Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:36

Ўн минг маҳбус авф этилди


Тожикистонда кучга кирган "Авф тўғрисидаги қонун"да ўн минг маҳбуснинг авф этилиши назарда тутилган.
Тожикистонда кучга кирган "Авф тўғрисидаги қонун"да ўн минг маҳбуснинг авф этилиши назарда тутилган.

4 ноябрда президент Имомали Раҳмон имзолаган "Авф тўғрисидаги қонун"га биноан Тожикистоннинг Норак шаҳридаги аёллар қамоқхонасидан 159 маҳбус озод этилди.

- Мен Тожикистон жиноят кодексининг 200-моддасининг 4-қисми билан озодликдан маҳрум этилган эдим. Мен бу қамоқхонада икки йил жазо муҳлатини ўтадим ва бугун президентимиз фармони асосида амнистияга тушдим.

Она учун қамоқхонада, жигарбандларидан айри яшаш жуда оғир, қилмишларимга пушаймонман, дейди озодликка чиққан Гулруҳ Муҳиддинова.

Наркотиклар ноқонуний савдоси билан айбланиб, Норак шаҳридаги қамоқхонада жазо муҳлатини ўтаган Гулруҳ ўтган шу икки йил ичида тезроқ озодликка чиқиш ва фарзандлари, яқинлари дийдорига етишиш орзуси билан кун санаганини айтади. Суҳбатдошимиз қамоқхонад шароитининг ўта ночорлигини айта туриб, кўпчилик аëлллар айнан қамоқхонада турли юқумли касалликларга чалинаётгани айтади.

2 ноябр куни Тожикистон парламенти тасдиқлаган “Авф тўғрисидаги қонун” муҳокамасида сўзга чиққан депутат Абдуманнон Холиқов мамлакат мустақиллигининг 18 йили давомида Тожикистонда авф тўғрисидаги 12 та қонун қабул қилинганини айта туриб, бу галги қонунга биноан кўпроқ аёлларнинг озодликка чиқарилишини таъкидлаган эди.

Тожикистон Адлия вазирлигининг Қамоқхоналарни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Муҳиддин Сабуровнинг билдиришича, "Авф тўғрисидаги қонун" кучга кирган биринчи кунда, яъни 5 ноябрда 159 маҳбус аёл озодликка чиқарилган.

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, озодликка чиқарилган бу маҳбусалар оғир жиноятлар содир этмаган ҳамда 55 ёшдан юқори бўлганлар экан.

- Шу яқин кунларда яна 80 нафар маҳбуса озодликка чиқади. Аммо оғир жиноятларда айбланиб, шу қамоқхонада сақланаётган яна 50 аёл озодликка чиқарилмайди, аммо уларга берилган жазо муҳлатининг тўрдан бир қисми қисқартирилади, дея билдирди расмий.

Тожикистон Адлия вазирлигидан олинган расмий маълумотларга кўра, авф тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, амалга оширилгунга қадар Норак қамоқхонасида тахминан 250 маҳбуса жазо муҳлатини ўтаётган экан. Шундан тахминан 30 нафари наркотиклар ноқонуний савдоси ва давлат чегараларини кесиб ўтганликда айбланган хорижлик фуқаролар бўлган. 5 ноябр куни авф этилган хорижликлар орасида тахминан ўнга яқин ўзбекистонликнинг ҳам борлиги билдирилмоқда.

Қамоқхоналарни назорат қилиш бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Парвина Ализоданинг маълум қилишича, 5 ноябр куни республиканинг бошқа қамоқхоналари, жумладан, Ёвон ноҳиясидаги қамоқхонадан 300 маҳбус озодликка чиқарилган.

- Оғир жиноятлар содир этмаган яна 500 маҳбус шу яқин кунларда озод этилади. Аммо мазкур қонун талабларига кўра диний -экстремистик ташкилотларга аъзолик, давлат сиёсатига қарши ҳатти -ҳаракатларда айбланганлар умуман амнистияга тушмайди, дея маълум қилди Парвина Ализода.

4 ноябр куни Тожикистон президенти томонидан имзоланган қонунга кўра, 10 000 тутқун авф этилади. Шулардан 3000 нафари бутунлай озодликка чиқарилади.

Тожик жамиятидаги айрим сиёсий доиралар ҳамда мустақил таҳлилчилар бирданига ўн минг кишининг авф этилиши савобли иш экани баробарида, бундай ялпи авфнинг мамлакатда жиноятчилик даражасининг кескин ўсишига сабаб бўлиши мумкинлигидан ташвиш билдиришмоқда.
XS
SM
MD
LG