Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:13

"Маҳкумнинг аëли бўлиш ҳеч кимнинг бошига тушмасин"


Моҳира Ортиқова бугун тўрт фарзандини қучоқлаб¸ ноҳақ қамалган эри ортида ëлғиз қолганини айтади.
Моҳира Ортиқова бугун тўрт фарзандини қучоқлаб¸ ноҳақ қамалган эри ортида ëлғиз қолганини айтади.

Эшиттиришимизнинг бугунги қаҳрамони Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб қамоққа ташланган элчихона қўриқчиси Қаюм Ортиқовнинг турмуш ўртоғи Моҳира Ортиқова.

“Зўравонлик¸ ваҳшийлик ëки бошқа бир қийноқлар қўлланилиши мумкин эмас деб Ўзбекистон республикаси конституциясининг 26 моддасида ëзиб қўйилган. Шунча нарсани ëзиб қўйгану¸ лекин ўзлари хоҳлаган ишини қилиб юрибди”.

Моҳира Ортиқованинг эри¸ Тошкентдаги Буюк Британия элчихонасининг қўриқчиси Қаюм Ортиқов ўтган йили олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Моҳира Ортиқова яқинда Навоийдаги 64/48 жазо муассасасига бориб¸ эри билан учрашиб турмуш ўртоғига нисбатан ноинсоний қийноқлар қўлланганидан хабар топди.

- Қишда уч-тўрт киши устига ўтириб¸ полга босиб туришган соатлаб. Соатлаб қўлидан осиб қўйиб¸ беш-олти киши навбат билан уришган. Қўлида ҳали ҳам арқоннинг излари турибди¸ дейди Моҳира Ортиқова.

Бу қийноқлар ва уларни содир қилганлар ҳақида барча билишини истайман¸ дейди Моҳира суҳбатимиз бошида.

Моҳира Ортиқова: Энди ўзингиз тасаввур қилиб кўринг¸ тирик одамнинг энг нозик жойларини куйдириш (йиғлаб) ҳар қанақа одамнинг қўлидан келмаса керак.

Озодлик: Аввалига турмуш ўртоғингиз билан қачон турмуш қурганингиз ҳақида гапириб беринг.

Моҳира Ортиқова: Биз 1994 йил 8 октябрда турмуш қурганмиз.

Озодлик: Эрингиз Қаюм Ортиқов Британия элчихонасида қўриқчи бўлиб ишлаган-а?

Моҳира Ортиқова: Ҳа. Англия элчихонасига набор бўлар экан. Ўша эълон берганда¸ эълон билан бориб¸ ўтган. Ўша ерда тўрт йилми¸ беш йилми ишлади.

Озодлик: Эрингизни қачон қамоққа олишди? Қамоққа олиниш жараëнини тасвирлаб беринг.

Моҳира Ортиқова: 25 декабр куни иккинчи қизимизнинг мактабда байрами бор эди. Ўшанга ота-оналарни чақиришган экан. Эрим ўшанга кетган эди. Ўшандан келдида¸ “Мени Чилонзор туман судидан сўраб келишибди. Битта-иккита саволлари бор экан. Мен бораман ва қайтиб келаман. Терговчи ташқарида кутиб турибди” деди. Мен даже терговчини кўрганим ҳам йўқ. Шу билан кетди. Кутдим¸ келмади. Обедларда кетган бўлса¸ кечқурун соат 10 ларда телефон қилди ва “Ҳали буларнинг савол-жавоби тугамади. Эрталабгача мана шу ерда бўлсам керак. Эрталаб бораман. Хавотир олмагин” деди. Эрталаб бўлди¸ эрталаб ҳам келмади.

Эртасига¸ 26 декабр куни кечроқ телефон қилдида¸ балки хавотир олмасин деганми¸ “Икки-уч кун шу ерда қолар эканман. Акамга телефон қилиб айтиб қўйгин” деб айтди. Акасига телефон қилиб айтдим. Акасига телефон қилганимдан кейин акаси борибди¸ кўрибди. Терговчи билан гаплашса¸ “Ҳеч қанақа нимаси йўқ экан. Икки-уч кунда қўйиб юборишар экан. Фақат савол-жавоб қилишар экан” дебди. Шу билан қолиб кетди. Икки-уч куни бир ой бўлди. 16 январда суди бўлди. 21 январга қолдирилди¸ кейин 29 январга қолдирилди. 29 январда олти йил қамоқ жазоси билан суд ҳукми чиқарилди.

Озодлик: Мана яқинда турмуш ўртоғингиз жазо муддатини ўтаëтган қамоқхонага бориб келибсиз. Аҳволи қандай?

Моҳира Ортиқова: Турмуш ўртоғимни охирги марта январда¸ суддан бир кундан кейин кўрганман. Шу билан 3 октябрда¸ булар қисқа муддатли икки соатлик учрашув беришади¸ шу ойнанинг орқасида туриб гаплашасиз¸ ўшанда кўрдим. Биринчи марта кўрганимда мен уни танимадим...... ¸ дейди Моҳира Ортиқова.

Моҳира Ортиқова жим қолди. Прага ва Тошкент орасини боғлаган телефондаги бу жимлик боиси унинг кўзидан оқаëтган ëшлар эканини ҳис қиламиз.

Моҳира Ортиқова: Мен унинг аҳволини кўриб¸ ўзим ҳам тушкунликка тушиб қолдим. Бир ҳафтадан кейин яна қайтиб бордим. Ўшанда кўриб гаплашдим. Ҳозир аҳволи яхши эмас. Соғлигини йўқотиб бўлган. Айтишига қараганда¸ яланғоч ҳолатда қишда устига уч-тўрт киши ўтириб¸ соатлаб полга босиб туришган¸ соатлаб қўлидан осиб қўйиб¸ навбат билан беш-олти киши уришган. Қўлида ҳам арқоннинг излари турибди.

Озодлик: Нима деб айб қўйишган? Жосуссан дейишганми?

Қаюм Ортиқов Лондонда.
Моҳира Ортиқова: Ҳа¸ шунақа деган. Энди бунинг айби уч йил олдин Англияга бориб¸ тилини нима қилиш учун¸ энди улар инглиз тилини ўрганиб туриши керакку эсдан чиқармаслик учун¸ қанча кўп ўрганса¸ шунча яхши¸ шунга уч ойга бориб ўқиб келган эди. Кейин айби Британия элчихонасида ишлагани. “Сен жосуссан. Элчихонада ишлайсан. Ўшаларга сотилгансан” деб мантиқсиз нарсаларни талаб қилишганда. “Элчихонада ишлайдиган одамларга қарши кўрсатма берасан. Элчидан тортиб оддий ишчигача қаерга боради¸ нима қилади¸ ким билан кўришади¸ ҳаммасини айтиб берасан” деб талаб қилишган. Қийнамаган нимаси¸ кўрсатмаган нимаси қолмаган уларни.

Қишда шлангда совуқ сув сепиб¸ икки томонига вентилятор қўшиб қўйишган. Бир қўли билан бир оëғини бир томонга¸ яна битта қўлини иккинчи томонга осиб қўйиб беш-олти киши яланғоч ҳолатда чотига тепишган. Кўпчилик бўлиб уришганидан ўнг томонидаги қовурғасининг юқори қисмидан иккита қовурғасини синдириб юборишган. Тирноқларининг остига игналар тиқишган¸ баданига¸ оëғига қизиган темирларни босишган. Излари¸ шрамлари турибди. Нима қилган бўлса ҳаммасининг шрами турибди. Яна сигаретларни босишган. Газета ëқиб чотини куйдиришган. (йиғлаб) Энди ўзингиз тасаввур қилиб кўринг¸ одамнинг энг нозик жойини куйдириш¸ тирик одамни куйдириш ҳар қанақа одамнинг қўлидан келмаса керак.

Озодлик: Моҳирахон¸ Қаюмжонга турмушга чиққанингизда¸ шунақа кўргиликлар бошимга тушади деб ўйлаганмидингиз?

Моҳира Ортиқова: (йиғлаб) Йўқ¸ ҳеч қачон ўйламаганман. Мен ҳаттоки шу нарсаларни бегона одамлар айтиб беришса¸ ишонмас эдим. Мен бошқа одамдан эшитганимда¸ шунақа нарсалар борлигига ишонмас эдим. Мен бунақа нарсаларни фақат китобда қатағон йиллари ҳақида ўқиганман. Гдлян билан Ивановнинг ишлари ҳақида фақат китобларда ўқиганман. Ҳозирги замонда шунақа нарса бўлади¸ деб ҳеч қачон ўйламаганман.

Озодлик: Бизнинг эшиттиришимизнинг номи "Давр менинг тақдиримда" деб аталади. Кейинги 10-15 йиллик давр сизнинг тақдирингизда қандай акс этди? Қувончли кунларингиз бўлгандир¸ фарзандларингиз туғилгандир. Шулар ҳақида гапириб беринг.

Моҳира Ортиқова: Биринчи фарзандим 1995 йил 19 июнда туғилган. Катта қизимнинг исмини дадаси журналист Шаҳноза Ғаниевага ҳавас қилиб Шаҳноза деб қўйган. Жуда ҳам хурсанд бўлганмиз. Ҳатто дадаси мендан олдин бориб кўриб¸ чақалоқларнинг ичида ўзи кўриб таниб олган. Чақалоқларнинг ўзи ҳаммаси бир хил бўладию. Ўзининг қизини ўзи бориб таниб олган. Мендан биринчи кўрган.

Қаюм Ортиқов қизи билан.
Озодлик: “Қиз кўрдим¸ ўғил кўрмадим” деб хафа бўлмадими?

Моҳира Ортиқова: Йўқ¸ унақа нарса бўлмаган. Чунки адамизнинг ўзи кўпроқ қиз болани яхши кўради. Шунинг учун унақа нарса бўлмаган. Иккинчиси ҳам қиз бўлган. 1998 йил 8 январда Чирчиқ шаҳрида туғилган. Унда ҳам адамиз роса хурсанд бўлган. Иккинчиси ҳам қиз бўлди, деб хафа ҳам бўлмаган. Ортиқча гап ҳам бўлмаган. Байрам қилиб¸ роддомдан олиб чиқиб кетганмиз. Худога шукур, мана катта қилаяпмиз. Иккита ўғилларим сал кичикроқ. Чунки орадан анча вақт ўтган. Учинчи фарзандим етти йилдан кейин туғилган. Биринчи ўғлим учинчи фарзандимда. 2005 йил 16 августда туғилган. Роса хурсанд бўлганмиз.

Озодлик: Исмлари нима?

Моҳира Ортиқова: Иккинчи қизимнинг исми Моҳина. Энг катта қайнакам¸ мулла акам қўйганлар. Биринчи ўғлим 2005 йил 16 августда туғилган. Исмим Нурсаид. Буни қайнотам қўйганлар. Тўртични фарзандим Кoмронмирзо. 2007 йил 21 сентябрда туғилган. Унинг исмини ўзим қўйганман. Кoмрон дегани бахтли дегани¸ мирзо дегани туркийчада шаҳзода дегани. Бахтли шаҳзода бўлиб юрсин, деган мақсадда Кoмронмирзо деб қўйганман. Худога шукур болаларимнинг ҳаммаси соппа-соғ¸ катта бўлаяпти. Мана 11 ой бўлди, дадасини кўришмади. Жуда ҳам соғинган. Ҳар куни “Дадам қачон келади?” деб сўрашади.

Озодлик: Кўпинча кўп йиллар ўтиб тарих китобларида “Шунақа қилинган экан. Тазйиқ қилинган экан” деб ëзиладида. Лекин тарих бугун ҳам ëзилиши мумкин. Эрингизга зулм ўтказган одамларни номма-ном биласизми?

Моҳира Ортиқова: Тоштурмада ишлайдиган¸ Тоштурмада СНБ нинг бошлиғи экан. Фарҳод ака деган одам. Фамилиясини билмайман. Ўшанинг кўрсатмаси билан қилишган буни. Кейин Тоштурмада ишлайдиган Жумаев Рустам ва Шокиров Низом деган милиция катта лейтенантлари куйдиришганида¸ иккала оëғига кишан солиб¸ иккала томонга тортиб туришган. Қўлини бойлаб решëткага осиб қўйишган. Кейин Тоштурмадаги Темур деган бола бўлган. Ўшаларнинг буйруғини бажаришган. Қийнайсан¸ деса қийнашган¸ бошқа нарса қиласан деса бошқа нарса қилишган. Ток урдиришган. Мен бошқа бировдан “бунақа ваҳшийликлар ҳозирги ҳаëтимизда бўлади” деганида ишонмасдим.

Озодлик: Маҳбуснинг аëли бўлишнинг оғирлиги қанча? Сизга ўхшаганлар ҳам кўп.

Моҳира Ортиқова: Биламан менга ўхшаганлар кўп. Айниқса Тоштурмага қатнаб¸ нималарга қатнаб одамлар билан гаплашиб кўрдим. Айниқса¸ айбсиз ўтирган одамлар жуда ҳам кўп. Бу жуда ҳам қийин¸ оғир нарса. Буни одам фақат ўзининг танасида ҳис қилиб кўриши керак айтган билан. Шунчаки дилкашлик қилиб қўйиши мумкин¸ дилдан бир нима қилиб қўйиши мумкин¸ лекин танасида ҳис қилиб кўрмаган одам бу нарсани ҳеч қачон тўлиғича ҳис қила олмайди. Бу жуда ҳам оғир нарса.

Озодлик: Мана сизнинг елкангизга оғир юк тушибди ва сиз шуни аëл бўлиб кўтараяпсиз. Болаларингиз қандай?

Моҳира Ортиқова: Болаларимга очиғи бунақа нарсаларни айтганим йўқ. Катта қизим 14 ëшда¸ ундан кейингиси 11 ëшда. (йиғлаб) Мен уларга бу нарсани айтишга қурбим етмайди. Ўғилларим ҳали ëш. Бунақа нарсаларни тушунмайди. Уларга “даданг чет элга ишлашга кетган” деб қўйганман. Катта қизларим қамоқдалигини билади.

Озодлик: Кеча мен бир таниқли одам билан гаплашсам¸ “Одамнинг иши юришиб турган пайтида¸ пули бор пайтида одамларнинг муомаласи бир хил бўлади ва одам тушкунликка¸ қийинчиликка тушганда одамни таниркан” деб айтди. Жамиятнинг муносабати қандай бўлди? Маҳалла-кўй¸ қўни-қўшни.

Моҳира Ортиқова: Ҳақиқатан дўст ва душманни шунақа пайтда билар экансиз.

Озодлик: Моҳирахон¸ Ўзбекистонда репрессиянинг тез-тез бўлиб турганлиги ҳар йили халқаро ҳисоботларда ëзилади. Лекин Ўзбекистондагилар “Ҳа¸ бир айби бордир қамалгандир” деб қўяди. Сиз ҳам шунақа деб ўйлаганмисиз? Бировни ваҳҳобий деб қамашди¸ бировни ҳизбчи деб қамашди¸ бировни халқ душмани деб қамашди. Шунақа нарсаларга муносабатингизни эслайсизми?

Моҳира Ортиқова: Бизларнинг давримизда бунақа нарсалар бор¸ деб ҳеч қачон ўйламас эдим.

Озодлик: Тоштурмага ëки ГУИНга борганингизда¸ бошқа аëлларнинг дарду ҳасратларини эшитасизми? Ўзбек аëлларига маҳкумнинг аëли бўлиш қанчалик оғир?

Моҳира Ортиқова: Бу жуда ҳам оғир нарса. Ҳар қандай одам учун оғир. Бизда “шу нарса ҳақиқатан бўлганми¸ бўлмаганми¸ шу одам айдорми ëки айбсизми” деган нарсани ўйлашмайди. Ҳамма ҳар томондан “Мана шу жиноятчининг хотини¸ жиноятчининг оиласи” деб қўли билан бигиз қилиб кўрсатгандай бўлади. Одамлар шу нарсани ҳозир тушуниб қолган. Чунки жуда кўп одам беайб ўтирибди. Айбсиз одамлар жуда ҳам кўп. Суд деган нарсани мен оқни оққа¸ қорани қорага ажратиб берадиган нима деб тушунганман. Чунки у ерда Ўзбекистон республикаси номидан ҳукм ўқилади. Лекин у ерда суд бўлмади. Фақат айблов бўлди. Эримнинг тўртта боласи борлиги ҳам ҳисобга олинмади. Қаранг қамалган одамга¸ ҳукми чиқиб бўлган одамга “сен жосуссан” деб яна жосусликни қўймоқчи бўлишди. Бунақада қанақасига қонун бор деб ўйлайсиз. Бу қонуннинг борлигими шу? Қийнашганичи? Қонун фақат ваҳшийлик учун қилинади дегани эмасми бу? Одамнинг ҳуқуқлари¸ манфаатлари деган нарса тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас бу ерда. Яна Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида “Айби исботланмаган жиноятчи ҳеч қачон жиноятчи ҳисобланмайди. Ҳеч қандай жиноятчига зўравонлик¸ ваҳшийлик ëки бошқа бир қийноқлар қўлланилиши мумкин эмас” деб ëзилган. Шунча нарсани ëзиб қўйган¸ лекин ўзлари хоҳлаган ишини қилиб юрибди. Шунақа нарсаларни ўзингиз кўзингиз билан кўриб тургандан кейин қанақа қилиб қонунга ишонасиз? Умуман Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган бирорта одам бормикан?

Озодлик: Сиз ҳинд киноларида оқни оққа¸ қорани қорага ажратганини кўргансизда. Шунақа деб ўйлагансиз.

Моҳира Ортиқова: Мен шунақа деб ўйлаганман. Суд ҳар қандай давлатда оқни оққа¸ қорани қорага ажратиб¸ адолатли ҳукм чиқариши керак бўлган йиғилиш дейдими¸ бошқа дейдими¸ билмадим нима дейилади қонун тилида¸ лекин мен у нарсани кўрмадим. Эримнинг судида фақат айблов бўлди. Прокурор ҳам хоҳлаган ишини қилиб ўтирди. Эшитиш деган нарсани билмайди¸ хоҳласа кириб чиқади¸ ким телефон қилса¸ чиқиб кетиб гаплашиб келади. Бу суд эмас бу.

Озодлик: Мана сиз ҳам Ўзбекистон деб аталган жамиятнинг аъзосисиз. Тўй қилинса¸ тадбир қилинса¸ уйнинг тўри прокуратура¸ милиция ходимлари¸ қамоқхона ходимларига берилади. Ўқитувчилар пойгакда қолади. Нима учун ваҳшийликлар қилган¸ мана эримнинг тирноғининг остига нина тиқди деяпсиз¸ шунақа одамларга нима учун ўзбеклар уйининг тўридан жой беради? Улар нима учун бунчалик ҳурмат-эътиборга сазовор?

Моҳира Ортиқова: Биласизми¸ халқ ўша одамларнинг ҳақиқий башарасини билмайди. Чунки иши тушиб кўрмаган. Буни иши тушган ҳам эмас¸ фақат бошидан ўтган билади. Бошидан ўтказган одамларнинг кўпчилиги қўрққанидан фақат ичига ютиб юради. Бу нарсани айтолмайди ҳам¸ гапира олмайди ҳам бу нарсани. Шунинг учун халқ бу нарсани билмайди. Шунинг учун ҳам ҳурмат қилади. “Қонунимиз пешволари¸ ҳукуматимиз одамлари¸ бизларнинг ишонган тоғимиз” деб ҳурматини жойига қўйишади. Уларнинг ҳақиқий башарасини билмайди улар.
XS
SM
MD
LG