Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:58

АҚШ раҳбари Дания сафари муддатини ўзгартирди


АҚШ президенти Барак Обама глобал иқлим ўзгариши борасида БМТ уюштираётган саммитга анжуманнинг дастлабки кунлари эмас, балки охирги кунлари боришга қарор қилди.

АҚШ президенти Барак Обама Халқаро Нобел Тинчлик мукофотини олиш учун Осло шаҳрига кетаётган пайтда 9 декабр куни Дания пойтахти Копенҳагенда тўхтаб, глобал иқлим ўзгариши бўйича БМТ уюштираётган саммитнинг бошида иштирок этишни режалаган эди. Аммо у Копенҳагенга 12 кунлик анжуманнинг охирги куни, яъни 18 декабрда боришга қарор қилди.

Таҳлилчилар Обаманинг саммит охирида иштирок этиши глобал иқлим исишининг олдини олиш бўйича давлатлар ўртасида сиёсий келишувга эришиш имкониятини оширади, деган фикрда.

Копенҳаген саммитида дунё давлатлари раҳбарлари атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини қанчага камайтириш ва бу борада ривожланаётган давлатларга молиявий ёрдам бериш хусусида келишувга эришиши назарда тутилган.

Сўнгги бир ой ичида АҚШ, Ҳиндистон ва Хитой ҳаво ифлосланишининг олдини олиш бўйича илк бор аниқ таклифлар билан чиқди.

3 декабр куни Ҳиндистон глобал иқлим исишига сабаб бўлаётгани айтилаётган ис газининг атмосферага чиқарилишини ўн йил давомида сезиларли даражада камайтиришга ваъда берди.

Оқ Уй расмийларига кўра, АҚШ раҳбари Ҳиндистон ва Хитойнинг таклифлар билан чиққанидан фойдаланиб, сиёсий келишувга эришишни режалаган.

Ҳозирда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Швеция бош вазири Фредрик Рейнфелдт Барак Обаманинг Копенҳаген саммити охирида қатнашиш ҳақидаги қарорини олқишлади.

Европа Комиссияси президенти Хосе Мануэл Бароззо Копенҳаген саммитидан кўзланган мақсад келаси 10 йил давомида глобал иқлим харорати Целсий ўлчови бўйича 2 даражадан кўпга кўтарилишининг олдини олишдан иборат эканини айтди.

- Биз табиат қонунлари ва илмга қарши музокара олиб боролмаймиз. Илмий тадқоқотлар натижаларига кўра, биз дунё иқлими кўпи билан Целсий ўлчови бўйича икки даражагача исишини қабул қила олишимиз мумкин, деди Еврокомиссия президенти Бароззо.

Копенҳаген саммитида ривожланаётган мамлакатлар замонавий технологияларга ўтишида ривожланган давлатлар уларга қанча миқдорда молиявий ёрдам кўрсата олиши масаласи ҳам муҳокама этилиши режаланган.

Европа Иттифоқи ҳисоб-китобига кўра, ривожланаётган давлатларда атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини сезиларли камайтириш учун 2020 йилга қадар бу давлатларга тахминан 150 миллиард долларлик ёрдам бериш керак бўлади.
XS
SM
MD
LG