Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:32

Хуросонликлар уй-жой билан таъминлангани йўқ


БМТ маълумотларига кўра, Хатлон вилоятининг Хуросон туманида шу йил баҳорида рўй берган селдан жабр кўрган оилалар ҳали-ҳамон чодирларда яшамоқда.
БМТ маълумотларига кўра, Хатлон вилоятининг Хуросон туманида шу йил баҳорида рўй берган селдан жабр кўрган оилалар ҳали-ҳамон чодирларда яшамоқда.

Тожикистон жанубидаги Хуросон туманида селдан зарар кўрган тахминан 1000 оила ҳамон бошпанасиз қолмоқда. Бу ҳақда 2 декабр куни БМТнинг Тожикистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси идораси баёнот тарқатди.

Баёнотда айтилишича, шу йил апрел ва май ойларида Хатлон вилоятининг Хуросон туманида рўй берган сел кўплаб оилалар уйини бузиб ташлаган ва шу кунгача уларнинг уйи қайта қурилмаган.

БМТ маълумотларига кўра, табиий офатдан зарар кўрганлар қишнинг совуқ кунларида ҳам палаткаларда яшамоқда.

Хуросон туманида бўлиб қайтган БМТ расмийси Иля Тодорович Тожикистон ҳукумати ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан ажратилаётган ёрдамлар мазкур ҳудуд аҳолиси муаммоларини ҳал этиш учун етарли эмаслигини таъкидлаб, бошпанасиз қолганлар ўта оғир аҳволда кун кечираётганларини маълум қилган.

БМТ расмийси “Халқаро ҳамжамиятни табиий офтадан зарар кўрган хуросонликларни қашшоқлик домидан қутқариш”га чақирган.

Бироқ Тожикистон фавқулотда ҳолатлар қўмитаси расмийси Дўстмурод Забиров БМТ маълумотларини асоссизлигини айтади.

- Биздаги маълумотларга кўра, 1000 оила эмас,балки 410 оила сел оқибатида уйсиз қолган эди. Айни пайтда уларнинг ҳаммаси турар-уй жой билан тўла таъминланган. Шунинг билан бирга, табиий офатдан қисман зарар кўрган оилаларга ҳукумат томонидан ёрдам сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ажратилган, дейди Тожикистон фавқулодда ҳолатлар қўмитаси расмийси.

Расмийнинг билдиришича, Хуросон туманида табиий офат оқибатларини тугатишга оид тадбир якунига етиб, мазкур идора томонидан ташкил этилган махсус гуруҳ Душанбега қайтган.

Сув тошқини чоғида уйлари бузилиб кетган хуросонликлар аввалроқ Озодликнинг тожик хизмати мухбирларига берган интервьюларида янги уй қуриб олиш учун ҳукумат яқиндан ёрдам бермаётганидан шикоят қилган эдилар.

- Битта палаткада 16 киши яшаяпмиз. БМТ биттадан матрас берган. Деярли ҳар кун ёғаётган ёмғирдан қайғуга ботиб ўтирибмиз. Эртага қиш келса, нима қиламиз? Эрим машинасини сотиб, янги уй қуриш учун қурилиш материаллари харид қилди. Аммо қишгача уйимиз битишига кўзим етмайди, чунки бунинг учун катта пул керак. Ҳукумат ҳам, БМТ ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари бериш билан чекланиб қолаяпти, деган эди ўзини Сарвара дея таништирган хуросонлик аёл.

Айни пайтда мустақил таҳлилчилар ҳам Хуросон ҳудудида табиий офат оқибатлари тугатилгани ва зарар кўрганларнинг ҳаммаси уй-жой билан тўла таъминланганига шубҳа қилишларини айтмоқдалар.

- Бирлашган миллатлар ташкилоти баёнотидаги маълумотлар ҳақиқатга яқинлигига шубҳа қилмайман. Кузатувларга биноан, дарҳақиқат, Хатлон вилоятидаги Хуросон туманида аҳвол аянчли. Биздаги норасмий маълумотларга кўра, селдан зарар кўриб, бошпанасиз қолаётган оилалар аксарияти турли юқумли касаллик юқтиришган. Уларнинг бугунга қадар бошпанасиз қолаётганининг асосий сабаби жамиятда мавжуд коррупцияда, деб биламан. Аксарият ҳолларда халқаро ташкилотлар томонидан ажратилаётган инсонпарварлик ёрдамлари ҳақиқий эгасига етиб бормаётгани ҳеч кимга сир эмас, дейди мустақил таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов.

Эслатиш лозимки, Тожикистон ҳукумати БМТ тегишли идоралари билан биргаликда шу йил августида донор давлатларга мурожаат этиб, селдан зарар кўрган ҳудудларда қайта қуриш ишларини бошлаш учун 7,7 миллион доллар сўраган эди.

БМТ баёнотида келтирилишича, шу кунгача сўралган маблағнинг 1,7 миллион доллари ёки 21 фоизи Тожикистонга киритилган.
XS
SM
MD
LG