Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:43

Норов иддаоси Душанбега ёқмади


Тожик расмийлари, Роғун ГЭСини барпо қилиш ғояси қўшни мамлакатларга ёқиш-ёқмаслигидан қатъий назар, бу гидроиншоотни охиригача қуриб битказишга қатъий аҳд қилганлар.
Тожик расмийлари, Роғун ГЭСини барпо қилиш ғояси қўшни мамлакатларга ёқиш-ёқмаслигидан қатъий назар, бу гидроиншоотни охиригача қуриб битказишга қатъий аҳд қилганлар.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Афина йиғилишида Тожикистоннинг Роғун ва Қирғизистоннинг Қамбарота ГЭСлари минтақа экологиясига хатар солиши ҳақидаги мулоҳазалари тожик расмийларининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

ЕХҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Афинада ўтказилган йиғинида сўзлаган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Марказий Осиёда қурилаётган йирик гидроиншоотлар минтақа учун жиддий муаммолар келтириб чиқариши ва табиий офатларга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

Жаноб Норов йиғилганлар диққатини Марказий Осиёда қурилаётган икки йирик иншоот, яъни Тожикистоннинг Роғун ва Қирғизистоннинг Қамбарота ГЭСларига қаратди.

- Айни пайтда Амударё устида қурилаётган Роғун ва Сирдарё устида қурилаётган Қамбарота ГЭСлари қурилиши учун жамоатчилик ва донор давлатларни жалб қилиш бўйича кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ваҳоланки, бу дарёлар асосий манбаи саналмиш Помир ва Тян-Шандаги музликлар кичрайиб бормоқда. Шуни назарга олган ҳолда, Ўзбекистон томони Марказий Осиёда қурилиши режалаштирилган бу йирик гидроиншоотлар халқаро экспертизадан ўтказилиши ҳамда шўролар замонида бу давлатларда Амударё ва Сирдарё устида қурилган ГЭСлар ревизия қилинишини талаб қилади, деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири 2 декабр куни Афинада сўзлаган нутқида.

Бунга жавобан тожик расмийлари Ўзбекистон томонининг Роғун ГЭСи минтақа экологияси учун хавфли эканига оид даъволари асоссизлигини таъкидлашдан чарчамаяпти.

- Ўзбекистоннинг Роғун ва унинг тўғони минтақа экологияси учун хавфлилигига оид даъволарида асос йўқ. Халқаро экспертиза масаласида эса жуда кўп гапирилган. Бу борада президентимиз ҳам бир неча марта таъкидлаган, биз мазкур иншоот лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказишга тайёрмиз. Ўз навбатида, биз ҳам БМТ экспертлари Ўзбекистон ҳудудидаги сув сунъий ҳавзаларни ревизия қилиши ва кимнинг қураётган иншоотлари минтақа экологияси учун хавфли эканини халқаро ҳамжамиятга исботлаб беришни талаб қиламиз, деди Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назриев асабийлашганини ҳам яширмай.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири маърузасидан бир кун аввал ЕХҲТ минбаридан сўзлаган Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий Марказий Осиёдаги сув муаммоси йирик гидроиншоотлар қурилиши ортидан юзага келмаётганини, балки “айрим мамлакатлар минтақадаги сув заҳираларидан оқилона фойдаланмаётгани ва исрофгарчиликка йўл қўяётгани бунга сабаб бўлаётгани”ни таъкидлаган эди.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчилар эса Ўзбекистон ва Тожикистоннинг йирик гидроиншоотлар, хусусан, Роғун ГЭСининг минтақа экологиясига таъсири ҳақида турлича қарашдалар.

- Ҳар қандай йирик гидроиншоотнинг минтақа иқлимига албатта салбий таъсири бўлади, бу борада ортиқча баҳслашиш мантиқсизликдир. Менимча, халқаро экспертлар, Марказий Осиё барча давлатлари, хусусан, Ўзбекистон соҳа мутахассислари билан биргаликда бу гидроиншоотнинг экологиямизга қанчалик хавфли ёки хавфли эмаслигини ўрганишлари зарур, дейди мустақил таҳлилчи Раҳматулло Зоиров.

Таҳлилчи фикрича, Тожикистон томон Роғун лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказишдан чўчиш ўрнига бу даъволар қанчалик асослилигини илмий асосда текширишга киришиши ва агар ўзбек расмийлари айтганларида жон бўлса, унинг оқибатларини олдиндан бартараф қилиши шарт.

Бироқ соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Ҳомиджон Орипов бу фикрларга мутлақо қўшилмайди.

- Ўзбекистон учун Роғун ёки Қамбаротанинг халқаро экспертизадан ўтказилиши унчалик муҳим эмас. Уларнинг бу иддаолари сиёсий ғараздан ўзга нарса эмас. Улар бизнинг оёққа туришимизни исташмайди. Агар Роғун ва Қамбарота қурилиб, ишга туширилса, биз Ўзбекистонга қарамликдан қутуламиз - улар мана шундан қўрқишади. Роғун ГЭСи лойиҳаси шўролар замонида Тошкент лойиҳалаштириш институтида ишланган. Бугун эса улар баланд минбарлардан туриб, бу гидроиншоотнинг минтақага хавфидан жар солиб, халқаро ҳамжамият фикрини чалғитмоқчи бўлишаяпти, дейди Ҳомиджон Орипов.

Душанбедан 110 километр нарида жойлашган Роғун ГЭСи пойдевори ўтган асрнинг 80-йиллари сўнгида қўйилган эди. Аммо Тожикистонда ўтган аср 90-йилларида бошланиб кетган фуқаролар уруши пайтида бу иншоот қурилиши ҳам тўхтаб қолган эди. ГЭСнинг 1988 йилда қурилган тўғони эса йиллар ўтиши билан сурункали селлар туфайли емирилиб кетди.

Тожикистонда йил сайин электр энергиясига эҳтиёж кучайиши ортидан Тожикистон ҳукумати 2004 йил Россиянинг “РАО ЕЭС” ширкати билан бу иншоот қурилишига оид иккиёқлама шартнома имзолаган эди. Аммо ГЭС қурилишига оид ҳамкорлик узоққа чўзилмади. Русларнинг ГЭС тўғонини босқичма-босқич қуришига оид режалари тожик расмийларини қониқтирмагач, иккиёқлама шартнома расмий Душанбе томонидан бекор қилинди.

Шундан сўнг 2008 йил январида Тожикистон ҳукумати Роғунни ўз кучи билан қуришини эълон қилди.

Роғун Марказий Осиёдаги энг йирик гидроиншоот бўлиб, унинг тўғони баландлиги лойиҳа бўйича 335 метрни ташкил этади. Тахминан 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ эвазига қурилиши мўлжалланаётган бу ГЭСнинг йилига 3 600 мВт электр энергияси ишлаб чиқариши тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG