Халқаро хабарлар
Саудияда сув тошқини содир бўлди
Саудия оммавий ахборот воситалари хабарларига қараганда, Жидда, Рабиғ ва Макка шаҳарларидаги вазият бошқа жойлардагига қараганда оғирроқ.
Нобуд бўлганларнинг кўпчилиги сув тошқини оқибатида қулаб тушган иморатлар остида қолганлардир.
Ўзбекистонлик ҳожиларнинг Озодликка билдиришича, улар орасида ҳеч ким жаладан зарар кўрмаган.
Шу кунларда қарийб уч миллион мусулмон Саудия Арабистонида ҳаж амалларини адо этмоқда.
Кун янгиликлари
Ғазода мобил алоқа ва интернет ўчиб қолди

Ғазо бўлгасидаги асосий телекоммуникация ширкати бўлган PalTel мобил алоқа ва интернет ўчиб қолгани тўғрисида маълум қилди.
"Ғазо бўлгасидаги барча телекоммуникация хизматлари Исроил томонидан асосий тизимлар узиб қўйилгани оқибатида ўчиб қолганини авфсус билан билдирамиз", - дейилади ширкат билдирувида.
Шу билан бир қаторда, АҚШ оташкесим якунланганидан сўнг Исроилдан ёқилғи ташувчи автомашиналарни Ғазога кўпроқ ўтказишни талаб қилмоқда.
“Биз ёқилғи етказиб бериш жараёни қайта тикланиши шартлиги тўғрисида аниқ мужда бердик. Ёқилғи оташкесим пайтида етказиб берилган ҳажмлардан кўпроқ бўлиши лозим”,- деб баёнот берди АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Исроил армиясига 4 декабрда 24 соат ичида Ғазодаги иккита дори-дармон омборини эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берилганини танқид қилди. Ташкилот раҳбари Тедрос Аднан Гебрейесус ЦАХАЛни буйруқни бекор қилишга ва "тинч аҳоли, фуқаролик инфраструктуралари, жумладан, касалхоналар ва гуманитар объектлар хавфсизлигини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солиш"га чақирди.
Исроил ўз навбатида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бу баёноти асоссиз эканини ва БМТ тегишли органларига Ғазодан дори-дармон омборларини эвакуация қилишга буйруқ берилмагани тўғрисида расмий ахборот тақдим этилганини билдирди.
Россия армиясидан қочмоқчи бўлганлар сони уч ойда икки баробарга кўпайди

2023 йилнинг кузида Россия армиясидан қочишга кўмак бериш илтимоси билан мурожаат қилганлар сони ёз фаслига қараганда 89 фоизга кўпайди. Бу ҳақда россияликларга Украинадаги урушда иштирок этишдан қочишга кўмак кўрсатувчи “Идите лесом” ташкилотига таянган ҳолда The Moscow Times хабар берди. Дезертирлар сони кўпайганини “Гражданин.Армия.Право” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Сергей Кривенко ҳам тасдиқлади.
“Идите лесом” ташкилотининг дезертирликка кўмаклашувчи мутахассисларига июнь-август ойларида 305 киши мурожаат қилган бўлса, сентябрь-ноябрда бу кўрсаткич 577 тага етди. 2023 йил апрелидан ташкилот юристлари ва волонтёрлари армиядан қочиш ниятида бўлган минг нафардан кўпроқ ҳарбий хизматчига маслаҳат берган.
“Идите лесом” раҳбари Гигорий Свердлиннинг айтишича, қочиш ниятини билдирган ҳарбийларнинг асосий қисми Украина урушида яраланиб, госпиталларда даволанаётганлардир.
“Гражданин.Армия.Право” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Сергей Кривенко оғир яраланган аскарлар госпиталдан чиққанларидан сўнг яна урушга жўнатилишларини билганларидан сўнг дезертирлик қилмоқда.
Кривенкога кўра, ҳарбий қисмлардан қочишга ҳаракат қилаётганлар сони унча кўп эмас. Чунки ҳарбий қисмлардан қочганларнинг асосий қисми қўлга олинмоқда ва урушга жўнатилмоқда.
Свердлин эса волонётрлар, айрим ҳолатларда, фронт олди ҳудудларидан ҳам аскарларнинг қочишига кўмак кўрсатганини билдирди. Бундай ҳолатлар жуда оз. Чунки зобитлар қонунга зид равишда аскарларнинг ҳужжатларини олиб қўймоқда.
Адвокат Максим Гребенюк қўлга тушган дезертирлар асосан шартли равишда озодликдан маҳрум қилинаётгани ва урушга қайта жўнатилаётгани ҳақида билдирди.
“Медиазона”нинг ёзишича, Россияда 2022 йил сентябрида мобилизация эълон қилинганидан то шу кунгача судларга дезертирлик билан боғлиқ тўрт мингдан ортиқ иш келиб тушган. 3470 иш бўйича дезертирлар шартли равишда озодликдан маҳрум қилинган.
Украинадаги “Хочу жить” лойиҳасининг маълум қилишича, сўнгги бир йил ичида Россия армиясининг 22 минг аскари таслим бўлиш истаги ҳақида ариза берган. Украина мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси расмий вакили Андрей Юсов ҳар куни мазкур лойиҳа доирасида 3-5 нафар рус солдати асир тушаётгани ҳақида билдирди. Бу маълумотларни мустақил манбалардан тасдиқлатиш имконияти мавжуд эмас.
Исроил Ғазо жанубида ва Ғарбий соҳилда ҳарбий амалиётни давом эттирмоқда

Ахборот агентликларининг 5 декабрда хабар беришича, Исроил армияси Ғазо бўлгаси жанубидаги Хон Юнус шаҳрига интенсив зарбалар бермоқда. Фаластиннинг WAFA агентлиги ЦАХАЛ Ғарбий соҳилдаги Женин шаҳрига ҳам ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.
Фаластин манбаларининг билдиришича, ЦАХАЛ шимолдаги Шхема туманида, Асқар қочқинлар лагерига, Жалузун, Даэйшэ, Қаландия ва Байт Коҳил шаҳарчаларида ҳам амалиёт ўтказган. Бундан ташқари 5 декабрга ўтар кечаси Исроил армияси Қуддусдаги Шуафат қочқинлар лагерига кириб келган.
ЦАХАЛ ҳозирча бу хабарларга муносабат билдирмади. Бироқ армия Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳужумига жавобан ҳарбий самолётлар билан гуруҳ манзилларига зарба берганини маълум қилди. “Ҳизбуллоҳ” АҚШ ва қисман ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.
ЦАХАЛнинг хабар беришича, “Ҳизбуллоҳ” Исроилнинг Ливан билан чегарадош Зарит шаҳрига бомба отган. Бунга жавобан Исроил армияси Ливаннинг “бир қатор ҳудудларини артиллерия билан бомбардимон қилган”.
WSJ: Исроил армияси ҲАМАС тоннелларини сувга тўлдиришни режалаштирмоқда

Исроил ҳарбийлари ҲАМАС радикал гуруҳининг Ғазодаги тоннелларини сувга тўлдириш режасини муҳокама қилмоқда, деб хабар берди Wall Street Journal АҚШ расмийларига таянган ҳолда. ҲАМАС АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.
Нашрнинг ёзишича, ноябрнинг ўрталарида Исроил армияси (ЦАХАЛ) Аш Шати қочқинлар лагеридан бир ярим километр шимолроқда камида бешта сув насосини ўрнатган. Бу насослар орқали соатига минг куб метр миқдорида сув тортиладиган бўлса, ер ости йўллари бир неча ҳафта ичида сув остида қолиши мумкин.
ЦАХАЛнинг билдиришича, тоннеллар Ғазодаги мактаблар, спорт марказлари, масжидлар ва касалхоналар остидан ўтган. Ер ости йўллари тизими ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас.
2001 йилда ҲАМАСнинг Ғазодаги лидерларидан бири Яҳё Синвар тоннеллар тизими 500 километрни ташкил қилиши ҳақида ошкора билдирган эди. Бу маълумотни текшириб кўриш имконияти мавжуд эмас. Исроил армияси бу тоннелларни “Ғазонинг метроси” деб атайди.
ҲАМАС кўп йиллардан бери ер ости йўлларидан ҳарбий мақсадларда, жумладан, Исроил ҳудудига ҳужумларни уюштиришда фойдаланиб келади. ЦАХАЛ Ғазодаги Аш Шифа касалхонаси остида ҳам ҲАМАС ер ости йўллари топилганини билдирган. Бироқ ҲАМАС фуқаролик объектлари остида тоннеллари мавжуд эканини инкор қилиб келади. Исроил ҲАМАС гаровга олинганларни тоннеллардан бирида сақлаётгани тўғрисида маълумотлар борлигини билдирган.
Венесуэла Гайананинг нефтга бой вилоятини ўзига қўшиб олмоқчи

Венесуэлада ўтган референдумда сайловчиларнинг 95 фоизи ҳукуматнинг қўшни Гайанага қарашли нефтга бой Эссекибо вилоятини мамлакат таркибига қўшиб олиш режасини маъқуллади, деб хабар берди CNN.
Президент Николас Мадуро ташаббуси билан ўтказилган референдумда сайловчиларга Гайананинг «Эссекибо вилоятида Венесуэла давлатчилиги ташкил этилиши ва аҳоли Венесуэла фуқаролигига қабул қилинишига розимисиз», деган савол берилди. Бу саволга сайловчиларнинг кўпчилиги – 10,5 миллион киши “Ҳа”, деб жавоб берди.
Гайана президенти Ирфаан Али референдум арафасида Венесуэла ҳукуматининг бу ҳаракатни агрессия кўриниши сифатида қабул қилишини билдирди.
Гайана расмийлари кучли ҳарбий потенциалга эга бўлган Венесуэла ҳукумати референдум натижаларини рўкач қилган ҳолда мамлакатга бостириб киришидан ташвиш билдирмоқда.
Венесуэла президенти Николас Мадуро Гайанага бостириб кириш нияти йўқлигини ва референдум натижалари музокаралар бошланиши учун омил яратишини айтди.
Венесуэлада ўтказилган референдум БМТ Халқаро судининг қарорига зиддир. Халқаро суд Венесуэла Гайанага нисбатан ҳар қандай ҳудудий эътирозлардан тийилиши лозимлиги тўғрисида ажрим чиқарган.
Венесуэла 2015 йилда Гайананинг Эссекибо вилоятида нефть ва газнинг бой заҳиралари топилгани ортидан ҳудудий эътирозларни билдира бошлаган.
Иш ташлашлар ортидан Қирғизистон бозорларига олти ойлик солиқ таътили берилди

Қирғизистон давлат ва назорат органларига 2024 йилнинг биринчи ярмида бозорларда савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар фаолиятини текшириш ва уларга жарима солиш тақиқланади.
Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизматига давлат солиқ хизмати раисининг ўринбосари Исломбек Қидирғичов маълум қилди.
Унинг айтишича, бозордаги савдогарлар янги солиқ қоидаларига қарши уюштирган қатор намойишлар ва иш ташлашлардан сўнг президент Садир Жапаров топшириғи билан тузилган ишчи комиссия шундай қарорга келган.
Савдогарларнинг иш ташлашлари 29 ноябрда Қорасув бозоридан бошланди. Шундан сўнг 30 ноябрда Бишкекдаги “Дўрдўй”, “Ўртасой” ва “Мадина” бозорлари савдогарлари митингга чиқди.
1 декабрда эса уларга Бишкекдаги “Аламедин”, уч вилоят марказлари бўлган Ўш, Талас ва Қорақўл шаҳарларидаги қатор бозорларнинг савдогарлари қўшилди.
Улар Қирғизистонда жорий этилган янги солиқ тартибига норозилик билдирган. Янги қонунга асосан Қирғизистондаги савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи барча тадбиркорлар сотувларни касса-назорат машиналари воситасида амалга ошириши лозим. Бундан ташқари сотувчилар ва товар етказиб берувчиларга электрон товар-транспорт йўлланмаси ва электрон ҳисоб фактурасидан фойдаланиш мажбурияти юкланган.
Қирғизистон ҳукумати икки йил олдин солиқ тизимининг янги тартибини босқичма-босқич жорий этишни бошлаган. 2024 йил бошидан эса бу тартиб барча тадбиркорлар учун мажбурий бўлиши белгиланганди.
Янги тартибга асосан: касса-назорат машинаси - сотилган маҳсулот ва кўрсатилган хизмат нархини ҳисоблаб борувчи аппарат; электрон товар-транспорт йўлланмаси – товар, товарни жўнатувчи, уни қабул олувчи ва етказиб берувчи транспорт воситаси ҳамда шунга оид бошқа маълумотлардан иборат электрон ҳужжат; электрон ҳисоб фактураси – қўшимча нарх солиғини ҳисоблаш учун товарни сотган ва товарни сотиш бўйича хизмат кўрсатган томонлар тўлдирадиган электрон солиқ ҳужжати.
Филиппин жанубида 6,9 балли зилзила юз берди

Филиппиннинг жанубий соҳиллларида 4 декабрь куни эрталаб 6,9 балл кучланишдаги зилзила юз берди, деб маълум қилди АҚШ Геология хизмати.
Филиппин Вулқоншунослик ва сейсмология институти 6,7 балли зилзила бўлгани қайд этилганини ва цунами хавфи йўқлигини билдирди.
Орадан кўп ўтмай АҚШ Геология хизмати мазкур ҳудудда яна 5,4 магнитудали зилзила кузатилганини хабар қилди.
2 декабрда Филиппиннинг мазкур минтақасида 7,6 балли ер силикиниши юз берган эди. Ўшанда икки киши ҳалок бўлган ва аҳолига унча катта бўлмаган зарар етганди.
Парижда туристларни пичоқлаган ҳужумчи “Ислом давлати” аъзоси бўлган

Парижда туристларни пичоқлаганликда гумонланаётган шахс “Ислом давлати” аъзоси бўлган. Бу ҳақда террорчиликка қарши кураш бўйича прокурор Жан-Франсуа Рикар маълум қилди.
Унга кўра, гумонланувчининг ёши йигирмада. У радикал ислом тарафдори бўлган. Рикарнинг айтишича, октябрь ойи охирларида ҳужумчининг онаси “ўғлининг ҳатти-ҳаракатларидан ва ўзини тутишидан хавотирланиб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган”. Аммо ўшанда йигитни “жиноий таъқиб қилиш учун ҳеч қандай асослар ва далиллар бўлмаган”.
2 декабрь куни кечқурун Эйфел минораси яқинида пичоқ билан қилинган ҳужум оқибатида германиялик бир турист ҳалок бўлган ва Британиянинг бир нафар, Франциянинг бир нафар фуқароси яраланган эди. Жароҳат олганлар касалхонага ётқизилган.
Ҳужум содир этилган куни Reuters Франция Ички ишлар вазирлигига таянган ҳолда 26 ёшли ҳужумчи қўлга олингани тўғрисида билдирганди. Хабарда таъкидланишича, у Франция фуқароси. Расман билдирилишича, ҳужумда гумонланаётган шахс 2016 йилда "исломчилар фитнасига аралашганлик"да айбланиб тўрт йилга қамалган эди.
Хабарларда айтилишича, у ҳужм пайтида "Аллоҳу Акбар", деб қичқирган. У қўлга олинганидан сўнг Ғазо ва Афғонистондаги мусулмонлар учун ўч олиш мақсадида ҳужум қилганини билдирган.
Пентагон: Қизил денгизда АҚШ эсминецига ва фуқаролик кемаларига ҳужум қилинди

АҚШнинг USS Carney эсминеци ва бир нечта фуқаролик кемалари 3 декабрь куни Қизил денгизда ҳужумга учради. Бу ҳақда маълум қилган АҚШ Мудофаа вазирлиги қўшимча тафсилотларни очиқламади. Жумладан, бирорта кема жароҳатлангани, жабрланганлар ва ҳужумчилар тўғрисида маълумот йўқ.
ABC News телекомпанияси Оқ уйдаги манбаларга таянган ҳолда USS Carney камида иккита дронни уриб туширгани ҳақида билдирди.
Британия Денгиз савдоси агентлиги 3 декабрда Британиянинг тижорат кемаси Қизил денгиз ва Ҳинд океани туташадиган Баб ал Мандаб бўғозида дронлар ҳужумига учрагани тўғрисида хабар берди. Мазкур бўғоз Ҳиндистон ва Форс кўрфази давлатларидан Европага ва Европадан бу мамлакатларга Сувайш канали орқали юк ташишдаги муҳим сув йўлларидан биридир.
Кейинроқ Яманнинг бир қисмини назорат қилаётган хусий шиаларнинг «Ансаруллоҳ» гуруҳи вакиллари Қизил денгизда Исроилнинг иккита кемасига ҳужум қилингани тўғрисида баёнот берди. Гуруҳнинг билдиришича, кемалардан бирига баллистик ракета отилган, иккинчи кемага эса дронлар билан зарба берилган. «Ансаруллоҳ» АҚШ кемасига ҳужум қилингани тўғрисида баёнот бермади.
Эрон томонидан дастакланадиган исёнчи хусий шиалар гуруҳлари бундан аввал Исроилга қарши ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш доирасида Исроил ва унинг иттифоқчиларига қарашли кемаларга ҳужум қилишда давом этишини билдирган эди.
Reuters агентлиги ўз манбаларига таянган ҳолда Қизил денгиздаги ҳужумлар оқибатида Британиянинг иккита савдо кемаси зарар кўрганини маълум қилди. Бироқ бу хабар ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Қирғизистоннинг йирик бозорлари савдогарлари янги солиқ тартибига қарши иш ташлади

Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Данияр Амангелдиев мамлакатнинг йирик бозорларидаги иш ташлашларни учинчи кучлар “махсус уюштирган бўлиши эҳтимол” деб баёнот берди.
Вазир 1 декабрда Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида, “бир вақтнинг ўзида барча бозорларни норозилик чиқишларига кўтариш қийин”лигини айтди. Бироқ у бозорларда иш ташлашларни уюштиришдан кимлар манфаатдор эканини очиқ айтмади.
Савдогарларнинг иш ташлашлари 29 ноябрда Қорасув бозоридан бошланди. Шундан сўнг 30 ноябрда Бишкекдаги “Дўрдўй”, “Ўртасой” ва “Мадина” бозорлари савдогарлари митингга чиқди.
1 декабрда эса уларга Бишкекдаги “Аламедин”, уч вилоят марказлари бўлган Ўш, Талас ва Қорақўл шаҳарларидаги қатор бозорларнинг савдогарлари қўшилди.
Улар Қирғизистонда жорий этилган янги солиқ тартибига қарши чиқмоқда. Янги қонунга асосан Қирғизистондаги савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи барча тадбиркорлар сотувларни касса-назорат машиналари воситасида амалга ошириши лозим. Бундан ташқари сотувчилар ва товар етказиб берувчиларга электрон товар-транспорт йўлланмаси ва электрон ҳисоб фактурасидан фойдаланиш мажбурияти юкланган.
Савдогарларнинг намойиши ортидан ҳукумат Қорасув ва “Дўрдўй” бозорларидаги тадбиркорларга имтиёз берди. Бу имтиёзга асосан, Қорасув ва “Дўрдўй”даги савдогарларга электрон товар-транспорт йўлланмаси ва электрон ҳисоб фактурасидан фойдаланмасликка рухсат берилди. Лекин улар касса-назорат машиналарини ишлатиши шарт.
Вазир бу қарорни шарҳлар экан: “Биз барча бозорларга бундай имтиёзни бера олмаймиз. “Дўрдўй” ва Қорасув бозори мамлакатдаги энг йирик логистика марказларидир. Товарлар энг аввало мана шу икки нуқтага келтирилади ва шу ердан мамлакатнинг бошқа ҳудудларига тарқатилади. Шунинг учун уларга имтиёз бермоқдамиз. Янги солиқ тартибининг асосий мақсади яширин иқтисодиётга қарши курашдир”,- деб айтди.
Бироқ Қирғизистондаги бошқа бозорларнинг савдогарлари ҳам ўзларига Қорасув ва “Дўрдўй”даги тадбиркорларга берилгани каби имтиёзлар берилишини талаб қилмоқда.
Қирғизистон ҳукумати икки йил олдин солиқ тизимининг янги тартибини босқичма-босқич жорий этишни бошлаган. 2024 йил бошидан эса бу тартиб барча тадбиркорлар учун мажбурий бўлади.
Янги тартибга асосан: касса-назорат машинаси - сотилган маҳсулот ва кўрсатилган хизмат нархини ҳисоблаб борувчи аппарат; электрон товар-транспорт йўлланмаси – товар, товарни жўнатувчи, уни қабул олувчи ва етказиб берувчи транспорт воситаси ҳамда шунга оид бошқа маълумотлардан иборат электрон ҳужжат; электрон ҳисоб фактураси – қўшимча нарх солиғини ҳисоблаш учун товарни сотган ва товарни сотиш бўйича хизмат кўрсатган томонлар тўлдирадиган электрон солиқ ҳужжати.
Назарбоев иккинчи хотини ва ундан туғилган ўғиллари борлигини тан олди

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг «Менинг умрим. Қарамликдан озодликкача» китоби нашр этилди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Айдос Укибай ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
Хабарда айтилишича, китобда Назарбоев илк маротаба ўз оиласи ҳақидаги маълумотларни ошкор қилган ва Январь воқеаларига ўз муносабатини билдирган. Китоб қанча нусхада нашр этилгани тўғрисида маълумот йўқ.
Аввалроқ Orda.kz сайти Назарбоев ўз китобида иккинчи хотини ва ундан туғилган икки ўғли борлигини тан олгани ҳақида маълум қилган эди. Аммо китобда Назарбоевнинг расмий хотини сифатида кўриладиган Сара Назарбоева билан никоҳи бузилгани ёки сақланиб қолингани тўғрисида ёзилмаган.
Orda.kz сайтида китобнинг 2022 йилдаги Январь воқеаларига бағишланган бир қисми эълон қилинган. Унда Назарбоев бу қонли воқеа учун масъулиятни “радикал мухолифатга” ва қочқинликда яшаётган мухолифатчи Мухтор Аблязов зиммасига юклаган. Бу воқеалар пайтида 238 киши ҳалок бўлгани расман эълон қилинган.
Китобда Назарбоев ўзи ва америкалик бизнесмен Жеймс Гиффен билан боғлиқ “Казахгейт” коррупциявий жанжали, сирли тарзда ўлган мухолифатчилар ҳақида ёзган ёки ёзмагани ҳақида ҳам маълумот йўқ.
Ҳуқуқ фаоллари Назарбоев Қозоғистонда демократик тамойиллардан узоқлашган бошқарувни шакллантиргани, ўз ваколатларини кўпайтиргани ва ўзгача фикрловчиларни қувғин қилганини айтиб келадилар.
83 ёшдаги Назарбоев 2019 йилда ҳокимиятни Қасим-Жомарт Тоқаевга ўтказиб берган.
АҚШ давлат котиби Исроилни Ғазонинг тинч аҳолиси хавфсизлигини таъминлашга чақирди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроилни ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиётни қайта бошлаш олдидан Ғазо аҳолиси учун “хавфсизлик зоналари”ни ташкил этишга чақирди. ҲАМАС АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.
Блинкен 30 ноябрда Исроил ҳукумати расмийлари билан Тель-Авивда ўтказилган музокаралардан сўнг журналистларга берган интервьюсида: “Исроил мутлақо айбсиз бўлган фаластинликлар орасида яна қурбонлар бўлмаслигини таъминлаши шарт”,- деб билдирди. Блинкеннинг айтишича, Исроил ҳукумати АҚШнинг бу позициясини қабул қилган.
Исроил армияси 1 декабрда Ғазода АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёт қайта бошланганини расман маълум қилди. Исроил ҲАМАСни оташкесим шартларини бузганликда ва Исроил ҳудудига ўт очганликда айблади.
Расман билдирилишича, Исроил армияси айни пайтда ҲАМАСнинг Ғазодаги объектларига самолётлар ва артиллерия воситасида зарба бермоқда.
Бу билан 24 ноябрдан 30 ноябргача давом этган оташкесим якунланди. Ғазодаги оташкесим давомида, ўзаро келишувга мувофиқ, ҲАМАС 70 нафардан кўпроқ аёл ва болани гаровдан бўшатди, Исроил эса 200 дан ортиқ фаластинлик аёл ва ўсмирни қамоқлардан озод қилди.
Энтони Блинкен ҲАМАС-Исроил уруши бошланган 7 октябрдан бери уч марта Яқин Шарққа сафар қилди. Унга кўра, АҚШ Исроилнинг ўз хавфсизлигини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олади, шу билан бир қаторда Ғазодаги тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш шарт, деб ҳисоблайди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Блинкен билан музокаралардан сўнг ёйинлаган видеосида “Биз ҲАМАСни йўқ қилишга онт берганмиз ва бизни ҳеч ким бу аҳдимиздан қайтара олмайди”, - деб билдирди.
Исроил Ғазода ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёт бошланганини билдирди

Исроил армияси Ғазода АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёт қайта бошланганини расман маълум қилди. Исроил ҲАМАСни оташкесим шартларини бузганликда ва Исроил ҳудудига ўт очганликда айблади.
Исроил армияси баёнотида айтилишича, ҲАМАС 1 декабрь куни оташкесим шартларини бузган ҳолда Ғазо бўлгаси билан чегарадош яҳудий аҳоли пунктига ракета отган. Бу ракета Исроил ҳаводан мудофаа тизими томонидан уриб туширилган.
Кейинроқ Исроил ҲАМАС битта эмас, бир нечта ракета отгани тўғрисида маълум қилди. Ҳозирча ракеталар отилиши оқибатида жабрланганлар тўғрисида хабар берилмади.
Расман билдирилишича, Исроил армияси айни пайтда ҲАМАСнинг Ғазодаги объектларига самолётлар ва артиллерия воситасида зарба бермоқда.
Сеулда ит гўшти ейишни тақиқлаш муҳокама қилинаётгани ортидан фермерлар митинг ўтказди

Жанубий Корея пойтахти Сеулда 30 ноябрда икки юзга яқин фермер овқат учун ит етиштириш тақиқланишига қарши митинг ўтказди. Норозилар митинг пайтида полиция билан тўқнашди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, бир неча фермер юк машиналарига ўрнатилган қафасларда ўз итларини олиб келишган. Улар итларни президент маъмурияти биноси олдида қафаслардан чиқармоқчи бўлган. Аммо полиция бунга тўсқинлик қилган. Натижада тўқнашув юз берган.
Митинг ташкилотчиларидан бири бўлган ит гўшти етиштирувчи фермерлар бирлашмаси раиси Чжу Ён Бон “сиёсатчилар соҳа фаолиятини тақиқлаш ва одамларга нима ейишни ўргатишга ҳуқуқига эга эмас”, деб билдирди.
Аввалроқ у президент маъмурияти биноси олдига икки миллион итни қўйиб юбориш билан таҳдид қилган эди. Митинг пайтида Чжу Ён Бон ва икки норози қўлга олинган.
Ҳозирда Жанубий Корея парламенти 2007 йилга бориб ит гўшти савдосини тўхтатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Ит гўшти етиштирувчи фермерларга, гўшт дўконлари ва ресторанларга уч йиллик солиқ имтиёзи ва молиявий кўмак кўрсатади. Қонунни бузганлар беш йилгача озодликдан маҳрум этилади ёки 38 минг долларлик жаримага тортилади.
Ҳукмрон партия томонидан таклиф қилинган мазкур қонун лойиҳаси мухолифат ва жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётгани айтилмоқда. 2022 йилда Gallup Korea ўтказган сўровда иштирок этганларнинг 64 фоизи ит гўшти истеъмолига қарши эканликларини, 8 фоизи эса бир йил давомида ит гўшти еганларини айтганлар. 2015 йилдаги сўровда респондентларнинг 27 фоизи ит гўшти ейишини тан олган эди.
Жанубий Корея қишлоқ хўжалик вазирлигининг билдиришича, мамлакатда ҳар йили 388 минг ит, бир миллиарддан ортиқ товуқ, 18 миллион чўчқа ва 965 минг мол гўшти истеъмол қилинади.
Қуддусда ҳужумчилар автобус бекатида уч кишини отиб ўлдирди

Қуддусда 30 ноябрь куни М-16 милтиғи ва тўппонча билан қуролланган икки ҳужумчи автобус бекатида уч кишини отиб ўлдирди ва бир неча кишини яралади.
Қуддус ғарбида содир этилган ҳужумда дастлаб икки киши ўлгани хабар қилинган эди. Хабарларда айтилишича, 24 ёшли аёл, 73 ёшли эркак, раввин ва ҳозирча ёши аниқланмаган бир аёл ҳалок бўлган. Уч киши оғир яраланган, яна уч киши енгил жароҳатланган.
Ҳарбийлар ва қуролланган фуқаролардан бири ҳужумчиларга қарши ўқ отган. Оқибатда ҳужум қилганлардан бири воқеа жойда ўлган, унинг шериги эса яраланган.
Исроил полицияси ҳодисани теракт сифатида баҳолади. Мазкур ҳужум Ғазода АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи деб тан олинган ҲАМАС радикал гуруҳига қарши уруш олиб борилаётган бир пайтда содир этилди. Ғазо бўлгасида вақтинча оташкесим эълон қилинган.
Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олмади. Полициянинг билдиришича, ҳужумчилар ака-ука бўлган. Улар бундан аввал террорчиликка алоқадорликда гумонланиб бир муддат қамоқда ўтирган. Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир ҳужумчилар ҲАМАС аъзолари бўлганини айтмоқда.