Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 03:53

Ютуқ яна Тошкентда


Ўзбекистон темир йўллари ширкати қурадиган янги йўллар¸ бир пайтлар совет армияси Афғонистонга кириб борган Ҳайратон кўпригини бевосита Мозори-Шариф билан боғлайди.
Ўзбекистон темир йўллари ширкати қурадиган янги йўллар¸ бир пайтлар совет армияси Афғонистонга кириб борган Ҳайратон кўпригини бевосита Мозори-Шариф билан боғлайди.

Ўзбек ширкатининг Ҳайратонни Мозори-Шариф билан боғлайдиган халқаро тендерда ғолиб топилгани Тошкент ва АҚШ ўртасида қизиб бораëтган ҳарбий-иқтисодий ҳамкорликнинг яна бир меваси сифатида кўрилмоқда.

28 октябр куни Тошкентда МДҲ мамлакатлари Темир йўл транспорти бўйича кенгашининг 51 мажлиси якунланди. Расмий хабарларга кўра, Латвия, Литва ва Эстония вакиллари ҳам иштирок этган мажлисда давлатлараро қатновдаги йўловчи поездлар сони, ҳаракатланиш графиги нормативлари, йўловчи вагонлардан фойдаланиш ва бу соҳадаги тариф сиёсати бўйича келишиб олинган.

Сешанба куни президент Ислом Каримов “Россия темир йўллари” ширкати раҳбари Владимир Якунин билан учрашув чоғида темир йўл траснпорти бўйича кенгаш фаолияти МДҲ доирасидаги турли кенгашлар орасидаги энг самаралидир, дея таъкидлади.

Шунингдек, МДҲ темир-йўлчилари учрашувида Ўзбекистон темир йўллари ширкати Афғонистонда Мозори-Шариф билан Ҳайратонни боғловчи темир йўлни қуриш бўйича тендерда ғолиб чиққани ҳам эълон қилинди.

Ўзбекистон Термизга туташ бўлган Ҳайратондан Мозори-Шарифгача қуриб берадиган темир йўл узунлигининг 75 километрни ташкил қилиши айтилмоқда. Бу лойиҳа Осиё тараққиёт банки берадиган 165 миллион АҚШ доллари ва Афғонистон ҳукумати ажратадиган 5 миллион доллар ҳисобига амалга оширилади.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати мутасаддилари ютиб олган тендерлари ва Тошкентда ўтказилган МДҲ темир йўл транспорти кенгашининг 51 мажлиси ҳақида Озодлик радиоси билан гаплашишни истамади.

Eurasianet нашрининг Марказий Осиё масалалари бўйича шарҳловчиси Диердре Тайнаннинг бу лойиҳадан хабари бор. Унинг айтишича, Термиз-Ҳайратон темир йўлини Мозори-Шарифгача узайтирадиган лойиҳа АҚШ ва НАТО яратишга уринаётган Шимолий таъминот тармоғининг бир қисмини ташкил этиши кўзланган ва Ўзбекистон бу лойиҳада фаол иштирок этиш ниятини намойиш қилмоқда.

- Шимолий таъминот тармоғи жуда катта лойиҳадир ва Ўзбекистоннинг географик жойлашуви унга лойиҳада етакчи ролни ўйнаш имконини беради. Марказий Осиёдан Афғонистонга элтувчи учта транспорт йўналиши бор.

Биринчиси¸ Туркманистон орқали Афғонистон ғарбига олиб борувчи йўлдир. Бу АҚШ ва НАТО учун жуда қулай бўларди, лекин Туркманистон ҳукумати бу борада ҳамкорлик қилишдан бош тортмоқда.

Тожикистонда ҳам Душанбедан Кобул ва Қундуз вилоятигача борувчи йўл бор, лекин у темир йўли эмас, балки автомобил йўли бўлгани учун қулай эмас. Шу сабабдан Марказий Осиёдан Афғонистонга кирувчи асосий темир йўли Термиз-Ҳайратон бўлиб қолмоқда. Бу темир йўлининг ҳозир функционал ҳолатда экани ҳам унинг аҳамиятини оширади, дейди Марказий Осиё масалалри бўйича таҳлилчи.

Ўзбекистон Термиз-Ҳайратон темир йўлини Мозори-Шарифгача узайтириб беришни 2001 йилда АҚШ етакчилигидаги коалиция Афғонистонда толибларни ҳокимиятдан ағдарганидан бери таклиф қилиб келади.

Осиё тараққиёт банки ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳа тендерини Ўзбекистон ютиб олгани ҳам бежиз эмас, дейди таҳлилчи Тайнан.

- Бу¸ биринчидан¸ америкаликлар ва НАТОнинг бу лойиҳани амалга оширишга жиддий ёндашаётганини кўрсатади. Ўзбекистон бу тендерни ҳеч бир рақобатсиз ютди, деса бўлади. Чунки улардан бошқа бу лойиҳани амалга оширишга ҳеч ким қизиқиш кўрсатгани йўқ. Ўзбекистоннинг темир йўлларни қуришга оид тажрибаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Улар Ҳайратон билан Мозори-Шариф ўртасидаги лойиҳани 2011 йилгача қуриш ниятида, дейди Диердре Тайнан.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Малик Абдураззоқов ғарблик ҳамкасби фикрларини маъқуллаб, Тошкентнинг АҚШ ва НАТО ҳомийлигидаги лойиҳада жонбозлик кўрсатаётгани мустақилликнинг дастлабки йилларида кўп муҳокама қилинган денгиз портларига чиқиш ғоясини амалга оширидаги биринчи қадам ҳам бўлиши мумкин, дейди. Лекин, деб қўшимча қилади бу таҳлилчи¸ Афғонистонда барқарорлик ўрнатилмагунча, бу ғоянинг амалга ошиши амримаҳолдир.

- Ўзбекистоннинг портларга чиқиш муаммоси мустақил бўлгандан бери гапирилади. Иккита-учта лойиҳалар бор эди. Биттаси Грузия портларига чиқиш¸ Болтиқбўйи портларига чиқиш¸ Болгария портларига чиқиш¸ Ҳиндистон¸ Покистон¸ Эрон портларига чиқиш. Ҳаммаси ҳам амалга оширилмади. Ўзбекистон бу лойиҳаларга лоқайд бўлди ва жараëнларда қатнашмади. Ўзбекистоннинг ҳам айби бор. Мозори-Шарифга қурилгани биринчи марта очилипти. Афғонистоннинг ривожланишига Ўзбекистоннинг ҳисса қўшаëтгани ижобий. Биз транзит ҳудудмиз. Биздан Афғонистон ва бошқа мамлакатлар билан боғлайдиган темир йўл ўтади. Бу Афғонистоннинг ҳам имкониятларини кенгайтиради ва иқтисодиëтини ривожлантиради. Ўзбекистоннинг мақсади узоқ муддатли стратегияни амалга ошириш, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Тошкентда чоршанба куни ўз ишини якунлаган МДҲ темир-йўлчилари мажлисида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳақида келишиб олингани айтилмоқда. Президент Ислом Каримов “Россия темир йўллари” ширкати раҳбари Владимир Якунин билан учрашув чоғида темир йўл соҳасидаги ҳамкорлик МДҲ доирасидаги энг самарали ҳамкорликдир, дея баён қилди.

Малик Абдураззоқов ҳам бу фикрга қўшилади.

- Умуман "Нима учун темир йўл бунақа ривожланаяпти?" десак¸ қанақа сиëсат бўлмасин¸ темир йўлнинг актуаллиги ҳар доим зарур бўлиб туради. Чунки бу энг арзон савдо¸ энг маъқул савдо. Бизнинг темир йўлдан ташқари яқин портларимиз йўқ денгизга олиб чиқадиган. Ҳаво йўли билан савдо қилиш анча қиммат ва мураккаб. Шунинг учун савдо алоқаларини олиб борадиган¸ экспорт-импорт муаммоларини ечадиган транспорт коммуникация бу темир йўл¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Лекин, деб қўшимча қилади, мамлакатларнинг бошқа расмий идоралари, хусусан чегара ёки божхона хизматлари орасидаги келишмовчиликлар маълум муаммоларни туғдиради.
XS
SM
MD
LG