керак. 2000 доллар эркин бўлгани билан божхона декларациясида ëзилади. 100 доллар олиб кетаëтган бўлсангиз¸ 100 долларни ëзасиз. Бунинг ҳаммаси эртага статистикага тушади¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Сапарбой Жубаев, шунингдек, бундан мамлакатдаги нақд пул оқимини маълум бир меъёрда ушлаб туриш мақсади ҳам кўзланган, деган фикрни қувватлайди.

- Мувозанат ҳам бўлиши керак. Масалан¸ Тошкент ëнидаги Қозоғистон банкида фоиз кўпроқ бўлса¸ кимдир “Сариоғочда долларга 15 фоиз бераяпти экан” деб эшитса¸ ҳаммаси ўз пулини Тошкентда эмас Сариоғочда ушлаб қолиши мумкин. Шунга озгина бўлса ҳам чеклаб¸ ўзимизнинг банкларда ушлаб туришга қизиқтириш масаласи бўлиши мумкин¸ дейди Ўзбекистон молия тизимида кўп йиллар давомида ишлаган иқтисодчи Сапарбой Жубаев.

Аммо республика президенти фармони билан жорий этилгани айтилаётган бу тартиб, майда тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва хорижга қатнаётган баъзи ўзбекистонликлар сўзларига қараганда, улар учун қатор тўсиқлар яратган.

Биринчи йирик тўсиққа хорижга чиқиш истагида бўлган исталган фуқаро дуч келмоқда.

Бу тўсиқ 2000 АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги хорижий валюта учун республика банкларида ҳисоб рақамини очиш талабидан келиб чиқади.

Республикадаги банк ходимларига кўра, бунинг учун фуқаронинг паспорти, пропискаси ҳамда пули кифоя ва ўз пулингизни исталган вақтда, чекланмаган миқдорда хорижий валюта кўринишида олиб кетишингиз мумкин.

Аммо аксарият ўзбекистонликлар, банкларга қўйилган пулнинг қайтиб олиш ёхуд миллий валютадаги пулни хорижий валютага ўгириш имконининг ўта чекланганидан шикоят қилади.

Жумладан, Озодликка куни кеча сўзлаган сирдарёлик суҳбатдошимиз икки ойдан буён банкдан 5000 АҚШ доллари миқдоридаги хорижий валютани ололмаётганидан арз қилди.

- Биз 5000 доллардан олмоқчи эдик. Ўзбекистон фуқаросининг шу нарсани олишга ҳаққи бор экан¸ тўғрими? Бу шахсий жамғармамиз эди. Уч кун югурдик. Тўртинчи кунга борганимизда¸ “Бўлди. Валюта анақаси ëпилди. Тошкент бизга бермаяпти” деди. Валюта олишаëтганини кўзимиз билан кўраяпмизку. Банклар сотишаяпти экан. Устига шапка дейишаяпти экан¸ деган эди сирдарëлик суҳбатдошимиз.

Хорижга чиқадиган нақд пул кўринишидаги эркин валюта ҳажмига қўйилган чекловдан келиб чиқадиган иккинчи муаммо эса, асосан, якка тартибда ишлаётган кичик тадбиркорлар учун тўсиқ бўлмоқда.

Хорижда тадбиркорлик қилаётган ўзбекистонликлардан бирининг сўзларига кўра, бу билан Ўзбекистон ҳукумати кичик тадбиркорнинг даромади ва даромади манбаини тўлиқ назорат қилишни кўзда тутади.

Энг муҳими, Марказий банк орқали расмийлаштириб олиб кетилган хорижий валюта тадбикор қайтаётганда жиддийгина муаммо туғдиради.

- Асосий нарса бу ерда хорижга олиб чиқиб кетганингиздан кейин олиб келган нарсангизни ҳам ўшанга ҳисоблаб кўради. Муаммо ўшандада. Растаможка бизда 100 фоиз бўлганлиги учун тадбиркорлар давлатга тўлгандан кейин ўзига фойда қолмаслигини билади. Шунинг учун ноқонуний йўлар билан олди-берди қилинади. Давлатдан пул олиб чиқиб кетганингиздан кейин¸ олиб келган нарсангизни растаможка қилиб¸ 100 фоиз бож тўлаб олиб чиқишингиз керак бўлади. Бозорга олиб чиққанингизда¸ сизга фойда йўқ¸ дейди хорижда тадбиркорлик қилаётган ўзбекистонликлардан бири.

Бу суҳбатдошимиз хулосасига кўра, Ўзбекистонда бож тўловларига қўйилган ўта юқори ставкалар ҳамда солиқ тизимининг коррупциялашиб кетгани хориж билан ҳамкорлик қилаётган тадбиркорларни ўз даромадини ҳукуматдан яшириш ва пулни кўпроқ норасмий йўллар билан мамлакатдан олиб чиқишга мажбур қилади.
XS
SM
MD
LG