Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:07

Тожикистонликлар чўчқа гриппи тарқалишидан хавфсирамоқда


Чўчқа гриппи тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий ўқув йили бошидан Тожикистон мактабларида ўқувчи ва ўқитувчиларга ниқоб тақиб юриш мажбурий қилиб қўйилганди.
Чўчқа гриппи тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий ўқув йили бошидан Тожикистон мактабларида ўқувчи ва ўқитувчиларга ниқоб тақиб юриш мажбурий қилиб қўйилганди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда чўчқа тумови вирусини юқтириб олган уч киши расман қайдга олингани борасида хабар тарқатди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Фотима Ғойибова чўчқа тумови вирусини юқтириб олган кишилар республика юқумли касалликларни даволаш шифохонасига ётқизилганини билдирди.

Маълумотларга кўра, айни пайтда республика юқумли касалликларни даволаш шифохонасида даволанаётган уч беморнинг бири Ҳиндистон фуқароси ва қолган икки бемор эса ноябр ойи бошларида Африка ҳамда Италиядан қайтган тожикистонликлардир.

Эслатиб ўтамиз, шу йил ноябр ойи бошларида Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги чўчқа тумовини юқтирганликда гумонланган 166 бемор қон намуналарини текшириш учун Буюк Британиядаги лабораторияларга юборган эди.

Фотима Ғойибованинг маълум қилишича, 166 киши қонини ташхис қилган Буюк Британия лабораториялари уч кишининг ҳақиқатан ҳам чўчқа тумови вирусини юқтириб олганини аниқлаган.

- Ташхис натижаларига мувофиқ, улар бу касалликни хорижда бўлган чоғида юқтириб олгани аниқланган, деди вазирлик вакиласи.

Фотима Ғойибова кўра, гарчи бу беморлар изоляция қилинган бўлса-да, мамлакатда чўчқа гриппи кенг тарқалиши хавфи мавжуд.

- Тожикистонда чўчқа тумови кенг тарқалиши хавфи борлигини яширмаймиз. Аммо биз қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ, республикада бу касаллик тарқалишининг олдини олиш учун республика касалхоналарида барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Шунга қарамасдан, ҳар бир киши ўзи мустақил тарзда бу касалликни юқтирмаслик учун ҳаракат қилиши, санитария ва гигиена барча қоидаларига қатъий ривоя қилиши шарт , деди Фотима Ғойибова.

Тожикистонга ҳам чўчқа тумови келганига оид хабар аҳоли орасида жуда тез тарқалди.
Вазирлик масъулларининг чўчқа тумови кенг тарқалиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаётгани ҳамда бугунги кунда Тожикистонда чўчқа тумовига қарши вакцина йўқлиги аксарият тожикистонликлар ташвишига сабаб бўлмоқда.

- Америка, Хитой каби тараққий этган давлатларда тиббий хизмат кўрсатиш жуда яхши йўлга қўйилган бўлса-да, бу мамлакатларда минглаб одамлар чўчқа тумовидан ўлди. Биздаги бу шароит, хизмат кўрсатиш даражасининг пастлиги туфайли бу гриппдан кўп кишилар ўлиши мумкин. Аввало Худонинг ўзи асрасин бундай касалликлардан, дейди Турсунзода туманида истиқомат қилувчи Гулсуной.

Аёл бир ҳафта аввал бирданига икки қизи мавсумий грипп вирусини юқтириб олганини, уларни даволаш учун қишлоғидан уч километрча узоқда жойлашган амбулаторияга қатнаб даволаганини айтди. Амбулатория шароити эса Гулсунойни умуман қониқтирмаган.

Аммо суҳбатдошларимиз орасида Тожикистон ҳукумати чўчқа тумови тарқалишининг олдини ола билишига умид қилаётганлар ҳам бор. Ўзини Зулҳия деб таништирган навбатдаги суҳбатдошимиз шаҳар санэпидемстанцияси ходимларидан иборат махсус гуруҳ уйма-уй юриб қайси хонадонда иситмаси кўтарилган беморлар бор-йўқлиги билан қизиқаётгани ҳамда одамларга санитария ва гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлигини уқтираётганини айтди.

- Шаҳар санэпидимстанцияси иш олиб бораяпти. Одамларни учётга олиб, анализларини текшираяпти. Менимча, ваҳима қилишга шошилмаслигимиз керак, дейди Зулҳияхон.

Аснода мустақил таҳлилчилар Тожикистонда чўчқа тумовини юқтирган дастлабки беморлар расман қайдга олиниши ортидан қўшни Ўзбекистон Тожикистон билан чегараларини бир томонлама ёпиб қўйиши ва карантин чекловлари жорий этиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG